muslim.uz
Ҳамдардлик билдирамиз
Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир.
Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” дейилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти Улуғнор тумани бош имом-хатиби Шохимардон домла Ориповнинг волидалари вафоти муносабати билан таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ёшлар тарбияси тўғрисида
Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дин яхши деб хисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб хисоблаган ва манъ этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазийлатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазилатлар ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари “Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, дейдилар.
Шунинг учун ҳам, Исломда хулқли сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.
Тарбиянинг асоси кўп жиҳатдан билимга ва яхшиларга ёндашишда ва уларнинг ибратли ҳаёт тарзи асосида юзага келган бой тажрибага ҳамда пурмаъно сўзларини қай даражада билишга бориб тақалар экан. Шу ўринда, бобомнинг ёшлигимда айтган гўзал ўгитларини мисол тариқасида келтирмоқчиман: “Болам, алломаларимиз қолдирган ҳикматли сўз ва маталларни қанчалик ёд олиб борсанг, қалбингга шунчалик нақшланиб бораверади. Натижада, сенинг тилингдан ҳам шундай гўзал сўзлар ёғила бошлайди”. Фарзандларимиз ҳам ривоят, ҳикоят ва ибратли сўзларга жуда муҳтож.
Учқўрғон туман "Нурмухаммад бува" жоме масжиди имом ноиби
Тошпўлатов Абдурашид
Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистони билан кенг кўламли шерикликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилди.
Саудия Арабистони ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва кенг кўламли шерикликни олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда турли даражаларда фаол мулоқотлар ва делегацияларнинг ўзаро ташрифлари давом этмоқда. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошиб бормоқда.
“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланган.
Бўлажак тадбирлар, шу жумладан 2025 йилда ўтказиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА
Миср матбуоти Ўзбeкистон ҳақида
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ва Миср журналистлари ассоциацияси ўртасида ўрнатилган ижодий ҳамкорлик туфайли ўзаро ахборот айирбошлаш тажрибаси йўлга қўйилган.
Шунга кўра айни кунларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида Мисрнинг етакчи ОАВларида ижодий уюшма Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан тайёрланган мақолалар эълон қилинмоқда. Ана шу келишув доирасида Миср Араб Республикасининг бир неча миллион ўқувчиси бўлган «Al-Dilomasy» ахборот агентлиги шу йилнинг 12 апрель куни «Ал Азҳарнинг фарғоналик талабалари» сарлавҳаси остида Ўзбекистон – Миср муносабатлари, мамлакатдаги дин ва эътиқод эркинлиги, диний таълим ва унинг етакчи вакиллари ҳақида батафсил маълумот берувчи мақолани ўз ўқувчиларига ҳавола этди.
Муаллифи Фарғона вилояти бош имом хатиби Убайдуллоҳ қори Абдуллаев бўлган мақолада жумладан, шундай дейилади:
«Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дўстона ҳамкорлик кўп асрлик бой тарихга эга. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ бобокалонларимизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон олами бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Сўнгги йилларда ҳам Ўзбекистон ва Миср ўртасида кўп томонлама алоқалар жадал ривожланмоқда. Бу борада икки давлат раҳбарлари – Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисий томонидан олиб борилаётган ҳамкорлик стратегияси муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мисрдаги қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик мунтазамлик касб этгани ҳам эътиборлидир. Айниқса, Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти – ICESCO билан дўстона муносабатлар ривожланиб бормоқда.
Мана шундай ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида 2022 йил 6-10 июнь кунлари Мисрда ўтказилган «Диний экстремизм. Интеллектуал асос ва уни енгиш стратегияси» мавзусидаги халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этди. Нуфузли анжуманда шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам сўзга чиқиб, бугунги даврда юртимиз алломалари меросининг амалий аҳамияти, аҳли сунна вал жамоа ақидасини мусулмонлар орасида соф ҳолда тарғиб этиш, ёт ғояларга қарши курашда бирлашиш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларни ягона мақсад сари йўналтириш зарурлиги тўғрисида таклифлар берди. Бу анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди ва эҳтиром билан қабул қилинди.
Бундан ташқари Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, диний соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш юзасидан муҳокамалар ўтказилган бўлиб, ҳозирда бу борада амалий жараёнлар бошлаб юборилган.
Илм ва ҳикмат гулшани бўлган бу юртда минг йилдан зиёд тарихга эга Азҳари шариф дорулфунуни мусулмон дунёсига йирик уламоларни етиштириб бериши билан маълуму машҳур. Айни дамда ҳам Ал-Азҳар мусулмон оламидаги энг обрўли таълим даргоҳларидан биридир.
Мисрнинг фахри, ислом оламининг илмий марказларидан бири – бир минг икки юз эллик йилга яқин тарихга эга бўлган Ал-Азҳар мажмуаси жаҳондаги ҳам диний, ҳам дунёвий йўналишлар борасидаги етакчи олий таълим муассаса ҳисобланади.
Тарихга назар соладиган бўлсак дастлаб, мазкур университет Фотимийлар даврида Ал-Азҳар масжиди қошидаги мадраса сифатида ташкил этилган. Қоҳира шаҳри географик жиҳатдан Осиё ва Африка минтақасининг чорраҳасида жойлашганлиги боис Ал-Азҳарга кўплаб хорижий мамлакатлар талабалари ҳам илм талабида ташриф буюрган.
Асрлар давомида турли синовларни бошдан кечирган мазкур даргоҳ XIX асрнинг охирга келиб, ўқув тизимида замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш ишлари амалга оширилиши натижасида Ал-Азҳар университет мақомини олган.»
Шундан сўнг мақолада Ал-Азҳар университетида таҳсил олиб Ўзбекистонда жумладан, Фарғонада фаолият юритаётган ислом хизматидагилар ҳақида маълумот берилган:
«Юртимизнинг кўплаб уламо ва аҳли илмларининг ҳам Ал-Азҳар университетида таҳсил олиб, динимиз йўлида хизмат қилаётгани эътиборга моликдир. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини 1982-1989 йилларда бошқарган Шамсуддинхон Бобохонов ҳам мазкур даргоҳда таҳсил олган. Қолаверса, фарғоналик Абдусаттор Нурматов – Марғилон шаҳар «Пошшохўжа Эшонбува» масжиди имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази мутахассиси Абдувоҳид Аҳмадалиев ҳамда аввалда «Сармазор» масжиди имом-ноиби вазифасида хизмат қилган, ҳозирда эса туризм агентлигида фаолият олиб бораётган Хайруллоҳ Каримовлар ҳам айнан мазкур даргоҳда таълим ва малака ҳосил қилиб, халқимизга хизмат қилмоқдалар.
Ал-Азҳар университети бугунги кунда Ислом ва араб дунёсидаги энг катта таълим даргоҳи бўлиб, у Миср Араб Республикасининг ўзига хос брендига айланган»
Бундан илгарироқ эълон қилинган «Al – Diplomasy» ахборот агентлигининг «Ўзбекистон 2024 йилда ички ялпи маҳсулот ҳажмининг 100 млрд. долларга етказмоқчи» сарлавҳали мақоласида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлари натижалари таҳлил қилинган эди. Кейинроқ, Ўзбекистон ҳукуматининг экологик аҳволини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлари мавзусидаги мақола берилган эди.
Ўзбекистон ва Миср журналистик ташкилотлари ўртасидаги ахборот алмашув ижодий ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Шу йил 22-23 апрель кунлари Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг делегацияси Қоҳира шаҳрида мисрлик ҳамкасблари билан янги лойиҳаларни муҳокама қилиб, мамлакатнинг нуфузли босма нашри – «Жумҳурият» газетаси таҳририятида эса «Фарғона ҳақиқати» газетаси билан ижодий ҳамкорлик ўрнатиш масаласида меморандум имзолашни режалаштирган.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
Уммон Султонлиги ташқи ишлар вазири Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Уммон Султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Хамад ал-Бусаиди бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Уммон Султонлиги ташқи ишлар вазири дастлаб буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Айни пайтда бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди.
Меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан танишди. Меҳмонларга марказда буюк муҳаддис ва алломалар меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган илмий- тадқиқот ишлари тўғрисида маълумот берилди.
Делегация аъзолари Регистон майдонидаги улуғвор мадрасалар, бу ерда намойиш этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ва хаттотлик санъати намуналарини катта қизиқиш билан томоша қилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.