muslim.uz
Қизларга айтарларим
Қиз боланинг кийими ўзига ярашиб турсин. Нари борса, бармоғида битта нозик бандли узук ва қулоғида кичик сирға бўлса, етарли. Узук, билагузук, бўйинга тақадиган турли мунчоқлар келинчаклар зийнати. Уларни уйда, қариндош-уруғлар тўйида тақиб олса ярашади. Аммо жамоат жойига, ўқув юртларига ўта узун осилмачоқ сирғалар тақиб келиш, ўта ялтир-юлтир буюмларни соч ва кўйлакка қадаб юриш одобдан эмас.
* * *
Фаросатли қизлар кир ювса ёки бирор оғирроқ ишга уннаса, ишини тугатиб, тезда ювинади ва кийимларини алмаштириб, ўзига қараб олади. Овқат пиширганида, албатта, бошига рўмол ўрайди. Соч тўкилишидан ёки ёғ иси сочга ўрнашиб қолишидан ўзини сақлайди. Қизларнинг уй кийимлари осон ювиладиган, ғижим бўлмайдиган, энг асосийси, қимматбаҳо бўлмаса ҳам, чиройини очиб, иш қилишига ҳалақит бермайдиган бўлиши керак.
* * *
Онамларимиз тут пишиб болга тўлганида тўйиб-тўйиб еб олишарди-да, қолганини эзиб, юзларига суришарди. Вақти-вақти билан бодринг, помидор, олмани ҳам эзғилаб, юзга суришарди. Юзга қатиқ ёки сузма суриш ҳам момолардан қолган яхши одат. Шундай қилинса, рангга ранг, танага тетиклик киради. Онам қиз ва келинларга ўсма, хина қўйиб, ороланишни тез-тез уқтирардилар. Ўсма таркибидаги танин моддаси қош ва киприкларга қувват бўлади. Сочи қазғоқли қизлар вақти-вақти билан ўсмани эзиб, соч илдизларига суртиб турса, сочи бақувват тортиб, қазғоқдан асар ҳам қолмайди.
* * *
Айрим аёллар ёш кўринамиз деб сочларини кесади, рангларга бўяйди, киприклар улаб, қошларига мўйчинак теккизади, лекин барибир йиллар асоратини беркитолмайди. Айримлар эса, Яратганнинг берганига шукр қилади, қош-кўз борасида “яратувчанлик” қилмайди. Кийинишда, безанишда оддийликни танлайди. Ўсма, хина билан ороланади. Балки шунинг учун ёш ва тетик кўринар...
Умида АБДУАЗИМОВА
Кимлар одам савдоси қурбонига айланмоқда?
Яхши пул топиш ниятида ўзга юртларга бориб, одамфурушларнинг қўлига тушиб қолганларнинг аянчли қисматлари ҳақида кўп эшитамиз. Бироқ бундай ҳолат мен билан юз бермайди, деган хаёлга бориб, ўз ҳақ-ҳуқуқини англамаган фуқаролар ҳамон одам савдоси жабридан азият чекмоқда. Ушбу иллатдан, айниқса, ёшларни огоҳ этиш, одам савдосидек глобал муаммодан асраш, уларга меҳнат ҳуқуқини, хорижга бориб ишлаш қоидаларини тушунтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида "Одам савдосига қарши курашиш барчанинг вазифаси" мавзуидаги тарғибот тадбирида шулар ҳақида сўз юритилди.
"Ёшлар ўртасида мафкуравий иммунитетни шакллантириш ойлиги" доирасида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниб, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Бу жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни, Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Тадбирда мазкур иллатга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг барча давлат, нодавлат ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Юртимиздаги ўқув муассасаларида ушбу мавзуга доир ўтказилаётган давра суҳбатлари, семинарлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, одам савдоси ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Тадбирда талабаларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.
Гўзал САТТОРОВА,
ЎзА
Икки муҳим масала
“Эй Одам болалари! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларинг (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олинглар! Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, У исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф, 31).
Бу ояти кариманинг тушиш сабабини муфассирлар бундай тушунтирган:
Жоҳилият даврида ҳаж қилувчилар Минодан қайтгач, Каъбаи муаззамани кийимларини ечиб ташлаб тавоф қилишарди.
Аллоҳ таоло ҳазрат Муҳаммадни соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборгунига қадар одамлар ана шундай жаҳолат ботқоғида эди. Аллоҳ таоло “Эй Одам болалари! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларинг (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олинг-лар!” мазмунли оятни туширди. Бу оят тушгач, Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам жарчиси: “Каъбани яланғоч тавоф қилманглар”, деб ҳаммага эълон қилди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ояти карима авратни ёпиш вожиблигига далолат қилади. Инсон намозда ҳам, бошқа ҳолатда ҳам авратини бошқалардан беркитиши керак.
Каъбий айтади: “Жоҳилият аҳли ҳаж қилганларида ёғ, қуйруқ емасди. Шу билан ҳажни улуғлашарди”. Мусулмонлар: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), бундай одатга биз ҳақли эмасмизми?” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло оятнинг “...еб-ичинглар, (лекин) исроф қилманглар!” мазмунли қисмини туширди. Ибн Аббос бундай дейди: “Оятда исроф ва шубҳадан холи еб-ичиш ҳалол экани баён қилинган”.
Очлик ва чанқоқликни кетказадиган миқдорда еб-ичиш мустаҳабдир. Ана шу миқдордагиси киши жисмининг ва ҳиссиёт аъзоларининг саломатлигига етади. Шунинг учун шариат ифтор ва саҳарликсиз – узлуксиз рўзадан қайтарган. Овқат емай, узлуксиз рўза тутиш баданни ҳолдан тойдиради ва ўлимга сабаб бўлади. Кишини ибодатга қуввати етмайдиган даражада заифлаштиради. Нафсининг зарурий эҳтиёжларини қондирмаган киши яхшилик ва зуҳддан насибасиздир.
Эҳтиёждан ортиқ миқдорда еб-ичишни баъзилар ҳаром, баъзилар макруҳ дейишган. Зеро, кўп еган киши ошқозони тўла овқатни хазм қилишга қийналади. Бу нарса турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласи гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Нақл қилишларича, Ҳорун ар-Рашиднинг жуда моҳир насроний табиби бор экан. У бир куни олим Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Сизнинг китобингиз (Қуръон)да тиб илмига оид ҳеч нарса йўқ. Илм ўзи икки хил бўлади: дин илми ва бадан илми (тиб илми)”, дебди. Али ибн Ҳусайн унга бундай жавоб берган экан: “Аллоҳ таоло тиб илмининг барчасини ушбу яримта оятга жойлаб қўйган: “... еб-ичинглар, (лекин) исроф қилманглар!”
Шунда насроний табиб: “Пайғамбарингиздан тибга оид бирон нарса нақл қилинмаган”, дебди.
Али ибн Ҳусайн бундай жавоб берибди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиб илмини бир неча сўзга жам қилганлар”.
“Улар қайсилар?” деб сўрабди табиб.
“Ошқозон – касалликлар макони. Парҳез – барча давонинг боши. Ҳар бир баданга ўрганган нарсасини бер!”
Шунда насроний табиб ҳайрат билан иқрор бўлган экан: “Китобингиз ва пайғамбарингиз Жолинусга тиббиётда ҳеч нарса қолдирмабди!”
Қуртубий айтади: “Касалликнинг давоси икки қисмдан иборат: ярми дори-дармон, ярми эса парҳез. Иккиси бир бўлдими, касал соғайиб оёққа турди, деявер”.
Бу иккиси қиёсланса, парҳез яхшироқдир. Парҳезсиз дориларнинг фойдаси йўқ, аммо дори бўлмаса ҳам, парҳез фойда қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Парҳез – барча давонинг бошидир”, деганлар.
Оятнинг “...исроф қилманглар!” қисми кўп ейишдан ёки тўйгандан кейин ейишдан қайтаради. Кўп еган кўп ичимлик ичади, бу билан ошқозон оғирлашади. Натижада тоат, хайрли ишлар қилишга, меҳнатга ҳоли келмай қолади. Бу ҳолда ейишда ҳам, ичишда ҳам исрофга йўл қўйилган бўлади. Баъзи тафсир уламолари бу буйруқни “Ман қилинган нарсаларни еманг!” тарзида ҳам тафсир қилишган.
“У исроф қилувчиларни севмайди”. Яъни, Аллоҳ таоло ҳалол ва ҳаром борасида ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди. Зеро, юқорида айтилганидек, еб-ичиш каби ҳалол ишларга ҳам муккасидан кетиш меъёрнинг бузилишига ва чегарадан чиқишга олиб келади. Чегарадан ошиш эса исроф бўлиб, Аллоҳ яхши кўрмайдиган сифатлардан экани ўрганаётганимиз оятда баён қилинмоқда.
Демак, ўртачалик ва меъёрни сақлаш овқатланишда ҳам фойдали экан. Чунки Аллоҳнинг розилиги ҳам, саломатлик сири ҳам ана шу олтин ўртани сақлай билишдадир.
Қуртубий, Табарий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади
Фириб қилган барака топмас
Донишмандлар: “Яхши эслаб қолгандан кўра, ёмон бўлса ҳам, ёзиб қўйган яхши”, деб бежиз айтмаган. Аждодларимиз қон-қонига сингиб кетган мустаҳкам имон ва қадриятлар таъсирида савдо одобларига қатъиян риоя қилган. Биз ҳам Ислом одобларига амал қилсак, муносабатларимизда бирдамлик, қалбимизда ҳаловат бўлади. Масалан, уста ва иш берувчи ўртасидаги муомала холис, одил бир гувоҳ ҳузурида тасдиқланиши керак. Ундан бир нусха томонларга берилиб, уларда иш кўлами ҳар уч кун ё ҳафтада кўрилиб, ҳисоб-китоблар иккала нусхага ҳам қайд қилиб борилади. Иш бажарилиб, ҳақ тўланиб бўлингач, томонлар рози бўлса, гувоҳ иштирокида ушбу ёзма ахборотнинг асл нусхасига имзо қўйилади. Шунда ёлланувчи қилган ишига, иш берувчи эса зарур ашёлар, берилган шарт-шароит ва иш ҳақига жавобгар бўлади. Томонлардан бири ғирромлик қилса, шартнома бузилади. Ажрим қилиш учун ёзма нусха ва гувоҳ бор. Бу тартибга амал қилмаган айрим ёлланган ишчилар хизматига ҳақ ололмай юради, гапини исботлашга ҳужжати йўқ. Нима бўлганида ҳам, фириб қилган тарафдан барака кетади. Қачон ҳақ эгасини топиб, рози қилмагунича, ҳузур-ҳаловатдан узоқда бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло: “Мен қиёматда уч тоифанинг хусуматчиси бўламан: мен билан аҳдлашиб, кейин алдаган одамнинг; ҳур одамни сотиб, пулини еган шахснинг; ишчи ишлатиб, ҳақини бермаган кишининг”, деб огоҳлантирдилар».
Бундан ташқари, ҳар ким Аллоҳ таолодан қилаётган иши дунё ва охирати учун фойда келтиришини, бировнинг ҳақини ейишдан узоқ бўлишни, ўзининг ҳақини ҳам биров емаслигини сўраб, дуо қилиб туриши керак.
Ишни берувчи ходимларни саралашда эътибор қилиши, иш шароити, сифатини назоратга олиб, олди-берди ишларида муаммолар гирдобига тушмасликка ҳаракат қилиши керак. Иш жараёни билан мунтазам танишиб туриш боис томонларнинг ҳисоб-китоб ишларида ноқулайлик юзага келмайди.
2010 йилда “Toyota” ширкати ўзи ишлаб чиқарган етти миллион дона машинани чақириб олди”, деган хабар тарқалди. Аслида бу чақириқ билмасдан ўтиб кетган хато сабаб бўлди. Ушбу нуқсон қайси машинада кузатилса, унинг эгаси ширкат ҳисобидан машинасини таъмирлатиб олиши керак эди. Бу ҳалол ва айбини тан олган савдо ходимининг одобидир. Кимдир “Toyota”нинг обрўйи тушди, деб ўйлаган бўлса, янглишади. Чунки бу билан уларнинг тўғрилиги ва ишига талабчанлиги намоён бўлди.
Шу каби тўғри бўлиб, ваъдасида турганларга ҳамкорлар ишончи мустаҳкамланади. Ҳадиси шарифда: “Ваъда – қарздир” дейилган. Кишига ваъда беришдан олдин яхшилаб ўйлаб, сўнг бир тўхтамга келиш зарур.
Сут маҳсулотлари ва шарбатлар ишлаб чиқарадиган фирма ходими Нодиржон бундай ҳикоя қилади: “Фирмамизда маҳсулотлар тоза ишланади, ғирромлик ва алдаш йўқ. Қайси ходимнинг қинғирлиги сезилиб қолса, ишдан бўшатилади. Қишлоқ ва маҳаллалардан сут йиғишга махсус ходим ва хизмат машиналари тайинланган. Ҳар бир жойдан олинган сутнинг идишига белги қўйилади. У махсус таҳлилга берилади ва натижа чиққунича қолгани совитгичларда сақланади. Агар сут яроқли бўлса, ишланади, яроқсиз сут махсус жойга тўкилади, у олинган жой одамларидан бошқа сут олинмайди. Сув ва шарбатлар ҳам шундай ишлаб чиқарилади. Бундан кейин маҳсулотлар яна бирданига сотувга чиқарилмай, бўлакларга ажратилиб, маълум вақтгача сақланади. Назорат вақти ўтгач, яна ҳар биридан олиниб, таҳлилга берилади. Натижа ижобий бўлсагина, маҳсулот сотув жойларига тарқатилади. Иш шу билан тугамай, савдо шохобчалари ҳам назорат қилиб турилади. Улар маҳсулотни тоза ва сифатли сақлашда хатога йўл қўйса ёки нархини инсофсизларча оширса, кейинги сафар ўша дўконга лафзсизлиги учун маҳсулот берилмайди. Агар у катта ташкилот бўлса ҳам, иқтисодий алоқани тўхтатишади”.
Бу ўринда лафзга, аҳдга эътибор билан ҳалоллик ва тўғриликка интилиш намоён бўлмоқда. Агар тиббий таҳлили яхши чиқмаган маҳсулот тарк қилинмаганида ёки инсофсизлиги учун ҳамкорлардан воз кечилмаганида фирма қанча фойда кўриши мумкин эди. Бироқ савдо одобларига риоя қилди, савоб олди. Демак, Аллоҳ таоло баракасини берса, ози ҳам кўпининг ўрнини босади ва мол кўпайиб бораверади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Одам ва олма дарахти
Бир болакай ҳар куни катта олма дарахти ёнида ўйнашни жуда яхши кўраркан. Шохларига чиқиб олма ер, туш маҳали соясида мизғир экан. Хуллас, болакай олма, олма эса болакай билан ўйнашни жуда яхши кўриб қолибди. Кунлар ўтибди. Болакай анча улғайибди. Энди олма дарахти олдига ҳар куни келмайдиган бўлибди.
Бир куни бола жуда хафа ҳолда келибди.
– Кел, бирга ўйнаймиз, – дебди дарахт.
– Йўқ, мен энди дарахт атрофида ўйнаб юрадиган болакай эмасман, – деб жавоб берибди, – турли ўйинчоқларим бўлишини истайман, сотиб олиш учун менда пул йўқ...
– Афсус, пул менда ҳам йўқ, лекин меваларимни териб, сотиб, ўйинчоқлар олишинг мумкин, – дебди қайғуриб дарахт.
Бола ҳаяжонланиб кетибди. У мевалардан узиб олиб, хурсанд ҳолда ортига қайтибди ва шу кетганча яна узоқ вақт дарахт ёнига келмабди. Дарахт эса уни соғинибди, йўлига интизор бўлибди…
Бир куни ҳалиги бола (энди у катта киши эди) яна олма дарахти ёнига келибди. Олма жуда хурсанд бўлиб, ҳаяжонланиб кетибди.
– Кел, ёнимга ўтир, – дебди дарахт.
– Афсус, вақтим йўқ. Оилалиман, уларни боқишим, бошпана қилишим керак. Менга ёрдам бера оласанми?
– Узр, пулим йўқ-да, аммо шохларимни кесиб, ундан уй қурсанг бўлади, – дебди дарахт.
Киши олма дарахтининг барча шохларини кесиб олиб, хурсанд бўлганича ортига қайтибди. Дарахт уни бахтиёр кўрганидан жуда шодланибди. Аммо... анчагача ёлғиз қолибди.
Иссиқ ёз кунларининг бирида киши дарахт ёнига келиб, унга суянибди.
Олма дарахти зиёратига келган эски қадрдонини кўриб, ўзида йўқ хурсанд бўлибди ва:
– Кел, суҳбатлашамиз! – дебди.
– Қарияпман. Ҳолим йўқ. Чарчаганман. Қани энди бир қайиғим бўлса-ю, унда сузиб ҳаёт ташвишларидан йироқлашсам... – дебди киши.
Дарахт бир оз жим қолиб, сўнг дебди:
– Кел, танамдан қайиқ ясагин-да, узоқ ерларга сузиб бор, ташвишларни унут, дам ол, ёнимга шодон қайтиб кел...
Киши унинг бақувват танасини арралаб, ундан қайиқ ясабди ва орзуига етибди.
Дарахт кўз ёшлари билан унга табассум қилибди...
Қиссадан ҳисса: Олма дарахти ота-она тимсоли. Улар ҳам боласи учун ҳар қандай қурбонлик қилишга тайёр. Боланинг дарахтга бепарволиги, шафқатсизлиги бизни ачинтирди. Лекин ўзимизни кузатсак, биз ҳам кўп ҳолда ота-онамизга шундай муносабат кўрсатамиз. Уларнинг меҳр-муҳаббатига яраша жавоб қайтаролмаймиз ёки яхшиликларини вақтида қадрламаймиз.
Аллоҳ таоло хатоларимизни кечириб, тўғри йўлга бошласин. Ота-оналаримизни рози қилиш бахтини насиб этсин.
Дилафрўз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.