muslim.uz
«Қыран тов» овул фуқароларига ёрдам кўрсатилди
Рамазон хайр-у саховат ойи. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммасини Рамазон бўлишини ҳохлар эдилар”, - деганлар.
Рамазон ойида қўни-қўшни маҳаллада, қариндошлар орасида ёрдамга муҳтожларга мурувват кўрсатиш, ёрдам қўлини узатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш билан бўлади.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги «Имоматдин эшон» жоме масжиди тарафидан ҳомийларни жалб этган ҳолда мазкур тумандаги «Қыран тов» овул фуқаролари йиғинларида истиқомат қилувчи кам таминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.
Сейтниязов Ажинияз,
Нукус тумани «Имоматдин эшон»
жоме масжиди ходими
Автобуслар намозхонларни таровиҳдан сўнг текинга етказиб қўяди
Қозоғистон Республикаси пойтахти Нурсултон шаҳрида Рамазон ойи муносабати билан намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида бепул автобус қатновлари йўлга қўйилди. «Казинформ» ахборот агентлигининг хабарига кўра, таровиҳ намозидан кечки пайт чиққан намозхонлар пойтахт бўйлаб текинга манзилларига етказиб қўйилади.
«Астана LRT» транспорт хизмати кўрсатувчи корхона "Ҳазрати Султон" масжиди, "Нур Остона" масжиди, "Ирискелди ҳожи" масжиди, "С.Ғилмани" масжиди ва "Оқмасжид" масжидлари йўналишида автобусларни йўлга қўйган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Андижонга йўл олди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 16 май куни Андижон вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф чоғида аввал берилган топшириқлар ижроси, шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш, янги мақсад ва вазифаларни белгилаш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ягона олимпиада – 2019” ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2019 йил 15 май куни Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчилари ўртасида “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи ўтказилиши белгиланди.
Бугун 15 май “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи бошланиб, танлов муносабати билан Мир Араб олий мадрасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, республикамиздаги 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларидан иштирокчи талабалар, шунингдек, ўқитувчилар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари ташриф буюрди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи босқич талабалари ўртасида ўтказиладиган “Ягона олимпиада” танлови Низомига мувофиқ ягона олимпиада иштирокчилари қуйидаги фанлар бўйича синовдан ўтказилди:
1-блок: фиқҳ, ақоид (тест) 50 балл
2-блок: араб тили (ижодий имтиҳон) 30 балл
3-блок: Ўзбекистон тарихи (тест) 20 балл.
Ягона олимпиада иштирокчилари синовдан ўтказилиб, танлов ғолиблари қуйидаги тартибда тақдирланди:
I ўринни эгаллаган иштирокчи “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Эшбоев Шоҳзод Нормаматович
тўлов-контракт асосида олий диний таълим муассасасига конкурссиз ўқишга қабул қилиш ва 1-даражали диплом;
II ўринни эгаллаган иштирокчи “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Узоқов Абдулвосид Абдувоҳид ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи,
2-даражали диплом ва микротўлқинли печь;
III ўринни эгаллаган иштирокчи “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Хамидов Абдулбосит Орифжон ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган
балнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи,
3-даражали диплом ва чангютгич билан тақдирланди.
Ўрин эгалламаган иштирокчилар 300.000 (уч юз минг) сўм миқдоридаги китоблар тўплами ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Танлов кун тартибида ташрифнинг маданий-маърифий қисми ҳам назарда тутилган бўлиб, унга кўра Мир Араб олий мадрасасига “Ягона олимпиада” танлови муносабати билан ташриф буюрган барча меҳмонларни кўҳна ва навқирон Бухоройи шариф бўйлаб саёҳат қилдириш, шу жумладан, дунёга машҳур “Етти пир” зиёратгоҳларига олиб бориш режалаштирилган.
Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам жорий йилнинг 29 март куни Бухородаги “Етти пир”нинг биринчиси ҳисобланадиган Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилиш асносида: “Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”, деб таъкидлади
ва Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасига имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди.
Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати
Рўзадорлар (шеър)
Келинг эй рўзадорлар бирга ифтотр этайлик,
Беҳуда сўзни ташлаб ширин гуфтор этайлик.
Ўлтириб дастурхон атрофида ёронлар,
Шукрони неъмат айлаб, қуллик изҳор этайлик.
Рўзани амр этибдур Исломга Ҳақ Таоло,
Адо этиб бу фарзни талаб дийдор этайлик.
Сабр ила бу кечирган очлик ва ташналикдан,
Ибрат олиб муҳтожлар кўнглин шуккор этайлик.
Моҳи шариф келганда журму хатодин ўзни,
Сақлаб қилиб ибодат, таввоб саййор этайлик.
Рўза билан баробар, нафс йўлини беркитиб,
Гуноҳ лойига ботмай элни ҳушёр этайлик.
Рўзанинг ажрини хос Тангри ўзи берармиш,
Дамни ғанимат айлиб, тоатни ёр этайлик.
Бир кечани бу ойда пинҳон этибдир Субҳон,
Истаб ани ёронлар ўзни бедор этайлик.
Фазилати бу кечанинг қадри минг ойга тенгдир,
Муборак хислатини хўп эътибор этайлик.
Аллоҳнинг изни бирла фаришталар тушарлар,
Алар билан баробар тасбеҳ такрор этайлик.
Тонг отгунча турарлар дуо қилиб бизларни
Хушнудни ҳам қаторда соҳиб асрор этайлик.
Тошкент, 1978 йил
Хушнуд домлани араб алифбосидаги ушбу шеърларини крилл алифбосига Зарифа Маҳкам қизи ўгирди. (Аллоҳ ўтганларниЎз раҳматига олган бўлсин)
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.