muslim.uz
Рамазон ойида хорижда бир миллион нусха Қуръони карим тарқатилади – Саудия Арабистони
Саудия Арабистони подшоси Салмон якшанба куни Рамазон ойида Қуръони каримнинг бир миллион нусхасини хорижга тарқатишга қарор қилди.
Нусхаларда Қуръоннинг турли ўлчамдаги нусхалари ва муқаддас китобнинг 76 дан ортиқ тилга таржималари бўлади.
Мадинадаги подшоҳ Фаҳд Қуръон матбаа мажмуаси томонидан чоп этилган нусхалар 22 давлатдаги ислом марказларига совға қилинади.
Муқаддас китоб нусхалари Рамазонга ўз вақтида етиб боришини таъминлаш учун тайёргарлик бошланди, дейди Ислом ва Даъват ишлари вазири, шайх доктор Абдулатиф ибн Абдулазиз Ал-Шайх.
Azon.uz
Иброҳим алайҳиссаломнинг синалиши
ابتلاء ابراهيم عليه السلام
58-савол: Аллоҳ таоло айтади:
وَإِذِ ابْتَلَى إِبْرَاهِيمَ رَبُّهُ بِكَلِمَاتٍ فَأَتَمَّهُنَّ
«Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла!» (Бақара сураси, 124-оят)
Муфассирлар Иброҳим алайҳиссаломнинг синалиши ҳақида нима деганлар?
58–жавоб: Ҳасан Басрий айтади: Аллоҳ таоло у зотни фарзандини қурбонлик қилиш билан синади. У киши бунга сабр қилди. У кишини юлдузлар, қуёш, ой билан синади. У киши бу синовдан яхши ўтди. Билдики, унинг Робби йўқ бўлмайдиган доимийдир. Кейин у киши ватанидан чиқиб кетиши билан синалди. У киши Аллоҳ таоло учун ҳижрат қилиб чиқиб кетди. Сўнгра оловга отилиш билан синалди, у сабр қилди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: Бу динда Иброҳим алайҳиссаломдек бошқа ҳеч ким синалмаган. У Ислом билан синалди ва у бу синовни гўзал тамомлади: وَإِبۡرَ ٰهِیمَ ٱلَّذِی وَفَّىٰۤ «Ва вафо қилган Иброҳимнинг…»
Натижада Аллоҳ унга жаҳаннамдан бароат берди.
Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси
Исломхон Убайдуллаев, Қосим Ошурнинг
“Қуръоний жавҳарлар: 1000 саволга 1000 жавоб”
китоби асосида тайёрлади.
Жадидлар меросини ўрганишга бағишланган Халқаро конференция иштирокчиларига
Ҳурматли конференция қатнашчилари!
Қадрли меҳмонлар!
Аввало, сизларни жадид маърифатпарварларининг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти, илмий-ижодий меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференциянинг очилиши билан табриклайман.
Ушбу нуфузли анжуманни ташкил этиш ва ўтказишда бизни қўллаб-қувватлаган Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ, Халқаро турк академияси, Турк маданияти ва мероси халқаро фонди, Туркий давлатлар парламентлари ассамблеяси раҳбарлари ва вакилларига, барча хорижий олимларга чин қалбимдан ташаккур билдираман.
Азиз дўстлар!
XIX аср охири ва XX аср бошларида бир қатор шарқ ва мусулмон мамлакатларида вужудга келган жадидчилик ҳаракати Туркистон ўлкасида теран тарихий илдизларга эгадир. Юртимиз улкан ижтимоий-сиёсий ва маърифий аҳамиятга эга ушбу жараёнлардан четда қолмагани, аксинча, бу ҳаракатнинг марказларидан бирига айланганини таъкидлаш лозим.
Ўз замонининг илғор намояндалари бўлган жадидлар ғоят мураккаб ва қийин шароитда билим ва маърифат тарқатиш, таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этиш орқали миллий тараққиётга эришиш ғояси билан майдонга чиқдилар.
Шу мақсадда ўз маблағлари ҳисобидан мактаб ва театрлар, нашриёт ва кутубхоналар, газета ва журналлар ташкил қилдилар, қобилиятли ёшларни чет элларга ўқишга юбордилар. Уларнинг бу олижаноб ташаббус ва ҳаракатлари жамият ҳаётида кучли акс садо бериб, қудратли тўлқинга айланди.
Ўйлайманки, тарихда икки буюк Ренессансга замин бўлган минтақамизда учинчи Ренессансни айнан жадид аждодларимиз амалга оширишлари мумкин эди. Афсуски, мустабид тузум уларнинг эзгу ғоя ва амалий ҳаракатларини тўла рўёбга чиқаришга имкон бермади.
Биз бугун мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти, ҳуқуқий демократик давлат барпо этар эканмиз, жадид боболаримизнинг гуманистик қарашларига таянамиз, уларнинг меросидан маънавий куч-қувват оламиз.
Юртимизда мустабид тузум даврида сиёсий қатағонга учраган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолият олиб бормоқда. Жадидчилик ҳаракати тарихига оид илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильмлар кўплаб яратилмоқда. Улуғ маърифатпарварларимиз номлари билан аталадиган ёдгорлик мажмуалари, таълим муассасалари, музейлар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.
Ўтган уч йил мобайнида Ўзбекистон Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган тўрт юздан зиёд ватандошларимизнинг номлари оқланди. Уларнинг аксарият қисмини жадидчилик ҳаракати вакиллари ташкил этиши айниқса эътиборлидир.
Ҳурматли дўстлар!
Биз маърифатпарвар боболаримизнинг муқаддас орзуларини рўёбга чиқариш учун мамлакатимизда янги Ренессанс пойдеворини яратишни стратегик вазифа қилиб белгилаганмиз. Шу мақсадда илм-фан, таълим-тарбия, маданият соҳаларида туб ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз.
Бу борада аввало таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Кейинги олти йилда республикамизда мактабгача таълим ташкилотлари сони қарийб 6 баробар кўпайиб, 4988 тадан 29420 тага, олий ўқув юртлари сони эса 77 тадан 213 тага етказилди. Юртимизда янги турдаги Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ инсонлар этиб тарбиялашда тараққийпарвар аждодларимизнинг ақл-заковати, ирода ва матонати барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Биз халқаро илмий марказлар, дунё олимлари билан ҳамкорликда жадидлар фаолиятини янада чуқур ўрганишни долзарб вазифа деб ҳисоблаймиз. Бу ноёб мерос орқали бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топа оламиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади.
Анжуманнинг барча қатнашчиларига сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, конференция ишига эса муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбек манбашунослиги ва тасаввуфшунослиги ютуқларининг хориждаги эътирофи
Ўзбек шарқшунос олимларининг хорижий давлатлар илмий доиралари, жумладан, Россия олимлари ва илмий-маънавий ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда. Бу йўналишда, айниқса, ўзбек манбашунослари ва тасаввуфшуносларининг Россия мусулмонлари Марказий диний идораси билан ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутади.
Россия мусулмонлари Марказий диний идораси раёсатининг 2023 йил 14 февралдаги қарори ва Россия марказий диний идораси раиси, Бош муфтий, шайхулислом Талъат Сафо Тожиддиннинг шу санадаги №04-23-сонли фармонига асосан, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, “Нақшбандия” журналининг бош муҳаррири ўринбосари, тарих фанлари доктори, шарқшунос, манбашунос, битикшунос, исломшунос, тасаввуфшунос Комилжон Раҳимов бутун постсовет маконида диний-ахлоқий қадриятларни изчил ўрнатишдаги муносиб ҳиссаси, диний-ахлоқий уйғонишни ривожлантиришдаги роли, Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги салмоқли ҳиссаси ва бошқа хизматлари учун мазкур идоранинг “Вера и честь” ордени билан тақдирланди.
Эслатиб ўтиш лозимки, ушбу орден Россия ва бошқа давлатларда ислом динига эътиқод қилувчи халқларнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, диний-ахлоқий қадриятларни тиклаш, динлараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш каби ишларга ҳисса қўшган шахсларга берилади. Комилжон Раҳимовнинг тасаввуф тарихига бағишланган бир неча асарларининг Россияда нашр этилиши, шунингдек, ушбу олимнинг Россиядаги манбашунослик, исломшунослик ва тасаввуфга бағишланган кўплаб илмий анжуманлар ва тадбирларда фаол иштирок этиши Россия мусулмонлари Марказий диний идораси томонидан шу тарзда муносиб тақдирланди.
Истеъдодли ёш шарқшунос, манбашунос олим, моҳир таржимон ва жамоатчилик фаоли Комилжон Раҳимов 1982 йил Бухоро шаҳрида туғилган. У 1995–1999 йиллари Бухородаги Мир Араб мадрасасида, 2000–2007 йиллари Бухоро давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида бакалавр ва магистартурада таҳсил олган. 2005–2006 ўқув йилида Миср Араб Республикасининг Тошкентдаги Фан ва таълим маданият маркази эълон қилган 1 йиллик малака ошириш грант танлови ғолиби бўлгач, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Бухоро давлат университети маъмурияти тавсиясига мувофиқ 2005–2006 йиллари Миср Араб Республикасининг Қоҳира университети Араб филологияси факультетида давлат гранти асосида 1 йил малака ошириб қайтган. 2008–2013 йиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси мустақил тадқиқотчиси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти аспирантураси (2014–2017) ва докторантурасини (2018–2021) битирган. Комилжон Раҳимов 2018 йил тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзган «Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-Таъарруф» асари ҳамда унинг XI–XV асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф манбаларига таъсири» мавзусидаги диссертацияни, 2022 йили эса тарих фанлари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзган «Хожагон-нақшбандия таълимотининг илдизлари ва шаклланиш манбалари (IX–XIV асрлар)» мавзусидаги диссертацияни проф. Баҳром Абдуҳалимов раҳбарлиги остида муваффақиятли ҳимоя қилган.
Комилжон Раҳимов Ўзбекистон ва 15 хорижий мамлакат нашрларида чоп этилган 250 дан ортиқ илмий мақола, 30 та монография ва 2 та илмий тўплам муаллифи. Шунингдек, турли тўплам, луғат ва энциклопедияларда ҳам 77 та мақола чоп этган. Булардан ташқари, Ўзбекистондаги 41 та ва хорижий мамлакатлардаги 19 та илмий-амалий ва илмий-назарий анжуманларда ўз илмий маърузалари билан иштирок этган.
Комилжон Раҳимов ҳозирги кунда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамда Бухоро давлат университетидаги Илмий кенгашларнинг аъзоси ҳисобланади. Истеъдодли олим ҳозирги кунда ислом даврининг бошларида Бухоро шаҳридаги таълим, фан ва маданият асосларининг қўйилиши ва ривожланиши тадқиқига бағишланган “VIII–XI асрларда Бухородаги таълим, фан ва маданият тараққиёти” номли монографик тадқиқот устида ишламоқда.
Сермаҳсул ёш олимнинг келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА