Сийрат ва ислом тарихи

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)

Буюк саҳобий Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Сулайм ибн Ҳаззор ибн Ҳарб Ашъарий бўлиб, Яманда туғилган. Онаси Зобя бинти Ваҳб мусулмон бўлгач, Мадинада оламдан ўтган.

Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ашъарийларнинг Мадинага келишларини шундай хотирлайди: "Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам: "Эртага олдингизга Исломга сизлардан кўра кўнгли юмшоқроқ бўлган бир қавм келади", дедилар. Кўп ўтмай ашъарийлар келди. Уларнинг ичида Абу Мусо Ашъарий ҳам бор эди. Мадинага яқинлашганларида "Яқинда дўстларимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва унинг жамоаси билан кўришамиз..." дея шеър айтишарди. Етиб келишгач, қўл бериб кўришдилар. Улар қўл бериб саломлашишни жорий қилдилар..." (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Мусо Ашъарий Мадинага келган куниданоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан доимо бирга бўлишга интиларди. У зотнинг ҳар бир кўрсатмаларини астойдил бажарарди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам унинг бундай итоати ва муҳаббатини қадрлар: "Эй Аллоҳ, Абдуллоҳ ибн Қайснинг гуноҳларини кечиргин ва уни қиёмат куни мукаррам ўрин (жаннат)га киритгин", дея ҳаққига дуо қилардилар. Айниқса, Набий алайҳиссалом унинг ихлос билан қилаётган ибодатини кўриб қолсалар, жуда қувонардилар. Бурайда розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: "Бир кеча масжиддан чиқаётсам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшик олдида турган эканлар. Бу пайт ичкарида бир киши хушуъ билан намоз ўқиётган эди. У зот: "Эй Бурайда, уни риё қиляпти деб ўйлайсанми?" дедилар. Мен: "Аллоҳ ва Унинг Расули билади", дедим. Шунда у зот: "Йўқ, унинг ибодати риёдан холи, у кўп тавба-тазарру қилувчи мўмин бандадир. Унга Оли Довуднинг оҳангидан берилгандир", дедилар. Мен масжидга қайтиб кириб, эътибор бериб қарасам, намоз ўқиётган киши Абу Мусо экан. Унга бўлган воқеани айтиб бердим".

Дарҳақиқат, Абу Мусо бошқа саҳобалардан ширали овози билан ажралиб турарди. Пайғамбарлар ичида Довуд алайҳиссалом хушовозлиги билан машҳур бўлганлар. Ривоят қилишларича, у зот Тавротни тиловат қилганларида учиб кетаётган қушлар ҳам маҳлиё бўлиб тўхтаб қолар экан. Абу Мусо Ашъарий Қуръон тиловат қилганида эса унинг олдидан ўтиб кетаётган ҳар қандай инсон юришдан албатта тўхтаб, қироатини мароқ билан тингларди. Шу боис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам: "Унга Оли Довуднинг овозидан берилган", дея марҳамат қилганлар.

Умар розияллоҳу анҳу эса Абу Мусони кўрганларида ёнларига чақириб: "Эй Абу Мусо, Раббимизнинг каломидан тиловат қилиб, бизларни шавқлантир", дердилар.

Тобеинлардан Абу Усмон Наҳдий ушбу саҳобани шундай ёдга оларди: "Абу Мусонинг овозида санжда ҳам, танбурда ҳам, найда ҳам бўлмаган бир шира бор. У имомликка ўтган пайтлари гўзал қироатини кўпроқ эшитишни истаб Бақара сурасини ўқисайди, дердик".

У улкан илми, тинимсиз ибодати, тақвоси, ҳаёси ва зоҳидлиги билан танилган эди. Сафвон ибн Сулайм "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида масжидда туриб Умар, Али, Муоз ва Абу Мусодан бошқа ҳеч ким фатво бермасди", деган. Машҳур тобеин Шаъбий эса: "Бу умматнинг қозилари Умар, Али, Зайд ва Абу Мусодир", деган. Асвад ибн Язид Абу Мусонинг Куфадалик даврини: "Куфада Али ва Абу Мусодан кўра олимроқ кишини кўрмадим", дея эслаган.

Абу Мусо катта илм захирасига эга бўлса-да, илм йўлида ҳамиша бардавом эди. Мадинага келди дегунча, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илмий мажлисларига ошиқар, у зотнинг насиҳатларини эшитиб, қаттиқ таъсирланарди.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Абу Мусо Ашъарийни шаръий илмлардан таълим бериш учун Басрага юбордилар. У зот Басрага келиб, ўзига хос илмий мактабга асос солди. Кўп вақтини Қуръони карим ва шаръий илмларни ўргатишга сарфлади. Ҳар гал намоздан сўнг инсонларга юзланиб, уларга бирма-бир Қуръон ўқитди. Йиллар ўтиб, тинимсиз ҳаракатлари самара бера бошлади. Басрада ҳам Қуръони каримни мукаммал ёд олган қорилар сони кўпайди. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тақдирлаш мақсадида Қуръон ҳофизларининг исмларини сўраганларида Абу Мусо Ашъарий Басранинг ўзида уч юздан ортиқ қори борлигини ёзиб юборган.

Шунингдек, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом суннатларини ўрганиш ва ҳадисларни ривоят қилишга ҳам катта эътибор қаратган. Ундан Бурайда ибн Ҳусайб, Абу Умома Боҳилий, Абу Саид Худрий, Анас ибн Молик, Ториқ ибн Шиҳоб, Саид ибн Мусаййиб, Асвод ибн Язид, Абу Усмон Наҳдий, Абу Воил ва бошқа кўплаб саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоят қилганлар. Муҳаддис уламолар у  ривоят қилган 355 та ҳадисни ўз китобларига киритишган. илм эгаллаш ва унга амал қилишда бутун умматга гўзал ўрнак бўлган ушбу саҳобадан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин.

 

 

Абдулатиф ТУРСУНОВ

Тошкент ислом институти ходими

Read 7870 times
Top