muslim.uz
Фалокатнинг ҳам ҳикмати бордир
Ўтган замонда Аллоҳ таолонинг севимли бандаларидан бирининг боғида бир булбул яшар эди. Булбул ҳар тонгда Аллоҳнинг минг бир исмини тараннум этарди. Кунларнинг бирида шиддатли бўрон бўлиб унинг уясини ер билан яксон қилди. Ўша кундан бошлаб булбул ғамгин бўлиб қолди.
Аллоҳнинг дўсти бир куни булбулдан нега сайрамаётганини сўради.
Булбул:
– Менинг жуда ҳам чиройли уям бор эди. Унинг ичига чиройли тухумлар қўйган эдим. Бахтли ва шодон яшаётган чоғимда Раббим бир бўрон юборди. Уйим-жойим йиқилди, тухумларим нобуд бўлди. Унинг қайғусидан сайрамас бўлдим, – деди. Қушчанинг дардини эшитган валийуллоҳ кулбасига қайтиб бу ҳикоятнинг ҳақиқатини билиш учун муроқабага ўтирди. Важдда ўтираркан, Раббил оламийн унинг кўнглига шуларни илҳом этди.
– Булбулга айтгинки, агар бўрон юбориб уясини йиқитмасак эди, япроқлар орасидан унга яқинлашиб қолган катта илон уни ютиб юборар эди.
Аллоҳнинг дўсти булбулга бу гапни сўзлаб берганидан сўнг булбул йиғлади ва истиғфор айтди. Яна Раббимизнинг минг бир исмини тараннум эта бошлади.
Жалолиддин Румий ҳазратлари айтадики:
“Туя эгаси туясининг ярасини микроб тушмасин дея доғлар экан, туянинг жони оғрийди. Туя нега азоб тортаётганини билмайди, туянинг эгаси эса бу ишни нима учун қилаётганини туяга айтмайди. Чунки суйлагани билан туя уни англай олмайди”.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ном қўйган саҳобалар
Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа — Абу Бакр Сиддиқ (Ўта тасдиқловчи) розияллоҳу анҳу.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу — Форуқ (Ҳақ билан ботил орасини ажратувчи).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу — Зуннурайн (Икки нур соҳиби).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу — Имом (Йўлбошчи, етакчи).
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу — Амийнул умма (Умматнинг ишончли кишиси).
Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу — Абул Масокийн (Мискинларнинг отаси).
Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу — Асадуллоҳ (Аллоҳнинг арслони).
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу — Ҳавориюр Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси).
Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу — Сафийрул Ислам (Ислом элчиси).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу — Таржуманул Қуръан (Қуръон таржимони).
Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу — Муаззинур Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззини).
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу — Соҳибу сиррир Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларининг соҳиби).
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу — Доҳиятул Ислам (Ислом доҳийси, сиёсатчиси).
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу — Катибу ваҳйир Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котиблари).
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу — Ҳиббу Росулиллаҳ (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дилдан яхши кўрган кишиси).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу — Таржуманул Қуръан (Қуръон таржимони).
Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу — Шаирур Росул (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари).
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
ЎМИ матбуот хизмати
Мирзиёев ва Назарбоев Самарқандда учрашув ўтказишди
Наврўз минтақамиз халқларининг қадимий ва умумий байрамидир. Унинг моҳиятида дўстлик, аҳиллик, бағрикенглик, яхши қўшничилик каби олижаноб фазилатлар ўз ифодасини топган. Халқимиз азалдан бу байрамни дўсту яқинлари, қон-қардошлари билан бирга нишонлаган.
Ўтган йили Наврўз кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи билан борган эди.
Бу ҳақда давлат раҳбари хабар бермоқда.
Бу йил Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклаш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмонни Президент Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида икки давлат раҳбарларининг учрашуви бўлди.
Қардош ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан ёнма-ён яшаган, яхши кунларда ҳам, қийинчилик дамларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Бундай дўстлик ва аҳиллик бугунги кунда халқларимиз ўртасидаги алоқаларга мустаҳкам асос бўлмоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Мамлакатларимиз вазирлик ва идоралари, ҳудудлари ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Транспорт йўлаклари очилиб, темир йўл ва автобус қатновлари йўлга қўйилди.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгайди. Санъат ва маданият намояндалари, шоир ва ёзувчилар икки мамлакатдага кўргазма ва фестиваллар, маданий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этмоқда. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтказилаётгани халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Президентлар минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги самимий муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, чегаралардаги енгилликлар икки мамлакат халқларининг ўзаро борди-келдиси учун кенг йўл ва имкониятлар очгани, бунда энг катта мақсад бўлган халқларимиз розилигига эришилганини таъкидладилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юқори баҳоланди, уни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Қуръон тиловат қилинди.
Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Сирдарёда 73 та масжид бор эди, уларнинг сафи бугун яна биттага ортди
Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги «Интилиш» маҳалласида барпо этилган янги «Аҳмад ибн Малик» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
ЎзА хабарига кўра, вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари И.Иномов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида мусулмонларнинг ҳаж, умра зиёратига эмин-эркин боришлари, беш вақт номоз ўқиб, тоат-ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади.
– Ушбу намозгоҳ вилоятимизда 74-масжид сифатида расмий рўйхатдан ўтказилди, – дейди вилоят бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов. – Ҳашар йўли билан барпо этилган ушбу масжид марҳум уста Аҳмад Маликовнинг фарзандлари ва маҳалла фуқароларининг маблағи ҳисобига барпо этилди.
Аввал ушбу маҳалла мусилмонлари жуман номозини ўқишлари учун 6-7 чақирим йўл босиб туман марказига боришарди. Мана энди бемалол 800-850 киши бир вақтнинг ўзида тоат-ибодат қилиш учун барча шароитлар яратилган бу ажойиб масжидда бемалол намоз ўқишлари мумкин. Буларнинг барчаси мустақиллик, мамлакатимизда барча дин вакиллари учун эмин-эркинлик берилгани, ҳукуматимизнинг олиб бораётган оқилона ва адолатли сиёсати туфайлидир.
Миллий анъаналаримизга кўра масжид очилиши шукронасига жонлиқ сўйилиб, муҳтож оилаларга тарқатилди. Янги масжиднинг имом-хатиби Улуғбек домла Қобиловга Адлия бошқармасининг гувоҳномаси тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтказилган Наврўз шодиёналарида ҳам иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган байрам тадбирларида вилоят жамоатчилиги, нуронийлар, ишлаб чиқариш фаоллари, ёшлар билан суҳбатлашиб, барчани байрам билан яна бир бор табриклади. Самимий суҳбат чоғида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.