muslim.uz

muslim.uz

2017 йилнинг 23 апрель куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра XII босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан рўйхат асосида масжид имом-хатиблари иштирок этишди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Марказ директори т.ф.н. Ш.Зиёдов, Марказ директорининг ўринбосари проф. Б.Тураев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зухриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан вилоятлараро суҳбат ўтказишди.

Ўзбекистон Республикасининг марҳум биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Суҳбат асносида тингловчиларга юртимиздаги диний соҳада эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида марҳум Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан жойларда катта-катта масжидлар, азиз-авлиёларимизнинг абадий қўним топган табаррук қадамжолари таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилганини таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ва бу йилда мазкур дастурга асосан юртимизнинг барча вилоятларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари бўйича ҳам атрофлича  маълумотлар айтиб ўтилди. Бугунги кунда юртимизда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ва тараққиёт ишларида имом хатиблар ҳам ўз касбий нуқтаи назаридан келиб чиқиб, динимиз ва давлатимиз ривожига ўзлариниг муносиб ҳиссаларини қўшиши таъкидлаб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги турли бузғунчи экстремистик гуруҳлар фитнасидан доимо огоҳ бўлиш ва жойларда ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари, тадбирларда бу манфур оқимларнинг кирдикорларини фош этиш, имом-хатиблар бугунги кунда янада шижоатли ва жонкуяр бўлишлари, бепарволик ва лоқайдликка йўл қўймасликлари лозимлиги уқтирилди.

24 апрель куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзусида маъруза қилди.

Шундай қилиб, янги босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Аллоҳ таоло инсонни яратди ҳамда уни Ўзининг ер юзидаги халифаси этди. Инсонлар кўпайиб ер юзида тарқалдилар. Аллоҳ уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун муқаддас китобларни туширди. Бу китоблар замон, макон ва жамиятларга эътиборан турли ҳажмда бўлган. Уларнинг баъзиси саҳифалар шаклида ёки катта ҳажмда бўлиб, китоб шаклига келтирилганлари ҳам бор. Улардан энг машҳурлари тўрт самовий китоблардир: Забур, Таврот, Инжил ва Қуръон. Бу китоблар мазкур тартиб билан Мусо, Довуд, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломларга юборилган. Бошқа пайғамбарларга эса унча кўп бўлмаган самовий таълимотлар туширилган бўлиб, ҳажми фақат бир неча саҳифадан иборат бўлган. Шунинг учун ҳам улар “Саҳифалар” деб аталади. Одам алайҳиссаломга ўн саҳифа, Идрис алайҳиссаломга ўттиз саҳифа, Иброҳим алайҳиссаломга ўн саҳифа юборилгани каби.

Мазкур китоб ва саҳифаларда Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган диний ибодатларни адо этиш қоидалари ва ижтимоий ҳаётдаги одоб-ахлоқ йўллари баён этилган. 

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ

Олимхон тўра ўғли Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг

“Ислом ақида, ибодат ва ҳаёт тарзи” китоби асосида тайёрлади

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги вилоятдаги имом-хатиблар ва уларнинг ноибларининг фидоийлиги, фуқаролик масъулияти ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ушбу йўналишдаги кўникма ва тажрибаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар машғулотлари ташкил этди.

Ҳафтада бўлиб ўтган машғулот дарслари Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Пастдарғом, Пойариқ ва Ургут туманларида олиб борилди. Вилоят имом-хатиблари беш гуруҳга жамланган ҳолда ўзларига яқин ҳудуддаги семинар машғулотларида иштирок этдилар.

Семинарда Ўзбекистонда Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамияти, имомларнинг йўлдан адашган, суиқасд қилиш, жиноят содир этишга мойил, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлган ва бошқа ижтимоий хавфли гуруҳга кирувчи фуқаролар билан суҳбатлар ўтказиш жараёнида суҳбатдошига ижобий таъсир кўрсатиш усуллари ҳамда  имомларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш чоралари каби долзарб мавзуларидаги маърузалар тингловчиларга етказилди.

Маърузаларни Самарқанд вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Х.Нормуродов, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти профессар-ўқитувчилари, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Ҳ.Олимжон мусиқали ва драма театри раҳбари Б.Шарипов, вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши раиси М.Бобоёров, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи раҳбари Х.Муҳаммедов, Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари, туман бош имом- хатиблари олиб бордилар.

Шунингдек, масжидларнинг мутаваллилари ҳам машғулотларга жалб этилди. Уларга мутахассислар молиявий тушумларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш ҳамда банк молиявий фаолияти бўйича зарур тушунчалар бердилар.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Ўтган ҳафта  "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида “Мазҳаблар ва йўналишлар”  фани ойлиги  муносабати билан иккинчи ва тўртинчи курс талабалари ўртасида “Биз ёт ғояларга қаршимиз” мавзуида мусобақа ўтказилди. Мусобақа шартлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китоби асосида  олиб борилди.    

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад талабаларнинг мазҳаблар ва оқимлар ҳақидаги билимларини ошириб бориш, уларда турли диний экстремистик ва террористик оқимларларга қарши иммунитетни шакллантириш, талабалар орасидан қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаб олиб, уларнинг истеъдоди ва  ижодий қобилиятини намоён қилиш ва муносиб рағбатлантиришдир.

     Қуръони карим тиловати билан бошланган мусобақа қуйидаги олтита шарт асосида олиб борилди.

  • Ҳар бир гуруҳга олтитадан савол
  • Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига учтадан тест саволи. Жавоб беришга бир дақиқа вақт берилди.
  • Эркин ижод саҳна кўриниши.
  • Тезкор савол жавоб икки дақиқа ичида саволларга жавоб бериш.
  • Ҳар бир гуруҳ биттадан кўргазмали қурол: баннер, слайд, ролик тайёрлаш .
  • 2016-2017 ўқув йилида фан юзасидан газета, журнал, интернет сайтларида гурух талабалари эълон қилган мақолалар.

Жамоа иштирокчилари ўз чиқишларида шартларга пухта тайёргарлик кўрганини намойиш қилди. Китоб асосида тузилган саволларга аниқ ва лўнда жавоблар бердилар. Талабалар тайёрлаган саҳна кўринишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Талабалар мусобақага тайёргарлик жараёнида мазкур фан юзасидан ўз билимларини мустаҳкамлаб олдилар.

Жалолиддин АҲМЕДОВ,

"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

«Техника асри», «интернет асри» деб аталаётган шиддаткор даврда яшаяпмиз. Ушбу давр инсониятга ақл бовар қилмас имкониятлар эшигини очди. Шунинг баробарида қатор муаммолар ҳам бўй кўрсатди. XXI аср нафақат юқори технологиялар асри бўлди, балки маънавий хуружлар авж олган нотинч юзйилликка ҳам айланиб улгурди. Бу хуружлар инсонга руҳий таъсир ўткаиш усулларнинг хилма-хиллиги билан хатарлидир.

Ҳозирги вақтда компьютер ўйинлари фақат ёшлар эмас, балки катталарнинг ҳам ажралмас эрмагига айлангани барчага маълум. Айни ўқиш, билим олиш, касб-ҳунар танлаш давридаги ёшларнинг компьютер ўйинхоналарини тўлдириб ўтириши бугуннинг кўз юмиб бўлмас муаммосига айлангани рост. Улар севиб, қизиқиб, ўйнаётган ўша ўйинлар бир-бирини ваҳшиёна тарзда қийнаш, ўлдириш, қувлаш  ва ҳоказолардан иборат. Бугунги болаларни оддий ўйинлару ўйинчоқлар қизиқтирмайди. Уларнинг онгу шуурини компьютер ўйинлари шу даражада банд  қилдики, бўш қолдим имкон туғилгунча ўйинлар оламига шўнғишга интилади улар. Мунтазам равишда даҳшатли ўйинлар ўйнаган болалар ва ўсмирларда  жиззакилик, бемеҳрлик, қўрслик ортиб, ўз ишига бўлган масъулиятсизлик юзага келади. Яна бир хавфли тарафи, бола онгида кечаётган виртуал ўйинлардаги зўравонлик, қотиллик, беҳаёлик, ўғирлик иллатлари эртага реал ҳаётда синаб кўрилиши эҳтимолдан холи эмас. Биргина мисол, ушбу ўйинлар ичида турли хил кўринишга эга бўлган «ГТА» ўйинини олайлик. Унда ўйин қахрамони тўғри келган одамни уриб ўлдириб, машина олиб қочиб, машинада йўлда учраган одамларни уриб кетаверади ва отишмалар билан йўлни давом эттиради. Буни эса сизу бизнинг фарзандимиз бошқармоқда. Энг даҳшатлиси, эса ўзининг бу ишидан хурсандчилиги юзида акс этиб, нима қилиб бўлса ҳам янада кўпроқ ўлдириб, ўйин охирига етишга интилмоқда. Ёки бўлмаса «CALL OF DUTE» «MEDAL OF HONOR» «COUNTER STRIKEI» каби таъсир кучи юқори бўлган ўйинларни олайлик. Бу ўйинлар моҳиятига юртпарварлик ғояси сингдирилган ўйинларга ўхшайди. Аслида эса унда бир гуруҳ одамларни ўлдириб якка ҳукмронликка эришиш мақсад қилиб қўйилган. Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа. Кечкурун ишдан қайтаётганимда компьютер ўйинхонасидан бир гуруҳ мактаб ўқувчиларининг сўзлари эътиборимни тортди. Улар бугун ўйинда нечта жойни ёқиб юборгани, қанча одамни ўлдирганини мақтаниб сўзлашарди. Нега улар мактабда нечта юқори баҳо олгани-ю, қайси китобни ўқиб тугатгани билан мақтаниш ўрнига бу каби зарарли ўйинлар асирига айланиб, қайси босқичдан ўтганию, қайси ўйинда ғалаба қозонгани билан мақтаняпти?

Зўравонликни тарғиб этувчи видео ўйинлар билан машғул бу ёшларнинг эртаси учун жавобгарликни, аввало, ота–она, қолаверса, маҳалла-куй ҳис қилиши керак. Фарзандини назоратсиз қолдириб айбни фақат компьютер, телефондан эмас, ўзларидан қидириш пайти келмадимикан? Қўшнимизнинг ўғли ҳар сафар репетиторга кетяпман деб онлайн ўйинларга муккасидан кетгани сабаб унверситетга киролмагач, ўз ишидан пушаймонлигини билдириб, маслаҳат сўраб келганди. У ўз  хатосини тушуниб етиб аввалгидек ўқишга меҳр қўйди. Лекин ана шу хатога муккасидан кетган ўсмирлар қанча!

Юртимизда фарзанларимизни бундай ўйинлар чангалидан халос этиш учун, уларни носоғлом ахборот хуружларидан ҳимоялаш дастури ишлаб чиқилган. «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда ёшлар орасида шафқатсизлик, ҳаёсизлик ва зўравонликни ташвиқ қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-харакатлар манъ этилган.

Фарзандлар – қалб райҳонларидир. Уларнинг гул-гул яшнаши ва бўй кўрсатиши учун юртимизда яратилган имкониятлардан ўз ўрнида оқилона ва унумли фойдаланиш даркор. Уларни ёт унсурлардан асраш ва муҳофаза этиш биз катталарнинг бирламчи вазифамиздир.

Ғолибжон ХИДИРОВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

                                                                      

  

 

Top