Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қурилиш ишларига ва бозор ишларига қандай эътибор қилганлар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй-жойлар қурилишини тартибга келтириш ва лойиҳалаштириш ишларида ҳам Аллоҳ таолонинг ҳақи, йўловчилар, қўшнилар ва масжиднинг ҳақига риоя этган ҳолда иш тутганлар ва бундай ишларни тартибга келтиришда ҳам етарли илмга эга бўлганлар. Шунингдек, у зот бирон ажратилган жойнинг қурилиш қилишга яроқли ёки яроқли эмаслиги масаласига ҳам етарли даражада аҳамият берганлар. Мисол учун, Мадинадаги ҳовлилар, ҳаммому бозорлар ва бошқа қурилиш жойларини олайлик, уларнинг аксари набавий лойиҳа асосида барпо этилган. Баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишларни амалга оширишда ўзлари бевосита қатнашардилар.

Ибн Саъд “Табақот” номли китобида шундай ривоят қилади: “Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада уй-жойлар ва ҳовлиларни тақсимлаб бераётганларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга уйининг лойиҳасини чизиб берганлар”.

У зот бир куни очиқ жойга чиқиб: “Мана бу жой ҳаммом учун қандай ҳам яхшидир”, деб кўрсатдилар. Шундан кейин ўша жойда ҳаммом барпо этилди. Мана шунинг ўзи ҳам Пайғамбаримизнинг муҳандислик, қурилиш ҳамда ўша жойнинг шамол йўналиши ҳақида керакли илмга эга бўлганларини билдиради.

Абу Довуднинг “Сунан” китобида ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини лашкаргоҳга юбориб: “Ким маконини торайтирса ёки йўлни тўсса, у учун жиҳод йўқдир”, деб кўпчиликка эшиттиришни тайинладилар. Бундай дейишга сабаб шуки, ўша вақтда баъзи саҳобалар маконларни торайтириб, йўлларни тўсаётган эдилар. Шунинг ўзидан ҳам ул зотнинг ҳатто сафарда ҳам чодирларни ўрнатишда тартиб-интизомга риоя этишга эътибор беришларини билиб оламиз.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иморат қуриш ва иншоотларни кўтаришда муайян қоидага асосланишга буюрганлар. Шунинг учун ул зотдан қўшнининг ҳақи тўғрисида сўралганда: “Иморатингни унинг иморатидан юқори кўтариб юбормагинки, шамол йўлини тўсиб қўясан, қозонинг (да пишириладиган ва қовуриладиган овқатларнинг) ҳиди билан ҳам озор берма. Мабодо озор берадиган бўлсанг, унга ҳам овқатдан чиқар”. Бошқа бир ривоятда “... қўшнига келадиган шамолни фақат ўзи рухсат берса, тўсиб қўйса бўлади”, деб айтганлар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозор жойини танлаш масаласида ҳам ўзига хос кўрсатма бериб, кўриш учун ўзлари ҳам борардилар. Бозор жойини кўрган заҳоти уни маъқуллаб, яёв юриб бориб: “Бу бозорларингиз нақадар яхши экан, ундан бирор нарса камайтирилмасин”, деганлар. Бундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эски бозор ҳақида: “Бу жой сизлар учун бозорга ярамайди”, деб айтгандилар. Сўнгра бошқа бир бозор жойига бориб, баъзи тавсиялар бердилар ва шу жойда бозор қуришга ундадилар.

Бозор ишларига эътиборлари шу даражада эдики, ул зот бозорчиларнинг ҳолатларини кузатар, бозорда нималар бўлаётганини сўраб-суриштирар ҳамда ўзлари ҳам савдо-сотиқ ишларида ҳалол бўлишни мақтардилар. Узоқдан келаётган отлиқ ва йўловчилардан ҳали бозорга кирмасларидан озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олаётган бозор аҳлини кўрсалар, бу ишлари тўғри эмаслигини тушунтирадиган кишини юборардилар. Гоҳида эса, шу тариқа савдо қилувчиларни бу ишдан бевосита ўзлари қайтарардилар. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида Ибн Умардан шундай ривоят қилинади: “Улар (бозорчилар) Расули Акрам замонларида озиқ-овқат маҳсулотларини отлиқлардан сотиб олардилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарларни отлиқлар токи бозорда сотадиган жойига етиб боргунларича, улар билан савдо-сотиқ қилишларидан қайтариш учун бир саҳобийни юбордилар”.

Баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда бўлаётган ишларни айнан ўзлари кузатганлари ҳақида ҳадисда шундай дейилади: Ул зот бир буғдой сотувчининг олдидан ўтиб, қўлларини қоп ичига тиқсалар, унга ҳўллик тегади. Шунда: “Эй, буғдой эгаси, бу нимаси?” деб сўрайдилар. Шунда у киши: “Ё Расулуллоҳ унга ёмғир теккан эди”, дейди. Расулуллоҳ: “Сен ўша жойини одамлар кўриши учун теппасига чиқариб қўймайсанми?” деб танбеҳ бердилар ва изидан: “Ким алдаса, бизлардан эмас”, дедилар. Имом Термизий бу ҳадисни ҳасан, саҳиҳ деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фатҳдан сўнг Саъид ибн Саъид ибн Осни Макка бозорига, Умар розияллоҳу анҳуни эса Мадина бозорига масъул қилиб тайинлашлари ҳам бежиз эмас. Бу эса у зотнинг бозор ишларига эътибор бериб, тарозибонни ҳалол ўлчаб-тортиши, адолатли ва мурувватли бўлишига жиддий қараганларини англатади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Бозор аҳлининг ўлчаб-тортиб берадиган тарозибони бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Оғирлигини ўлча ва палласини оғир қил”, деб тайинлаганлар” (Имом Аҳмад ривояти). “Палласини оғир қил” деган сўзлари хурмони ўлчаганда, хурмо палласини оғирроқ қил, деганидир.

Шунингдек, у зот бозорларни мол билан тўлдириш, тақчиллик бўлмаслиги ва қут-барака бўлишига аҳамият берардилар. Албатта, бундай эътибор бозорларда молни осон қўлга киритишга сабаб бўларди ва нархнинг сунъий ошиб кетишининг олдини оларди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ: “Жалб қилувчи ризқланувчидир. Иҳтикор қилувчи[1] лаънатлангандир”, деганлар (Ибн Можа ривояти). У зот олди-сотди, тижорат ва бирор касб-кор бошини тутмоқчи бўлган кишини бозорларга чиқишга ундар ва савдога ёлғон ва алдамчилик аралашишидан қайтарганлар. Айрим касб эгаларида шундай фирибгарлар пайдо бўлиб қолса: “Инсонларнинг ёлғончиси бўёқчилар ва заргарлардир”, деб огоҳлантирганлар (Ибн Можа ривоят қилиб: “Фатҳ номли китобда: “Бу ҳадис исноди музтарибдир”, деб айтган. Имом Аҳмад ва бошқалар ҳам ривоят қилган). (Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айни шу касб эгаларини таъкидлаб айтишлари – ўша даврда бўёқчилар ва заргарларда ёлғон гапиришлари ва алдашлари кўп бора кузатилганидан бўлса керак. Валлоҳу аълам).

Дарҳақиқат, ўз ҳузурларига фақирлик ва муҳтожликдан шикоят қилиб келган кишини Пайғамбаримиз ўтин теришига қизиқтириб, унга: “Мана шу водийга боргин-да, ўтинни ҳам, тиконни ҳам қолдирмай тергин. Ўн кундан кейин ҳузуримга келасан”, деб жўнатганлар.

Саъд ибн Оъиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига: “Ночор ҳолга тушиб қолдик”, деб шикоят қилиб келди. Шунда унга тижорат қилишни буюрдилар. Саъд ибн Оъиз бозорга чиқиб озгина акация (тиканакли ўсимлик. Бурчоқдошлар оиласига мансуб хушбўй гулли дарахт ёки бута) пўстлоғини сотиб олди. Кейин уни сотиб фойда кўрди. Бу ҳолатни Расулуллоҳга айтиб берганида, бу ишини тарк этмасликни буюрадилар. Шундай қилиб саҳобий бу тижоратини кейин ҳам ташламади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш йигитларни савдо-сотиқ қилаётганларини кўриб қолсалар, Аллоҳ таолодан барака тилаб, ҳақларига дуо қилардилар ва рағбатлантирардилар.

Бир куни ёш бўла туриб, тижорат қилаётган Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг олдидан ўтганларида: “Эй Аллоҳим, унинг савдосига барака бер!” деб ҳақига дуо қилдилар. Омирий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Жаъфар: “Биз ёш йигит эдик, бозорда ишлардик”, деган. Яна бозорга қай даражада аҳамият берганларига мисол шуки, ул зот олди-сотди билан шуғулланадиганларни тужжорлар (тижоратчилар), деб атаганлар. Ҳолбуки, илгари уларни самосирлар (даллолчилар) деб аташган. Ибн Можа Қосс ибн Абу Изорадан ривоят қилади: “Бизларни Расулуллоҳ замонларида самосирлар дейишарди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимиздан ўтаётиб бизларни ўзимизга ёқадиган яхшироқ ном ила: “Эй, тужжорлар жамоаси!” деб атадилар.

Ўша пайтда арабларнинг урфида тижоратчи деб аташ симсор деб номлашдан шарафлироқ саналарди. Шарафли жиҳати шундаки, самосирлар деб солиқ йиғувчиларни айтилган ва шу билан бирга бу ном Пайғамбаримиз замонларида салбий жиҳати бор кишиларга нисбатан ҳам қўлланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тикувчиликни ҳам билишлари касб-кор соҳасида етарли билимга эга эканларини тасдиқлайди. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ уй ишларига қарашиб, тикиш билан ҳам машғул бўлардилар”.

Ул зотнинг кўп ишлардан хабардорлиги бурни кесилган кишига тиллодан бурун ясаб олишга буюрганларида ҳам намоён бўлади. Бу ҳақда Абу Довуд “Сунан”ида ривоят қилади: “Килоб номли жангда Арфажа ибн Саъднинг бурни кесилиб кетади. Кейин у киши кумушдан бурун ясаб олади. Вақт ўтиб бурнидан бадбўй ҳид кела бошлайди. Буни билган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиллодан бурун ясаб олишини буюрадилар”. Имом Термизий “Сунан”ида айтади: “Кўп аҳли илмлардан ривоят қилинганки, саҳобалар тишларини тилло мустаҳкамлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсага: “Тилло бадбўй ҳид чиқармайди”, деб ишора қилганлар.      

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги дарахт ва ўт-ўланларни кесишни ҳаром деб эълон қилганларида, Аббос розияллоҳу анҳу: “Заргарларимиз ишлатадиган, томларимиз шифтини ёпадиган изхир бунга кирмайдими?” деб сўраганида, Расулуллоҳ: “Изхир бунга кирмайди”, деб рухсат бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон кишининг ўз ҳунарига завқ билан киришиб, уни гўзал ва пухта бажараётганини кўриб қолсалар, ўша ишни бу ҳунар эгасига топширардилар ҳамда ўша ҳунарида барчага танилгунига қадар қувватлаб турардилар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ Қайс ибн Толқ ал-Ҳанафийни саҳобалар билан масжид қурилишида қатнашиб, обдон ва сидқидилдан лой қораётганини кўриб қоладилар. Кейин лой қориш ишини Қайсга топширадилар-да: “Лойни унинг яқинига қўйинглар, чунки у бу ишни бошқалардан яхшироқ билади”, деганлар. Қайс ибн Толқнинг ўзи бу воқеани шундай хотирлайди: “Мен Мадина шаҳрига – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келганимда масжид қурилишида саҳобалар билан ишлаётганларини кўрдим. Мен лой қоришни яхши билардим. Дарҳол белкуракни қўлимга олиб, лой тайёрлай бошладим. Расулуллоҳ шунда менга қараб: “Бу ҳанафий лой қоришга уста экан”, деб мақтадилар. Бошқа бир ривоятда шундай дейилган: “У сизларнинг ичингизда лой қоришда пухтароғингиздир”.

Ибн Рушднинг “ал-Баён ват таҳсил” номли китобида Имом Моликдан ривоят қилинади, Имом Молик эса, Каттонийдан нақл қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабрнинг олдидан ўтиб, ғишти қийшиқ турганини кўриб, уни тузатиб қўйишга буюрдилар ва: “Албатта Аллоҳ таоло ишини гўзал ва пухта бажарган бандасини яхши кўради”, дедилар”.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида бўлаётган ҳолатларга бефарқ бўлмаганлар. У хоҳ кичик иш бўлсин, хоҳ катта иш бўлсин, барча ишларга аҳамият қаратганлар. Албатта Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда биз – уммат учун барча ишда иқтидо қилишимиз керак бўлган гўзал намуналар бор. Хусусан уй қуриш, лойиҳалаштириш, кўчаларни обод этиш, бозор ишларига эътибор бериш, бозорда кечадиган жараёнлардан хабардор бўлиш, халқ манфаатини кўзлаш ва ҳар бир кишига ўзига хос кўрсатмалар бериш ва ҳоказо...

Юқоридаги маълумотлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча соҳанинг илмини билганлари ва барча ишда моҳир бўлганларини билиб оламиз.    

Арабчадан Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 БАРАТОВ Ғиёсиддин таржимаси

 

[1] Зарур маҳсулотларни қиммат бўлишини кутиб, сотмай ушлаб туриш.

Read 7889 times
Top