Сийрат ва ислом тарихи

Хулқи Қуръон бўлган зот

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. Аллоҳга беадад ҳамд-у саноларимиз, севикли Пайғамбаримиз Муҳамммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд-у саловотларимиз бўлсин.

Расулуллоҳ алайҳиссалом зарур бўлганда уйда, масжидда, йўлда ҳам яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганлар. У зот нафақат сўзлари, балки амаллари билан ҳам ўзгаларга буюк намуна бўлганлар. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хулқлари Қуръон бўлган. Биз бу гапни кўп эшитамиз-у, лекин маъносини чуқур ўйлаб кўрмаймиз. Бунинг маъноси шуки, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қилган ҳар бир ишлари, айтган ҳар бир сўзлари ва хулқлари ўзлари тиловат қилаётган оятлар, инсонларга етказаётган маърузалар, мажлислардаги ваъз-насиҳатларга мос демакдир.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдинги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса ҳам, тунларни намоз билан бедор ўтказар эдилар, ҳатто товонлари шишиб кетар эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг оёқлари шишиб кетганини кўрган саҳобалар: “Аллоҳ сизнинг ҳамма гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингизни қийнайсизми?” дейишганда, у Зоти муборак: “Мен шукр қилгувчи бандалардан бўлмайманми?” деб жавоб берганлар.

Тарихда таниқли ва аслзода шахслар жиноят содир этишса, кам ҳолларда уларга нисбатан жазо қўлланилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом даврларида ҳам ҳудди шундай воқеа содир бўлди. Қурайшнинг энг обрўли Бану Махзум қабиласидан бир қиз ўғрилик қилди. Ўғрилик содир этилгач, кўпчилик “Расулуллоҳ алайҳиссалом кечиримли Зот, уни авф этадилар, қолаверса, бу қиз обрўли оиладан, ҳеч бўлмаганда бошқа енгилроқ жазо қўлланса керак”, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб, “Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган”, деб таъкидладилар. Сўнг тарих мислини кўрмаган ва фақат Ислом динига хос бир ҳадисни айтдилар: “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам албатта қўлини кесаман!”.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳиш-истаклари ва ҳаёт-мамотлари Аллоҳдан тушаётган ваҳий билан боғлиқ эди. Бу ваҳийга қарама-қарши бўлган йўл у зот учун бегона йўл ҳисобланар эди.

Тасаввур қилинг, бир одам сизга энг яқин кишининг жонига қасд қилди. Сўнг ёнингизга келиб, афв тилади. Сиз унинг айбидан кўз юма оласизми?! Чеккан азобларингизни унутиб, уни кечира оласизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қотили Ваҳший розияллоҳу анҳуни Ислом динини қабул қилгач, уни афв этганлар.

Макка аҳли Расулуллоҳ алайҳиссаломни саҳобаларидан жудо этиб, юрган йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турган ҳолатларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мусибатларга сабр қилиб, уларнинг ҳаққига дуолар қилдилар. Аллоҳнинг нусрати ила Макка фатҳ этилганида маккалик мушриклар қўлларидан ҳеч нарса келмаган ҳолларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилажак ҳукмни кутиб туришарди. Чунки улар қилмишлари кечирилмаслигини, ўлимга маҳкум эканликларини ва шунга лойиқ қанчалик жирканч иш қилганларини билишар эди. Шундай бўлса-да, бу мушриклар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳусни хулқлари ҳақида бир-бирига сўзлаб, кечирилишларига умид боғлашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмаган бошқа йўлни танладилар, бу ҳукмни ҳеч ким кутмаганлиги ҳам рост эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларга қараб: “Кетаверинглар, сизлар озодсизлар”, деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тўғри сўзликлари ва омонатдорликлари ҳам буюк намуна. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатдорликларини эсланг! Ҳатто кофирнинг омонатига ҳам хиёнат қилмадилар! Қурайшликлар Расулуллоҳ алайҳиссаломлан бошқа ишончли омонатдор инсон топа олишмаган.

Тасаввур қилаяпсиз-ми?, бир-бирига қарама-қарши икки тараф, ўртада жанг кетаётганига қарамай, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз моллари ва пулларини ишониб топширганлар.

Расули акрам алайҳиссалом сарвари коинот бўлишларига қарамай, саҳобалари билан бирга ишлар, яшаш тарзлари уларникидан фарқ қилмас эди, мажлисга борганларида қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтирар эдилар, ҳатто келган одам: “Қайси бирингиз Муҳаммад алайҳиссаломсиз?”, деб сўрарди.

Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга катта бойлик ва подшоҳлик ваъда қилишиб, эвазига Исломни ёйишдан воз кечишни сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазишса ҳам Аллоҳнинг ўзи бошлаган ишимга равнақ бермагунча ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча танлаган йўлимдан воз кечмайман”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирона ҳаёт кечирдилар, фақирликлари ожизликларидан эмас, балки бойликка ружу қўймаганликларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳужраларининг узунлиги йигирма беш қулочдан ошмаган. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан истиқомат қилган ҳужралари бир хонали бўлиб, гуваладан тикланган эди. Ҳужранинг торлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиганларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз ухлай олмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз оёқларини йиғиштириб олардилар. Уйда ойлаб қозон осилмас, кўпинча оила таоми ҳурмо ва сувдан иборат эди. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан бошлаб, то қабз қилингунларича кетма-кет уч кеча тўйиб буғдой таом емаганлар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичига хурмо дарахтининг пўстлоғи солинган чарм тўшакда ётардилар. Ҳафса розияллоҳу анҳо онамиз бундай ҳикоя қиладилар: Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тўшаклари биттагина палос эди, уни икки буклаб солиб берардик. Бир куни палосни тўр буклаб солиб берган эдик, эртасига у Зот палосни неча қават қилиб тўшаганимизни сўрадилар, биз тўрт буклаб солганимизни айтганимизда, бундан кейин икки қават қилиб солинглар, бугун ўриннинг юмшоқлиги мени намоздан қўйди, деганлар.

Сизнинг гўзал хулқингизни, фазилатларингизни ёзиб, васф этиб тугатишнинг имкони йўқ. Бугунгача дунёдаги бирор машҳур шахснинг ҳасби ҳоли Сизникичалик кўп ва кенг ўрганилмаган, бу Сиз келтирган илоҳий рисолат ҳақлигига, Сиз келтирган дин Аллоҳ наздида мақбул, бутун инсониятга таклиф этилган охирги таълимот эканига ёрқин далилдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Огоҳ бўлинг! Албатта, мен сиздан аввал боргувчиман, сизлар ҳам менга етиб оласиз.

Огоҳ бўлинг! Ваъдалашган жойимиз – ҳавзи Кавсардир.....

Огоҳ бўлинг! Кимки эртага бу манзилда бўлишни истаса, тилини ва қўлини ёмонликдан тийсин”, дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга қилсин.

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 5816 times
Tagged under
Top