muslim.uz
Чилонзор тумани бош имом-хатиби илмий-оммабоп асарлар туҳфа этди
Президент ташаббусини ўзига шарафли бурч деб билган Тошкент шаҳри Чилонзор тумани бош имом-хатиби ва “Катта Қозиробод” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ўзи таълим олган мактабнинг ахборот-ресурс марказига ўзининг шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилди. Тақдим этилган адабиётлар орасида диний-маърифий ва илмий-оммабоп китоблар борлигини алоҳида таъкидлаш керак.
Ушбу китоблар мактаб ўқувчиларининг янада чуқур билим олиши, дунёқараши кенгайтиши, маънавиятини ривожланишга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим.
Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади.
Барчани шундай савобли ишда фаол иштирок этишга даъват этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мир Араб мадрасаси мудири ўқувчиларни мамнун этди
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббус энг аввало, ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Шундай савобли ишларга ҳисса қўшишни ўзига шиор қилган Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мудири Жамол домла Мавлянов ўзи ўқиган Бухоро шаҳар 17-ўрта таълим мактабига бадиий ва илмий китоблар жамланмасини ҳадя қилди.
Биз фарзандларимизни китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирамиз ҳамда келажаги порлоқ бўлишига замин яратамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сурхондарёлик имом-хатиблар ўқувчиларга китоблар тақдим этди
Президентимиз ташаббуслари ўлароқ барча ташкилот раҳбарлари ўзлари таълим олган ўрта мактабларга китоблар ҳадя қилмоқдалар. Ана шу хайрли ташаббусдан руҳланган юртимиздаги барча жоме масжидларининг имом-хатиблари, диний таълим муассасаларининг раҳбарлари ўзлари таҳсил олган мактабларга диний-маърифий мазмундаги китобларни ҳадя қилишда фаоллик кўрсатмоқдалар.
Сурхондарё вилояти Узун туманидаги “Домулло Айниддин” жоме масжиди имом-хатиби Ҳасанов Нуруллоҳ ушбу тумандаги 4-мактабга диний-маърифий ва бадиий китоблар ҳадя қилди.
Шунингдек, ушбу тумандаги “Миён Ҳомиддин” ҳожи жоме масжиди имом-хатиби Мўминов Ўктам тумандаги 7-мактабга китоб ҳадя этди.
Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва барчани унда иштирок этишга даъват этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Китоб – маърифат булоғи
Муҳтарам Президентимиз шу йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига алоҳида тўхталиб, «Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб, китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади», — дея таъкидлаган эди.
Ана шу ташаббусдан куч олган юртимиз жоме масжидлар имомлари ўзлари илм олган мактабларга диний-маърифий мазмундаги китобларни совға қилмоқдалар.
Сурхондарё вилояти Узун туманидаги “Баҳоуддин Нақшбандий” жоме масжиди имом-хатиби Олимов Абдураҳмон 12-мактабга китоблар ҳадя қилди.
Шунингдек, ушбу тумандаги “Хўжа Алоуддин Аттор” жоме масжиди имом-хатиби Бобожонов Акмал 5-мактабга диний-маърифий мазмундаги китобларни ҳадя этди.
Мазкур тумандаги “Абдураҳмон Жомий” жоме масжиди имом-хатиби Раҳмонов Шавкат тумандаги 2-мактабга китоблар туҳфа қилди.
Азизлар, барчамиз ушбу харйли тадбирда фаол иштирок этиб, ёшларимизга илм-маърифат булоғи бўлган китобларни ҳадя этишда жонбозлик кўрсатайлик!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Абу Лаҳаб ҳақидаги Қуръоний ҳукм
Аллоҳ таоло Масад сурасида Абу Лаҳабнинг охиратда ловуллаб турган дўзахга киришининг хабарини берган.
سَيَصْلَى نَاراً ذَاتَ لَهَبٍ
“У тезда чўғи қизиб турган ўтга киради” (Масад сураси, 3-оят).
Яъни у Исломга кирмайди, балки кофир ҳолида ўлади. Дарҳақиқат, шундай бўлди. У Бадр ғазотидан етти кеча ўтгандан сўнг, кофир ҳолида вабо касалидан ўлди. Бирор марта Исломга кириш ҳақида ўйлаб кўрмади. Ҳатто шу оятлар нозил бўлганидан кейин ҳам Исломга киришни, ҳатто ёлғондан бўлса ҳам, мунофиқона тарзда ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш ҳақида ўйлаб кўрмади. Ўша пайтда Мадинада кўплаб баъзи кимсалар ўзларини мусулмон қилиб кўрсатар, аслида қалбларида куфр бор эди. Унинг ўғиллари: Утба, Миътаб ва Утайба деб аталар эдилар. Уларнинг аввалги иккиси Фатҳ куни мусулмон бўлдилар ва Ҳунайн, Тоиф ғазотларида қатнашдилар. Утайба эса мусулмон бўлмади. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп озор бергани учун арслоннинг ҳужумидан ҳалок бўлган.
Агар Абу Лаҳаб бир марта бўлса ҳам Лаа илааҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Росулуллоҳ деганда, мусулмон бўлган бўларди. Мусулмон бўлганда эса, Қуръондаги мазкур оятнинг ҳукми охиратда ижро бўлмай қолиши мумкин эди. Аммо ундай бўлмади. Унинг Исломга киришни ўйлаб кўрмай, кофир ҳолда ўлиши мазкур оят ижросининг охиратда амалга ошишига далолат қилади. Бу эса Қуръон Аллоҳнинг ҳақ Каломи эканига очиқ-ойдин далиллардан биридир!
Мазкур оятни ўқиб, унинг маъно таржимасини кўриб, юқоридаги мулоҳазани қилиб кўрган америкалик олим Гарри Миллер ушбу ҳолатдан таъсирланиб, Ислом динига кирган.
Аллоҳ таоло барчамизга Қуръонни ихлос билан тиловат қилиб, унинг ҳукмларига амал қилиб, ҳикматларини англаб, иймонимиз нури зиёда бўлиб, қалбларимиз мунаввар бўлиб боришини насиб этсин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.