Табобат

Дафнанинг фойдалари ва зарарлари

ДАФНА, лавр –  лаврдошлар оиласига мансуб доим яшил дарахт ёки буталар туркуми. Барги кетма-кет, қалин, тўқ яшил, усти ялтироқ, Гули оқиш-сариқ. Меваси қора ёки кўк, данакли, бируруғли. Асл дафна тури кўпроқ тарқалган. Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида, Кавказ ва Қримнинг Қора денгиз соҳилларида, Озарбайжонда ўстирилади. Қуритилган барги зиравор сифатида ишлатилади.

ДАФНА япроғи (лавровый лист – рус.) –  дафна дарахтининг қуритилган барги, хушбўй ҳидли зиравор. Таркибида 3% гача эфир мойи бор. Пазандачиликда ишлатиладиган дафна япроғи тўқ яшил, оч яшил рангда, калта бандли, мазаси тахирроқ. Суюқ ва қуюқ овқатларга, шўрваларга солинганда (суюқ овқатларга овқат пишишидан 5 минут олдин, қуюқ овқатларга 10 минут олдин) ўзига хос таъм ва хушбўйлик беради,  тузламаларга қўшилади; ғоз, ўрдак, балиқ гўштлари,  консерва ва қандолатчилик саноатида ишлатилади. Тузлашда 100 кг карамга 3—4 дона япроқ ишлатилади.  (“ЎзМЭ”дан)

Қадимдан  лавр сўзи омад, улуғлик, ғалаба ва шараф сўзлари маъносини беради. Лавр япроқли шохчалари гулдастаси билан мусобақа ғолибларини тақдирлашади. “Лауреат” сўзининг маъноси ҳам лаврларга бурканган маъносини беради. Бу барглар нафақат зиравор сифатида, балки шифобахш хусусиятлари билан қатор иллатлардан фориғ бўлишда ҳам қўл келади: уни истеъмол қилиш билан организмдаги қанд миқдорини ҳам пасайтириш мумкин. Фақат бугина эмас.

Янги узиб олинган дафна япроқлари қуритилгач, қуруқ хонада сақланса, бир неча йилгача ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди. Узилган япроқлари саноат услубида қайта ишлов  берилгач, улардан эфир мойи тайёрланади. Бу япроқлар эфир мойларига жуда бой. Кимёвий таркибида қатор органик кислоталар мавжуд – капрон, уксус ва валерьян, антибактериал хусусиятларга эга бўлган фитонцидлар, хушбўй моддалар, микроэлементлар ва мойли кислоталар мавжуд.

Дафна япроқлари дамлама ёки қайнатма шаклида қадимдан анъанавий халқ табобатида ер юзининг ҳамма минтақаларида  – шарқий ва ғарбий Европада, шунингдек Осиёда турли касалликларни даволашда ишлатилади.

Дафна барги бозор ва дўконлар пештахталарида  сотилади. У кучли таъсир қилувчи табиий антибиотик, шунингдек, модда алмашинув жараёнларининг катализаторидир.

Дафна барги қайнатмасининг фойдалари

Қайнатмаси организмда йиғилган турли зарарли тузларни чиқариб юборишни тезлатади. Бу қайнатмадаги актив моддалар ўт пуфагида пайдо бўлган тошлар, бўғимларда йиғилган тузларни чиқариб юборишда, шунингдек, холециститга хос бўлган шамоллашларни олишда ёрдам беради.

Қайнатманинг қандли диабетда ҳам бавосирда ҳам фойдаси катта (бундай ҳолда ҳам даволовчи шифокор маслаҳатини олиш зарур).

Бу тавсиялар узоқ вақт давомида ҳар куни бу қайнатмани истеъмол қилиш учун эмас, чунки уни истеъмол қилиш бўйича даволаниш курсини бир йилда уч ҳафтадан кўпайтириш мумкин эмас. 

Дафна дамламаси

Қайнатмасидан дамламаси организмга юмшоқроқ таъсир қилади, уни кўпинча ич кетишида истеъмол қилинади.

Бундан ташқари бу дамламага бироз асал қўшилса, шамоллашга қарши таъсирли воситага айланади.

Яна шуниси қизиқарлики, бу дори қандли диабетга қарши мислсиз бўлиб, умумий қанд миқдорини пасайтиради.

Биринчи вариант бўйича-шамоллашдан фориғ бўлиш учун энг яхши ва фойдалиси ванна қилиш (бунда бу дамламадан  бир литри ҳам кифоя қилади), ҳамда шу дамлама билан артиниш ҳам мумкин. Ванна қилиш 15 минутгача давом этади, бу муолажа бир ҳафта давом эттирилади.

Иккинчи вариант бўйича дафна дамламаси ичилади, бу эса, аллергиянинг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан касалликдан ва унинг биринчи аломатларидан фориғ бўлишнинг анъанавий усулидир (лозим бўлса, бир неча кун ичилади).

Инсон организмига таъсири

Бу ўсимлик япроғи бутун дунёда кенг тарқалган кундали таомларга солинадиган зиравор бўлиши билан бир қаторда шифобахш воситадир.  Унинг шифобахшлиги хусусида тўхталамиз. Шифокорлар унинг шифобахш хусусиятларини асрлар давомида ўрганишган. Бунинг натижасида қуйидаги хулосага келишган, дафна қуйидаги хоссаларга эга:

  • Микробларга қарши курашади;
  • Иммун тизимини мустаҳкамлайди;
  • Шамоллашга қарши ажойиб восита;
  • Жароҳатларни битиради;
  • Бириктирувчи;
  • Пешоб ҳайдовчи;
  • Тинчлантирувчи;
  • Овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди.

Бу зиравор уй шароитида сизга саломатликка оид турли муаммоларни ҳал этишда қўл келади.

  1. Оғиздаги нохуш, ёқимсиз ҳид, шамоллашдан келиб чиққан гингивит ёки стоматитни йўқотиш учун кунига икки марта бўлса ҳам дафна япроғини чайнаш фойдалидир, лекин уни чайнаб бўлгач, бир соат давомида ейиш ва ичишдан ўзини тийиш лозим бўлади.
  2. Дафна баргларидан ҳеч иккиланмасдан хоналарни дезинфекциялашда фойдаланиш мумкин. Ўзингиз истаган миқдорда дафна баргларидан олиб, идишга солиб устидан қайноқ сув қуйинг ва 15 минут ўтгач, бу идишни дезинфекцияланадиган хонага қўйинг. Бирон соат ўтгач, хона қандай ёқимли ҳидга тўлганини кўрасиз ва ундаги ҳаво бактериялардан тозаланган бўлади.
  3. Агар бактерияларга ва шамоллашларга қарши, иммунитетни мустаҳкамловчи ёки қондаги қанд миқдорини пасайтирувчи табиий дори керак бўлса, қуйидаги оддий рецептдан фойдаланиш мумкин. Ўнтача дафна япроғини олиб, устидан уч стакан қайноқ сув қуйилади, сўнг бу аралашма 3 соат давомида тиндирилади. Ундан ярим стакандан кунига 3 маҳал ичилади.
  4. Дафна япроғи баргларидан тери касалликларини даволаш мақсадида, йирингли, қотиб қолган шишлар, узоқ вақт давомида ётган касалнинг баданида қотиб, увушиб жонсиздек бўлиб қолган аъзоларини даволаш ва улардан фориғ қилиш учун дамлама тайёрлаш мумкин. Бунинг рецепти қуйидагича: ош қошиғида 1 ярим қошиқ дафна япроғининг майдалангани олинади, устидан ўсимлиқ ёғи қуйилади ва қоронғи жойда (музлатгичда эмас) тиндирилади, бир ҳафта ўтгач, тайёр бўлган дори терига суртишга тайёр бўлади.
  5. Оёқлар тез-тез терлайдиган ва бунга хос бўлган нохуш ҳид чиқаётган ҳолатда – бундай муаммолардан фориғ бўлишда ҳам дафна япроғи ёрдам беради. Бунинг учун қуйидаги аралашма тайёрланади: 30 тача дафна япроғи олиб, бир стакан сувда қайнатиб, 30-40 минут тиндирилади.  Аралашма тоғорага солинади, устидан лозим бўлган миқдорда илиқ сув солиниб, унда оёқлар 10 минут давомида шифобахш ванна қилинади.

 

Дафна япроғи таркибига РР, С, В, А витаминлари ва қатор фойдали элементлар киради:

  • микроэлементлар ва макроэлементлар (мис, фосфор, натрий, кальций, калий, магний, цинк, селен, темир, марганец);
  • оқсиллар;
  • озиқа толалари;
  • углеводлар;
  • ёғлар;
  • фитонцидлар;
  • тўйинтирилган ёғли кислоталар;
  • органик кислоталар;
  • хушбўй моддалар;
  • эфир мойлар.

Бу фойдали моддалар  бизнинг саломатлигимиз учун керак, улар инсон организми учун муайян миқдорда ҳар куни ниҳоятда зарур.

Кўпчилик дафна япроғи калорияли эмас деб ўйлайди, аслида бундай эмас. Ўсимлик сифатида у озиқавий қувватга жуда бой, 100 грамида 313 ккал қувватга эга.   

Дафна япроғи фойдалари

Ҳаддан ташқари кўп терлайсизми? Ўзингизга хушбўй дамламали ванна тайёрланг (100 г дамламага 1 л сув  ҳисобида). Сизни асалари чақиб олдими? Бунда ҳам сизга дафна япроқлари қўл келади, япроқни ари чаққан жойга босинг, оғриқ босилади.

Агар оғзингиздаги нохуш ҳид безовта қилаётган бўлса, биттадан хушбўй дафна япроғини эрталаб, тушликда ва кечқурун чайнанг, шундан кейин бир соат давомида бошқа нарса еманг ва ичманг, бу муолажанинг натижаси чиройли бўлади.   

Даволаш мақсадида дафна япроғи ва ёғи ишлатилади. Таркибида мавжуд бўлган юқори миқдордаги эфир мойи ва хушбўй моддалар, органик кислоталар халқ табобатида иштаҳани яхшилаш, овқат ҳазмидаги муаммоларни ҳал қилиш, жигар, ошқозон-ичак йўллари касалликларини даволаш, бўғимларни даволаш ва пешоб ҳайдовчи восита сифатида қўлланади.   Таркибида юқори миқдорда мавжуд бўлган фитонцидлар иммунитетни кучайтириш ва сил касаллигининг олдини олишга хизмат қилади.  Унинг ёғлари ревматизм, фалаж ва шамоллашни даволашда терига суртиб ишлатилади.   

Даволаниш мақсадида дафна япроғининг фақат сифатлисини ишлатиш лозим, япроқлар зайтун рангида ва ўткир хушбўйлигини йўқотмаган бўлиши лозим. Ишлатишдан олдин баргларни бирма-бир кўздан кечириш ва совуқ сувда ювиб олиш зарур. Уни бир йилдан ортиқ сақланмайди, бу муддатдан сўнг у ўз хусусиятларини йўқотади ва аччиқ бўлиб қолади. 

Дафна япроғи халқ табобатида  қатор касалликларни даволашда  ишлатилади. Қуйида дафна япроғидан турли касалликларни даволаш мақсадида тайёрланадиган дори-дармонларни келтирамиз:

Артрит и бўғим оғриқлари, бўғимларни турли тузлардан тозалаш ва  организмдан ҳар хил хилтларни чиқариб юбориш учун 5 грам дафна япроғини сирли кастрюлга солиб 300 миллилитр сувда паст оловда 5 минут давомида қайнатилади. Сўнг яхшилаб ўраб қўйилади ёки термосга қуйиб қўйиб 3-5 соат тиндирилади. Аралашмани докадан ўтказиб, кун давомида оз-оздан хўплаб-хўплаб ичилади. Бундай қайнатмани ҳар куни янгидан тайёрлаб уч кун давомида ичилади, бир ҳафта ўтказиб, бу муолажа такрорланади. Биринчи йил муолажани ҳар уч ойда бир марта, кейинги йилларда йилига бир марта амалга оширилади. Бу муолажа давомида гўштли овқат ейилмайди, алкогол ичимликлар ичилмайди.  Аралашма ичилган кунларда оғриқ вақтинча бироз кучайиши мумкин.  Бу қайнатмани организмнинг умумий ҳолатини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида ҳам ичиш мумкин. 

Сиқувчи оғриқлар. Майдаланган дафна япроғидан 5 г ини термосга солиб, устидан  300 мл қайнаб турган сув қуйилади, 3 соат давомида тиндирилади, сўнг докадан ўтказилади. Майда-майда хўплаб бўлиб-бўлиб 12 соат давомида ичилади. Бу рецепт асосидаги муолажа 2 кун давом эттирилади.

Қандли диабет. 10 та дафна япроғини термосга солиб, устидан 3 стакан қайнаб турган сув қуйилади, 2-3 соат тиндирилади. Дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 30 минут олдин ярим стакандан ичилади. Бу муолажа икки ҳафта давом эттирилгач, икки ҳафта танаффус қилинади. Дамлама икки ҳафта ичилгач, организмда углевод алмашинуви меъёрига келади, қанд миқдори жойига тушади.

Буйрак етишмовчилиги. 1 чой қошиғида майдаланган дафна япроғи 2 стакан сувда кучли оловда қайнатилиб, 2 соат давомида тиндирилади, кунига 2 маҳал 1 ош қошиғида ичилади.

Псориаз. 10 та йирик дафна япроғини  термосга солиб, устидан ярим литр қайноқ сув қуйилади, 2 соат тиндириб, докадан ўтказилади.  Тайёрланган дамлама кунига 3 маҳал овқатланишдан 20 минут олдин ярим стакандан ичилади.

Қулоқ оқиши. 2 ош қошиғида майдаланган дафна япроғи устидан 200 мл грам қайнаб турган сув қуйилади, 1-2 соат тиндирилади. Дамламадан кунига 3 маҳал ёки 1 маҳал кечқурун  ухлаш олдидан қулоққа томизилади (дори томизилгач, қулоққа пахта-тампон тиқиб қўйиш лозим).

Говмичча. 3 та катта япроқ 1 стакан сувда чойнак ёки кружкада қайнатилади. Совиб қолмасидан иссиқлигин чой каби оз-оздан ичилади. Шу тартибда ҳар соатда янги япроқлар солиб, давом эттирилади. Кун давомида 6-7 стакан  ичилади. Тун давомида говмичча пишиб чиқади, эрталаб тузалиб, йўқ бўлади.

Гайморит.10 та япроқ устидан 1 литр сув қуйиб, паст оловда 5 минут давомида қайнатилади. Оловдан олинади. Бош устидан сочиқ ёпиб, ўралиб, 5 минут давомида қайнатма буғидан нафас олинади. Зарурат бўлса, бу муолажа яна такрорланади. Муолажадан сўнг йиринг қайтиб бошлайди.

Бўғин касалликлари, титроқ, шол, фалаж, узоқ ётган касаллик оқибатида ҳосил бўлган аъзоларнинг қотиб, жонсиз бўлиб қолиши. 30 г майдаланган япроқ устидан 200 г кунгабоқар- писта ёғи қуйилади. Иссиқда 7-10 кун тиндирилади (ёки 1 соат манти қасқонга ўхшаш идишда қиздирилади) ва докадан ўтказилади. Тайёр бўлган дори касал аъзога сиртдан суртилади.

Стоматит. Янги дафна япроғини чайналади.

Асалари чаққанида. Янги дафна япроғи чайнаб, оғиздан олиниб, асалари чаққан жойга қўйиб, устидан боғлаб қўйилади.

              Дафна япроғидан тайёрланган дамлама билан муолажа қилаётиб, организм реакциясини кузатиб боринг. Бириктирувчи хусусиятларига кўра дафна қабзият келтириб чиқариши мумкин. Бундай хасталикка илгаридан мойиллиги бўлган кишиларга қизил лавлаги истеъмол қилиб, дафнали дори истеъмол қилиш миқдорини камайтириш тавсия этилади.

           Дафна япроғи шифобахш хоссалари:

  • Қон босимини меъёрига келтиради;
  • Асаб тизимини ва иммунитетни мустаҳкамлайди;
  • Модда алмашинувини яхшилайди;
  • Уйқусизликдан халос этади;
  • Диабетда қанд миқдорини пасайтиради;
  • Шишларни қайтаради;
  • Иштаҳани очади ва овқат ҳазмини яхшилайди;
  • Турли хилтлардан тозалайди;
  • Бўғинлардаги тузларни ҳайдайди;
  • Турли хил тушкунликларга тушишнинг олдини олади;
  • Сийдик пуфагидаги тошларни эритади;
  • Витилигони даволайди;
  • Организмни гижжалардан тозалайди в.б.

Таркибида мавжуд бўлган эфир мойлари ва хушбўй моддалар бу зиравор бутун организмга шифобахш таъсир этишига имкон беради. Унинг муҳим ва қимматли хоссаларидан яна бири кишида сил касаллиги ривожланишининг олдини олади.

Қандли  диабетда              

Кўпчиликни қандли диабетда дафна фойдалими, деган савол қизиқтириши табиий. Диабетнинг  1-хил кўринишида одатда инсулин қабул қилишга зарурат бўлмайди. Қандли диабетнинг 2-хил кўринишида қисқа вақт ичида организмдаги қанд миқдори ўйнаб-ўзгариб туради. Бу касаллик томирларга зарар етказади.           Салбий оқибатларнинг олдини олишда дафна япроғи қўл келади. Бу оддий табиий восита диабетда қондаги қанд миқдори ва углевод алмашинувини муваффақиятли меъёрга келтиришда ишлатилади.

Бўғимлар учун ҳам унинг фойдалилиги исботланган. Бел ва суяклардаги оғриқларда ҳам ёрдам қилади. Бўғимларни даволашда кунига 1,5 г дан кўп бўлмаган миқдорда дафна япроғи истеъмол қилинади.

Ножўя таъсирлари

Дафна аллерген ўсимлик бўлиб, буйрак ва жигар фаолияти етишмовчиликларида, барча ички аъзолар шамоллаши касалликларида уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Катта миқдорда уни истеъмол қилиш хунук оқибатларга олиб келади.

Дафна япроғи истеъмол қилиб бўлмайдиган ҳолатлар

Дафна япроғини истеъмол қилиш  ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, ўткир ёки сурункали буйрак етишмовчилиги бор кишиларга, қон кетишига мойил  беморларга, оқсил моддалар алмашинувида бузилиш кузатилган кишиларга мумкин эмас. Бундай муолажани бошлашдан олдин шифокор маслаҳатини олиш лозим.

       Оддий дафна оддий бўлмаган касалликлардан фориғ қилиши мумкин, лекин ножўя таъсирининг ҳам оқибати ёмон. Мутахассис шифокор маслаҳатисиз ўзини ўзи даволаш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун даволанишнинг халқ усулларидан фақат тажрибали фитотерапевт маслаҳати билангина фойдаланиш мумкин.

Дафна япроғидан тайёрланган дорилар истеъмол қилиш қуйидаги ҳолларда мумкин эмас:

  • Ўниккибармоқли ичак ёки ошқозон ярасида;
  • Панкреатит ва ўт пуфагида тош хасталикларида;
  • Қабзиятга мойиллиги бор кишиларда;
  • Қандли диабетнинг оғир формаларида дафна барги истеъмол қилиш мумкин эмас;
  • Ҳаддан ташқари кўп миқдорда дафна япроғини истеъмол қилиш заҳарланишга олиб келади.
  • Жигар ва буйрак хасталиклари бор кишиларга ҳам уни истеъмол қилиш мумкин эмас.

 

                                              Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

                                                       25 ноябрь 2016 йил

Read 28839 times
Tagged under
Top