Сийрат ва ислом тарихи

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сабри

Мўътазилийлар ҳижрий иккинчи – милодий саккизинчи асрда ҳукуматни бошқараётган даврда “Қуръонни махлуқ дедириш” сиёсати авж олди. Халифа Маъмун олиму уламоларни саройига чақиртириб, уларга мажбуран “Қуръон махлуқ” деган гапни айттиришга уринди. Баъзи олимлар таъриз – сўз ўйини билан вазиятдан қутулиб қолдилар. Аммо уламолар орасида Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳдек ҳақда собит туриб, у гапни умуман тилга олмаганлар ҳам бўлди.

Халифанинг ёнидаги баъзилар “Аҳмад ибн Ҳанбални ҳамма яхши кўради ва унга эргашади. Шунинг учун “Қуръон махлуқ” деган гапни аввал унга айттириш керак” дея маслаҳат беришди. Халифа бу маслаҳатга амал қилиб, буюк олимни саройига олиб келтирди ва мазкур гапни айттиришга уринди. Улуғ имом бу гапни айтмадилар. Ғазаб отига минган халифа буюк олимни зиндонга ташлади ва дарра уришга амр қилди.

Кунларнинг бирида дарра уриш учун имомни ташқарига олиб чиқиб кетилаётганда бир воқеа бўлади-ки, бу ҳодиса Имом Аҳмаднинг хотираларидан ҳеч қачон кетмади. Воқеани имомнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ҳикоя қилади:

“Мен отамнинг мана бу гапларини кўп эшитганман: “Аллоҳ Абул Ҳайсамни раҳматига олсин! Аллоҳ Абул Ҳайсамни афв этсин! Дарра уриш учун мени ташқарига олиб чиқиб кетишаётганда, бир киши ортимдан кийимимни тортди ва менга қараб: “Мени танийсизми?” деб сўради. Мен “Йўқ” дедим. “Мен Абул Ҳайсам Айёрман. Ўғри, киссовурман. Амирул мўъмининнинг девонхонасида менга алоҳида-алоҳида тарзда ўн саккиз минг марта дарра урилгани ёзиб қўйилган. Мен шайтонга эргашиб, дунёга эришиш илинжида бу оғриқларга сабр қилдим. Сиз эса Раҳмоннинг тоати йўлида, Дин учун оғриқларга сабр қилинг!” деди. Менга ўн саккиз минг марта ўрнига ўн саккиз марта дарра урилди. Кейин ходим чиқиб, “Амирул муъминийн сизни афв этди” деди”.

“Маноқибу Имом Аҳмад”, “Сифатус софва” китоблари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 5964 times
Top