muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси Ўзбекистон ислом санъатига бағишланган «Bukhari: Islamic Art Exhibition» онлайн-кўргазмаси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Малайзия ислом цивилизацияси институти, «Dacore IT» ижодий компанияси ва Лестер университети (Буюк Британия) билан ўзаро ҳамкорликда вебинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Элчихона маълумотига кўра, мазкур тадбирда Ўзбекистон, Малайзия, Австралия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Таиланд, Туркия илмий марказларининг экспертлари ҳамда Малайзия миллий университети, Малайзия технология университети, Малайа университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Ушбу тадбирни ҳамкор ташкилотларнинг «Facebook»даги саҳифалари орқали 800 мингга яқин киши тўғридан-тўғри кузатиб борди.
Кўргазмада ўзбек рассомлари, ҳунармандлари ва санъаткорларининг Имом Бухорий ҳадисларига оид яратган бадиий асарлари намойиш этилди. Улар орасида машҳур миниатюрачи Давлат Тошев, тажрибали рассом Камолиддин Абдуллаев, ёш истеъдодли рассом-ҳаттот Шейха Абдуллаева, графист Ёқуб Бекназаров ва фотограф Муҳиддин Али ҳам бор.

«Сўғдиёна» ўзбек миллий халқ чолғулари камер оркестри томонидан веб-кўргазма учун махсус басталанган мусиқий композиция ҳам вебинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Вебинар давомида иштирокчилар Ўзбекистоннинг бой маданий ва интеллектуал мероси, жаҳон цивилизацияси тарихида Шарқ Ренессанси икки даврининг буюк аҳамияти билан атрофлича танишди.

Малайзия ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза Шам ўз нутқида Ўзбекистон ҳукуматининг ислом цивилизациясининг бой меросини ҳар томонлама ўрганиш, асраш, бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва ислом динининг инсонпарварлик ва тинчликни тарғиб этиш бўйича моҳиятини оммалаштириш масалаларига ҳар томонлама ва тизимли ёндашаётганига юксак баҳо берди.

Фариза Шам ўрта аср Шарқ олимлари ва мутафаккирларининг илоҳиёт, илм-фан, маданият, санъат, ҳаттотлик ва меъморчилик ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини қайд этди. Хусусан, Имом Бухорий ва унинг «Ал-жоми ас-Саҳиҳ» ҳадислар тўпламининг бутун мусулмон оламидаги улкан аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Малайзия ислом цивилизацияси институти доценти Розия Сиддиқ, Ўзбекистоннинг машҳур ва ёш ҳунармандлари, «Сўғдиёна» ўзбек миллий халқ чолғулари камер оркестри асарларини тақдим этиш, ўзбек миниатюра санъати, ҳаттотлик, декоратив ва амалий санъат, фотография ва чолғу мусиқаси воситасида Имом Бухорий меросини тарғиб қилиш бўйича кўргазма ташкилотчиларининг ноёб ёндашувини алоҳида таъкидлади.
Малайа университети профессори Моҳд Рослан Моҳд Нура Бухорий тўплаган ҳадислар ислом ҳуқуқининг Қуръондан кейинги иккинчи энг муҳим манбаи ҳисоблангани учун Имом Бухорий меросини ўрганиш бўйича Малайзиянинг ихтисослашган университетларида алоҳида курслар жорий этиш кераклигини таъкидлади.

Тадбир якуни бўйича қўшма тадқиқот лойиҳаларини ишга тушириш ва илмий тадқиқот натижаларини оммалаштириш, илмий адабиётлар алмашиш, илмий ходимлар малака оширишларини ташкил этиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш базасидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Ислом цивилизацияси институти ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Амир Темур даврида Самарқандда фақат иккита мадраса қурилган эди. Иккови ҳам мўъжазгина ва сулолавий даҳмалар бўлиб, булар Амир Темур мажмуасидаги Муҳаммад Султон ҳамда Сароймулк хоним мадрасаларидир. Мирзо Улуғбек даврига келиб, мадрасалар кўпайди, деб хабар бермоқда “Зарафшон” нашри.

Улуғбек мадрасаси меъморчилик асари сифатида Шарқ обидаларининг мумтоз намунасидир. ХV асрда Регистонда қурилган барча иншоотлардан фақатгина Мирзо Улуғбек мадрасаси, бир мунча хароба ҳолида бўлса ҳам, бизгача етиб келган. Мадраса икки қаватли бўлиб, 55 та ҳужра ва тўрт бурчагида катта дарсхоналар ва айвонлардан иборат.

Махсус таълим олиш учун белгиланган ҳужраларда 2-3 толиби илм ўқиган ва яшаган. Ҳар бир хона ўқиш, яшаш ва алоҳида қисмида керакли нарсаларни сақлаш вазифасини бажарган. Дарсхоналарда алоҳида гуруҳлар учун фан машғулотлари ўтказилган. Айвонлар ёзги дарсхона вазифасини бажарган. Ғарб тарафдаги икки дарсхона ўртасида масжид жойлашган. Унинг дарсхонаси ҳамда ҳовли билан боғловчи иккита эшиги бўлган.

Мадраса баланд пештоқлидир. Унинг ён томон деворлари йирик ҳандасавий нақшлар билан безатилган. Умуман олганда, мадраса нақшларга бой, ажойиб ўзига хос кўринишга эга. Оддий ғишт билан безакли ғиштларнинг бирга қўшиб ишлатилиши, кошинбуриш ва мармар ўймакорлиги намуналари яхлит бадиийликни ташкил қилади.

Нақшлардаги ранг-баранг, юлдузсимон тасвирлар ва сулс хатида битилган муқаддас Қуръондан келтирилган оятларнинг ўзи ҳам Мирзо Улуғбекнинг буюк донишманд олим эканлигига ишорадир. Мадрасанинг тўрт бурчагидаги баланд миноралар бинони яна ҳам кўркам ва салобатли қилиб кўрсатиб турибди.
Улуғбек қурдирган ушбу мадраса ўз даврининг илғор, барча шароитларга эга мукаммал олий ўқув юрти бўлиб, Шарқдаги биринчи дорилфунун ва кенг имкониятларга эга илмий муассаса сифатида катта шуҳрат қозонди. Шу билан бирга бутун дунёда Улуғбек академияси сифатида машҳур бўлди.

Улуғбек мадрасаси ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида қуйидаги маълумотларни ёзиб қолдирган: “Улуғбек Мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдур. Хонақоҳнинг гумбази бисёр улуғ гумбаздур, оламда онча улуғ гумбаз йўқ деб нишон берурлар. Яна ушбу мадраса ва хонакоҳга ёвуқ бир яхши ҳаммом солибтур, Мирзо ҳаммомиға машҳурдур, ҳар навъ тошлардин фаршлар қилибдур. Хуросон ва Самаркандда онча ҳаммом маълум эмаским, бўлгай”, деб ёзади.

Мирзо Улуғбекнинг Самарқандда барпо этган мадрасаси ва унда ўша даврдаги илмга бўлган муносабат мавжуд манбаларда қанчалик улуғланса, вақт ўтиши билан мадрасанинг фаолияти чекланиб қолганлиги кейинги тарихчиларнинг асарларида қайд этилади.

В.Л.Вьяткиннинг шахсий коллекциясида рўйхатга олинган Саййид Раҳим исмли тарихчи қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Иморатнинг баландлиги осмон қадар, унинг оғирлигидан замин титрайди. Иморатнинг тўртта гумбази бинонинг тўрт томонида қад кўтарган ва кумуш билан қопланган. Ушбу баланд мадраса 2 қаватдан иборат. Ҳар бир қаватда икки талабага мўлжалланган ҳужралар мавжуд. Ҳозир (1701-1702 й.й.)да мадрасада аҳли илмлардан бир зот йўқ, фақатгина тўртта баланд гумбаз титраган кўзлари билан маъюс боқади”, деб, афсус билан мадраса фаолиятини тўхтаб қолганлигини айтади.

Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ХV-ХVII асрларда гавжум илм даргоҳи бўлган. ХVIII аср бошларидан сўнгги аштархонийлар даврига келиб, таназзулга юз тутган ва мадраса сифатидаги фаолиятини бир муддатга тўхтатган.

Манбалардан маълум бўлишича, Бухоро амири Ҳайдар даврига келиб илм-фан соҳасига бўлган эътибор яна жонланган. Улуғбек мадрасасининг ҳам фаолияти тикланган.

Аслиддин Сафаров,
Регистон ансамбли гид экскурсоводи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти, Зарбдор туманидаги “Қусам ибн Аббос” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Умаралиевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Бахтиёр домла Умаралиевнинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бошқирдистон Республикаси Бураево қишлоғида қурилиши 107 йил олдин – 1914 йилда бошланган масжид очилди, деб хабар бермоқда mynamaz.ru.

Маҳаллий татар савдогари Шарафутдин Хамитов 1914 йилда "Тарихий масжиди"ни қуришга киришди. Фақат том ва минораларни тугатиш қолди, лекин қулоқлаштириш ва тазйиқ остига тушмаслик учун савдогар ва унинг оиласи ўз она юртларини тарк этиб, Хитойга йўл олди. Бураевонинг еттинчи жоме масжиди ўшанда очилмай қолди. Инқилобдан кейин масжид биноси дон омбори, кутубхона, клуб ва кинотеатр сифатида ишлатилган. 2000 йиллар бошида бинони бузиб, унинг ўрнида кўнгилочар савдо марказини қурмоқчи бўлишган, бироқ маҳаллий аҳоли масжид биносини ҳимоя қила олган. Унга тарих ва маданият ёдгорлиги мақоми берилди ва 2003 йилда масжид барпо этишга киришилди.

"Масжид қурилиши 1914 йилда бошланган, аммо тўхтатилган. Бино социализм даврида ҳам халққа хизмат қилган. Турли вақтларда клуб, кутубхона ва кинотеатр сифатида ишлатиб келинди. Қодир Аллоҳ бу жойни қайтариб, масжид қила оламизми ёки йўқми дея бизнинг халқимизни синовдан ўтказди", - дейди Бошқирдистон Республикаси Бураев тумани имом-муҳтасиби Рифат Зарипов масжиднинг очилиш маросимида.

Бошқирдистон муфтийси Айнур Биргалин эса 1906 йилда Бураевода олтита масжид ва тўртта мадраса бўлганини эслатди.

Масжиднинг очилиш маросимида Россия Федерацияси Мусулмонлари диний идораси раисининг муовини Рушан Аббясов, Саратов вилояти муфтийси Муқаддас Бибарсов, Пенза вилояти муфтийси Ислям Дашкин, Ульяновск вилояти муфтийси Муҳаммад Байбиков, Бошқирдистон муфтийси Айнур Биргалин ва унинг биринчи ўринбосари Аюп Бибарсов, Бош Казй, Татаристон Республикаси бош қозиси Жалил Фазлиев, Бошқирдистон Республикаси раҳбари маслаҳатчиси Руслан Карамишев, Бураев туман маъмурияти раҳбар ўринбосари Марат Ахунов ва бошқа фахрий меҳмонлар иштирок этишди.

Бу ерда тарихий масжид биносининг ўзини қайта тиклаш билан бир қаторда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, жамоат жойи учун зарур бўлган барча турдаги ишлар амалга оширилди. Масжид қошида мактаб ҳам очилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Фарзанд ҳаётимиздаги энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди".

Демак, орамизда ёш болаларнинг борлиги бу барчамиз учун Аллоҳнинг раҳмати экан. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

Умму Холид ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргани ҳақида сўзлаб беради. У Ҳабашистондан отаси билан бирга келган ва эгнига сариқ рангли кўйлак кийганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: "Сана, сана (Ҳабашистон лаҳжасида "яхши" деган маънони англатади)" дедилар сўнгра қизалоқ билан кулишиб, ҳабаш лаҳжасида гаплашдилар. Чунки қизалоқ Ҳабашистонда туғилгани учун фақат шу лаҳжада гаплаша оларди.

Қизалоқ жажжи қўлларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўйлакларининг орқасига киритиб, чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган пайғамбарлик муҳрини ўйнай бошлади. Буни кўрган қизалоқнинг отаси қаттиқ танбеҳ берди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уни тинч қўй!" дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб унинг ҳаққига: "Кўйлакингни кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин. Кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин" деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли ўша қизнинг умри узун бўлди. Эскиргунича чиройли кийимларни киярди, кейин янада чиройлисини сотиб оларди.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болага қандай муносабатда бўляптилар. Жажжи қизалоққа қанчалик меҳрибонлик кўрсатдилар. Болаларнинг қизиқувчанлиги, ўйинқароқлигини яхши билганлар ва шунга муносиб жавоб қайтарганлар. Биз ҳам бундан ўзимизга ўрнак олишимиз керак. Зеро, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга нисбатан муомаларига оид суннатлари, хулқларидан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни алоҳида ҳурмат қилардилар

Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшлик Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: "Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?" деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканлигини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан мулоқотдаги услублари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар. Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз. Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди».

Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилган болаларга муносабатлари

Ҳеч шак-шуҳбасиз, ҳар қандай ёш бола хато қилади. Баъзан нотўғри иш қилади. Ахир у бола-ку. Аммо кўпчилигимиз болаларнинг хатосини қабул қила олмаймиз. Фарзандимиз ёки бошқаларнинг фарзандининг хатоларидан қаттиқ ғазабланамиз. Баъзилар ҳатто фарзандини калтаклайди, уради. Аммо, унутмангки! Аллоҳ тоало ёш болаларни ҳисоб-китоб қилмайди.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтига тош отаётган болаларнинг олдидан ўтиб қолдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Болаларим, дарахтга тош отманг! Чунки бу билан дарахтга ҳам, одамларга ҳам зиён етказасиз. Лекин ерга тушган хурмоларни териб, енг. Аллоҳ сизнинг қорнингизни тўйдирсин", дедилар.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни ўргатдилар, ёмонликдан қайтардилар ва уларнинг ҳақига дуо қилдилар.

 

Аллоҳ таоло сизни яхши кўради

Фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини, суннатларини ўргатсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қоладилар. Бу барчамизнинг вазифамиздир. Бунинг учун аввало ҳар биримиз амалда ўрнак бўлишимиз талаб этилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Top