muslim.uz

muslim.uz

Россия мусулмонлари кенгаши раҳбари, Москва муфтийси Альбир Крганов «Дунё» АА мухбирига берган интервьюда Ўзбекистонда тарихий ва маънавий-маърифий меросни асраб-авайлаш, аҳолининг диний амалларни эмин-эркин бажариши учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек халқининг миллий ва диний-маърифий қадриятлари, шу жумладан, ислом динининг инсонпарварлик ғояларини ёш авлодга етказиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор қилди.

– Россия ва Ўзбекистон алоқаларининг мустаҳкамлиги, мамлакатларимиз диний-маърифий ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва муносабатларнинг юқори даражада экани, бизга берган барча неъматлари учун Аллоҳ таолога шукроналик билдираман, - деди А.Крганов. - Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Россия мусулмонлари маънавий ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик бўйича битим имзоланган. Ушбу ҳужжат доирасида мана бир неча йилдирки Рамазон ойида ўзбекистонлик қорилар Россия масжидларида Қуръонни хатм қилмоқдалар.

Биз ислом мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш учун Ўзбекистон билан ўзаро алмашинувларни фаоллаштираяпмиз. Россияликлар Ўзбекистон ўқув юртлари, жумладан, Ислом академияси ва бошқа исломий олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Ўзбекистонлик имомлар ва талабалар эса Булғор ислом академияси ва бошқа олий таълим масканларида ўқиётгани ҳам қувонарлидир.

Ўзбекистон диний ташкилотлари билан доимий алоқаларимиз мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, ҳамкасбимиз ҳурматли Усмонхон Алимов билан яқин мулоқот ўрнатганмиз. У киши билан бугун ислом оламида юз бераётган вазият ҳақида мунтазам фикр алмашиб турамиз. Алҳамдулиллаҳ, ўзбекистонлик муҳтарам зотнинг яхши маслаҳат ва насиҳатлари биз учун ҳамиша жуда фойдали бўлиб келмоқда. Биз бу муносабатларни жуда қадрлаймиз.

Ўзбекистонда диний ва давлат идораларининг яқин ҳамкорлиги натижасида мамлакатда анъанавий ислом, ҳанафий ақидаси ва Мотуридий таълимотини мустаҳкамлашга қаратилган маърифий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу муборак заминда ислом динининг дунёга машҳур бўлган буюк алломалари яшаб ўтганлар, улар шу ерга дафн этилганлар. Ўзбек диёридан Имом Бухорий, Нақшбандий ва исломнинг бошқа муҳтарам улуғ зотлари етишиб чиққан.

Бугунги кунда Ўзбекистон раҳбарияти улуғ аждодлар қолдирган бебаҳо таълимотни ёшларга етказиш бўйича барча чораларни кўрмоқда. Буюк алломаларнинг асарларини замондошларимизга етказиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда, кўплаб китоблар чоп этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда ислом анъаналарини тиклаш ва мустаҳкамлашда кўрсатаётган кўмагини миннатдорлик билан қайд этишни истардим. Яқинда Ўзбекистонда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номларида масжид қуриб, мусулмонларга топширилди. Шунингдек, яна бир нечта янги масжидлар бунёд этилди. Биз мамлакатингиздаги бу ижобий янгиликлар ва ўзгаришларни кузатиб, қувонч ҳиссига тўлмоқдамиз.

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ва диний идоралар ўртасидаги муносабатлар конструктив руҳда ва юқори савияда қурилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти ва бошқа мутасаддилар ўта мутаносиб ва тизимли иш олиб бормоқда.

Уруш ҳудудларидан Ўзбекистон фуқароларини қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани катта эътирофга лойиқ. Бу одамлар ўз айбларини англади, Оллоҳ олдида ҳам, қонун олдида ҳам тавба қилди. Бугун давлат уларни рад этмади, чунки улар Ўзбекистон фуқароларидир. Мамлакат уларни яна ўз бағрига олмоқда, тинч ва осойишта ҳаёт учун шароит яратмоқда. Умид қиламанки, бу ака-укаларимиз ва опа-сингилларимиз давлат томонидан кўрсатилаётган инсонпарварлик кўмагини яхши англайди.

Мамлакатингизда ижтимоий масалаларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолига ёрдам бериш борасидаги ишлардан яхши хабардормиз. Диний мазмундаги китоблар чоп этилмоқда. Уларни электрон ва рақамли ахборот воситаларида, қоғозда, китоб форматида ўқиш муҳим. Тошкент, Самарқанд ва Бухорода қатор олий ўқув юртлари ташкил этилди. Яратилаётган бундай имкониятлар учун барчамиз Аллоҳга шукр қилишимиз керак.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада қилинаётган ишлар республикани дунёдаги обрўли давлатлар қаторига қўшишга ва минтақадаги муҳим марказга айлантиришга хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қирқ ёшда бўлсанг ёки яқинлашган бўлсанг ёхуд ундан ўтган бўлсанг билгинки, биргина қирқ ёшни Қуръон алоҳида дуо билан хослагандир. Аллоҳ таоло “Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман», деди" деган. У ўтган умр учун шукр, келажак учун дуо ва Ислом динига мансубликнинг эълонидир. Уламолар мазкур дуонинг барча учун, айниқса қирқ ёшга етганлар учун ўта аҳамиятли дуо эканини таъкидлайдилар. У амаллар қабул бўлишининг сабабларидан биридир. Чунки бу оятдан кейинги оятда Аллоҳ таоло “Ана ўшаларнинг энг яхши амалларни қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир” дейди.

Асарларда “Ким қирққа кирган бўлса энди у охират бозорига кирибди” деган ривоят келади.

Эй қирққа кирганлар, бу ёғига ўзингизни охиратга тайёрланг. Ҳадисларда умматнинг ёши кўп ҳолларда олтмиш билан етмиш орасида бўлиши айтилган. дейди.
Асарларда “Ким қирққа кирган бўлса энди у охират бозорига кирибди” деган ривоят келади.

Эй қирққа кирганлар, бу ёғига ўзингизни охиратга тайёрланг. Ҳадисларда умматнинг ёши кўп ҳолларда олтмиш билан етмиш орасида бўлиши айтилган. “Умматимнинг етмишга борадиган камдир”.

Қирқ ёки элликдан ўтган инсон билиши керакки, қолган умр ўтганидан кўра камроқ бўлишининг эҳтимоли юқоридир. Ўтгани ҳам қандай тез кетди, а? Кўз очиб юмгунча. Ўтгани кўз очиб юмгунча кетган бўлса ва қолгани ундан камроқ бўлса, у қанчалик тез ўтаркин? Қарабсизки, тупроқ остидасиз. Қирққа кирган инсонга огоҳлик қўнғироғи чалинди. Ундан қирқ ёз, қирқ қиш, қирқ баҳор ва қирқ куз ўтиб кетди. Ушбу ёшда умрининг ярми ўтиб инсон қуйидаги осон бўлмаган саволларга рўбару келади.

Ҳаётда муваффақиятга эришдингми?
Иш ва касбингдачи?
Оилавий ҳаётдачи?
Асосийси, Раббинг билан алоқангда нималарга эришдинг?

Ҳаётни етмиш, саксонга кирганлардан сўранг. “Туш кўргандекман. Кечагина ўйнаб юрган бола эдим. Бугун ўрилишга тайёрман. Учрашув куни яқин” деган жавобни оласиз.
Тўқсонга кирган инсоннинг вафотини кўриб қирқ ёки эллик ёшли одам бизга ҳали бор деб ўйлайди. Атрофидан қанчаси кетганини ҳис қилмайди. Барча нима биландир овора. Емоқ, ичмоқ билан. Касби кор ва ризқ билан. Хотин ва болалар билан. Тижорат ва сафарлар билан. Уй ва машиналар билан. Ваҳоланки, ўзи сезмаган ҳолда умри тугаб бормоқда.

Масалан, ўн кунлик сафарга борсангиз, еттинчи кундан қайтишни ўйлай бошлайсиз. Ишларни тезроқ битириш, билет олиш ва совға салом танлаш хаёлингизни банд қилади. Демак, еттинчи кунда ўйлар тамоман акс тарафга ўзгаради. Қирққа етганлар қайтиш тадоригини кўринг! Ҳақиқий жасорат ўлимдан қочиш эмас, унга тайёр туриш. Қачонгача ахир? Унга бурилиш вақти келмадими? Тавба ва истиғфор вақти келмадими? Қирққа кирганингда ҳам Раббингга қайтмасанг қачон қайтасан?

Қирқ ёш бандага Аллоҳдан юборилган элчидир. У “Эй бандам! Учрашув онлари яқинлашди. Учрашувга тайёрмисан” демоқда”.

 

Муҳаммад Ротиб Нобулсий раҳимаҳуллоҳ

Таржимон Ҳабибуллоҳ Жўрабоев, ТИИ ўқитувчиси

Индонезия сиёсий ахборот агентлигининг янгиликлар сайтида Ўзбекистоннинг бой тарихий, маданий ва маънавий мероси, ўзбек халқининг буюк аждодларининг жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасига бағишланган мақола чоп этилди.

Мақола муаллифи Сара Мейлиана Гунаван Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказларидан бири сифатида танилганини таъкидлайди. Бу ерда номлари бутун дунёга донғи кетган кўплаб таниқли ислом арбоблари ва олимлари туғилган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий 810 йилда Бухорода туғилган машҳур ҳадисшунос олимдир. Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси Самарқандда жойлашган. Ундан ташқари ислом дунёсида аслида келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган буюк зотларнинг узун рўйхати ҳам бор.

Муҳаммад Ал-Хоразмийнинг ихтироларидан бири - алгебра ҳали ҳам бутун дунёда кенг қўлланилмоқда. У 780 йилда бутун дунёга машҳур Хоразмда туғилган.
Яна бир кўзга кўринган мусулмон олими, замонавий тиббиётнинг отаси Ибн Сино 980 йилда Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган бўлиб, у ҳам замонавий Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.

Бой илмий меросга эга буюк алломаларнинг номлари Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам ислом цивилизациясининг маркази эканлиги инкор этиб бўлмас далиллардан биридир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Нурали домла Мавланов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси таниқли адиб, Ислом дини маърифатига бағишланган китоблар ва мақолалар муаллифи Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Аллоҳ таоло марҳум адибнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Top