Сийрат ва ислом тарихи

Умматимнинг аҳволи нима бўлади?

Биз Ислом умматининг[1] деярли охир замон вакиллариданмиз. Биз шу умматнинг бир бўлаги сифатида, биз учун қайғурган, бунинг учун умрини бағишлаган, жони чиқар ҳолида ҳам умматининг аҳволи ташвиши билан бўлган Зотга жонимизни қўйинг майли, муҳаббатимиз қанчалик?

Пайғамбар алайҳиссаломни ҳаммадан ортиқ кўришимизнинг боиси, Пайғамбар алайҳиссалом бутун пайғамбарликлари даврида уммат қайғуси билан яшадилар, умматни ҳақ йўлга бошладилар. Ҳатто жонлари чиқаётганда ҳам умматларини ўйладилар.

Ривоят  қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим онларида Жаброил алайҳиссаломдан: “Мендан сўнг умматимнинг аҳволи нима бўлади?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга ваҳий этди: Ҳабибимга хушхабар бер, уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг олдин чиқадиганлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”.

“Ана энди  кўзим қувончга тўлди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” (Имом Табароний ривояти).

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!”, дедилар.

Мана шунинг учун ҳам Аллоҳ элчисини севиш комил имон рамзига айланди. Анас ибн  Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва  саллам:

لآ يُؤْمِنُ أحدُكم حتّي أحبَّ إليه مِن والده و ولدِه و الناس أجمعين

«Мен унга ота-онасидан, фарзандидан ва одамларнинг барчасидан суюкли бўлмагунимча у комил мўмин бўла олмайсиз», деганлар” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришда саҳобаларга тенг келадигани йўқ эди. Булар ичида эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига ҳеч ким туша олмасди[2].

Макка фатҳи куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оталари Абу Қуҳофа мусулмон бўлди. Кўзи ожиз бўлиб қолган бу қариянинг мусулмон бўлиши анча кечиккан эди. Абу Бакр Сиддиқ оталари Исломга кирганини айтиб, байъат қилдириш учун у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр! Кекса отангизни уйда қолдирсангиз бўлар эди. Олдиларига ўзимиз борардик», дедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ: «Эй Аллоҳнинг Расули, бунга сиз ҳақлироқсиз», дедилар. Ўша кунларда Абу Бакр кўп йиғладилар. Шунда одамлар: «Энг хурсанд бўладиган кунда ҳам йиғлайсизми? Ахир отангиз мусулмон бўлиб, дўзахдан нажот топди-ку?» дейишди.

Абу Бакрнинг жавобларига эътибор беринг.

«Ҳозир отам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганидан кўра Абу Толиб байъат қилса, кўпроқ хурсанд бўлар эдим. Чунки бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ хурсанд бўлардилар» (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Бу зотлар ўз хурсадчилигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурсандчилигини устун қўйганлар. Шунинг учун бу умматнинг устуни бўлишган.

Биз нима қилмоғимиз керак?

Бунинг учун ахлоқимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари каби хулқлантиришимиз, ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, оиламизга У Зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини жорий қилишимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгитлари асосида умр ўтказишимиз керак. Буларни ўрганиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танишимиз зарур. Кўришмаганмиз-ку, дейишимиз мумкин. У Зотни танишимиз сийратлари, ҳаёт йўллари ва шамоилларини ўқиб, ўрганиш орқали бўлади. Яна салавотларни кўпайтириш ҳам муҳаббатнинг белгиларидан.

Вақтни қўлдан бой берманг! Сиз илм олиш ёки етказиш учун илк қадамни ташланг, барака Аллоҳдан!

Аллоҳумма солли аълаа саййидинаа Муҳаммад ва аълаа аали саййидинаа Муҳаммад!

Нодирбек НИШОНОВ,

Фарғона шаҳар “Муҳаммад авлиё” масжид имом-ноиби

Манба: Fargonaziyo

Read 6447 times
Top