muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло бандаларига ўзаро дўстлик ҳамжиҳат бўлиб, бири иккинчисига кўмаклашиб, катта кичикка, кучли заифга, мансабдор оддий инсонга зулм қилмай, ўзаро меҳр-муҳаббатда ҳаёт кечиришини амр қилди. Яратганнинг Ўзи бандаларига бир-бирининг жони, мулки, номусига тажовуз қилишини ҳаром қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм (қилиш)дан қўрқинглар, албатта, у қиёмат куни зулмат бўлиб қайтур», деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, золимнинг зулми, Қиёмат куни солиҳлар Аллоҳнинг Аршининг соясида, ёруғ юз билан турган вақтларида, зулмат, қўрқинч ҳамда ваҳима бўлиб қайтади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларнинг кўзлари қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос», деб огоҳлантирган (Иброҳим сураси, 42-оят).

Яъни, баъзилар «золимлар бемалол ўйин-кулги қилиб юрибди. Демак, золимга ҳеч нарса қилмас экан-да» деган хаёлга бориши мумкин. Аллоҳ таоло ана ўшаларга хитобан: «Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма» демоқда. Золимлар қилаётган ҳар бир ишдан Аллоҳ таоло хабардор. Уларнинг икки елкасидаги фаришталар ҳар бир ишларини зиғирчасини ҳам қолдирмай ҳисобини қилиб туришибди. «Фақатгина уларнинг кўзлари қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос». Қиёмат куни уларнинг кўзлари даҳшатдан юмилмай, қимирламай қолади. Ана ўшанда уларга тайинланган жазо берилади.

Зулм – Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегарадан чиқишдир. Унинг тури ҳар хил бўлиши мумкин. Уларнинг биринчиси – инсон ўзига зулм қилишидир. Инсон ўзига гуноҳ қилиш билан зулм қилади. Ҳар бир гуноҳи билан ўзини жаннатдан бир қадам узоқлаштиради. Мана бу – энг катта зулмдир. Сўнг эса бошқаларга нисбатан қилинган зулм: ўғрилик, бировнинг устидан ноҳақ ҳукм чиқариш, инсоннинг мулкини тортиб олиш ва шу каби ишлар.

Ҳозирги кунда динимиз таълимотларини билмаслик, кўрсатмаларига амал қилмаслик оқибатида халқимиз орасида бир-бирига зулм қилиш авжига чиқди. Одамлар ҳеч иккиланмай, гуноҳ бўлади деб ўйламай бировнинг ерини, мол-мулкини тортиб олиб қўймоқда. Бу ишлари гуноҳи кабира эканини ўйлаб ҳам қўймаяпти.

Ота-бола, ака-ука, эр-хотин, дўст-биродар, қўни-қўшни, ишдаги ҳамкасблар, мулкдорлар бева-бечораларга нисбатан зулм қилиши кўпайди. Фарзанд ўзини дунёга келтириб, боқиб катта қилган ота-онасидан ҳафтада бир марта хабар олмайди. Камини олиб бермайди. Балки ота-оналарининг қариган чоғида ҳам «менга нима берар экан? Қачон уй менга қолар экан...?» деган ўй билан уларга зулм қилмоқда.

Ака-укалар мерос талашиб юзкўрмас бўляпти. Арзимаган бир матоҳ устида душман бўлиб қолмоқда. Бу – бир-бирига нисбатан улкан зулмдир Бир онанинг қорнидан тушган фарзандлар бегона бўлиб кетиши муқаддас динимиз таълимотига, қолаверса, инсонийлик тамойилларига мутлақо зид ишдир.

Яқинда телевизорда навоийлик бир йигит «Келин менга «турецкий» сарпо олиб келмабди» деб тўйни тўхтатибди. Шу эркак кишининг шаънига ярашадиган ишми?! Бечора келин томон қанча сарф-харажат қилиб тўй бошлаб қўйган ҳолатида, нодон куёв бола бир парча мато сабабидан келинчакка ва унинг оиласига нисбатан зулм қилибди. Яна эшитиб қолади инсон: «Фалончи келинини ҳайдаб юборибди. Нега эмиш? Кўйлагини дазмол қилаётиб, куйдириб қўйганмиш». Булар минг сабабдан бир сабаб холос. Ундан бошқа сабаблар барчамизга маълум. Лекин бирортаси оиланинг муқаддас ришталарини узишга арзийдими? Ёки аёлнинг эрига нисбатан қилган зулми. Куёвнинг хизматини бажармайди. Эрталаб туриб ҳовли супуришни билмайди. Вазифаси бўлган ишларни қилмайди.

Қайнота-қайнонанинг келинига нисбатан қилган зулмини эшитсангиз йиғлашингизни ҳам, кулишингизни ҳам билмайсиз. Одам ҳам шунчалик нодон бўладими! "Турецкий мебел» олиб келмабди. Шунга жавобини бериб юбордим". Ахир бу қайси мантиққа тўғри келади? Оила дегани уч-тўртта пайраха тахтага қараб қолганми?

Унинг ўрнига ака-укалар юртимиз бўйлаб кезиб қилиб юрган Қуръон мусобақасига биргалашиб бориб, иймонини, ихлосини зиёда қилиб келсалар. Бири қатнашса, иккинчиси ҳаққига дуо қилиб турса. Эр-хотин иккаласи биргалашиб Қуръонни ёд олиб, мусобақада бир вақтнинг ўзида қатнашсалар – нақадар гўзал иш!

Одамлар мансабдорнинг олдига муаммомни ҳал қилиб беради деган умид билан келса, у тамаъ қилса, бу ҳам улкан зулмдир. Зеро ҳадиси шарифларда айтилишича, Қиёмат куни Аршнинг соясида роҳатланиб турадиган биринчи инсонлар одил раҳбарлардир. Жаҳаннамга биринчи тушадиганлардан биринчиси эса золим раҳбар бўлади.

Кенг қулоч ёйиб кетган бу оғир дардга беэтиборлик бора-бора кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради, ёмон оқибатларга олиб боради. Чунки золим фақат ўзини ўйлайди, бировга яхшилик қилишни хаёлига келтирмайди. Бунинг оқибатида эса жамият парчаланади. Зеро, тана касалликлари дори-дармон билан даволанади.  Қалб касалликлари эса илму маърифат билан муолажа қилинади. Бу ғоят мушкул ишдир. Шунинг учун инсонлар ўзларига назар солиб,  қалб касалликларини дарҳол тузатиб, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб, яхшиликлардан илиниб, ёмонликдан қайтариб, бир тану бир жон бўлишга шошилмоғи керак.

Бугунги кунда она заминимизнинг барча туманларида Қуръон тиловати, ҳар бир масжидда азон овозлари баралла янграмоқда. Аллоҳнинг раҳмати Республикамиз бўйлаб барча хонадонларга ёғилмоқда. Инсон уйғониб, сергак тортиб, ички дардларини тузатиб, ўзини-ўзи ислоҳ қилиш вақти келди. Қуръон мусобақаси барчамизга ўзини бир янгилаб, ислоҳ этиб олишга сабаб бўлиши керак. Шундагина келаси йилларга жамиятимиз ислоҳ, юртимиз янада гўзал, Қуръон мусобақаси эса янада катта ва кенг миқёсда бўлади, иншоаллоҳ.

ЎМИ матбуот хизмати 

“Аҳли илмни ҳурмат қилишлик Аллоҳнинг розилигини топишлик бўлади” номли сарлавҳа остида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ­раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбат эълон қилинди.

Ушбу суҳбатнинг тўлиқ матни билан танишинг: 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 феврал куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Ҳудудни янада ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Чилонзор туманида барпо этилаётган масжидда ҳам бўлиб, ўзининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. Мухбиримиз Сузук ота ҳақидаги маълумотлар ва бу масканнинг маънавий-маърифий аҳамия­­ти, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида барпо этилаётган масжид ва музей ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатда бўлди. 

— Бисмиллаҳир раҳмонир роҳим. Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Ассалоту вассаламу ала расулиллоҳ. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизнинг диёримизда жуда ҳам катта ислоҳотлар, янгиланишлар юз бермоқда. Бугунги тараққиётимизга бутун дунё ҳавас билан қараб турибди. Шу ўринда барча соҳалар каби муқаддас динимизга ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан жуда катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Дин деганда нимани тушунамиз? Бу бамисли бизни тарбиялаб вояга етказган ота-боболаримиз юриб келган йўлдир. Улуғ боболаримизга ҳурмат, иззат, эътибор кўрсатишлик эса, шак-шубҳасиз улуғ иш. Дейлик, дунёда эътироф этиладиган олти муҳаддис сафида имом Бухорий ва имом Термизийлар борлиги бизда чексиз фахр ҳиссини уйғотади. Устозларга бўлган ҳурмат-эҳтиром имом Термизийнинг ҳаётида бош­қаларга ўрнак бўларлик даражада бўлган. Манбаларда айтилишича, устози вафотидан кейин кўп азиятлар чекиб кўзлари кўрмас бўлиб қолган экан. Ёки шогирдига нисбатан устоз­нинг меҳрибончилигини олайлик. Имом Бухорий ҳазратлари Имом Термизийга айтган эканларки, Сиз мендан олган манфаатдан кўра, мен Сиздан кўпроқ манфаат олдим. Буям катта бир эътироф бўлиб, шогирдни кўтаришдир. Ана шундай анъаналаримиз бор. Бундан ташқари, ўтган алломаларимиздан бири Қарши туманида таваллуд топган Абул-Муъийн Насафий ҳазратларидир. Бу зот катта хизматлар қилганлар. Бундан минг йил аввал Мовароуннаҳрда бошқа оқимлар томонидан имоми Аъзам мазҳабини, Мотуридия ақидасини сиқиб чиқариб, ўзга бир ақидани киритишга ҳаракат бўлган. Ана шунда Абул-Муъийн Насафий «Табсирот ал-адилла» деган китобини ёзиб, уларга кескин раддия берган ва Мотуридия ақидаси ҳамда имоми Аъзам мазҳабини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшган. «Табсирот ал-адилла» дегани «далиллар тилга кирганда» деган маънони беради. Унда ҳаммасига далиллар билан жавоб берилган. Абул-Муъийн Насафий бобомизни хорижий мамлакатларда алломалар, ақида олимлари, калом илми мутахассислари Соҳиби Табсира деб атайдилар, бу жуда катта эътирофдир. Араб мамлакатлари ва бошқа диёрларда Абул-Муъийн Насафий тўғрисида кўп таърифларни айтишади. Улар улуғ бобомизнинг китобларини дарс­лик сифатида ўқишади ва улар биздаям ўқитилади.

Ана шундай улуғларимиздан яна бири Тошкентда яшаб, одамларни меҳнат қилишга даъват этган, ҳунарни тарғиб қилган, уларга ўз ҳунарларини ўргатган, ҳазрат Аҳмад Яссавий бобомизнинг набиралари Сузук отадир. Сузук отанинг асли исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топиб, 1217 йилда вафот этганлар. Бу зот Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Сузук ота дейилганига сабаб, Аҳмад Яссавий бобомиз у кишини болаликларида шу сўз билан суйиб чақирарканлар. Шундан Сузук ота бўлиб кетган. Бу киши Яссавия тариқатини кенг тарқатган, ҳозирги қабрлари қўним топган жойда одамларга Ислом динининг асл мақсади, мазмун-моҳияти, қўлда ҳунари бўлган одам қандай одам бўлишлиги, ҳунари бордан ҳеч бир ёмонлик чиқмаслигини халқнинг онгига сингдирган. Ҳунарли киши пешона тери билан рўзғорини боқса, ундан буюк ва ундан фазилатли одамнинг ўзи бўлмайди. Бу Аллоҳга ҳам, одамларга ҳам хуш келади. Оиласи тинч бўлади. Бир жойдан, бировдан бир нарсани таъма қилмайди. Чунки бировдан нарса сўраб таъма қилишлик бизнинг муқаддас динимизда ҳаром ва қайтарилган ишлардандир. Шу боис ҳам у кишига эргашганлар жуда ҳам кўп бўлган.

Сузук отани бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам юксак қадрлаганлар, Сузук ота қабрининг қибла томонида битта масжид қурдирганлар. Муҳтарам Президентимиз шу жойни келиб кўрганларида Тошкент шаҳрида халқимизнинг ҳам зиёрат, ҳам ибодат қиладиган бир манзилини қилайлик, дея эзгу ташаббус кўрсатдилар. Мисол учун, Тошкент вилоятида Зангиота зиё­ратгоҳини олайлик. У жойга зиёратга борганлар ҳам зиёрат, ҳам ибодат қилади, ҳам руҳан тетик, ҳам маънавияти бой бўлади.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Тошкент шаҳрининг ободончилиги, қурилишларини бир кўздан кечириш, танишиш учун шаҳарга чиққанларида «Сузук ота»га ҳам бориб зиёратчилар учун қулайликларни янада ошириш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Сузук ота ҳазратларининг ўзлари ҳунарманд бўлганликлари учун бу жойда ҳунармандлар растаси бўлади. Икки қаватли иморатлар қурилади. Тепасида ҳунармандлар яшайди, пастида уларнинг дўконлари бўлади. Бу расталарда халқимиз ва хорижлик сайёҳлар айланиб юриб ҳам зиёрат қилади, ҳам роҳат қилади, ҳам маънавият олади, ҳам маърифатли бўлади, ёшларимиз ҳам одоб-ахлоқли бўлади, ўзларига керак нарсаларни харид қилади. Бу билан ҳунармандлар ҳам ўз кунини кўради, фаолиятлари бардавом бўлаверади. Бу жойдаги Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари қурдирган масжид ёни айвонлар билан кенгайтирилаяпти. Меъморларимиз, қурувчиларимиз ниҳоятда ихлос, эътибор билан ўзларининг бор тажриба ва билимларини ишга солишаяпти. Масжид атрофида ўқитиш хоналари, маънавият, қироат ва таҳоратхоналар бўлади. «Сузук ота» мажмуаси битгач, турли жойлардан меҳмонлар келиши шубҳасиз. Уларга барча шароитлар муҳайё этилмоқда. 

— Президентимиз Чилонзор туманида барпо этилаётган янги масжидда ҳам бўлиб, ушбу мас­канга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини беришни таклиф қилди. Шу жараёнда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эканлиги, ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлаганлигини алоҳида таъкидлади. Шайх ҳазратлари ва у кишининг халқимизга қолдирган бебаҳо мероси ҳақида ҳам гапириб берсангиз. 

— Сўгалли ота деган жойда тўқсонинчи йиллар атрофида бир масжид қурилиб, биноси чала қолиб кетганди. Бу савоб ишни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари муфтийлик даврида бошлаганлар. У ерга бордик. Муҳтарам Президентимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида сўраб, у кишининг оиласи, фарзандлари ҳақида суриштирди.

Давлатимиз раҳбари у кишининг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Юсуфни чақиртириб, суҳбатлашдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлиги, Маҳад (Имом Бухорий номидаги Ислом институти)да ўқитувчи, кейин ректор, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида раис, муфтий бўлганини айтиб, бундай илм аҳли вакилларини ҳурмат қилишимиз зарурлигини алоҳида уқтирдилар. Аҳли илмни ҳурмат қилишлик Аллоҳнинг розилигини топишлик бўлади. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта ҳадисларида олим-у уламолар тўғрисида «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўридирлар», дейилади. Демак, пайғамбарларнинг меросхўри бўлган уламони ҳурмат қилган пайғамбарни ҳурмат қилган бўлади. Пайғамбарни ҳурмат қилган Аллоҳнинг розилигини топади. Аллоҳ унга кўп йўлларни очиб беради. Президентимизнинг қилган бу ишлари нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун дунёга ёйилди. Чунки шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бутун ислом оламида машҳур ва манзур олим эди. У кишининг бу оламда ўз ўрни, мақоми, сўзи бор эди. Катта-катта анжуманларда сўзга чиқиб, ўз сўзини ўтказарди. Бизга ҳозир ҳам халқимиздан, бутун дунёдан эътироф­лар ёғилаяпти. Давлатимиз раҳбарига ислом оламининг намояндалари, уламолар, олимлар чексиз миннатдорлик билдирмоқдалар.

Шундай табаррук ният билан ўзимизнинг диёримиздаги мусулмонлар ўртасида ҳам «шайх ҳазратлари ўтгандилар, бу кишининг номи тилга олинмасмикин, эсланмасмикин», дея тилга олинган ҳақли сўзларга муносиб, жуда чиройли жавоб бўлди, десак тўғри гапни айтган бўламиз, иншоаллоҳ.

Дарҳақиқат, бунёд этилаётган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид ёнида катта музей ҳам ташкил қилинаяпти. Муҳтарам Президентимиз Исмоилбекка: «Онангиз, опа-сингилларингиз, қариндошларингиз билан маслаҳат қилинг, музейга нима керак бўлса, сизлар нимани хоҳласангиз, биз шуни қилиб берамиз», деди. Бу чексиз ҳурмат ва юксак эҳтиром намойиши бўлди. Ўша жойда катта конференц-зал қурилади. Ўқув хоналари, секторларга бўлиб ўтиладиган мажлис хоналари бўлади. Қурилиш ишлари тугагач, бутун дунёдан олимлар, диний ва бошқа соҳалардаги уламоларни таклиф қилиб, катта анжуман ўтказиладиган бўлди. Юртбошимиз ушбу беназир ташаббус ва ғоялари билан бутун дунёга бизнинг қандай маънавиятли халқ эканимизни чиройли тарзда намоён қилдилар. Инсоннинг қалбига бундай покиза ниятларни фақатгина Аллоҳ солади. Бундай ишлар ўз-ўзидан бўладиган ишлар эмас… Биз бунга шукур қилишимиз керак, бизга бундай юрт раҳбарини Аллоҳ инъом этди! Бунинг қадрига етишимиз, у кишининг ёнида бирлашиб, шу азиз юртимиз тараққиёти учун ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим! 

— Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳияти ҳақида сўз юритди, БМТнинг махсус «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқиб, бу ҳужжатнинг асосий мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборатлигини алоҳида таъкидлади. Бу таклифлар жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилди… 

— Дарҳақиқат, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил бўлганидан буён ҳали шу давргача ислом тўғрисида, унинг тинчликпарвар ва инсонпарвар дин эканлиги хусусида биронта давлат раҳбари ёки бошқа мақомдаги нотиқ сўзламаган, гапирмаган. Бу – ҳақиқат! Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сессиясида биринчи чиқишидаёқ шижоат билан шу сўзларни баралла айтдилар. Ислом дини кимлардир ўйлаётган террорчилар дини эмас, у тинчликпарвар дин. Уни ўша салбий, ножоиз муносабатлардан сақлашимиз, асрашимиз керак, деган гапни ким айта олади? Буни Аллоҳ қалбига солган одамгина айтади. Ёинки, имом Бухорий тўғрисидаги сўзларини олайлик. Имом Бухорий маркази бунёд этилаётгани, пойтахтда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши ҳақидаги фикрлардан бутун олам аҳли зийрак тортди. Муҳтарам Президентимиз минбардан тушаётганида президиумда ўтирганлар ҳам тушиб у кишини қутладилар. Бизнинг қардошимиз, Ўзбекистон давлатининг дўсти, Туркия мамлакатининг Президенти Эрдўғон жаноблари ҳам муборакбод қилдилар. Бошқаларнинг ҳам шундай юксак эътирофлари мамлакатимизнинг нуфузи, ислом оламида ота-боболаримизнинг тутган ўрни, улар қолдирган улкан меросга нисбатан ҳурмат ва эътибор ифодаси бўлди. Бу биз учун катта тарихий ютуқдир.

Инсон ўз халқини, ўз аждодларини чин ва самимий меҳр билан севса, ўз ватанига муҳаббати, садоқати беназир бўлсагина, шундай улуғ мартабаларга муносиб бўла олади. Бунинг учун унда жуда катта куч-ғайрат, шижоат бўлиши лозим. Муҳтарам Президентимизнинг амалга ошираётган кўп­лаб хайрли ишлари мисолида бунга амин бўлаяпмиз. 

— Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат! 

Салим АБДУРАҲМОНОВ ёзиб олди

ЎМИ Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Аёл-қизлар ўртасида

ЎМИ Матбуот хизмати

ONLINE:

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top