muslim.uz

muslim.uz

 

Бугунги кун имом-хатиби диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган, фикри теран, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор, халқни эзгулик ва бирдамликка чақирувчи, бир сўз билан айтганда, чинакам маърифат пешвоси бўлмоғи лозим. Ана шу улуғвор ғоядан келиб чиққан ҳолда, Самарқанд вилояти имом-хатиблари учун махсус ўқув семинар ташкил этилди. Машғулотларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида ҳудудларда барча шарт-шароитлар ҳозирланди, жамоат тартибини сақлаш инспекторлари ва шифокорлар жалб этилди.
Ушбу ўқув семинарлар Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳри, Пастдарғом, Пайариқ ҳамда Ургут туманларида бўлиб ўтди. Семинар машғулотлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчилари, вилоятдаги олий таълим муассасалари илмий ходимлари ва профессор ўқитувчилари орасидан танлаб олинган мутахассис маърузачилар томонидан юқори савияда олиб борилди.
Ташкил этилган ўқув семинарлари имом-хатиблар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлиб, албатта, уларнинг келгусидаги фаолиятларида ўзининг ижобий самарасини беради. Зеро, мазкур семинарларни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 октябрь куни, икки кун давом этган ўқув семинар ўз ниҳоясига етди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло инсонларга чексиз неъматларни инъом қилган. Бу неъматларнинг ичида энг буюги, афзали, нодир бўлган неъматлардан бири бу – тил яъни сўзлаш ва нутқ неъматидир. Берилган ушбу неъматни қандай ишлатиш керак, уни нималар билан машғул қилмоқ керак бу борада ҳам кўп тавсиялар ва кўрсатмалар берилган. Демак, мусулмон одоби рукнининг бугунги мавзуси сўзлашув ва мулоқот одоблари ҳақида.

Сўз орқали фойдага эришади ёки аксинча беҳуда гаплар билан машғул бўлади, шунингдек мақтов ёки танқид эшитиши ҳам мумкин. Унутманг! Сўзлашув ва одамлар билан мулоқот, ўзгаларда биз ҳақимизда қандай фикр шаклланишига ҳам хизмат қилади. Ота боблармиз бежизга «тилингни эҳтиёт қил, дилингдагини ошкор этади» дейишмаган. Сўз қалбнинг таржимони ва калити ҳисобланади. У инсон билимининг ҳосиласи, у орқали банда ё савобга, ё гуноҳга нозил бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: «Жим турмоқдан суҳбатлашиш яхши, ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик яхши».

Хўш сўзлаётганимизда нималарга эътибор қаратишимиз лозим?

Ибн Масъуд (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мўмин киши кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатлагувчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди», деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ривоят қилган.

Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Набий (с.а.в.) “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир. У билан уришиш куфрдир”, деб марҳамат қилганлар. Икки шайх ва Имом Термизий ривоят қилганлар.

Анас (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаҳш нарса борки, у шармандалик келтиради. Ҳаё нарса борки, у зийнат келтиради, дедилар. Имом термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар. Яна ул зоти бо барокат: Одамларга қаттиққўллик қилиб беҳаё сўзламанглар –дея такидлаганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Инсоннинг бошига келадиган балоси, унинг тилидан келади” деганлар.

Яна бир хадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Гумондан сақланинг! Чунки гумон гапларнинг ёлғонроғидир – дедилар. Шунингдек, пайғамбар алайҳиссалом: Кишининг ёмон эканлигигага унинг мусулмон диндош биродарини камситиши етарлидир – дедилар.

Демак юқоридаги ҳадислардан шундай хулоса қиламиз: гапираётганингизда сўкинманг, сўкинишни одат ҳам қилманг, лаънатламанг, фахш сўзларни ишлатманг, ҳеч кимни камситманг, ёлғон сўзламанг, овозингизни баланд қилманг, одамларнинг шахсиятига тегманг, жахл ва қўполлик қилманг, мақтанманг, суҳбатдошингизни гапини бўлманг, суҳбатлашаётганларнинг гапига таклиф этмагунча қўшилманг.

Яна бир фоёдали маслаҳат, агар жамиятда яхши номга эга бўлмоқчи бўлсангиз: олимлар, фозиллар, тақводорлар, ростгўйлар, ширинсуҳанлар ва яхши инсонлар суҳбатида кўпроқ бўлинг!

Аллоҳ таоло ўз каломида: "Бандаларимга айтинг, (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур" (Исро, 53), деб огоҳлантирган. Чунки, инсонлар орасидаги нохушликлар кўпинча қўпол сўз оқибатида содир бўлади. Аксича, кўпгина муваффақиятларнинг омили эса ширин сўздир.

Муҳаммад (алайҳиссалом): “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея марҳамат қиладилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Банданинг имони тўғри бўлмайди, токи унинг қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча”.

Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади, саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, нега бизнинг фикримиз сизникидек фасоҳатли эмас?” дедилар. Набий (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло мени қўпол гапирувчи қилиб яратмади. Менга сўзларнинг яхшисини ихтиёр этди: у эса Ўзининг Қуръон китобидир”, дедилар (Шерозий ва Дайламий ривояти).

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг (яхшилашни) кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: Сўзда сеҳр бор, шеърда эса ҳикмат. Яна ул зот (с.а.в.) Кишининг гўзаллиги - унинг тилидан билинур. Сизларнинг яхшиларингиз - хушхулқ, ширин суҳбатлиларингиздир. Ёмонларингиз эса оғзини тўлдириб, эзмалик ила кўп гапирувчиларингиздир. Одамлар билан хушмуомала бўлинглар – дедилар

Луқмон Ҳаким ўғлига шундай васият қилганлар: Эй ўғилгинам, ким ёмонлик эгасининг суҳбатида бўлса, омон бўлмайди, ким ёмонлик кирадиган жойга кирса, туҳматланади ва ким тилига эгалик қилмаса, пушаймон бўлади”.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Донишманднинг тили юрагигинг орқасида бўлади. Агар гапирмоқчи бўлса, юрагига қарайди, мабодо унда яхшилик бўлса, гапиради. Агар бировнинг зарарига бўлса, гапирмасдан сукут сақлайди. Жоҳилнинг юраги тилининг атрофида бўлади. У юрагига қарамайди. Тилига нима келса гапираверади” деганлар.

Демак, гапирганда фақат ўйлаб, тафаккур, тадаббур қилиб, ундан кейин манфаати бўлса гапирмоқлик лозим. Агар манфаати бўлмаса, сукут сақлашингиз яхшироқдир.

Оғир-босиқлик билан шошмасдан, дона-дона қилиб, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашинг. Мақсадингизни аниқ ва равшан қисқа ва лўнда баён этинг, кам гапиринг. Зеро, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди”, деганлар.

Ўрни келганда сукут сақлашлик сиз учун улкан фойда ва зийнатдир. Уламоларсукутда ҳам 7 та фойда бор дейди:

  1. Жим туришлик чарчоғи йўқ ибодатдир;
  2. Безаксиз зийнатдир;
  3. Давлатсиз ҳайбатдир;
  4. Деворсиз қўрғондир;
  5. Бировларга узр айтишдан беҳожатдир;
  6. Яхшилик ва ёмонлик амалларни ёзувчи фаришталарга роҳатдир;
  7. Айблари учун беркитувчидир.

Ҳакимлар жим туришлик олим учун зийнат, жоҳил учун сатр (парда)дир, деб марҳамат қилганлар. Луқмон Ҳаким фарзандига: “Эй ўғилчам, одамлар ўзларини кўп гапиришлари билан фахрлансалар, сиз эса кам гапиришингиз билан фахр қилинг” деган эканлар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 216 оятида шундай марҳамат қилади: “...Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз билмассиз”. Албатта биз қачон гапиришимиз биз учун фойдаю қачонгиси зарар эканлигини билмаймиз. Аллоҳ ва расули, саҳобалар ва уламолар тавсиясига таяниб, тафаккур ила иш юритган ва сўзлаган инсонгина яхшилик устида бўлади. Хулоса ўзингиздан!

Саидаброр УМАРОВ

ЎМИ матбуот хизмати

 

Жорий йилнинг 25-27 октябрь кунлари Туркия Республикаси пойтахти Анқара шаҳрида Турк дунёси парламентлари жамғармаси томонидан Халқаро Имом Мотуридий семинари ўтказилади. Бу ҳақда Protoday нашри хабар берди.

Туркиянинг собиқ Илм-фан, саноат ва технология вазири Ниҳат Эргун Имом Мотуридийнинг Ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси тўғрисида жумладан шундай деди:

“Энг муҳим ҳиссаларидан бири шуки, Мотуридий ўзидан аввалги олимлардан фарқли равишда китобини билим назарияси билан бошлаган. Мазкур семинарда Имом Мотуридий билим назарияси билан бизга қолдирган мерос воситасида мусулмонлар сифатида маълумот манбаларимиз ва уларга асосланган тутумларимизни қайтадан кўриб чиқамиз”.

Шунингдек, Эргун Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти Туркия билан алоқаларни ривожлантираётганини таъкидлади:

“Маданият вазирлиги Самарқанд билан Туркия орасидаги муносабатларни кучайтириш орқали Матуридийни англашни қайтадан кўриб чиқиш, янада тўғри англаш ва ҳаётга татбиқ этишда муҳим рол ўйнаши мумкин. Семинар натижасида келиб чиқадиган баъзи фикрлар, албатта, ҳукуматга етказилади. Мутасаддилар улардан фойдаланади”.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.
Бугун 18 октябрь, пайшанба куни Маккаи мукаррама шаҳрида Уюшма Олий кенгашининг 43-сессияси ўз ишини бошлади.
Анъанага мувофиқ, сессия Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг Саудия Арабистони бош муфтийси Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх анжуман иштирокчиларини қутлаб, Уюшманинг навбатдаги 43-сессияси ишига муваффақият тилади.

 

Ушбу анжуманда дунёдаги нуфузли уламолар, кенгаш аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқдалар. Бугун анжуман ишида Сурия, Ироқ, Филиппин давлатларида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга оид масалалар кўриб чиқилади. Шунингдек, Уюшма Олий кенгашининг бир йиллик ҳисоботи ҳам тақдим этилади.
Анжуманда муҳокама қилинаётган масалалар ҳақида сайтимизда батафсил ёритиб борамиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top