muslim.uz
Эркакларнинг соч олдириши ҳақида
Савол: Ҳозирги кунда кўпчилик ёш йигитлар орасида сочининг икки ён томонини олдириб, тепа қисмини қолдириш мода бўлган. Баъзилар бундай қилиш жоизмас дейишяпти. Динимизда бу жоиз эмасми?
Жавоб: Эркак киши сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириши араб тилида – “қазаъ”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ " أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نهَى عَن القَزَعِ ". قَالَ عُبَيْدُ الله: قُلْتُ لِنَافِعٍ: "مَا القَزَعُ؟" قَالَ: "حَلْقُ بَعْضَ رَأسِ الصَّبِيِّ ، وَيُتْركَ بَعْضٌ". مُتَّفق عَلَيْهِ .
Бу ҳақда Нофеъдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтардилар”, деган”, деди. (Ҳадисни ровийси) Убайдуллоҳ айтади: “Мен Нофеъдан: “Қазаъ нима?”, деб сўрадим. Шунда Нофеъ "У – ёш боланинг сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини ўз ҳолича қолдириш", деди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Уламолар ҳадисда зикр қилинган тарзда соч олдириш макруҳ эканига иттифоқ қилишган. Ҳадислардаги қайтариқ ёш болалар ва катталарга баробар эканини таъкидлашган.
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “қазаъ”нинг шариатда нима учун манъ қилингани борасида уламолар турлича фикр билдирганларига ишора қилиб, бундай деган:
وَالْحِكْمَةُ فِى كَرَاهَتِهِ أَنَّهُ تَشْوِيْهٌ لِلْخَلْقِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ أَذى الشَّرِّ وَالشَّطَارَةِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ زَيُّ اليَهُودِ
“Сочни баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириш макруҳ эканининг ҳикмати шуки, у яратилган ташқи қиёфани бузиш ҳисобланади. Баъзилар: у айёр ва ёмон одамларнинг азият беришига ўхшашлиги учун манъ этилган, дейишган. Яна баъзи аҳли илмлар эса: Унда яҳудийларнинг ташқи кўринишига ўхшашлик бўлгани учун мумкин эмас, деганлар” (Манба: “ал-Минҳож шарҳу Саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож”).
Соч олдиришда ҳаммасини бирдек қолдириш ёки бирдек олдириш керак. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон танасининг ярми сояда, ярми қуёш нурида бўлиб ўтиришдан ҳам қайтариб: “Танасининг ҳаммаси сояда ёки ҳаммаси қуёш нурида ўтирсин”, деганлар.
Демак, сочни олдирганда ёки қисқартирганда ҳар тарафидан бир хил қилиб калталатиш мақсадга мувофиқдир. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи ёшларимиз ўртасида ғарбда кенг тарқалган одатларга эргашган ҳолда, сочнинг бир қисмини бутунлай олдириб, бир қисмини эса қолдириш урф бўлмоқда. Мусулмон киши бундан эҳтиёт бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.
ЎМИ фатво ҳайъати
Ислом билим юрти талаба қизларининг контракти тўлаб берилди
Муфтий ҳазрат Булғор ислом академияси фаолияти билан танишди
Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлариТатаристон Республикасига хизмат сафарлари давомида Булғор Ислом академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф чоғида Булғор Ислом академиясидаташкил этилган шарт-шароитлар, таълим бериш шакллари, кутубхона, намозхона фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси билан Булғор Ислом академияси вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш борасида давра суҳбати ўтказилди.
Маълумки, 1080 йилдабулғор олими Ёқуб ибн Нўъмон томонидан билимлар уйи, замонавий тил билан айтилганда университет очилган. У ўша пайтда талаб кучли бўлган ҳанафий фикҳи ва ҳуқуқининг марказига айланган. Ушбу маърифат марказини Булғор Исломакадемияси шаклида қайта ташкил этилиши – нафақат Россияда, балки ундан ташқарида ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Булғор Исломакадемияси ўз эшикларини илмни яхши кўрадиган, унга интиладиган, мазкур илмларни мусулмонлар фойдасига сарфлашни кўзлаган барча учун очиқ. Ушбу академияда ўзбекистонлик талабалар ҳам таҳсил олишмоқда.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали кузатинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қалбнинг гўзаллиги Аллоҳ таолодан қўрқиш биландир
- Қалбнинг гўзаллиги Аллоҳ таолодан қўрқиш билан.
- Ақлнинг гўзаллиги илм билан.
- Руҳнинг гўзаллиги шукр билан.
- Тилнинг гўзаллиги зикр билан.
- Юзнинг гўзаллиги ибодат билан.
- Дилнинг гўзаллиги ҳасадни тарк этиш билан.
- Ташқи кўринишнинг гўзаллиги истиқомат билан.
- Хизматнинг гўзаллиги одоб билан.
- Сўзнинг гўзаллиги ростлиги билан.
- Буларнинг барчасининг гўзаллиги Аллоҳнинг тавфиқи биландир.
*****
- Ким мансаби билан ғурурланса, Фиръавнни эсга олсин!
- Ким моли билан кеккайса, Қорунни эсга олсин!
- Ким насаби билан керилса, Абу Лаҳабни эсга олсин!
Азизликнинг барчаси ёлғиз Аллоҳникидир!
*****
Юсуф алайҳиссалом зиндонга ташландилар. У киши билан бирга яна иккита йигит ҳам бор эди. Юсуф алайҳиссаломнинг қалблари ҳам, ташқи кўринишлари ҳам гўзал эди. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло у кишидан олдин ўша иккита йигитнинг зиндондан чиқишини насиб этди. Буюк пайғамбар эса йигитлардан кейин бир неча йил зиндонда қолиб кетдилар. Қутилиб чиққан йигитларнинг бири саройда хизматчи бўлди. Иккинчиси қатл қилинди. Кейинчалик Юсуф алайҳиссалом зиндондан чиқиб, Миср азизи (вазири) бўлдилар.
Гоҳида сенга бериладиган неъматлар, ҳадялар кўп ва улкан бўлиши учун сенинг ҳам орзуларинг рўёби кечикади.
*****
Сенга табассум билан қараб турганларнинг ҳаммаси ҳам сени яхши кўрувчилар эмас. Баъзи кимсаларнинг ҳасади, ичи қоралиги, кўролмаслиги уларнинг табассумига яширинган бўлади.
*****
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Кўпчиликнинг ҳаққидан эҳтиёт бўлайлик
Насиба Яратганга шукроналар айтиб, ўғли, келини, набираси билан янги ҳовлига кўчиб ўтишди. Кўчиб келишганига уч ой деганда, газ ҳисоблагичларини текшириш учун мутахассислар келишди. Газ ҳисоблагични кўздан кечириб, анча қарз бўлганлигини айтиб, қарзни тўлаш кераклигини тушунтиришди. Насиба ҳозир шунча пули йўқлигини тушунтириб, ойма-ой тўлаб боришини айтди. Газни текширгани келганлар: “Тезроқ тўласангиз ўзингизга яхши, ҳохласангиз шу пулингизни учга бўламиз, бир қисми ҳисоб рақамига, бир қисми сизга, бир қисми бизга. Сизга ҳам тўлашингиз осонроқ бўлади” деб, тушунтиришди.
Насибани кўзи деразадан қараб турган набирасига тушди. Шунда Насиба “Ҳар қанча қарзим бўлса ҳам, албатта тўлайман. Кўпчиликнинг ҳаққи етимнинг ҳаққидан ёмон деб эшитганман. Оиламиз эҳтиёжига ишлатиб, энди ҳаққидан қочаманми? Аллоҳнинг олдига борганда нима деб жавоб бераман? Бир-икки кундан кейин келинг, албатта пулни тайёрлаб қўяман”, деб газни текширишга келганларга жавоб бериб юборди.
Насибани олдига икки уй нарида турадиган қўшниси чиқиб, анча вақт гапга солиб турди. Гап орасида “Электр ҳисоблагични текширгани келиб, 1 миллиондан ортиқ жарима ёзиб кетишганини айтди. “Келишайлик” десам ҳам кўнишмади”, деб, норози ҳам бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Насиба қўшнисидан нима учун жарима ёзиб кетишганини сўраганида, қўшнисининг жавобни эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлади. “Сизга тўғрисини айтсам, электр тармоғини “левый” қилиб қўйган эдик. Анчадан бери электрдан текинга фойдаланиб келаётгандик. Шуни сезиб қолиб, текшириш ўтказишди. Энди шунча пулни қандай тўлаймиз?”.
Юқорида келтирилган ҳодисаларга ўхшаш воқеалар кам бўлсада, ҳаётимизда учраб туради. Бошқанинг ҳаққи бошқа бировда қолиб кетмайди. Озгина фойда қиламиз деймизу, оқибатда бошқа томондан ювиб кетишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:
يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ (سورة ﺍلمؤمنون/51)
яъни: “(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман” (Мўминун сураси, 51-оят).
Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали биз умматларга солиҳ амал, эзгу ишларни қилишдан олдин, ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга буюрмоқда.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Мана шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини ноҳақлик билан ейиш ҳаромлигини ҳам уқтириб, жумладан шундай дедилар:
" اَلاَ اِنَّ اللهَ حَرَّمَ عَلَيْكُمْ دِمَائَكُمْ وَ اَمْوَالَكُمْ "
(رواه البخارى)
яъни: “Огоҳ бўлинглар-ки, албатта, Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди”.
Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
" يَا أَيُّهَا النَّاسُ اِنَّ اَحَدَكُمْ لَنْ يَمُوتَ حَتَّى يَسْتَكْمِلَ رِزْقَهُ ، فَلاَ تَسْتَبْطِئُوا الرِّزْقَ ، فَاتَّقُوا اللهَ وَأَجْمِلُوا فِى الطَّلَبِ ، فَخُذُوا مَا حَلَّ لَكُمْ ، وَذَرُوا مَا حَرَّمَ اللهُ "
(رواه ابن ماجه)
яъни: “Эй одамлар, ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча вафот топмайсиз. Ризқда шошилманглар, Аллоҳдан қўрқинглар, чиройли талаб этинглар. Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром этган нарсани ташланглар”.
Ҳаром бўлган нарсаларга бировнинг ҳаққи ҳам киради. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тўғрисидаги қуйидаги ривоят барчамизга ибратлидир.
Бир куни Абдураҳмон бин Авф мўминларнинг Халифаси Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг зиёратига келди. Салом берди-ю, кутиб турди.
Халифа Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди.
Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди, у Ҳазрати Умарга: “Эй Амирул мўъминин! Олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна унга ўхшаш шамни ёқдингиз. Бунинг нима ҳикмати бор?”, деди.
“Эй, Абдураҳмон! Ўчирганим давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқишлик ҳалол бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим, ўз шамимни ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман”, деди.
Абдураҳмон бин Авф:
Ҳалоллик ҳар вақт, ҳар бир инсон учун зарурий фазилат бўлиб келган. Ўз вақтида тўланган тўловлар эса асосан меҳрибонлик уйларига, шифохоналарда беморларни даволаш учун, қариялар уйига, мактаб ва бошқа жойларга ишлатилишини билишимиз зарур. Шунинг учун ҳам, ҳар бир инсон ўзи ва оиласи учун фойдаланган газ, электр энергия, сув ва бошқа маиший хизматларга тўловларни ўз вақтида холис адо қилиши ўзининг жамият олдидаги катта бурчи ва вазифаси эканлигини асло унутмаслиги лозим.
Мунира АБУБАКИРОВА
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.