muslim.uz
Ғамхўрлик, меҳр-мурувват ва саховат ойи
Муқаддас динимиз кишиларни бир-бирига яхшилик қилишга, меҳр-мурувват ва саховат кўрсатишга чақиради. Айниқса, Рамазон ойи кириб келиши билан бу каби инсоний қадриятлар янада кенг қулоқ ёзиб, кўнгилларга сурур ва шукуҳ олиб киради.
Ушбу муборак ойда мўмин киши рўза тутиш билан бирга кўпроқ тоат-ибодат, тиловат, зикрлар қилади. Яқинлари ҳамда дўсту ёрларини зиёрат қилиб, уларга энг эзгу тилакларини билдиради. Энг муҳими, эҳтиёжманд ва кам таъминланганларга хайр-эҳсон улашиб, уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиладилар. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам саховатлари Рамазон ойида аввалгидан-да зиёдалашар эди.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча инсонлар ичида энг саховатлиси эдилар. Рамазонда Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида саховатлари янада ортар эди. Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳар кеча учрашиб, Қуръонни музокара қилар эдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ хайрли ишда кучли шамолдан ҳам тез эдилар”.
Демак, сахийлик, қўли очиқлик ҳамда етим-есир, камбағалларга кўмак бериш каби фазилатлар бизга Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос. Бу эзгу анъаналар бугунги кунда давом эттирилмоқда. 2023 йил — мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилингани ҳам юртимизда инсон қадри нақадар улуғ эканидан далолат беради. Қолаверса, мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳам таҳсинга лойиқ.
Айниқса, шу йилнинг 17 февраль куни давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни умра зиёратига жўнатиш тўғрисидаги илтимосига розилик берганлари ҳам халқимиз томонидан катта хурсандчилик ва қувонч билан кутиб олинди.
Орадан қисқа фурсат ўтиб, Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги ва яқиндан қўллаб-қувватлаши билан 1400 нафар эҳтиёжманд фуқароларимиз муқаддас умра сафарига йўл олишди. Таъкидлаш жоизки, ушбу муборак сафар учун харажатлар давлатимиз томонидан қоплаб берилмоқда.
Таъкидлаш керакки, юртдошларимиз Жидда халқаро аэропортида ишчи гуруҳи ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда қизғин кутиб олиниб, меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда.
Зиёратчилар Мадина ва Макка шаҳарларида барча зарур қулайликларга эга, шинам меҳмонхоналарида истиқомат қилишяпти. Ушбу тураргоҳларда умра ибодат тадбирлари ташкил этиляпти.
Умра зиёратчиларига кенг қулайлик яратиш мақсадида ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт ходимлари юқори даражада узлуксиз хизмат кўрсатмоқдалар. Мадина ва Макка шаҳридаги меҳмонхоналарда тиббий хизмат хонаси ҳам фаолият юритмоқда.
Умра ибодатини адо этаётган эҳтиёжманд фуқароларимиз кўп йиллик орзулари ушалганидан хушнуд бўлишиб, шундай саодатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтишмоқда. Бу хайрли ишларнинг бошида турган давлатимиз раҳбарини дуолар қилишмоқда. Шу кезларда уларнинг қалби шукроналик ҳиссига тўлиб, ҳаётдан мамнун ва масрур эканликларини намоён этишяпти.
Президентимизнинг топшириқларига биноан, ушбу муқаддас ойда умра зиёратига кетган кам таъминланган юртдошларимизнинг оиласидан хабар олиниб, уларга Рамазон хайр-эҳсонлари улашилмоқда. Яшаш шароитларини яхшилаш, янада моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратиляпти. Зотан, мусулмон киши муҳтожларга кўмак кўрсатиши, уларнинг оғирини енгил қилиши улуғ фазилат ҳисобланади.
Бундан ташқари, имом домлалар маҳалла масъуллари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари билан ҳамкорликда аҳолининг кам таъминланган қатламига ифторликка сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишмоқда. Уларнинг уйларида ифторлик дастурхони ёзиб, кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилиняпти.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадисда ифторлик қилиб беришнинг нақалар улуғ эканлиги англашилади.
Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 271-оятида эса шундай дейилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз — ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”.
Рамазон ойида қилинган садақа энг яхши садақадир. Шунинг учун ҳам кам таъминланган оилаларга Рамазон қувончи ва сурурини олиб кириш ҳар биримиз учун ҳам қарз ва ҳам фарздир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков
ЖССТ рўзадорлар учун муҳим тавсияларни эълон қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан рўзадорлар учун соғлом овқатланиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсияларга амал қилиб, ортиқча вазндан халос бўлиш, қон босими ва организмдаги холестерин миқдорини пасайтиришга эришиш мумкин.
Хусусан:
- кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда салқин ва соя жойларда қолиш ҳамда қуёшда узоқ юрмаслик тавсия этилади;
- ифторлик ва саҳарлик оралиғида кўп миқдорда сув ичиш мақсадга мувофиқ, чунки кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп тер ажралишига сабаб бўлади.
Шу боис кун давомида йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш эҳтиёжи юзага келади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.
Серсув маҳсулотлар тановул қилиш орқали ҳам бу меъёрни қисман қоплаш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин ҳўл мевалар ейиш фойдалидир.
"Аччиқ-чучук" салати таркибидаги бодринг ва помидор ҳам серсув неъматлар ҳисобланади.
Шўрва ёки сабзавотли салатлар сингари сувга бой таомларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.
Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб турган маъқул. Чунки бу модда инсон организмида сув миқдори камайиши (дегидрация)га олиб келади.
Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқармаслик зарур.
Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келади. Қисқа муддатли сайр ёки чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Аммо кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати