muslim.uz
Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кимлар жаннатга киради?
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бош тортганлардан ташқари умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради?” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бош тортганлар кимлар?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади”,дедилар (Имом Бухорий ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, саломни кенг ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ҳамда одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар, хотиржам жаннатга кирасизлар”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:“Кимки учта фарзандини йўқотганига савоб умидида сабр қилса, жаннатга киради”. Шунда бир аёл: “Агар иккита бўлсачи?” деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккита бўлса ҳам”, дедилар (Имом Насоий, Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
- Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:“Икки хислат борки, қайси мусулмон ўша хислатларда бардавом турса, жаннатга киради. У иккиси осон, аммо уни қилувчилар оздир. Биринчиси, ҳар бир намоз ортидан 10 та тасбеҳ, 10 та ҳамд, 10 та такбир айтади. Булар тилда 150 та, тарозуда эса 1500 та бўлади. Иккинчиси, тўшакка ётиш олдидан 34 та такбир, 33 та ҳамд, 33 та тасбеҳ айтади. Булар тилда 100 та, тарозуда эса 1000 та бўлади”. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллари билан ўшаларни санаб айтаётганларини кўрдим. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб у иккиси осон-у, уни қиладиганлар оз?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Бирортангиз ухлаш учун ётганида шайтон келади-да, ўша зикрларни айтишидан олдин уни ухлатиб қўяди. Ўша шайтон намозда ҳам келади-да, ҳалиги зикрларни айтишидан олдин у одамнинг бошқа бирорта ҳожатини эсига солади”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Бугун ким рўзадор ҳолда тонг оттирди?” деб сўрадилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. “Бугун ким жанозага қатнашди?” деб сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Яна Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ким мискинга таом берди?” деб сўрадилар. Бу сафар ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун ким касални бориб кўрди?” дедилар. Бу гал ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда ушбу нарсалар жам бўлса, албатта, жаннатга киради”, дедилар, (Имом Муслим ривояти).
- Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузуримга Жиброил алайҳиссалом келди. У менга: Умматингдан ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради, деб башорат берди”, дедилар.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
- Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким ҳалол (таом) еса ва суннатга амал қилса ва инсонлар унинг ёмонлигидан омонда бўлишса, у жаннатга киради”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД тўплади
ЎМИ Матбуот хизмати
Online: Қуръон мусобақаси (Андижон)
Гуноҳи кабиралардан сақланиш жаннатга йўл очади
Аллоҳ таоло гуноҳи кабиралардан четлаган кишининг кичик гуноҳларини кечиб юборишни, сўнг уни жаннатга дохил этишини хабар қилади: “Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг (Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш каби) катталаридан сақлансангиз, қилган (кичик) гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил – жаннатга киритурмиз” (Нисо сураси, 31-оят).
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Модомики, банда катта гуноҳлардан четланар экан, беш вақт намози жумадан кейинги жумагача ва рамазондан кейинги рамазонгача бўлган кичик гуноҳларига каффоратдир” (Муслим ва Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам яна айтдилар: “Ҳалокат қилувчи етти гуноҳдан сақланинглар. Улар: Аллоҳга ширк келтириш; сеҳр-жоду қилиш; Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш; етимнинг молини ейиш; судхўрлик; душмандан қочиш; бузуқ хаёл билан покдомон, мўъмина аёлларга туҳмат қилиш” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ойбек САМАРҚАНДИЙ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Андижон вилоятида ўтказилган Қуръон мусобақасининг натижалари билан танишинг.
Аёллар ўртасида бўлиб ўтган мусобақа натижаси.
Ҳифз йўналиши
18-25 ёш
1. Жуманова Гулжаҳон
2. Зоҳидова Робияхон
26-40 ёш
1. Аҳмедова Зарнигор
Тиловат йўналиши
18-25 ёш
1. Мирзаева Мубинахон Алишер қизи
2. Абдужалилова Муслимахон
3. Мирзаева Мубинабону Хуршид қизи
26-40 ёш
1. Мўминова Мўтабар
2. Исроилова Гулнозахон
3. Позилжонова Мухлисахон
Эркаклар ўртасида ўтказилган мусобақа натижалари
Тиловат йўналиши
18-25 ёш
1. Ҳакимов Оятулло
2. Абдуҳакимов Нурулло
3. Абдухалилов Абдулазиз
26-40 ёш
1. Умаров Жамолиддин
2. Каримов Муҳаммадфайзуллоҳ
3. Иминходжаев Файзуллохон
3. Бекмирзаев Алишер
Ҳифз йўналиши
18-25 ёш
1. Хўжаев Муҳаммаджон
2. Собиров Муҳаммадабдулло
3. Аббосхон ўғли Муҳаммадабдулло
3. Абдуллаев Олимжон
26-40 ёш
1. Исақов Убайдулло
2. Турғунов Абдулхай
3. Қулдашев Зокиршох
Ғолибларга диплом ва совғалар тақдим этилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Масжидул Жин” (Жин масжиди) ҳақида биласизми?
Ушбу масжид Макка шаҳридаги “Жаннат ал-Муалла” қабристони ёнида жойлашган бўлиб, “Масжидул Ҳарс” (Ҳимоячилар масжиди) ва “Масжидул Байет” (Садоқат масжиди) номлари билан ҳам аталади. Бу жойда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир гуруҳ жинларга Қуъонни тиловат қилиб берган эдилар.
Ул зот бу ерга етганларида ўзларига ҳамроҳ бўлган Абдуллоҳ Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) олдиларига айлана чизиб, шу айланадан четга чиқмай туришни буюрадилар ва ўзлари эса жинларга Қуръон ўқиб, уларни исломга даъват этадилар. 1700 йилга келиб айнан ўша ерда масжид барпо этилади ва унга “Жинлар масжиди” дея ном берилади. Масжид 1943 йилда қайта тикланади ва 2000 йилда замонавий масжид барпо этилади.
Жинлар инсон кўзига кўринмайдиган ғайбий нарса бўлиб, у ҳақиқатан мавжуд махлуқдир. Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари хабар берган, аммо бизга кўринмайдиган нарсалар ғайбий саналиб, уларга имон келтириш исломий ақиданинг асоси ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон бунга имон келтириши лозим.
Жинларнинг мавжудлигига Қуръони каримда далиллар кўп: “Эй Муҳаммад, эсланг, Биз сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик” (Аҳкоф сураси, 29-оят);
“Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва ер чегарасидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар” (Ар-Раҳмон сураси, 33-оят); “Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишини - муттаҳамликни зиёда қилур эдилар” (Жин сураси, 6-оят).
Жинларнинг мавжудлиги ва уларнинг табиати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (а.с.) ҳам бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Имом Муслим ибн Масъуддан (р.а.) ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: “Биз бир тун Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга эдик, у кишини йўқотиб қўйдик... Тонг отганда эса у зот Хиро томондан келдилар. Биз: “эй Расулуллоҳ, биз сизни йўқотиб қўйиб изладик, лекин топа олмадик ва энг ёмон тунимизни ўтказдик”, дедик. Шунда Расулуллоҳ: “Менга жинларнинг даъватчиси келди, у билан жинларнинг олдига бордик. Мен уларга Қуръон ўқидим”, дедилар”.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.