Сийрат ва ислом тарихи

Пайғамбар алайҳиссаломнинг муаззинлари

Жазирама иссиқ кунлардан бири. Тирик жон борки, Аллоҳдан паноҳ тилаб, соя-салқинга қочгиси келиб турган палла. Замин иссиқлигидан қайнайди гўё. Арабистон қумликларида олов учқунлари ялтираб туради. Инсон у ёқда турсин, қурт-қумурсқаю қушларгача ин-инига кириб кетган.

 

Жаҳаннам ўтидек ёниб турган шу қумликда бир қул йигит қўл-оёғи занжирланган ҳолда, қайноқ қумга чалқанча ётқизиб қўйилган эди. кўкрагида иккита йирик-йирик тош. Золим хўжайини, қўлида қамчи тутиб бошида турибди. Вазиятдан зулмнинг миқёсини ҳамда қулнинг азиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Оғир-оғир тошлар танасини босиб турганидан қулнинг терилари шилиниб-куйиб кетган. Оғир занжир эса, бирон-бир ҳаракат қилишга йўл бермас, ўлганнинг устига тепгандек, гоҳ-гоҳ қамчи еб қолар эди.

 

Лекин у бу азобларга қарамасдан – сабр-тоқатига ва иродасига тасаннолар бўлсинки –  ҳеч қандай дод-фарёд қилмас, тилида фақат бир сўзни такрорлар эди: “Аҳад, Аҳад”, яъни, “Аллоҳ бирдир, Аллоҳ бирдир”, дер эди, холос. Золим хўжайин ҳар гал бу сўзни эшитганида баттар қутуриб кетарди. Чунки у бутларга сиғинарди. Зотан, қандай ҳам бардош қилсин, қули унинг ҳамма бутларини инкор этиб, ягона Аллоҳга имон келтирган бўлса?!

 

Дарҳақиқат, бу иродали қул куфрдан ва ширкдан безор бўлган эди. у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини эшитган вақтда у зотга имон келтирди. Чин дили билан ёлғиз Аллоҳга ибодат қила бошлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашди. Бу ғайратли, жасоратли йигит ўзининг Парвардигорига бўлган имонини яшириб ўтирмади., хўжайинига очиқ-ойдин айтди. Мушрик хўжайиннинг жазаваси ҳам айни шу боисдан эди. қулни диндан қайтариш учун тўхтовсиз исканжага олар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан алоқани узишга мажбур этмоқчи бўлар эди. Аммо қули унга таслим бўлмади. У шундай эътиқод қилар эдики, дунёнинг беш кунлик азоб-уқубати ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ҳақиқий ҳаёт охиратда давом этади. У исломни қабул қилган кундан бошлаб, хўжайини уни ҳар куни азоблар, диндан қайтариш учун ваҳшиёна усулларни қўллар эди. Бироқ бу мўмин қул унинг ваҳшиёна, разилона ҳаракатларига жавобан тўхтамасдан “Аллоҳ бир, Аллоҳ бир”, деган сўзни қайтарар эди.

 

Ана шундай азоб-уқубатлар бўлаётган кунларнинг бирида Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ердан ўтиб қолди. Қулнинг сабру матонатини кўриб, дилида тасаннолар айтди. Исломнинг биринчи даражали душмани бўлган золим мушрикдан қулни сотиб олиб, унинг жабру ситамларидан озод қилди. Тоғдек куч-қувватга ва ундан ҳам катта иродага эга бўлган бу қул ким эди?

 

Албатта, у – Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу эди!

 

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу озодликка чиқиши билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига ҳозир бўлди ҳамда қолган ҳаётини Ислом учун бахшида қилди. У киши асли ҳабаш қавмидан бўлиб, Маккага яқин бир жойда туғилган, туғилишидан қул эди. Хўжайини исми Умаййа ибн Халаф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Исломга ашаддий душман эди.

 

Билол розияллоҳу анҳу Исломни биринчилардан қабул қилди, балоғатга етган кишилар орасида Ҳазрати Абу Бакрдан кейин имон келтирган иккинчи одам бўлди.

 

Исломнинг дастлабки паллаларида мусулмонларнинг ҳолати жуда оғир, Макка мушриклари Исломга кирганларни ниҳоятда оғир қийин-қистовларга олар эди. Ҳаммасидан ҳам Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилаётган азиятлар ўтиб тушарди. Исломни қабул қилиш ўзига мусибат ва зулм келтиришдан бошқа нарса эмас эди. Хусусан, Билолдек қуллар мисли кўрилмаган азоб-уқубатларга солинар эди. У даврларда хўжайинлар қуллар устидан тўлиқ ҳақ-ҳуқуқли бўлганидан, кўнгиллари тусаган ишни қилишарди. Ҳеч ким уларга эътироз қилмасди. Ҳазрати Билол ҳам бу ҳолдан хабардор эди. Аммо унинг қалбида Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳамда Исломнинг буюклиги ўрнашиб қолгани учун бу синовлардан қўрқмади. Имонида мустаҳкам турди, инсониятга мисли кўрилмаган даражада намуна қолдирди.

 

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларини қилишни ўзи учун бахт ва ибодат деб билди. Бора-бора у шу даражада ишонч қозондики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам то дунёдан кетгунларига қадар уни ўзларига омборчи қилдилар.

 

Ҳижратнинг биринчи йилларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозхонларни бир жойга жам қилиш учун азон айтишни ҳазрати Билолга юкладилар. Шу боис у кишини кўплар “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззини” деб улуғлашарди. Билол розияллоҳу анҳу баъзи сабабларга кўра, “ашҳаду”ни “асҳаду” деб айтар эди. Лекин унинг динга бўлган меҳру муҳаббати, ихлоси ҳамда фидокорлик туйғуси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хуш келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан кўз юмгунларига  қадар Мадина ва атрофидаги осмонларда Билолнинг розияллоҳу анҳунинг овози жаранглаб турди. Макка фатҳ қилинганда у ердаги илк азонни Ҳазрати Билол айтди.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан Каъба томига чиқиб, айтилинган бу азон шундан далолат бердики, ўша кундан эътиборан бу уй фақат Аллоҳга ибодат қилинадиган махсус жойга айлангани ҳамда бутун Араб ярим оролларида Ислом дини ғалаба қозонганидан далолат берди. Бундай шарафли вазифа Билол розияллоҳу анҳуга насиб қилди.

 

Ислом инсоният дунёсига тенглик-баробарлик ҳуқуқини олиб келди. Масалан, Билол розияллоҳу анҳу асли ҳабаш қабиласидан, қора танли ва туғилишидан қул эди. У даврда арабларнинг ҳамма қабиласи, хусусан, Қурайш қабиласи энг олий насабли қабилалардан ҳисобланарди. Арабдан бошқа халқларга паст назар билан қараб, одам ўрнида кўришмасди ҳатто. Лекин Билолга розияллоҳу анҳуга шундай улуғ мақом берилдики, Қурайшнинг энг улуғ каттаконларига ҳам бу мақом насиб бўлмаган. Ҳазрати Билолни қул деб эмас, балки бизнинг улуғимиз, деб чақирар эдилар. Чунки Ислом инсоннинг насл-насабига, ранги-рўйига ва ватанига қараб баҳо бермайди, балки унинг тақвосига қарайди.

 

Ҳазрати Билол ҳамиша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди. Барча ғазотларда Пайғамбарни соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб турди. Шу боисдан ҳам бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан кўз юмганларида Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу ғамга ботиб, руҳан ночор аҳволга тушиб қолди. Азон айтишни ҳам тарк этди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажралганлик туйғуси унинг қалбини титратарди. Муайян муддат бу ғам-қайғуни бошидан ўтказгандан кейин Ислом лашкарлари билан Шом томонга йўл олиб, жиҳодга ҳисса қўшди.

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан сўнг Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу икки марта азон айтди.

 

Биринчиси, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида Байтул Муқаддасга келганида Билолдан азон айтишни илтимос қилди. Ҳазрати Билол узр айтиб туриб олди. Лекин Умар розияллоҳу анҳу кўп илтимос қилганидан сўнг, ноилож азон айтишга турди. Билолнинг розияллоҳу анҳу айтган азонидан еру кўк ларзага келди. Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз эшитувчилар қалбини гўёки сеҳрлаб қўйгандай, беҳуш ҳолатга келтирар эди. Ўз вақтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида бўлган саҳобалар у азонни эшитиб, худди аввалги даврга қайтиб келгандай ҳис қилишди ўзларини. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганлик ҳис-туйғуси қайтадан тикланиб, йиғламаган одам қолмади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тоғдек иродали одам эди, у киши ҳам беихтиёр ўзини йўқотиб қўйди.

 

Иккинчиси: Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш учун Шомдан Мадинага келганида кишилар ундан Пайғамбар алайҳиссалом масжидида азон айтиб беришни илтимос қилишди. Ҳазрати Билол рад этди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли набиралари бўлмиш Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн илтимос қилганидан сўнг уларнинг илтимосини рад этишга журъат этолмасдан яна азон айтди. Масжиди набавийда Ҳазрати Билолнинг розияллоҳу анҳу овози жаранглаганида Мадинанинг мусаффо осмонида қайғу-алам учқунлари кенг ёйилиб кетди. Овозининг таъсир кучи шунчалик юқори эдики, эшитган киши беихтиёр масжид томон йўл оларди. Мадинага пайғамбарлик замонаси қайтиб келгандай туюларди.

 

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ниҳоятда муборак эди, ҳар бир лаҳзаси Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати ва итоатида кечди ҳамда дини Исломнинг ривожи учун сарфланди. Бундай бир ихлос ва жонкуярлик уни шундай улуғ мақомга етказдики, у мақомга дунёнинг манаман деган подшолари ҳам етолмаган, етолмайди ҳам.

 

Ҳазрати Билол буюк бир мужда билан шарафланган зотдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида жаннатда унинг қадам товушини эшитганлар. Сўнгра ундан: “Эй Билол, сен қандай амал қиласанки, қадаминг товушини мен жаннатда эшитдим”, деб сўраганларида, Билол розияллоҳу анҳу: “Мен таҳоратсиз юрмайман, таҳорат олган заҳотим дарҳол икки ракат намоз ўқиб оламан”, деб жавоб берган.

Read 7303 times
Top