Сийрат ва ислом тарихи

Саҳобалар

Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки улар муқаддас Ислом динини бутун башариятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни зиммаларига кўтарган ҳамда бу вазифани тўла-тўкис адо этган зотлардир. Шунинг учун динини улуғлаган ҳар бир мусулмон уларни ҳам улуғлаши лозим бўлиб қолади.  

Саҳоба сўзи луғавий жиҳатдан “дўст бўлмоқ”, “бирга юрмоқ” каби маъноларни англатади.   

Истилоҳда эса “иймон келтирган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган киши саҳоба дейилади”.

Саҳобаларнинг фазилатлари

Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир башар эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ва улуғликка номуносиб ишлардан пок эканлари ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги зотлар ҳисобланадилар. Қуръони каримда саҳобаи киромларга шундай хитоб қилинган:

كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ

Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдиларингиз[1].

Яъни, ушбу ояти каримадаги васф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча умматларига тааллуқли бўлсада, саҳобаи киромларнинг барчаларига мос келадиган хитоб ҳисобланади.

Ҳадиси шарифда саҳобаларнинг мартабалари шундай баён қилинган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ » رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳобаларимни таҳқирламанглар, жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд (тоғи) мислича олтин сарфласа ҳам, улардан бирортасининг “муд” (544 грамга тенг ўлчов бирлиги)ига ҳам, унинг (муднинг) ярмига ҳам эриша олмайди”.  Термизий ривоят қилган.

Чунки бу зотлар пайғамбарларнинг сўнгисига саҳоба бўлишдек бахтга сазовор бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган ҳидоят нурини бошқаларга етказиш йўлида молу-жонларини фидо қилган мўминлардир. Кейингилар эса фақат улар етказган нарсаларга риоя қиладиган мўминлар саналади.

Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни улуғлаш лозимлигини таъкидлаб шундай деган: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини ёмонотлиқ қилаётган бирор кимсани кўрсангиз билингки у кимса зиндиқ (динсиз)дир. Чунки биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ деб биламиз, (у зот олиб келган) Қуръонни ҳақ деб биламиз, бизларга эса Қуръонни ҳам, суннатларни ҳам саҳобалар етказганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ва суннатни ботилга чиқармоқчи бўлган кимсаларгина бу иккаласини етказган зотларни ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Ваҳоланки уларнинг ўзлари гувоҳликлари қабул қилинмайдиган зиндиқлардир”.

Саҳобаларнинг адади қанча бўлган?

Саҳобаларнинг адади қанча бўлгани ҳақида тарих уламолари аниқ бир ададга иттифоқ қилишмаган. Фақат баъзи муҳаққиқ олимлар уларнинг адади юз мингдан ортиқ бўлган, деганлар. Абу Заръа Розий роҳматуллоҳи алайҳдан “саҳобаларнинг адади бир юз ўн тўрт мингта бўлган”, деган қавл ҳам ривоят қилинган. 

Жинлар ҳам саҳоба ҳисобланадими?

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб иймон келтирган ва мўмин ҳолида вафот этган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланишини айтганлар. Бу ҳақида Мулла Али Қорий роҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги қавлни ривоят қилган: “Саховий: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган ва у зотга имон келтирган жинлар ҳам саҳоба ҳисобланади, чунки Расулуллоҳ алайҳис солату вассаломнинг уларга ҳам пайғамбар этиб юборилганлари қатъий равишда аниқдир”, деган.

Бадриддин Шиблий Ҳанафий роҳматуллоҳи алайҳдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб у зотга иймон келтирган жинларнинг охиргиси юзинчи ҳижрий сана атрофида даврларида вафот этгани ривоят қилинган. 

Исломни биринчи бўлиб қабул қилган саҳобалар

Ибн Салоҳ роҳматуллоҳи алайҳнинг таҳқиқларига кўра биринчи бўлиб Исломни қабул қилган саҳоблар деганда қуйидаги зотлар тушунилади:

-         Ҳур эркаклардан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу;

-         Балоғатга етмаган ёш болалар ичидан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;

-         Аёллардан Хадижа бинту Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамиз;

-         Озод қилинган қуллардан Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу;

-         Қуллардан Билол розияллоҳу анҳу. 

Фақиҳлик билан машҳур бўлган саҳобалар

Бир қанча саҳобалар фиқҳий масалалар билимдони сифатида машҳур бўлганлар. Шу маънода қуйидаги зотлардан кўплаб фатволар нақл қилинган:

-         Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу;

-         Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу;

-         Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу;

-         Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу;

-         Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу;;

-         Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу;

-         Оиша розияллоҳу анҳо.

-         Энг кўп фатво берган саҳоба

Энг кўп фатво берган саҳоба “Қуръон таржимони” лақабини олган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳисобланади. Чунки хулофои рошидинлар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд сингари илмда пешқадам бўлган зотлар саҳобаларнинг кўпчилиги ҳаёт бўлган пайтларда вафот этиб кетганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса саҳобалар камайиб уларнинг илмларига эҳтиёж кучайган вақтларда яшаб ўтган. Шу сабабли бу зотнинг фатволари кўпроқ нақл қилинган.  

Энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар

Қуйидаги саҳобалар энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар ҳисобланади:

1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:                   5374 та ҳадис ривоят қилган;

2. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу:       2630 та ҳадис ривоят қилган;

3. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:             2286 та ҳадис ривоят қилган;

4. Оиша розияллоҳу анҳо:                                2210 та ҳадис ривоят қилган;

5. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:      1660 та ҳадис ривоят қилган;

6. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:     1540 та ҳадис ривоят қилган.

“Абодила” (Абдуллоҳ исмли саҳоба)лар

 Абдуллоҳ исмли саҳобалар 300 га яқин бўлган. Лекин ҳадис илмида “Абодила”лар деганда асли исмлари Абдуллоҳ бўлган қуйидаги саҳобалар  кўзда тутилган бўлади:    

1.     Абдуллоҳ ибн Умар;

2.     Абдуллоҳ ибн Аббос;

3.     Абдуллоҳ ибн Зубайр;

4.     Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ёки Абдуллоҳ ибн Масъуд.

Ушбу зотлар энг охири вафот этган ва кейингилар уларнинг илмларига ниҳоятда муҳтож бўлиб қолган олим саҳобалар ҳисобланади. Шунга кўра бу зотлар бошқалардан “Абодила”лар номи билан ажралиб турган. Агар бу зотлар бир фатвога иттифоқ бўлсалар “бу Абодилаларнинг сўзи” дейилган.  

Тириклик вақтларидаёқ жаннат башорати берилган саҳобалар

Баъзи саҳобаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тириклик вақтларидаёқ жаннатий бўлишларини хабар берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида уларнинг ўнтасини номма-ном санаганлар. “Ашараи мубашшара” (башорат берилган ўн киши) номи билан машҳур бўлган саҳобалар қуйидаги зотлардир:

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « أَبُو بَكْرٍ فِى الْجَنَّةِ وَعُمَرُ فِى الْجَنَّةِ وَعُثْمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَعَلِىٌّ فِى الْجَنَّةِ وَطَلْحَةُ فِى الْجَنَّةِ وَالزُّبَيْرُ فِى الْجَنَّةِ وَعَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوْفٍ فِى الْجَنَّةِ وَسَعْدٌ فِى الْجَنَّةِ وَسَعِيدٌ فِى الْجَنَّةِ وَأَبُو عُبَيْدَةَ بْنُ الْجَرَّاحِ فِى الْجَنَّةِ ». رَوَهُ التِّرْمِذِيُّ

Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Абу Бакр жаннатда бўлади, Умар жаннатда бўлади, Усмон жаннатда бўлади, Али жаннатда бўлади, Талҳа жаннатда бўлади, Зубайр жаннатда бўлади, Абдураҳмон ибн Авф жаннатда бўлади, Саъд жаннатда бўлади, Саъийд жаннатда бўлади, Абу Убайда ибн Жарроҳ жаннатда бўлади”.  Термизий ривоят қилган.

Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога шундай деганлар:

  أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِى سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ

Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишингизга рози бўлмайсизми!

Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар ҳақида шундай деганлар:

أَنَّ الْحَسَنَ وَالْحُسَيْنَ سَيِّدَا شَبَابِ أَهْلِ الْجَنَّةِ

 

Албатта Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир.

Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда номлари айтилган саҳобаларни жаннатий деб эътиқод қилинади. Номлари айтилмаган саҳобалар ҳақида эса жаннатий бўлишлари бошқалардан кўра кўпроқ умид қилинади.    

Саҳобаларнинг табақалари

Ҳоким Найсабурий роҳматуллоҳи алайҳ саҳобаларни Исломни биринчи қабул қилганлари ва кўплаб улуғ ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганлари эътиборидан ўн икки табақага ажратганлар:

1.               Олдиндан Маккада Исломни қабул қилганлар табақаси;

2.               Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Исломга келганидан кейин исломни қабул қилганлар табақаси.

3.               Ҳабашистон муҳожирлари табақаси. Мазкур муҳожирлар "Ҳабашистон муҳожирлари" деб аталадиган алоҳида бир табақа саналади;

4.                Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси;

5.                Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган иккинчи ақаба байъатига қатнашган саҳобалар табақаси;

6.                Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киришларидан олдин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

7.               Бадрда қатнашган саҳобалар табақаси;

8.               Бадр ғазотидан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

9.               Ҳудайбия ғазотидаги "Байъатур ризвон" да қатнашган саҳобалар табақаси;

10.          Ҳудайбиядан кейин ҳижрат қилган саҳобалар табақаси;

11.          Фатҳ йилида мусулмон бўлган саҳобалар табақаси;

12.          "Фатҳ куни" ва "Ҳажжатул вадоъ"да ёш ва гўдак ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига муяссар бўлган саҳобалар табақаси.

Саҳобаларнинг энг сўнги вакиллари ва улар вафот этган жойлар

Қуйидаги зотлар ёшлик пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиш бахтига сазовор бўлишган ҳамда узоқ умр кўрган саҳобалар саналадилар:  

-         Абу Туфайл Омир ибн Восила розияллоҳу анҳу. 110 ҳижрий санада Маккада вафот этган;

-         Маҳмуд ибн Робиъ розияллоҳу анҳу. 99 ҳижрий санада Мадинада вафот этган;

-         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу. 93 ҳижрий санада  Басрада вафот этган;

-         Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу. 86 ҳижрий санада  Куфада вафот этган;

-         Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу. 96 ҳижрий санада  Шомда вафот этган;

-         Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдий розияллоҳу анҳу 86 ҳижрий санада  Мисрда вафот этган.

Шу ўринда айтиш мумкинки мазҳаббошимиз Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ ушбу саҳобалардан Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъи Зубайдийларни ва булардан ташқари Жобир ибн Абдуллоҳ Оиша бинту Ажрад синглари саҳобаларни кўриб улардан ҳадис ривоят қилганлари ҳақида саҳиҳ қавллар келган. 

Пайғамбарлар сўнгисига иймон келтириб у билан бирга яшашдек мислсиз саодатга ёки бир марта бўлса ҳам у зотни кўриб қолишдек тенгсиз бахтга сазовор бўлган барча мўминларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни мазкур “йўлчи юлдуз”ларга иқтидо қилиб яшаш бахтига муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

 



[1] Оли Имрон сураси, 110-оят. 

Read 14227 times
Tagged under
Top