Табобат

Женьшень хоссалари

ЖЕНЬШЕНЬ (Рanax ginseng) — аралиядошларга (Araliceae) мансуб кўп йиллик ўт. Шарқий Осиё, Хитой ва Кореяда табиий ҳолда ўсувчи қадимги ўсимлик. Жуда қадимдан доривор ўсимлик сифатида маълум (илдизидан олинган дори-дармонлар организмнинг қувватини  оширади). Бўйи 30—50 см, барглари панжасимон қирқма, гуллари майда, кўкиш, соябонсимон тўпгулга йиғилган. Меваси юмшоқ. Этли илдизи цилиндрсимон, хушбўй, таъми аччиқроқ. Илдизининг юқори қисми йўғонроқ, пастки қисми шохланган, қисман одам гавдасини эслатади. Шу боис унга «женьшень», яъни хитойча «одам-илдиз» деб ном берилган. Илдизининг оғирлиги 20—25 г келади. Женшеннинг табиий заҳиралари жуда ҳам камайиб кетган. Шунинг учун кўп жойларда экиб ўстира бошланди. Ўзбекистонда ботаника боғида ўстирилади.

Уни ёввойи  ҳолда Хабаровскда,  Кореяда, Маньчжурияда ва Хитойда учратиш мумкин. Кўпинча  женьшень  кедр дарахтлари ўсадиган соя-салқин ва серсув ўрмонларда ўсади. Женьшень турли табиий ўғитларга бой, юмшоқ, увада тупроқли ерларни хуш кўради. Қуёш нурлари тик тушадиган ерда ўсмайди, худди шунинг учун ҳам у атрофи дарахтлар билан ўралган ўрмонзорларда ўсади. (“ЎзМЭ”дан)

Женьшеннинг фойдали хоссалари

Таркибида мавжуд бўлган бир қанча фойдали кимёвий моддалар сабабидан женьшень қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда кенг қўлланган. Ўсимлик илдизида алкалоидлар, турли ширалар, С витамини, олтингугурт ва фосфор, хушбўй моддалар, шунингдек,  микро- ва  макроэлементлар бор.

Ўсимлик инсон организмига тинчлантирувчи ва оғриқ қолдирувчи таъсир кўрсатади.  Женьшень кишида ишчанлик қобилиятини кучайтиради, ўт моддасини  организмдан чиқариб юборади, ўпкада газ алмашинувини яхшилайди.  Женьшеннинг шифобахш таъсири натижасида кишида артериал қон босими меъёрига келади, эндокрин тизими иш фаолияти кучаяди, қон таркибида қанд моддаси миқдори пасаяди.

Женьшень асабийлашиш, сиқилиш ва ташвишланиш ҳолатларида тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Ўсимликни ақлий ва жисмоний зўриқишларда истеъмол қилинади. 

Женьшень қон шаклланишини ва хотирани яхшилайди, модда алмашинуви ва юрак-қон томирлари тизими фаолиятини меъёрига келтиради.  Женьшень – кўриш қобилиятини яхшиловчи, жароҳатлар битишига ёрдам берувчи, оғриқни қолдирувчи, асаб тизимини тинчлантирувчи ўсимлик.

Женьшень  организмнинг эрта қартайишига йўл бермайди, бунда организмга бошқа салбий таъсир кўрсатмайди. Бу ўсимлик иммунитетни кучайтиради, танадаги ортиқча ёғларнинг эришига ёрдам қилади.  Халқ табобатида  женьшень дамлама, қайнатма, малҳам, чой сифатида ва қуруқлигин янчиб истеъмол қилинади. 

Женьшень билан даволаш

Томирлардаги оғриқни қолдириш ва шамоллашни даволашда женьшень. Тоғ асалидан 1 кг олинади ва унга 50 г женьшень илдизи майдаланган бўлаклари солинади. Мазкур асал солинган идиш қоронғи жойда бир неча ҳафта сақланади. Тиндирилгач, асалдаги женьшень илдизи қолдиқлари буткул олиб ташланади. Бу табиий доридан кунига бир чой қошиқ ичиб, киши томирларидаги ва бошдаги оғриқлардан халос бўлади, чарчоқ билмайди, тетик бўлади, шамоллашдан ҳам фориғ бўлади.

 Йўтал ва тумовда женьшень. Бу дорини тайёрлаш учун бир бош катта турп олинади, унинг бош томони ўйиб олиниб, чуқурча ҳосил қилинади ва олов устидаги манти қасқон буғхонасига икки соатга қўйилади, унинг ёнига - мантиқасқон буғхонасига битта женьшень илдизи қўйилади. Сўнг уларни буғхонадан олинади. Турпнинг ўйилган чуқурчасига женьшень илдизи солинади ва унга тенг асал қўшилади. Турпнинг ўйилган чуқурчаси  унинг ўзидан кесиб олинган қопқоғи билан беркитилади, бир сутка давомида тиндирилади, турп ичида ҳосил бўлган суюқликни бир чой қошиғидан кунига уч маҳал ичилади. Бир неча кунлик бундай муолажа натижасида йўталдан ҳам, тумовдан ҳам фориғ бўлинади.

Шифобахш ичимлик

Женьшенли чой инсон саломатлигига ажойиб таъсир кўрсатади. Бундай чойни тайёрлаш учун қуритиб янчилган женьшень илдизи устидан қайнаб турган сув қуйилади, устини ёпиб,   20  минут тиндирилади, сўнг докадан ўтказилади. Чойни суткасига уч маҳал бир ош қошиғидан бир ой давомида ичилади, сўнг  ўттиз кун танаффус қилиб, муолажа курси такрорланади. 

Бундай дамланган чой организмни умумий мустаҳкамловчи, куч-қувват бағишловчи тинчлантирувчи хусусиятларга эга. Ўсимликнинг фаол моддалари асаб тизими фаолиятини мустаҳкамлайди, жисмоний ва ақлий чарчоқни пасайтиради, юрак ва қон томирлари фаолиятини яхшилайди, иштаҳани очади, артериал қон босимини  меъёрига келтиради, ишчанлик қобилиятини оширади.

 Женьшень билан муолажа қилиш бўйича тавсиялар

Ўсимлик таркибидаги барча фойдали моддалар мажмуаси организмни соғломлаштирувчи восита сифатида ажойиб таъсир кўрсатади. Бунда ўсимликнинг соғломлаштирувчи фойдали хусусиятлари касалликлардан фориғ бўлишда ёрдам бериши билан биргаликда, нафақат муолажа учун балки, турли хасталикларнинг олдини олиш учун ҳам хизмат қилади.

 Хусусан, унинг барглари, танаси, гуллари ва уруғи шифобахш дамлама тайёрлашда ишлатилади.

Дамламани мунтазам ичиш қандли диабет, тропик яралар, нейропсихик хасталикларни даволаб тузатишда, шунингдек, доимий чарчоқдан фориғ бўлишда, асабийлашиш, сиқилиш ва ташвишланишдан сўнг руҳий енгилликни тиклашда ёрдам беради.

 Яқинда олиб борилган тадқиқотлар бу ўсимлик баргларида полисахаридлар мавжудлигини аниқлади, бу моддалар турли ўсимталарга барҳам беради. Шундай қилиб, бу ўсимликдан рак касаллигининг олдини олиш ва уни даволашда ҳам фойдаланилмоқда.

Ортиқча вазнли, тўладан келган кишилар учун ҳам бу ўсимликнинг фойдаси катта, шу билан бир қаторда у организмни ёшартириш хусусиятига ҳам эга. Ўзига озишни мақсад қилиб қўйган кишилар бу дамламани ичиб юришлари яхши натижалар беради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкин, женьшендан тайёрланган турли дорилар қуйидаги касалликларни даволашда қўлланилади:

  • уйқусизлик, сиқилиш ва асаб билан боғлиқ турли  хасталиклар;
  • давомли жисмоний ва ақлий зўриқишлар;
  • эркаклар ва аёллар касалликларида;
  • модда алмашинуви бузилганида;
  • оғир хасталик ва жарроҳлик амалиётларидан кейинги даволаниш жараёнида.

Бундан ташқари женьшеннинг турли бўлакларидан тайёрланган дамлама ва эликсирлардан ҳар хил кўринишдаги касалликларнинг олдини олиш, тана умумий соғлигини тиклаш, инсон организмидаги турли безлар фаолиятини изга солишда фойдаланилади.

Женьшендан тайёрланадиган турли дори-дармонлар

Женьшендан турли дорилар тайёрланади. Бу дори-дармонларни дорихоналардан харид қилиб олиш ёки шифокор тавсиясига асосан уй шароитида тайёрлаш мумкин.

Чой

Бу шифобахш ичимликни женьшень қуритилган илдизининг янчилганидан тайёрлаш мумкин. Унинг устидан 1:10 миқдорда қайнаб турган сув қуйилади ва 10 минут тиндирилади.  Сўнг дамлама докадан ўтказилиб, овқатланишдан 20 минут олдин бир ош қошиқдан кунига 2-3 маҳал ичилади. Бундай шифобахш дамлама касалликларнинг олдини олиш мақсадида 1 ой давомида ичилади, кейин камида 30 кун танаффус қилинади.

Асал аралашмали женьшень маъжуни

Агар асал аралаштирилса, ширин ва фойдали шифобахш восита ҳосил бўлади. Бунинг учун қуритиб янчилган женьшень илдизи олинади. Унга 30 баравар миқдорда кўп асал қўшилади (1:30 нисбатда бўлади). Уни истеъмол қилишдан олдин уй ҳароратида 10 кун давомида димлаб тиндирилади. Асалнинг ўзи кўпгина шифобахш хоссаларга эга, шунинг учун бу маъжун бутун организм учун ниҳоятда фойдалидир. Уни 2 ой мобайнида овқатланишдан  20 минут олдин кунига 3 маҳал 1 чой қошиғидан истеъмол қилинади.

Женьшень истеъмол қилиш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Даволаниш мақсадида женьшенни истеъмол қилиш бирон аъзодан қон оқиши, ҳомиладорлик, сурункали ва юқумли касалликларда ва турли шамоллашларда мумкин эмас. Женьшень истеъмол қилишнинг ёмон оқибатлари йўқ, лекин у кучли таъсир қилувчи восита бўлгани сабабли, қаттиқ бош оғриғи келтириб чиқариши, қон босими бор кишиларда (жуда сезиларли) саломатликнинг ёмонлашувига сабаб бўлиши мумкин, 45 ёшга етмаган кишиларга уни истеъмол қилиш мумкин эмас.  Баъзи кишиларда уни муолажа сифатида истеъмол қилинганда кўнгил айниш, қайт қилиш, қон босими кўтарилиши юз бериши мумкин. Шу белгилардан биронтаси кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Куннинг иккинчи ярмида женьшень истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

12 ёшга тўлмаган болаларни женьшень билан даволаш мумкин эмас.

Женьшень билан даволанаётиб, маст қилувчи ичимликлар ичиш қатъиян ман этилади. 

                   Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

                          26 январь 2017 йил

Read 41149 times
Tagged under
Top