muslim.uz
Имом Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган “Биррул волидайн” (Ота-онага яхшилик қилиш) асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан муҳаддислар султони – Имом Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган “Биррул волидайн” (Ота-онага яхшилик қилиш) асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбари томонидан Бухоро вилоятига қилинган ташриф давомида буюк аждодимиз Имом Бухорий асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича берилган топшириқлар ижроси асносида амалга оширилиб, китоб таржимаси асосида халқчил рисола тайёрланди.
Китобда фарзанд тарбияси, амалларнинг афзали – ота-онага яхшилик қилиб, ҳурмат кўрсатиш, уларнинг дуоларини олиш, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажоб бўлиши ва силаи раҳм фазилати, қариндошларга яхшилик қилиш каби мавзулардаги 76 та ҳадис жамланган. Ҳадисларнинг халқчил ва тушунарли бўлиши учун изоҳ ва шарҳлар ёзилди. Асарни шарҳлашда 50 дан ортиқ ишончли тарихий манбадан фойдаланилди.
Таржимада ушбу асарни ўзида асраб, шогирдларига ўқитган кейинги уламолардан бири имом, ҳофиз Муҳаммад Абдулҳай Каттоний томонидан сақланган нусха асос қилиб олинди. Матн бошқа нусхалар билан биргаликда қиёсий ўрганилди, лозим ўринларда тузатишлар киритилиб, маҳаллий ва хорижий исломшунос олимлар, атоқли уламолар билан илмий мулоқотлар олиб борилди.
Китоб ва халқчил рисола Дин ишлари қўмитасида белгиланган тартибда давлат диншунослик экскпертизасидан ўтказилган.
Мазкур янги китобни Бирлашган Араб Амирликлари , Туркия, Миср, Россия, Буюк Британия, Франция каби мамлакатлардаги нуфузли кутубхона ва фондларига тақдим этиш ҳамда мамдкатимиз ва хорижнинг илмий-диний жамоатчилиги орасида тарғиб қилиш режалаштирилган.
Ушбу китоб ва халқчил рисола муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятинит очиб бериш, фарзандларимизни ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида одоб-аҳлоқли этиб тарбиялашга хизмат қилади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Алломалар илмий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан ислом маърифати ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, халқимизга етказиш ва халқаро илмий доираларда кенг тарғиб қилиш бўйича ишлар тизимли тарзда давом эттирилмоқда.
Раҳмат ёғилишига сабаб бўлаётган амаллар
Шайх Али Тантовий ҳазратлари: «Саховат, эҳсон кўрсатиб Аллоҳнинг раҳмати ёғилишига ҳаракат қилинг ҳамда садақа билан мусибатларни даф этинг», деган.
Ҳақиқатан, Рамазоннинг сўнгги даҳаси ҳам хайрли амалларга бой кечмоқда. Вилоятдаги барча масжидлар имом-хатиблари, ноиблар ҳомийларни ҳам эзгу ишга жалб қилиб, ҳудудлардаги кам таъинланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, ногиронлиги бор хонадонларга кириб бориб, уларга эҳсонлар тарқатишяпти.
* * *
Янгийўл тумани бош имом-хатиби Қамариддин домла Қамбаров ҳомийларни жалб қилган ҳолда 50 та кам таъминланган оилага 1 қопдан ун, 5 литрдан ёғ берди. Бунинг учун жами 85 миллион сўм сарфланди.
Шунингдек, 20 та кам таминланган оилага 5 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
* * *
Тошкент тумани «Мирхалил ҳожи ота» жоме масжиди имоми Улуғбек домла ҳомийларни жалб қилган ҳолда Янгийўл, Тошкент ва Чирчиқ туманларидан 180 та етим ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага озиқ-овқат маҳсулотлари берди.
* * *
Паркент тумани бош имом-хатиби Миршавкат домла Тўйчиев саховатпеша инсонлар кўмагида 10 та оилага жами 5 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.
Тумандаги «Бойқозон» жоме масжиди имоми В.Ғуломов ҳомийларни жалб қилган ҳолда 10 та хонадонга 3 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди.
* * *
Ўрта Чирчик тумани «Туя бўғиз» масжиди имоми саховатли инсонлар ёрдами ила ўн миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақдорларга етказиб берилди.
Шунингдек, туман бош имоми Ж.Туронов «Янги йўл» маҳалласида яшовчи бир оилага 500 минг сўмлик, «Юқори овул» маҳалласилик ижтимоий ҳимояга муҳтож бир кишига ҳам 500 минг сўм эҳсон берди.
* * *
Оққўрғон тумани масжидлари маъмурияти ҳам 30 та оилага 12 миллион сўмлик эҳсон тарқатди.
* * *
Юқори Чирчиқ тумани «Саксон ота» жоме масжиди имоми Сулаймон Ўсаров бошчилигида ҳомийлар саховатидан фойдаланиб тўртта хонадонга 4 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
* * *
Аллоҳ таоло эҳсонларнинг савобини кўпайтириб берсин.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Кўчат экиб, боғ яратинг!
Ер юзини обод қилиш, пок сақлаш савобли амаллар сирасига киради. Киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлади. Кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.
Аллоҳ таоло инсонни ердан яратиб, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.
Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақлли кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап.
Ислом дини доимо поклик ва озодаликка чақиради. Аввало, қалбдан бошланган поклик руҳу танимизни, атроф-муҳит – яшаб турган ватанимизни озода сақлашга чорлайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, – деб, бежиз айтмаганлар (Имом Бухорий ва Имом Молик ривояти). Бошқа ҳадиси шарифда: “Уйларингиз атрофини пок тутинглар”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Табароний ривояти).
Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, атроф-муҳит поклиги қалб поклиги билан бевосита уйғундир. Уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, бўш жойларга кўчат экишдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуга: “Ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!” деб қилган насиҳатлари бугунги кунда айни долзарб масала бўлиб турибди. Ота-боболаримиз ушбу ҳадисга йиллар давомида амал қилиб келишган. Биз ҳам ушбу ҳикматга, аввало ўзимиз риоя қилишимиз, қолверса, ўсиб келаётган ёш авлодга гўзал тарзда ўргатишимиз керак. Зеро, атроф-муҳитни покиза сақлаш, бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Масалан, Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган. Унинг наздида табиат ва дўст бир маънони англатган. Мусулмон киши табиатни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш пайида бўлади. Бу ташаббус ҳукумат даражасида илгари сурилаётгани масаланинг жиддийлигига далолатдир. Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилингандан буён, кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатиб келмоқдалар. Ҳақиқатда, бу хайрли, эзгу, савоб амални узлуксиз амалга ошириш зарур.
Динимиз ҳам бундай хайрли ташаббусга хайрихоҳ бўлиб, кўкаламзорлаштириш ишларига кенг тарғиб қилади. Ҳатто уруш пайтида ҳам дарахтларни сабабсиз кесмаслик, обод жойларни вайрон қилмасликка буюрилганимиз, атроф-муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидан далолатдир. Ерга ишлов бериш ва кўчат ўтқазиш савоби улуғ амаллардан. Ислом дини деҳқончиликка алоҳида эътибор қаратганидан унинг фойдасини эгасига доимий етиб турадиган садақаи жория қаторига қўшган. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Қайси бир мусулмон дарахт ё экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу сабабли у учун садақа бўлур”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Кўчат экиш ҳақида гап кетаркан, унинг аҳамиятини Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифлардан билиб оламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Қиёмат қоим бўлса-ю, бирортангизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, Қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, уни экиб қўйсин”, – деганлар. Қиёмат бошланган бўлса, экин экишнинг нима фойдаси бор, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кексалик ёшида ҳам кўчат экаётган кишига қараб: “Қиёмат қоим бўлганда обод қилувчилар қаторида бўлиб ўлиш яхшироқдир”, – деган гаплари жавоб бўлади.
Бундан келиб чиқадики, шу азиз юртнинг фуқароси бўлган ҳар бир мўмин-мусулмон “Яшил макон” умуммиллий тадбири доирасида дарахт экиб, кўчат ўтқазиб, ўзи яшаб турган шаҳару қишлоғини, маҳалласини обод қилишда фаол бўлиши лозим. Бу бизга икки карра ютуқ бўлиб, аввало, юртимиз обод бўлади, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кўркамлашади. Шунингдек, бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида амал дафтаримизга ёзилиб туради.
Олимжон Обиджонов
Қувасой шаҳар ислом масжиди имом-ноиби
ЗИЁРАТ ҲАМ ИБОДАТДИР
Юртимизда зиёрат туризмига давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида турли ташкилотларнинг ходимлари табаррук қадамжоларни зиёрат қилиши анъана тусига кирди.
Тошкент вилояти Адлия бошқармаси ҳамда Чиноз тумани Адлия бўлими мутасаддилари ташаббуси билан бир гуруҳ ёшлар бугун Зангиота зиёратгоҳига келишди.
Чоршанба қабул куни муносабати билан зиёратчиларни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов илиқ кутиб олиб, уларга зиёрат одоблари, она-онага ҳурмат-эҳтиром, Ватанга садоқат, юртга муҳаббат мавзусида суҳбат қилиб берди.
Ҳақиқатан, Исломда зиёрат ибодат экани таъкидланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қабрларини зиёрат қилдилар ва йиғладилар. Ҳатто атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар».
Бурайда розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар”, деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Ёшлар Зангиота ҳамда Анбар она мақбараларини зиёрат қилишди. Улуғларимиз ҳақларига Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди.
Дарқове, ёшларнинг табаррук қадамжоларни, муаззам обидаларни зиёрат қилишлари улар ўртасида буюк аждодларимизга эҳтиром, улар қолдирган бебаҳо маънавий меросни ўрганишга қизиқишни янада орттиради.
Жасурбек домла зиёратчиларга диний-маърифий мавзуларда китобларни ҳадя қилди.
Ёшлар зиёратдан бир олам таассуротлар билан қайтиб кетишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матубот хизмати
ХУРМО БАРАКА, СУВ ПОКЛОВЧИ
Рамазон ойи мўмин мусулмонлар учун фарз амални адо қилиш ойидир. Бу ойда эрта тонгда сахарлик қилиб, оғизларимизни ёпамиз. Аллоҳ таоло учун кун бўйи ейиш-ичиш ва шаҳвоний яқинлашишдан тийиламиз. Қуёш ботиши билан ифторликка шошиламиз ва ифтор пайтида дуо қилиб оғизларимизни очамиз.
Ифторлик қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сунатларидир.
Ифторликда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини ҳўл хурмо билан очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан очар эдилар. Бу ҳақда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғизларини бир нечта ҳўл хурмо билан очар эдилар. Ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан очар эдилар”.
Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Қачон қай бирингиз ифтор қилса, оғзини хурмо билан очсин, чунки у баракадир. Ким тополмаса, сув билан очсин, чунки у покловчидир” (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).
Демак, ифторлик пайтида хурмо билан оғиз очишимиз барака бўлса, сув билан оғиз очишимиз эса покликдир. Аллоҳ таоло барчамизни муборак Рамазон ойи фазилатларидан баҳраманд қилиб, юртимиз ва оилаларимизда барака ва покликни бардавом қилсин!
Руҳиддин Акбаров
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.