Рамазон

Қулоқ рўзаси

Бизларга эшитиш неъматини берган Аллоҳ таолога ўзига хос ҳамду санолар бўлсин. Эшитиш одобларини таълим берган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандага берган буюк неъматлари қулоқ, кўз ва дил ҳақида шундай марҳамат қилади:

“..Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36).

Қулоқ Аллоҳ таолонинг ҳузурида эшитган нарсалари ҳақида сўралур. Солиҳларлар сўзни эшитиб, уни гўзалига эргашадилар, ҳидоятни эшитадилар ва ҳақдан қулоқларини ёпмайдилар.

Қулоқ уятсиз гаплар, турли-туман маъносиз қўшиқлар, фаҳш ва адабсиз нарсаларни эшитмаслик билан рўза тутади. Яхши инсонлар Рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам Аллоҳ таоло ғазаб қилмайдиган нарсаларни эшитадилар.

Башарият ичида Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган аъзоларни буйирилгандек ишлатмаганлари учун нажот топа олмайдиганлари бўлади. Бу хусусида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини  яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар»..” (Аъроф, 179).

Оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлари қораланмоқда. Ҳа, уларниниг қулоқлари бор, лекин, гўзал марузани эшитмайди, уни тафаккур қилиб фаҳмламайди, эътибор қилмайди. Шунинг учун уларни эшитишида дунё ва охиратларига манфаат ҳам фойда ҳам бўлмайди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Ёки Сиз уларнинг кўпларини (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ёхуд англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Йўқ, асло!) Улар ҳайвонларнинг худди ўзи. Балки, (ҳайвонлардан ҳам) улар кўпроқ йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон, 44).

 Оятлардан билдикки, Еру осмонлардаги барча нарсалар, шу жумладан, ҳайвонлар ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтиб, сажда ҳам қиларкан. Онгли мавжудот бўла туриб яратганни тан олмаган ва Унинг неъматларига ношукурлик қилган инсонлар яхшиликни биладиган, эгасининг хизматидан бош тортмайдиган баъзи онгсиз ҳайвонлардан бадтар экани таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло бизларни шундай бўлиб қолишдан асрасин.

Баъзи кимсалар ҳаром нағмалар, гуноҳга олиб борувчи сўзлар ҳамда дунё ва охират фойдаси йўқ лағвларни эшитиш билан оворалар. Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни тинглашдан мосуводирлар. Аслида манашу шаръий тинглаш бўлиб, буюк набавий суннатдир.

Қуръони каримни тинглаш имон, ҳидоят, нур ва нажотни зиёда қилади.

Қуръони каримни эшитиш қалбни ҳикмат, сукунат, хотиржамлик ва шодликка тўлдириб, унга ором бахш этади.

Қуръони каримга қулоқ тутиш нотўғри йўлга оғишдан, хатарли васвасалардан ва гуноҳлардан сақланишга ёрдам беради.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни эшитувчилар ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларидан кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз” (Моида, 83).

Ана ўшалар буюк фойдани топадилар ва энг гўзал нарсани эшитадилар.

Манбалада Аллоҳ таолони зикр қилиш, фойдали илм, жаннатни васфлаб, дўзах азобини эслатадиган, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтарадиган гўзал маруза, таълим-тарбия дурдонаси ва чиройли сўзлар қулоқнинг озуқаси деб таъкидланади. Мусулмонниниг қулоғига гуноҳга ундовчи сўз кирса, қалб уйини харобага айлантиради, ирода қасрини бузуб ташлайди, таълим-тарбия бўстонини ер билан яксон қилади. Ҳақни эшитиш қалбни ҳақиқат узра қарор топтиради. Аллоҳ таоло бизларни ҳақни эшитувчилардан қилсин.

Ҳар бир мусулмонга эшитиш неъматини берган Аллоҳ таолога ҳамд айтиши, қулоқни рабби рози бўладиган йўлда ишлатиши вожиб бўлади. Қуръон карим ва илм дарсларини эшитишни кўпайтиради, қулоқни ғийбат, лағв ва фаҳш каби гуноҳлардан  ҳамда барча Аллоҳ таолони йўлига тўсиқ бўладиган нарсалардан тияди.

Аллоҳ таоло солиҳ бандалари ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Қачонки, беҳуда гапни эшитсалар, ундан юз ўгирурлар ва: «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Омон бўлингиз! Бизлар нодон кимсаларни истамаймиз», – дерлар” (Қисос, 55).

  “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар” (Фурқон, 72).

Аллоҳ таоло бизларни сўзни эшитиб унинг гўзалига эргашадиганлардан қилсин. Ушбу Рамазон ойида қулоқни ҳалол бўлмаган нарсалардан тийишни одат қилиб, йил давомида унга амал қилишни Аллоҳ таоло барчамизга насиб қилсин.

 Баҳриддин ПАРПИЕВ

 

Read 80955 times
Top