muslim.uz
Қуръон ўқиладиган хонадоннинг файзи бўлакча
Қуръон ўқиш билан нафақат қалбимиз, балки уйларимиз ҳам нурга тўлади. Қуръон ўқиладиган хонадон таровати бўлакча. Чунки Қуръон ўқиладиган хонадон кўзингизга файзли кўринади. Каломуллоҳ тиловат қилинадиган маскан самодаги юлдузлар каби нур сочиб туради.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўкдаги юлдузлар ердагиларга қандай кўринса, Қуръон ўқиладиган уй осмон аҳлига худди шундай кўринади”, деганлар.
Тунда самога боқсангиз, милтиллаб турган минглаб юлдузларни кўрасиз. Қуръон тиловат қилинадиган уй осмондагиларга ана ўша юлдузлар ўхшаб кўринади. Чунки Қуръон ўқиладиган уйдан нур таралиб туради.
Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
– Кеча Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг уйи ёришиб кетганини кўрдингизми? – дейилди. Шунда у зот:
– Бақара сурасини ўқиган бўлса керак, – деб марҳамат қилдилар.
Ибн Қайсдан бу ҳақида сўралганда, “Тунда Бақара сурасини ўқигандим”, деб жавоб берди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уйларингизни намоз билан, Қуръон ўқиш билан мунаввар қилинглар”.
Бизнинг ҳанафий мазҳабида фарз намозларини масжидда ўқиш таъкидланган суннатдир. Нафл намозларини уйда ўқиган афзал. Сабаби намоз ўқисак, Аллоҳни эсласак, хонадонимиз мунаввар бўлади.
Одамлар анча-мунча сарф-харажат қилиб, елиб-югуриб чиройли уйлар қуради. Айрим иморатлар бир қарашда кўзингизга данғиллама кўринса-да, бироқ хонадонда файз бўлмайди. Нега? Чунки у ерда Қуръон тиловат қилинмайди, намоз ўқилмайди…
Иморат қанча ҳашаматли бўлмасин, Аллоҳнинг Каломи ўқилмаса, ундай жойда файз-барака бўлмайди. Зеро, қуруқ дабдаба билан уйимизга нур кириб қолмайди. Яшаб турган жойимиз нурга тўлсин десак, Қуръон ўқийлик, ибодат қилайлик, зикр-тасбеҳ айтайлик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон тиловат қилинадиган уйнинг аҳли учун кенглик бўлади, фаришталар ҳозир бўлиб, шайтонлар у ердан узоқлашади. Бундай хонадоннинг яхшиликлари кўпаяди. Қуръон ўқилмайдиган уйнинг аҳли учун танглик бўлади. У ерни фаришталар тарк этади. Ўрнига шайтонлар келади. Шунинг учун яхшиликлари камаяди”.
Қуръон ўқиладиган хонадонда фаровонлик бўлади. Чунки у ерга фаришталар киради. Фаришталар бор уйга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади. Уйи тинч, хонадони файзли бўлишини истаган инсон Қуръон тиловат қилади. Зеро, Қуръон ўқилмайдиган уйдан фаришталар чиқиб кетади, ўрнини шайтонлар эгаллайди. Шайтонлар ўрнашиб олган жойда хайр-барака бўлмайди.
Баъзилар, “Ҳар бир уйда биттадан Қуръон бўлиши керак”, деб отасидан қолган Қуръонни матога яхшилаб ўраб-чирмаб қўл етмайдиган жойга илиб қўяди. Кейин ойда-йилда бир олиб, у ер-бу ерини варақлаган бўлади… Мусҳафни деворга осиб қўйишдан ҳеч қандай фойда йўқ. Аллоҳнинг Каломини ўқисак, ҳукмларини қунт билан ўргансак, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшасак, ана ўшанда қалбимиз мунаввар, хонадонимиз файзли, юртимиз тинч, икки дунёмиз обод бўлади, иншоаллоҳ.
Хосият ҚОСИМОВА
Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Табассум
Жажжигина қизалоқ маҳзун мусофирга қараб жилмайиб қўйди. Бу майин жилмайиш мусофирнинг кўнглини чоғ қилди ва бир вақтлар ўзига ёрдам берган дўстига миннатдорчилик билдириб қўйиши лозимлигини хотирлатди.
Дарҳол бир СМС ёзиб унга жўнатди. Дўсти бу ташаккурномадан шу қадар хурсанд бўлдики, ҳар куни тушлик қиладиган ресторанда хизмат кўрсатадиган официант қизга хийлагина ҳадя қолдириб кетди. Официант қиз умри бино бўлиб биринчи марта бундай катта ҳадя олаётган эди. Кечқурун уйига қайтаркан, қўлига тушган пулнинг бир қисмини ҳар замон кўча бошида ўтирадиган фақир одамнинг кепкасига ташлади.
Фақр одам шу қадар кўп пулни кўриб шунчалар миннатдор бўлдики, икки кундир томоғидан бир луқма таом ўтмаган эди. Қорнини илк дафъа росмана тўйдирди, кўпқаватли уйнинг подвалидаги биттагина хонасига олиб борадиган йўлдан масрурона юриб келди, кайфияти шу қадар чоғ эдики, совуқда ангиллаб дийдираб турган кучук боласини кўриб қолгани заҳоти уни кўтариб олди.
Кучуквачча кечанинг совуғидан қутулганидан хурсанд эди. Иссиққина хонада саҳарга қадар чопқиллаб ўйнади. Туннинг ярмида уйни тутун қоплади, ёнғин бошланган эди. Тутунни кўрган кучукча шу қадар баланд овозда ҳура бошладики, унинг кўтарган шовқинидан дастлаб фақир одам уйғонди. Кейин барча қаватлардаги хонадондагиларни уйғотди. Ота-оналар тутундан буғилишига сал қолган фарзандларини қучоқлаб, ўлимдан қутқариб қолдилар. Уларнинг ҳаммаси бир тийинлик моддий қиймати бўлмаган бир табассум шарофати эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ақл салтанати
Оқил шоҳ улус аҳволидан огоҳ бўлиб, халқнинг нима иш қилаётганини, таълим-тарбияси, яшаш шароити, оч-тўқлиги, ҳамма-ҳаммасини билиб туради. Юрти учун хизмат қилганларни мукофотлаб, ўзига яқин олади. Салтанати ва халқига хиёнат қилганларни жиноятига яраша жазолайди. Шу билан бирга, раҳм-шафқат эшиги ҳам доимо очиқ туради. Қароқчи, ўғриларга раҳм қилмайди. Салтанати бузилиб, вайрон бўлмаслиги учун доимо сергак ва ҳушёр бўлади. Ҳар тонг давлатининг тинчлиги-фаровонлиги ва халқининг бахтини сўраб дуо қилади.
Подшоҳ салтанатини вайрон қилмоқчи бўлган хоин, қароқчи, ўғрилар қилаётган гуноҳларининг ёмонлиги, ҳар қанча яширинча иш қилмасинлар, айблари очилиб, оқибатда бир кун одил подшоҳдан жазо олишларини англаб, жазоланаётган ҳолларини кўз олдига келтириб юрадилар. Оқибати нима билан тугашини билсалар-да, қўлга тушсам бир гап бўлар тарзида нафс сўзига кириб, исёнларини орттириб бораверади. Уларнинг жиноятини зимдан кузатиб юрган подшоҳ вақти-соати келганида уларни қўлга олиб, жаллодга топширади. Дор тагидаги осий эса бўйнидаги арқонни ва жаллоднинг қилич яланғочлаб турганини кўриб, қўрқувдан титраб, тавба қилиб кечирим сўрайди. Аммо ҳукм ўқилган, чеккан пушаймони ва қилинган тавба фойда бермайди.
Эй азиз фарзанд! Одамнинг жисми ҳам давлат кабидир. Ақл салтанат подшоҳидир. У жисм салтанатини адолатли бошқарса, олий мукофот олади. Ақл салтанати жисм давлатини гиёҳвандлик, майхўрлик, фаҳш ва гуноҳлардан қайтармаса, жисм салтанати гуноҳларга учраб, тезда қулайди. Жисм маънавий ва руҳий таназзулга юз тутади. Инсонни одамийлик, мўминлик фазлидан фосиқлик ва мунофиқлик ботқоғига ботиради. Вайрона ва хароба юртдан одамлар қочгани каби, жаҳолат ботқоғига ботган кишидан имон, юзидан нур, қалбидан раҳм-шафқат ва илм қочади. Бундай инсонлар одамийлик фазлидан бебаҳра бўлади. Шу боис ақл салтанатини кўп китоб ўқиб, тажриба ва илмий изланиш билан тўйдирмоқ зарур.
Шермурод Тоғайнинг “Қасамини бузган қиз” китобидан
Индонезиянинг NetTV телеканали: «Ўзбекистоннинг ажойиб шаҳарларини кашф этинг»
Индонезиянинг NetTV телеканали «Ўзбекистоннинг ажойиб шаҳарларини кашф этинг» кўрсатувларини намойиш этди.
Баҳорда ушбу телеканалнинг суратга олиш гуруҳи Ўзбекистонга келиб, «Мусулмон саёҳатчилар» рукнида «Ўзбекистоннинг ажойиб шаҳарларини кашф этинг» ҳамда «Самарқанд, Ўзбекистон» кўрсатувларини тасвирга олган эди.
Ушбу дастурларнинг ҳар бирини Индонезияда бир миллиондан ортиқ оилалар томоша қилган. Индонезия жамоатчилиги Марказий Осиёдаги ислом цивилизацияси марказлари ҳақидаги фильмни илиқ кутиб олди, дейилади хабарда.
Ўзбекистон бўйлаб саёҳати чоғида телекўрсатув бошловчиси Шаза Белладона ва унинг ҳамкасблари Тошкент ва Самарқандга ташриф буюрди, Чимён тоғларига чиқди. Ўзбекистон ҳаёти, турмуши, маданияти ва меъморчилиги кўрсатиб берилди.
Фильм муаллифлари сўнгги вақтларда жадал суръатларда ривожланаётган зиёрат туризмига алоҳида урғу берди.
Индонезиялик тележурналистлар саёҳатини Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил қилган эди.
Чумолидан ибрат олган саркарда
Олимлар митти камералар орқали чумолиларнинг яшаш тарзини ўрганар экан, бу митти ва заиф жонзотлар қилаётган айрим ишларини кўриб, уларга қандай ҳаракатланишни ўргатган ва билдирган ёлғиз Аллоҳ таоло эканини беихтиёр тан олишмоқда.
Қуръони каримнинг “Намл (Чумоли)” сурасида Сулаймон (алайҳиссалом) қиссаси баён этилади: «Сулаймон (хизмати) учун жин, инс ва қушлардан иборат лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!” деди. (Сулаймон) унинг сўзидан кулиб, табассум қилди ва деди: “Эй Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!”» (Намл, 17–19).
Илмий тадқиқотлардан чумолилар жуда уюшган ҳолда яшаши ва улар инсон ақли етмайдиган мураккаб алоқа тизимига эгалиги маълум бўлди. Уларнинг кичкинагина бошида миллион, ундан ҳам кўпроқ сезги аъзолари бор. Ана шу сезги аъзолари орқали бир-бири билан алоқа ўрнатади. Ўлжа топишда, бир-бирларининг ортидан боришда, уя қуришда бу аъзоларнинг аҳамияти улкан. Ҳайратланарли жиҳати – чумолининг 2–3 миллиметрлик танасида беш юз минг нерв ҳужайраси жойлашган.
Аллоҳ таоло амр этади: «Бас, эй ақл эгалари (уларнинг аҳволидан) ибрат олинг» (Ҳашр, 2). Чумолидан олинадиган ибратлардан бири сабр ва матонатдир. Аллоҳ таоло чумолиларга берган сабр ва матонат, инсондан бошқа мавжудотларда йўқ. Ривоятлардан бирида бундай ҳикоя қилинади: Машҳур саркардалардан бири курашда мағлубиятга учрайди. У ўз жонини зўрға сақлаб, бир ғорга беркинади. У ерда ётаркан, ўзининг аҳволини, лашкарларининг қанчаси ҳалок бўлиб, қанчаси ярадор бўлгани ҳақида ўйлайди. Шу чоғ кўзи ҳарсанг устига чиқмоқчи бўлаётган чумолига тушади. Уни кузата бошлайди: чумоли харсанг тошга тирмашиб чиқади, устига етай деганда тушиб кетади, яна чиқади, етай деганда яна тушиб кетади, охири, ўн еттинчи марта ҳаракат қилганда, тирмашиб чиқиб кетади. Шунда саркарда айтади: “Менинг биринчи мағлубиятданоқ кўнглим чўкиб ўтирибди. Наҳотки шу заиф чумоличалик ҳаракат қилолмасам, наҳотки шунчалик сабр-бардош билан қаттиқ туриб, қайта-қайта ҳаракат қилиб ўзимни тиклаб ололмасам”.
Чумолининг ҳаракатчанлиги, ҳеч қачон курашишдан тўхтамаслигидан гўзал хулоса чиқарган саркарда, тирмашади, курашади ва алалоқибат юртини ғанимлар исканжасидан озод этади.
Муниба МУҚИМЖОНОВА
тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.