Сийрат ва ислом тарихи

Миллиардер саҳоба ҳақларида эшитганмисиз

Бу саҳобийнинг исмлари Абдураҳмон ибн Авф бўлиб, Бану Зуҳра уруғидан бўлганлар. Кунялари Абу Муҳаммад эди. Маккада пешқадамлардан бўлиб Ислом динига кирганлар. Ривоятларда фил йилидан ўн йил кейин туғилганлари айтилади. Икки марта ҳижрат қилганлар. Биринчиси Ҳабашистонга, иккинчиси Мадинага. Бадр ва бошқа барча жангларда иштирок этганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада у кишини аснорлардан Саъд ибн Рабийъ розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйганлар. Қаҳрамонимиз Ибн Авф розияллоҳу анҳу “Ашараи мубашшара” (тириклигида жаннатга киришини эшитган)лардан эдилар.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу баланд бўйли, оппоқ чеҳраларига бироз қизил аралашган, гўзал юзли, кенг елкали бўлганлар.

Саъд ибн Робийъ розияллоҳу анҳу у киши билан ака-ука тутинганларидан сўнг “Мен ансорларнинг орасида моли кўп одамман. Молимнинг ярмини сизга бераман...” деганлар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу “Аллоҳ таоло сизнинг молингизга ва аҳлингизга барака берсин! Менга бозорни кўрсатиб қўйинг!” дейдилар. Саъд розияллоҳу анҳу у кишига бозорни кўрсатиб қўядилар. Кейин қаҳрамонимиз бозорда савдо ишларини йўлга қўйиб, тез орада бойиб кетганлар.

Бойликлари жуда кўп эди. Ҳатто ривоятларда келишича, Шомдан Мадинага етти юз туядан иборат карвон кириб келар, ўша карвон Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга тегишли бўларди.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Тарих” китобларида келтиришларича, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Бадрда қатнашиб, ўша пайтда ҳаёт бўлиб турган саҳобаларнинг ҳар бирларига тўрт юз динор, мўминларнинг оналарининг ҳар бирларига кўп миқдорда мол беришни васият қилган эканлар. Ҳатто Оиша онамиз розияллоҳу анҳо “Аллоҳ уни салсабил булоғидан суғорсин” деб дуо қилган эканлар.

У киши вафот этганларида, қолдирган бойликлари 3 103 000 000 (уч миллиард бир юз уч миллион) динор бўлган экан. 1 динор — 4.365 грамм олтиндир. Мазкур динорларни долларга айлантирсак, 528.2 млрд.$ бўлар экан.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу қуллари билан бирга овқатланардилар. Танимаган одам у кишини қуллари орасидан ажрата олмасди.

Шунча бойликлари бўлса ҳам у киши ўта камтар эдилар. Кеккайиш, ўзини катта олиш, моли билан, обрўси билан мақтаниш уларга ёт эди.

Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мадрасаларининг пешқадам талабаларидир.

Пулнинг кўп ёки озлиги уларнинг фазилатларига соя солмаган. Доим инсонийликнинг юксак намунасини кўрсатиб бораверишган.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳижрий 32-йилда, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик пайтларида вафот этганлар. Тахминан етмиш беш йил умр кўрганлар. 

Аллоҳ таоло у кишидан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 18420 times
Top