muslim.uz
Рўзадорнинг қалқони
Шундай бир фурсат борки унда мўмин бандага дунёда уни гуноҳу маъсиятлардан, охиратда эса дўзахдан тўсадиган “қалқон” берилади. Бу ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ. رَوَاهُ اَبُو دَاودَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
- Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;
- Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак, рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариат ман қилган нотўғри сўзларни гапирмасин ва нотўғри ишларни қилмасин. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.
Эътибор бериладиган бўлса аслида рўза бўлмаган пайтларда ҳам уни қилиш мумкин бўлмаган ишлардан рўзада таъкидлаб қайтарилган. Бунинг ҳикмати ҳақида уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.
Шу маънода ҳозирги кунимизда ҳам айрим муҳим хавфсизликларни инсонларнинг одатларига айлантириш мақсадида баъзи ойларни “ҳаракат хавфсизлиги ойлиги”, ёки “ёнғин хавфсизлиги ойлиги” каби номлар билан аталаётгани барчага маълум бўлган оддий ҳақиқатдир.
Зеро рўзадан кўзланган асосий мақсад бошқа пайт истемол қилиш мумкин бўлган ейиш-ичиш каби нарсалардан сақланишдангина иборат эмас, балки нафсни жиловлаш малакасини ҳосил қилишдир.
Демак Рамазон ойида мазкур қайтариқларнинг таъкидланиши фақатгина унинг бошқа ойлардан афзал эканини билдириб қўйиш учун эмас, балки бу ойда одатга айланган ишлар бошқа барча ойларда ҳам бардавом бўлиши учундир. Шунга кўра Рамазонда ўзлаштирилган сифатларни одатларига айлантириб олганларнинг оилаларида ва бундай оилалардан ташкил топган жамиятда тинчлик, тотувлик ва хайру барака бутун йил бўйи давом этади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёда гуноҳлардан, охиратда дўзахдан қалқон бўладиган даржадаги рўза тутиш бахтига муваффақ қилсин.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим
Қадр кечасининг фазилатлари
Ўтган умматларнинг умри узун бўлганидан, улар жуд кўп яхшиликлар қилиб, бисёр ажр-савобга эришганлари тарихдан маълум. Бу ҳолатни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билгач, у зоти бобаракотга умматларининг умри жуда қисқа кўринган. Узун умрли умматларга ҳаваслари келиб, умматимнинг умри ҳам уларга ўхшаб узун бўлганида, албатта, булар ҳам кўп яхшиликлар қилиб, кўплаб ютуқларга эришардилар, деб орзу қилганларида, Аллоҳ таоло у зотга Лайлатул қадрни ато қилиб, бу кечада қилинган ибодатларнинг ажр-мукофоти ўтган умматларнинг минг ой давомида қилган ибодатлари савобидан афзалдир, деган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло биз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматларини бошқа умматлардан кўплаб хусусиятлар билан фазилатли қилди. Бизга расуллар ва набийларнинг ичидан энг афзали ва энг охирги пайғамбарини юборди, энг охирги Китоби – Қуръонни туширди ҳамда бизни энг яхши уммат деб атади:
كنتم خير أمة أخرجت للناس
“(Эй мусулмонлар!) Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз” (Оли Имрон, 110-оят ).
Лайлатул қадр қандай кеча ўзи? Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
«Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр сураси).
Лайлатул қадр – қадри улуғ кеча, дегани. Бу кечада бериладиган фазилатларнинг қадри юксаклиги, унинг қадр-қиммати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бандаларнинг бир йиллик амаллари ўлчаниб, режалаштирилишидан шундай номланган. Зеро, фаришталар бу кечада келгуси йилнинг шу кечасигача қилинадиган барча ишларни ўлчаб-ҳисоблаб қўядилар.
Сурада зикр қилинганидек, бу кечада Қуръони карим нозил қилинган. У минг ойдан яхшироқ кечадир. Бу тахминан, Лайлатул Қадр кечаси ичида бўлмаган 83,3 йилга тўғри келади. Бу, шу муборак кечада қилинган ибодатлар шунча йил давомида бажарилган ибодат савобидан афзал, деганидир. Фараз қилайлик, бу муборак кечани бир марта топган киши шунча йиллик ибодатдан кўра афзал савобга эришса, уни бир неча марта топган киши қанчалар ажрга эришар экан-а? Бу ортиқ бахт борми? Шу боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу муборак ойни интиқлик билан кутар, унинг яқинлашаётганини саҳобаларга эслатиб, тайёргарлик кўришга чорлардилар. Рамазон келгач, саҳобаларни қутлаб муборакбод этардилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи кирганида бундай дуо қилар эдилар:
اللهم بارك لنا في رجب وشعبان وبلغنا رمضان
«Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин» (Имом Байҳақий ривояти).
Муалло ибн Фазл (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Салафи солиҳлар Рамазон келмасидан олти ой олдин Аллоҳдан бу ойга етказишини сўраб дуо қилишар, Рамазондан кейин эса, яна олти ой бу ойдаги ибодатларининг мақбул бўлишини тилаб илтижо этишар эди». Шундай қилиб, у зотлар йил давомида бу муборак ой ҳақида қайғурар эканлар.
Бу кечада Жаброил (алайҳиссалом) бошчилигида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган бандаларнинг бир йиллик ишларини олиб тушадилар. Бу тун тонг отгунча тинчлик-омонлик кечасидир. Бу муборак кечада фаришталар мўминларга салом беришади, бандаларнинг тақдирига фақат тинчлик-омонлик битилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يَقُمْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْبخاري.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Қадр чекасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар. Демак, бу кечани намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, дуо, истиғфор каби ибодатлар билан бедор ўтказиш керак.
Таъкидлаш лозимки, Лайлатул қадр кечасини бедор ўтказишдан мурод ибодат, зикру тасбеҳ, Қуръон тиловати бўлиши керак, таомхўрлик, зиёфат, бекорчи гап-сўзлардан иборат эмас. Аввало, бу кечани қоим бўлиш учун ўша кечанинг хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳадиси шарифда хуфтонни жамоат билан адо қилган киши ўша кечанинг ярмини, бомдодни жамоат билан ўқиган киши ўша кечанинг қолган қисмини бедор ўтказибди, дейилган.
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
26 июнь кунидаги хатмоналар
Ҳурматли порталимиз мухлислари, Яратганга шукрки, Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабабли муборак Рамазон ойи ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда. Айниқса, кундузлари соим бўлиб Аллоҳга муқарраб бўлган инсонлар, тунлари таровиҳ намозларида ҳам иштирок этиб Аллоҳнинг каломига соме бўлишмоқда. Дуолар мустажоб бўладиган ғанимат дамларда Юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига хайрли дуолар қилишмоқда.
Сиз азизларга 26 июнь куни пойтахтимизнинг қуйидаги масжидларида Қуръон хатмоналари якунига етишини маълум қиламиз:
- Шайхонтоҳур тумани, "Хувайдо" жоме масжиди. Масжид имом-хатиби –Жўраев Фарҳод. Хатмда Муҳиббуллаев Саид Муҳаммадхон қори.
- Яшнобод тумани, "Имоми Аъзам" жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Абдусатторов Абдулазиз. Хатмда Абдурахманов Маъмур ва Холмирзаев Убайдулло қорилар.
- Юнусобод тумани, "Минор" жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Турсунов Анвар. Хатмда Қабилов Абдулбосит, Неъматов Жаҳонгир ва Абдумажитов Ҳасанхон қорилар.
- Яккасарой тумани, "Раҳимжон хожи ота" жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Мақсудов Баҳром. Хатмда Мақсудов Баҳром, Лутфиллаев Ҳамидилло ва Қодиров Орифжон қорилар.
- Олмазор тумани, "Сирож Солиҳ" жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Болбеков Ботир. Хатмда Раҳимов Абдулборий қори.
Шукуҳли ва дуолар ижобат бўладиган хатмона кечасида Аллоҳ таолодан Рамазон ойи Юртимиз учун барокатли ва хайрли бўлишини, Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилайлик. Зеро, бу ойда қилинган дуо мустажобдир.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати