Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг кулишдаги хулқлари қандай эди?

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): Кўп кулма, кўп кулиш қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Имом Нававий айтадилар: Кўп кулишдан тийилиш лозим. Кўп кулиш Аллоҳнинг зикридан узоқлаштиради ҳамда қалбни қаттиқлашишига олиб келади.

Имом Ғаззолий бу ҳақда бундай деганлар: Кўп кулгу хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир.

Бироқ бугун ҳаётда содир бўлаётган воқеалар кўп кулиш нафақат қалбни ўлдириши, балки инсон ўлимига ҳам сабаб бўлишини исботламоқда. Хусусан, кўп кулиш оқибатида дунёдан кўз юмган бир қанча шахсларни келтириш мумкин. Уларнинг рўйхати алоҳида бир нечта китобни ташкил этади.

Касби ғишт терувчи уста бўлган Алекс Митчелл 1975 йил комедияли шоу дастурини кўриб, кўп кулиш оқибатида вафот этган.

Музқаймоқ сотувчиси Дамноен Саен 2003 йил тушида бетўхтов икки дақиқа давомида кулиб, ҳаво етишмаслиги натижасида вафот этди.

Оле Бентзен комедик кинони бетўхтов кулиб томоша қилганда юрак уриши тезлашиб, дақиқасига 250 марта уришга етган. Оқибатида инфаркт бўлиб оламдан ўтди.      

Эр.ав. III асрда яшаган қадимги Юнон файласуфи Хрисипп эшагига шароб ичириб, маст эшакнинг ҳолини кўриб, тинмай кулиши натижасида нафаси сиқилиб вафот этган.

Аксарият одамлар “кулиш умрни узайтиради” иборасини ўзларига шиор қилиб олиб, бетўхтов кулишларининг гувоҳи бўламиз. Бироқ, ҳар бир нарсанинг меъёри ва мезони борлигини ёддан чиқармайлик. Ахир, “асалнинг ҳам ози ширин”, деб доно халқимиз бежиз айтмаган. Юқоридаги аянчли ҳолатлар ҳам айнан чегарадан ўтиш оқибатида юзага келган. Шундай экан, кўп кулсам умрим узоқ бўлади, деган ҳом ҳаёллар билан ўз умрингизни завол қилманг.

Стокголм институти мутахассислари 110 дан ортиқ кишида кўп кулишнинг соғлиққа зарарлари, айниқса юракни толиқтириб, жисмни чарчатишини аниқлаб, илмий тарзда исботлаб бердилар.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) кўп кулма!, дедилар, умуман кулма деганлари йўқ. Чунки кулиш ҳар бин тирик жонга хос, табиий ҳолатдир.

Ҳар бир ишда ўзларининг умматларига ўрнак бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг суннатларига амал қилсак, иншааллоҳ икки дунё саодатига эришамиз. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ҳадислари барча фан-техника ютуқлари-ю, илмий кашфиёт, ихтиролардан олдинроқ биз учун нима яхши-ю, нима зарарлигини олдиндан башоратини берган дастурул амалдир.

 Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг кулишдаги хулқлари қандай эди? Келинг бу ҳақда мўминлар онаси Оиша (розияллоҳу анҳу)дан сўраб, ўрганиб олайлик. Онамиз Оиша (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг оғизларини катта очиб, оғизларининг ичи кўринадиган даражада кулганларини кўрмаганман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва салам) доимо табассум қилар эдилар (Бухорий ривояти).

Аллоҳ барчаларимизга севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)нинг суннатларига тўлиқ амал қилиш орқали икки дунё саодатига эришишни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 6578 times
Top