Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳаворийлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “Ҳар бир Набийнинг ҳаворийси бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир”. Икки Шайх ва Термизий ривояти.

Ҳаворий сўзи “ихлосли”, “мусаффо”, “энг яқин дўст” ва “ёрдамчи” деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ийсо алайҳиссаломга ихлос қилган, у зотга нисбатан кўнгиллари энг мусаффо бўлган ҳамда энг яқин дўст ва ёрдамчи бўлган фидокорларни “Ҳаворий” деб атаган. Уларга ўхшаш саодатли кишилар ҳар бир набийнинг уммати ичида бўлган. Муҳаммад (с.а.в)нинг умматлари ичида ана шундай олий унвонга сазовор бўлган Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳунинг ҳаётлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

Жаннат башорати берилган ўнта саҳобадан бири, Расулуллоҳ (с.а.в) менинг ҳаворийим деб сифатлаган зот Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусай ибн Килоб разияллоҳу анҳудирлар. У киши Пайғамбаримизнинг аммалари Софийя бинти Абдулмуттолибнинг ўғли бўлганлар.

Зубайр ибн Аввом (р.а) исломни биринчи бўлиб қабул қилган еттита саҳобийдан биридирлар. Ўша пайтда 15 ёки 16 ёшда эдилар. Дастлабки мусулмонларнинг Аллоҳ таолонинг йўлида тортган барча машаққат ва қийинчиликларига баробар шерик бўлдилар. Зубайрнинг амакиси уни бўйрага ўраб, осиб қўяр ва олов ёқиб, унга тутунни киритиб, “Куфрга қайт”, - дер эди. Зубайр бўлса, “Зинҳор куфр келтирмайман” – дер эди.

Ёшликларидан чавандозлик, шижоат ва баҳодирлик сифатлари билан кўзга кўринган Зубайр ибн Аввом (р.а) мусулмон бўлганларидан кейин анашу сифатларини дину диёнат йўлида ишга солдилар.

Саиъд ибн Мусаййиб айтадилар: Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб қилич яланғочлаган киши Зубайр ибн Аввомдир. Бир куни Набий (с.а.в) ўлдирилибди деган хабар тарқалганда, шиддат билан қилич кўтариб кўчага чиқди. Йўлда Набий (с.а.в)га дуч келдилар. “Сенга нима бўлди эй Зубайр?!” – дедилар. - Сизни қатл қилишди дейишди, Аллоҳга қасамки, Макка аҳлидан дуч келганини қиличдан ўтказмоқчи эдим – дедилар. Расулуллоҳ унинг ҳаққига дуо қилдилар”.

Зубайр (р.а) икки бор Ҳабашистонга, сўнгра Набий (с.а.в) билан бирга Мадинага ҳижрат қилганлар. Расулуллоҳ (с.а.в) у кишини Салама ибн Салама (р.а) билан биродар қилиб қўйганлар.

Абу Бакр Сиддиқ (р.а)нинг катта қизлари Асмо (р.а)га уйланиб, Набий (с.а.в)га божа бўлганлар. Мадинага ҳижрат қилиб келган пайтларида Асмо (р.а) ҳомиладор эдилар. У киши ўғил фарзанд дунёга келтирдилар. Пайғамбаримизнинг ўзлари уни танглайини кўтариб, Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Бу мусулмонларни жуда хурсанд қилди. Чунки мусулмонлар Мадинага келгач, бир муддат муҳожирлар оилаларида фарзанд дунёга келмаган. Шунда яҳудийлар: ”Биз уларни сеҳрлаб қўйдик. Улар энди фарзанд кўрмайдилар” – деб даъво қилишган эди.

Зубайр ибн Аввом (р.а) Набий (с.а.в) билан барча жангларда ихлос билан иштирок этиб, ўзларининг фидокорликлари, жасоратлари, баҳодирликлари билан Ислом тарихининг заррин саҳифаларига номларини олтин ҳарфлар ила битдилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр (р.а)дан ривоят қилинади: Аҳзоб куни мен Умар ибн абу Салама билан бирга аёлларнинг ичига қўйилган эдим. Қараб турсам, Зубайр отини миниб 2-3 марта Бани Қурайзага бориб келди. Кейинроқ бу ҳақда отамдан сўрадим. – Мени кўрдингми ўғлим, Расулуллоҳ (с.а.в): “Ким Бани Қурайзага бориб, менга уларнинг хабарини билиб келади?” – дедилар. Мен бориб келдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в):  “Сенга отам ва онам фидо бўлсин” – дедилар. Икки Шайх ва Термизий ривояти.

Зубайр (р.а) Али (р.а)нинг халифалик даврларида мусулмонлар орасида ихтилоф чиқиб, Али ва Муовия (р.анҳум)лар ўртасида бўлган Сиффин жангида ҳалок бўлганлар дейилади. Зубайр (р.а) Муовия тарафда туриб жанг қилган эдилар. Лекин аслида Сиффин жанги бўлиб турган пайтда Зубайр (р.а) бу уруш нотўғри эканини англаб, жанг майдонидан чиқиб кетадилар. Бир водийда Аллоҳ таолога илтижо қилиб, намоз ўқиётган пайтларида Амр ибн Журмуз исмли бадбахт томонидан қатл этилдилар.

Жангдан сўнг Али (р.а) одамлари билан қароргоҳларида ўтирган эдилар. Амр ибн Журмуз мукофот илинжида Зубайр (р.а)ни қиличларини олиб у кишининг олдиларига келди.

-   Қўлингдаги Зубайрнинг қиличими?

Ҳа, уни ўлдирганимдан кейин олдим. Али (р.а) қилични ўнг қўллари билан олдилар. Сўнг икки қўллари билан ушлаб, оғизларига олиб келиб, ҳам меҳр, ҳам маҳзунлик ила ўпдилар. Кўзларидан дув-дув ёшлар тўкилди.  Ва:

Бу қиличнинг эгаси у билан Расулуллоҳдан ғамни кетказган эди. Сен эса, Ибн Софийянинг қотили! Дўзахнинг башоратини олавер.

Бу воқеанинг баёнини батафсил ўқиб чиқсангиз, кўзингиздан оқаётган ёшларни тўхтата олмайсиз. Чунки у зот Али каррамоллоҳу важҳаҳуни ҳам маҳзун қилиб йиғлатган Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳаворийлари Зубайр ибн Аввом эдилар. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

 

 

Абдукаримов Аҳроржон 

Тошкент ислом институти талабаси

Read 7360 times
Top