Сийрат ва ислом тарихи

Нега Пайғамбар оиласидан ўрнак олмаймиз?

Ҳамиша камбағалликдан шикоят қилиб юрганларни ёки бойлик, пул топиш орзусида ҳаловатини йўқотганларни кўрганда беихтиёр, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларидан ибрат олинг, у зотнинг аҳли байти қандай кун кечирганига назар солинг, саҳобийларнинг, тобеъинларнинг турмушларини ўрганинг», дегинг келаверади. Бунга Ислом тарихида мисоллар тўлиб-тошиб ётибди: Абу Ҳурайрадан келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида ёки кечаларнинг бирида кўчага чиққанларида, Абу Бакр ва Умарни (розияллоҳу анҳумо) учратдилар. Уларга: «Сизларни бу соатда уйингиздан нима етаклаб олиб чиқди?», деганларида, икковлари:
«Очлик, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасам, мени ҳам сизларни олиб чиққан нарса олиб чиқди, юринглар», дедилар. Саҳобалар у зот билан ансорийлардан бир кишиникига боришди. Боришса, у уйида йўқ экан. Унинг хотини буларни кўриб: «Хуш келибсизлар, марҳабо», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалон киши (яъни, эринг) қаерда?» дедилар. У аёл: «Бизга ичимлик суви олгани кетди», деди. Шу пайт ҳалиги ансорий келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки биродарларини кўриб: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, бугун меҳмон жиҳатидан мендан кўра ҳурматлироқ киши йўқ», деди. Ва бориб, хурмоси бор бир новда кўтариб келди. Унда пишмаган, қуритилган ва ҳўл хурмо бор эди. У: «Енглар», деб илтифот қилди. Сўнг қўлига пичоқ олувди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қўй, сут бериб турган жониворни сўйма», дедилар. Кейин хонадон соҳиби бир қўй сўйди. Улар бу қўйданва ҳалиги новдадаги хурмодан еб, ичимликлар ичишди. Қоринлари тўйиб ва ташналиклари қонганиданкейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам АбуБакр ва Умарга: «Аллоҳга қасам, Қиёмат куни бунеъматлар ҳақида сўроққа тутиласизлар. Сизларни очлик уйларингиздан чиқарган эди, сизлар эса бунеъматларга эришиб қайтмоқдасиз», дедилар (ИмомМуслим ривояти). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларида ортларидан на бир динор ё дирҳам пул, на бир қул, на бир чўри қолдирмай, балки совутларини бир яҳудийга ўттиз соъ (бир соъ 2,176 килога тенг) таомга гаровда қолдириб дунёдан ўтдилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Мўминлар онаси Оиша бинти Абу Бакрдан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёстиқлари теридан бўлиб, ичига хурмо қипиғи солинган эди” (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти). Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Динор ва дирҳамга ҳамда бахмал ва кимхобга (яъни бойлик ва кийимга) қул бўлганлар ҳалок бўлишди. Агар уларга берсанг, (сендан) рози бўлишади, бермасанг, рози бўлишмайди», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Саҳл ибн Саъд Соъидийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг пашша қанотичалик қадри бўлганида эди, кофирларга ундан бир ҳўплам сувча нарсани ҳам бермас эди», деганлар (Имом Термизий ривояти). Каъб ибн Иёздан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўар бир умматнинг фитнаси бор. Менинг умматимнинг фитнаси мол-дунёдир», деганлар (Имом Термизий ривояти). Пайғамбар алайҳиссалом суюмли қизлари Фотимаи Заҳрони Ҳазрати Алига турмушга узатишга қарор қилганларидан кейин ундан: «Маҳрга бирор нарсанг борми?», деб сўрадилар. Ҳазрати Али: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», деди. «Ҳутамийя совутинг қани?», дедилар Пайғамбаримиз. «Ўзимда, эй Аллоҳнинг Расули», деди Ҳазрати Али. «Ўшани бер, бўлмаса», дедилар. Совут Усмон ибн Аффонга 470 дирҳамга «сотилди». Ана шу пулга атир- хушбўйликлар, келинга бир сидирға (!) сарпо харид қилинди. Тўй зиёфати қилишга маблағ йўқ эди. Саъд ибн Муоз қўй олиб келди. Саҳобалар жўхори ва бошқа егуликлар топишди. Пайғамбарнинг суюмли қизлари Ҳазрати Али хонадонига келин бўлди (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти). Ҳаннод ад-Динаврий Шаъбийдан бундай ривоятни келтиради: «Ҳазрати Али айтадилар: «Муҳаммад алайҳиссалом қизлари Фотимага уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй терисидан (пўстак) бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туяга ем берардик.

Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди». Расулуллоҳ алайҳиссалом қизлари Фотимани Ҳазрати Алига никоҳлаб берганларида у билан бирга теридан бўлган тўшак, ичига хурмо қипиғи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиши ва иккита мешча юборган эканлар. Тарихчилар бундай ҳикоя қилишади: Бир куни Ҳазрати Али Фотимаи Заҳрога: «Қудуқдан сув тортавериб кўкрагим оғриб кетди. Отангизга Аллоҳ кўп асирларни берган, бирорта хизматчи сўрасанг қандоқ бўларкин?», деди. Фотима ҳам: «Мен эса тегирмон айлантиравериб қўлларим қавариб кетди, бориб хизматчи сўрайман», деди.

Фотима биринчи гал оталаридан ҳаё қилиб сўролмай қайтдилар. Кейин эр-хотин икковлашиб хизматчи сўрагани боришди. Сув тортавериб, тегирмон айлантиравериб қийналиб кетишганидан арзи ҳол қилиб, хизматчи берилишини сўрашди.

Энди Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суюмли қиз ва куёвларига қилган жавобларини тингланг: «Аллоҳга қасам, сизларга бериб аҳли суффани оч қолдиролмайман. Ҳозир маблағ топа олмай асирларни сотиб, тушган маблағни аҳли суффага сарфламоқчиман». Улар ноилож орқага қайтишди.

Кейин Расулуллоҳ хизматчи ўрнига қизлари ва куёвларига намоздан сўнг ўттиз уч мартадан тасбеҳ, таҳмид, такбир айтишни маслаҳат бердилар. Расулуллоҳнинг хонадонлари ҳаддан зиёд камтарона, фақирона яшар эди. Тобеъинлардан Урва ибн Зубайрнинг ривоят қилишича, Ҳазрати Оиша жияни Урвага Ҳужраи саодатда қандай яшаганлари ҳақида шундай деган: «Ойдан-ойга қараб турардик. Расул алайҳиссалом уйларида кўпинча қозон осилмасди. Емагимиз асосан хурмо ва сув бўларди. Расулуллоҳнинг ансорий қўшнилари баъзан бизга сут келтириб беришарди. Биз шуни ичардик». Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада завжаи мутоҳҳаралари билан масжидга ёнма-ён қурилган ҳужраларда яшар эдилар. Ҳасан ибн Али (р.а.)

айтадики: «Усмон халифалиги даврида Набий алайҳиссалом завжалари яшаган ҳужраларга кирсам, қўлим шифтларига тегар эди». Валид ибн Абдулмалик замонида бу ҳужралар масжидга қўшиб юборилган эди. Саид ибн Мусаййиб айтади: «Агар бу ҳужралар шу ҳолида бузмасдан қолдирилганида эди, дунёнинг хазина калитлари қўлларида бўлатуриб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рози бўлган нарсаларни одамлар ўз кўзлари билан кўришар эди».

Аллоҳнинг суюкли пайғамбари, бутун Ислом оламининг раҳбари ва йўлбошчиси, Аллоҳ таоло «агар хоҳласангиз, тоғларни олтинга айлантириб бераман», дея ваъда қилиб турган зот энг суюмли қизларига қўша-қўша кўрпа-тўшаклар, кўплаб чорва моллари, керагича уй жиҳозлари, сон-саноқсиз кийим-кечакларни сеп қилиб беришлари мумкин эди. Бутун Мадина аҳлини, ҳатто бошқа ўлкалардан меҳмонларни чорлаб шоҳона тўйлар қилиб беришлари мумкин эди.

Аммо у зот бундай қилмадилар. Чунки, бунга ахлоқлари йўл қўймас эди, динлари, диёнатлари ижозат бермас эди. Аксинча қизлари ва куёвларини камтарликка чақирдилар, буюк қаноатга йўлладилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари бўлган бизлар бугун нима қиляпмиз? Нега у зотдан, Пайғамбар оиласидан ўрнак олмаймиз, ибратланмаймиз? Аксинча, қизимизни узатсак, қўша-қўша жиҳозлар, беҳисоб кийим-кечаклардан иборат сеп қилишга уринамиз.

Ўғлимизни уйласак, бунча мебел қиласан, фалондақа уй олиб берасан, бунча одамга зиёфат берасан, тўйга фалон артистни чақирасан, деган шартлар қўямиз. Никоҳ тўйларини серҳашам, дабдабали қилиб ўтказишда кимўзарга мусобақалашамиз. Фарзандларимизнинг бахт-саодатини, иймонини, инсофини, диёнатини ўйламаймиз. Бу мол-дунё, ҳашам ва дабдабалар уларга яхшилик келтиради, деб ўйлаймизу буларнинг охиратдаги ҳисоб-китоби ҳақида мутлақо бош қотирмаймиз. Агар бу дабдабаю- асъасалар динимизга, ахлоқимизга, охиратдаги аҳволимизга фойда берганида Аллоҳ ҳам, Унинг Расули ҳам бунга буюрган бўлур эди. Йўқ, аксинча Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётда бунинг бутунлай зиддига тарғиб қилгалар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 7021 times
Top