muslim.uz
Яман бўйича Работ симпозиуми бошланди
Жорий йилнинг 2 июль куни Марокаш пойтахти Работ шаҳрида "Яманда таълим, маданий ва медиа институтларининг ҳолати: қонун бузилиши ва механизмларни ҳимояси" мавзусида халқаро симпозиум бошланди. Ушбу анжуман ISESCOнинг штаб квартирасида Яманнинг Марокашдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётгани хабар қилинди.
Анжуманда ISESCO бош котиби, халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар, ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Мусулмон дунёси лигаси раиси Галилей мукофотини олди
Мусулмон дунёси лигаси ташкилотининг бош котиби доктор Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса Италиянинг Флоренция шаҳрида ўтказилган Галилео халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда arabnews.com забар берди.
Ушбу мукофот Галилео фонди томонидан таъсис этилган бўлиб, жаноб Ал-Иссага Ислом дини ва бошқа тамаддунлар ўртасида тотувликни таъминлашдаги хизматлари учун топширилган.
Маълумот учун, Галилео Галилей номидаги мукофот инсониятнинг илғор фикрлари учун тақдим этиладиган мукофот бўлиб, мукофотнинг ташкилий қўмитаси Италияда фаолият олиб боради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Жаннатнинг саккиз номи
Савол: Жаннатнинг бир неча номлари хусусида эшитганман, Сиздан илтимос, жаннатнинг номлари ҳақида тушунча берсангиз.
Жавоб: Уламолар Қуръони карим оятларига асосланиб, жаннатнинг саккизта номи (даражалари) бор дейишади:
1. Фирдавс жаннати. «Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф, 107).
2. Адн жаннати. «Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшайдиган Адн жаннат (боғ)ларидаги пок масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) каттароқдир. Ана шу (лар) улкан ютуқдир» (Тавба, 72).
3. Маъво жаннати. «Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни) иккинчи бор кўрди. (Жаннат) чеккасидаги Нилуфар олдида. Маъво жаннати ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир» (Нажм, 13–15).
4. Наъим жаннати. «Яна мени Наъим жаннатининг ворисларидан қилгин!» (Шуаро, 85).
5. Хулд жаннати. «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводорларга ваъда қилинган мангулик (Хулд) жаннатими?!” Улар учун (бу) мукофот ва натижа бўлур эди» (Фурқон, 15).
6. Қарор жаннати. «Эй, қавмим, бу дунё ҳаёти фақат бир (арзимас) матодир. Албатта, охиратгина (мангу) барқарорлик диёридир» (Ғофир, 39).
7. Дорус Салом. «Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир. Қилган (солиҳ) амаллари сабабли, У уларнинг дўстидир» (Анъом, 127).
8. Дорул Муқома. «У Ўз фазли билан бизларни мангу турадиган диёрга туширдики, бу жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар»(Фотир, 35).
«СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...» китобидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсон-азиз
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70).
Аллоҳ таоло одамзодни азизу мукаррам қилган, уни энг гўзал ва мукаммал шаклда яратган. Қуръони каримнинг “Тин” сураси тўртинчи оятида марҳамат қилинади: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим (шаклда) яратдик”. Аллоҳ таоло одамни тик оёқда юрадиган, қўли билан овқат ейдиган қилиб яратди. Унга қулоқ, кўз, кўнгил берди. Инсон улар воситасида кўради, эшитади ва нарсаларни бир-биридан фарқлайди. У нарсаларнинг яхшисини ва чиройлисини билади. Дин ва дунё ишларида ўзига нима фойдаю нима зарар эканини ажрата олади.
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”. Уламолар ушбу оятни турлича тафсир қилишган. Ибн Аббосга (розияллоҳу анҳу) кўра, инсоннинг ўзга жонзотлардан мукаррамлиги овқатни қўли билан ейишидир.
Муҳаммад ибн Каъб “Инсоният орасидан Ҳазрат Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) бўлишлари уларнинг мукаррамлилигидир”, деб тафсир қилган бўлса, Заҳҳокка кўра, одамзод нутқ ва фаросати билан мукаррам бўлган. Муфассир Ибн Жарир Табарий “инсонларнинг кўпчилик махлуқот устидан ҳукмронлик қилиши ва борлиқнинг одамзодга бўйсундирилгани унинг азизлигидандир”, деган. Яна айрим олимларнинг тафсир қилишларича, инсоният гапириши ва ёза олиши билан бошқа махлуқлардан азиздир.
Тафсирчи Қуртубий айтади: “Одам болаларининг азизлигига сабаб улардаги ақлдир. Зеро, ақл таклифнинг (ибодат ва муомалага лаёқатнинг) асосидир. Инсон ақл билан Аллоҳ таолони танийди, Унинг каломини тушунади, неъматларига эришади, пайғамбарларини тасдиқлайди. Фақат ақл бандани барча мақсадларига етказолмаслиги сабаб пайғамбарлар юборилган, китоблар туширилган. Шариат бамисоли қуёш, ақл эса бамисоли кўздир. Кўз, агар соғлом бўлса, очилиши билан қуёшни кўради, нарсаларнинг тафсилотларини идрок қилади.
Аллоҳ таоло баъзи ҳайвонларга берган хислатларни, масалан, отнинг чопиши, эшитиши, кўриши, филнинг кучи, шернинг шижоати каби баъзи хислатларни одамзодга ҳам ато этган. Аммо унинг бошқа жонзотлардан афзал ва азиз қилиниши, айтиб ўтганимиздек, ақл сабаблидир”.
“...ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик...” Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бу оятни “Қуруқликда эшак, хачир, от, туя каби уловларга, денгизда эса катта-кичик кемаларга миндириб қўйдик”, деб тафсир қилган. Бунга қўшимча равишда замонавий автоуловларни ҳам киритиш мумкин.
Аллома Фахруддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ҳайвонларни инсонлар миниши, юк ортиши ва бошқа шу каби ишларини бажариши учун бўйсундириб қўйган. Шунингдек, сувлару кемаларни ҳам унга миниши, юкларини ташиши ва бошқа юмушларини бажариши учун одамзодга бўйсундириб қўйган. Буларнинг барчаси инсоннинг бу оламда бўйсуниладиган раҳбар, итоат қилинадиган подшоҳ эканига, бошқа барча борлиқ унинг қўли остида эканига далолатдир”.
“...ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик” экинлардан, гўшту сутлар ва яна бошқа ранги ва мазаси турли-туман неъматлардан ризқ қилиб бердик. Гўзал манзаралар, турфа хил, ранг-баранг кийим-кечаклардан, дунёнинг турли бурчакларида етишадиган анвойи мевалардан ризқларини бердик.
“...ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик...” яъни, бошқа махлуқот ва мавжудотлардан устун қилдик.
Бизнинг аҳли сунна вал жамоа ақидамизга кўра, фаришталарнинг пайғамбарларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий мўминлардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий мўминлар афзалдир (“Ақоид матнлари”).
Қуртубий, Ибн Касир ва Фахруддин Розий
тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.
Кембриж профессори: “Ўзбекистонга ҳар галги ташрифим янгича таассурот қолдиради”
Кеча 02 июл куни Кембриж университети Марказий Осиё форуми раиси, профессор Сидхарт Саксена Ўзбекистон мусулмонлари идораси биносида қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Б.Мамадиев, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари Д.Расулов ва шарқшунос олим С.Ғуломовлар иштирок этдилар.
Ўзаро саломлашувдан сўнг, Ш.Миноваров Ўзбекистон делегациясининг февраль-март ойларида Буюк Британияда бўлиб ўтган сафар тассуротлари, эришилган натижалар ҳақида тўхталиб ўтиб, ташрифнинг муваффақиятли ўтишида Кембриж университети Марказий Осиё форуми ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Сафар давомида эришилган келишувларни татбиқ қилиш икки томонга манфаатли бўлишини айтиб, ўзаро тадқиқотчилар алмашиш, Кембриж университетида “ўзбек тили” курсларини ташкил этиш, ўзбекистонлик тадқиқотчилар мақолаларини Кембриж илмий журналларида нашр қилиш ишларини йўлга қўйиш каби икки томонлама ҳамкорликнинг Йўл харитасига киритилган тадбирларнинг амалга оширилиши мавзусида фикр алмашилди. Кембриж университетида фаолият юритаётган “ўзбек тили” курслари тингловчилари учун ўқув қўлланмалар тайёрланаётгани маълум қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов Кембриж университетида ўтказилган музокаралар асосида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Бухоро яҳудийларининг тарихи”, “Самарқанд ва Бухоро мадрасалари” ва “Маҳдуми Аъзам қабридаги ёдгорлик ёзувлари каталоги” мавзуларида ҳамкорлик қилиш ишлари бошлангани, Кембриж имкониятларидан фойдаланиб грант олиш учун таклиф ва маълумот тайёрланаётганини маълум қилди. Тез кунларда ушбу мавзулар бўйича аниқ таклифлар киритилишини билдирди.
С.Саксена университет олимлари томонидан мазкур таклифлар атрофлича ўрганилишини, шахсан ўзи бу мавзулар учун грант масаласи билан шуғулланишини билдирди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Б.Мамадиев ҳамда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари Д.Расуловлар Буюк Британияга сафар давомида эришилган келишувларни юқори баҳолаб, ҳар икки ташкилот ҳамкорлик бўйича амалий ишларни бошлашга тайёрлигини таъкидладилар.
Професссор С.Саксена Ўзбекистонда кўп маротаба бўлгани, лекин ҳар галги ташриф унга янгича таассурот беришини, айниқса сўнгги йилларда мамлакат кун сайин ривожланиш йўлида янги қадам қўяётганига гувоҳ эканидан хурсандлигини таъкидлади. У келишилган барча тадбирлар бўйича Кемриж университети томони аниқ режа ишлаб чиққани ва унинг босқичма-босқич бажарилаётганини маълум қилди.
Йиғилиш сўнггида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Кембриж университети Марказий Осиё форуми ўртасида ўзаро ҳамкорлик англашув меморандуми имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Меҳмон “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Абдулазим ТЎРАХОДЖАЕВ
ЎМИ матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.