Сийрат ва ислом тарихи

Сарвари оламга муносиб уммат бўлайлик

 Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаммадан кўп  севишга  буюрилганмиз. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунга буюради: “Пайғамбар мўминлар учун ўзларидан кўра  ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир” (Аҳзоб, 6).

Бу зотни яна шунинг учун яхши кўрамизки, Сарвари оламда инсонлар учун гўзал намуна бордир. Аллоҳ  таоло бундай дейди: “Сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умдворлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб, 21). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни яна ниҳоятда чиройли хулқ соҳиби бўлганлари учун севамиз. Бунинг хабари ҳам Қуръони каримда келган: “Албатта сиз чиройли хулқ узрасиз” (Қалам, 4).

Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаммадан ортиқ кўришимизнинг яна бир боиси бор. У зот бутун инсониятга пайғамбар ўлароқ юборилган энг охирги элчидирлар. Пайғамбар алайҳиссалом бутун пайғамбарликлари даврида уммат қайғуси билан яшадилар, умматни ҳақ йўлга бошладилар. Ҳатто жонлари чиқаётганда ҳам умматларини ўйладилар. Ривоят  қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим онларида Жаброил алайҳиссаломдан: “Мендан сўнг умматимнинг аҳволи нима бўлади?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ваҳий этди: Ҳабибимга хушхабар бер, уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг олдин чиқадиганлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”. “Ана энди  кўзим қувончга тўлди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” (Имом Табароний ривояти).

Шунинг учун Аллоҳ элчисини севиш комил иймон рамзига айланди. Анас ибн  Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва  саллам: «Банда наздида мен унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан афзал  бўлмагунимча у комил мўмин бўла олмайди», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Зуҳра ибн Маъбуд розияллоҳу анҳунинг боболаридан ривоят қилинади:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиз  менга ўзимдан бошқа ҳаммадан севимлисиз», деди. Шунда Расули акрам:  «Сизларнинг бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча у мўмин бўлолмайди», дедилар. Ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки,  энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлисиз», деди. Расулуллоҳ: «Ана энди тўғри бўлди, эй Умар», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти). 

Яна Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Уч хислат кимда бўлса, улар сабабли иймон ҳаловатини топади: кимга Аллоҳ ва Унинг Расули бошқалардан кўра суюкли бўлса,  ким бир бандани фақат Аллоҳ учун яхши кўрса ва ким Аллоҳ уни куфрдан қутқариб олганидан кейин яна ўша куфрга қайтишни худди дўзахга ташланишни ёмон кўрганидек ёмон кўрса», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

У зотдан кейин Набийнинг қабрларини зиёрат қилиш суннатга айланди. Шунинг учун дунёнинг турли бурчакларидан ҳаж ва умра ниятида Пайғамбар шаҳри Мадинаи  мунавварага келишганда у зотга салом ва салавотларини етказишади. Хотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, гўё ҳаётлигимда мени зиёрат  қилган  кабидир. Ким икки Ҳарамнинг бирида вафот этса, қиёмат куни омонда бўлганлар қаторида тирилади», деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳнинг Элчисини қандай ва қанчалик севишни бизга содиқ саҳобалар, солиҳ салафлар ўргатиб кетишган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Собит ибн Қайс ибн Шаммос баланд овозли киши эди. «Эй иймон келтирганлар, овозингизни Пайғамбар овозидан баландлатманг…» (Ҳужурот, 2) ояти тушганида у киши: «Овозини Пайғамбарга кўтарган одам менман, дўзах аҳлидан бўлган ҳам менман, қилган амалим ҳабата (бекор) бўлди», деб аҳли аёли ичида маҳзун бўлиб ўтириб қолди. Иттифоқо, шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ахтариб қолдилар. Одамлар унинг олдига бориб: «Сени Пайғамбар алайҳиссалом қидиряптилар, сенга нима бўлди?» дейишди. Шунда у киши: «Овозини Пайғамбар овозидан кўтарган менман, у кишига дағал сўз айтган ҳам менман, амалим ҳабата бўлди, мен дўзах аҳлиданман», деди. Одамлар Пайғамбар алайҳиссаломга бу хабарни етказишди. Шунда у зоти бобаракот: «Йўқ, у жаннат аҳлидандир», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Вайсул Қараний розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг битта тишлари сингани хабари келганида у зотнинг қайси тишлари синганини билолмагани учун барча тишларини синдириб ташлаб, Пайғамбарга яқин бўлиш завқидан шодландилар.

Бани Динор қабиласидан бир аёлнинг Уҳуд жангида эри, укаси ва отаси шаҳид  бўлди. Учта яқин кишисининг вафот этганини эшитган аёл: “Менга Расулуллоҳни кўрсатинг, у кишини бир кўрай” деди. Пайғамбарни кўрганидан кейин: “Эй  Аллоҳнинг элчиси, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган фалокатлар арзимасдир”, деди.

Волида Султон эса “Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди ҳосил, Муҳаммадсиз муҳаббатдан не ҳосил”, дея руҳ озиғининг фақат Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан бўлган муҳаббат эканини гўзал бир тарзда ифодалаган эди.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ дунё ишларининг ҳаммасида охирги замон Пайғамбарига тақлид қилиш ишқида яшаб ўтган эди. Бу мазҳаббоши олим Набий алайҳиссаломнинг муборак қадамлари теккан Мадинаи мунавварада бирор марта ҳам отда ёки туяда юрмади. Равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирар эди. Ҳатто ўша пайтдаги халифа Абу Жаъфар Мансурдан ҳам Пайғамбар шаҳрида овозини баланд қилмасликни талаб этган эди.

“Пайғамбар ёшидан кейин менга бу тупроқ устида юриш ҳаромдир” деган буюк  ишқ қаҳрамони Хожа Аҳмад Яссавий олтмиш учдан кейин Набий алайҳиссалом билан бир хил ҳаёт тарзини танлади ва шу йўлда абадийлашди. У яшаган тупроқлар Фахри коинотга муҳаббат рамзи ўлароқ “Ҳазрати Туркистон” дея улуғланди.  

Туркий ҳукмдорлардан султон Маҳмуд Ғазнавий дини комиллиги, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига уйғун яшагани, адолатпешалиги билан машҳур эди. Унинг  бир вазири бўлиб, вазирнинг Муҳаммад исмли ўғли султонга котиблик қиларди. Бир куни Маҳмуд Ғазнавий котибини исми билан эмас, «Эй вазирнинг ўғли!» деб чақирди. Бу ҳолдан котиб сергакланди. Бирор янглиш иш қилиб, подшоҳни ранжитиб қўйдимми, деб ўйлади. Бўлган воқеани отасига айтиб, маслаҳат сўради. Вазир ҳам минг андишада жавоб излаб ҳукмдорга мурожаат қилди. Шунда Маҳмуд Ғазнавий: “Ташвишланманг, эй вазир, ҳамиша ўғлингизнинг исмини айтиб чақирганимда таҳоратли бўлардим. Бу сафар таҳоратим йўқ эди. Шунинг учун таҳоратсиз ҳолда уни Муҳаммад, деб чақиришдан, Пайғамбаримиз муборак исмларини тилга олишдан қўрқдим”, деб жавоб қилди.

Улуғларимиз, салафларимиз Сарвари оламни шунчалик қаттиқ севишган, ҳар ишда у зотга эргашишган. Аллоҳ Элчисига бизларнинг муҳаббатимиз нимада аён бўлади? У зотнинг номлари зикр этилганида у зотга, аҳли байтлари ва содиқ саҳобаларига салавоту саломлар йўллашимиз, бутун Ислом тарихини ўзида мужассам қилган сийратларини пухта ўрганишимиз, Суннатларига иложи борича амал қилишимиз, у зотнинг умматларига хос ҳаёт тарзи ва ахлоқ қоидаларига мос ҳаёт кечиришимиз, хулласи, Муҳаммад алайҳиссалом уммати деган шарафли номга муносиб иш тутишимиз керак. Шунда Фахри коинотни чинакамига севган бўламиз.

 

 

 

     Ҳусниддин АБДУҚОДИРОВ,

«Кериз» жоме масжиди  имом-хатиби

 

 

Read 6923 times
Top