muslim.uz

muslim.uz

Муҳтарам ватандошлар!

Сизларни улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Қадрли дўстлар!

Дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси туфайли бу йил Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмаяпти. Лекин, шунга қарамасдан, бу байрамнинг руҳи ва шукуҳи қалбларимизда, юракларимизда давом этмоқда. Бу айём юртимизнинг меҳнат жамоалари, таълим масканлари, маҳаллаларда шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.

Конституциямизнинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, биз бундан тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотларни бошладик. Уларнинг ҳуқуқий асосини Конституциямизга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонунлар ташкил этмоқда.

Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

“Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда.

Конституциямиз яратиб берган улкан ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган бундай ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ҳурматли юртдошлар!

“Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда.

Ана шундай конституциявий пойдеворга асосланган ушбу тизим дунё шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятда турли таҳдид ва синовлар, жумладан, глобал пандемияга қарши курашда, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган табиий ва техноген офатларнинг оқибатларини бартараф этишда ўзини тўла оқлади.

Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Аввало, Асосий қонунимизда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Пандемия даврида аҳоли соғлиғини сақлаш, ишсиз қолган фуқароларга ёрдам беришга, тадбиркорларга биринчи даражали эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 10 триллион сўм фондга эга бўлган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унинг маблағлари соғлиқни сақлаш, ижтимоий инфратузилмалар, аҳоли ва корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Йил давомида 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 8 миллиондан зиёд фуқаро учун 34 триллион сўмга яқин имтиёзлар берилди, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва бандликни оширишга 2,6 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилди.

Ўткир ижтимоий муаммо бўлиб келаётган аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича давлат дастури доирасида фақат жорий йилнинг ўзида 13 мингдан зиёд юртдошларимизга янги уйларнинг калити топширилди.

Шу билан бирга, Сардоба туманида офатдан зарар кўрган хонадонлар учун кўп қаватли янги уйлар, ижтимоий инфратузилма объектларини ўз ичига олган гўзал ва замонавий шаҳарча бунёд этилди.

Оғир турмуш шароитида яшаётган мингдан ортиқ хотин-қизларга уй-жой бўйича бошланғич бадаллар тўлаб берилгани ҳам ана шундай эзгу ишларимиз қаторига киради.

Фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мутаҳкамлаш бўйича жадал ишлар давом эттирилмоқда.

Буларнинг барчаси пандемия ва унинг оқибатида юзага келган иқтисодий ва ижтимоий инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш имконини бермоқда ва халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қадрли юртдошлар!

Конституциямизда ўз ифодасини топган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича ҳам катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилмоқда.

Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 2,5 миллиондан зиёд аъзоси бўлган 590 мингдан ортиқ оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилди. Хусусан, ҳар бир хонадондаги аёллар ва ёшларнинг эҳтиёжи, ҳаётий муаммолари аниқланиб, 300 мингга яқин оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланди.

Энг муҳими, одамларда эркин меҳнат қилиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик ҳисобидан камбағалликдан чиқиш тажрибаси ва кўникмаси шаклланмоқда.

Юрт бошига иш тушган оғир кунларда бизнес ҳамжамияти, тадбиркор ва фермерларимиз, меҳр-оқибатли фуқароларимиз иштирокида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати инсонпарварликнинг яна бир юксак намоёни бўлди. Умумхалқ ҳаракати доирасида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож тоифаларига 204 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.

“Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда.

Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим конституциявий тамойил – инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳаларда, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг тасдиғини кейинги тўрт йилда 2 минг 600 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 2 минг 400 нафар шахс суд залидан озод қилингани, 7 та суд босқичи 3 босқичга келтирилиб, суд тизими “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта ташкил этилаётганида кўриш мумкин.

Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда.

Афв институтини қўллаш борасидаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Шу йилнинг ўзида билиб-билмай жиноятга қўл урган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган 300 дан ортиқ шахс афв этилиб, жазони ўташ жойларидан озод қилинди, 200 нафар маҳкумнинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Узоқ вақт фуқароликка эга бўлмай келган инсонлар бугунги кунда ўзларини тўлақонли Ўзбекистон фуқаролари деб ҳис этмоқда. Ўтган йигирма беш йилда 482 нафар шахсга фуқаролик берилган бўлса, биргина жорий йилда 8 мингдан зиёд киши шу ҳуқуққа эга бўлди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк сотиб олиш билан боғлиқ чекловлар бекор қилингани туфайли 40 мингдан ортиқ фуқаро пойтахт минтақасида сотиб олган уй-жойларини ўз номига расмийлаштириш имконига эга бўлди.

Муҳтарам ватандошлар!

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, шу йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бир қатор глобал ва минтақавий ташаббуслар, аниқ амалий таклифлар халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлаш ўринлидир.

Октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди.

Бу – биз олиб бораётган очиқ ва фаол ташқи сиёсатнинг яна бир катта ютуғи, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳити яхшиланаётгани, туризм ва экспорт салоҳияти юксалиб бораётгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг стандарт ва қоидалари ҳаётга фаол татбиқ этилаётгани туфайли Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни йил сайин юксалмоқда.

Пандемия ва глобал иқтисодий инқироз сабабли юзага келган турли тўсиқ ва муаммоларга қарамасдан, ташқи алоқаларимиз тўхтаб қолмади. Қўшни ва ҳамкор давлатлар билан сиёсий ва савдо-иқтисодий, гуманитар соҳалардаги алоқалар узлуксиз давом этмоқда.

Хорижий мамлакатлардаги фуқароларимизнинг мавжуд муаммоларини тезкор ва ижобий ҳал этиш, уларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ватанимизга қайтариш борасида бу йил аниқ чора-тадбирлар амалга оширилгани халқимизга яхши маълум. Хусусан, пандемия даврида 500 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси юртимизга олиб келинди. Чет элларда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин юртдошимизга турли ёрдамлар кўрсатилди.

Ёлғон ваъдаларга алданиб, мамлакатимиздан чиқиб кетган ва қуролли можаролар бўлаётган Яқин Шарқ минтақасида оғир кунларни бошидан ўтказаётган фуқароларимиз, асосан аёллар ва болаларни мамлакатимизга қайтариб олиб келиш бўйича инсонпарварлик тадбирлари давом эттирилмоқда.

Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Кейинги йилларда эришган ижобий натижаларимиз биз кўзлаётган улуғвор мақсадлар йўлидаги дастлабки қадамлар эканини яхши тушунамиз. Бу борада ҳали олдимизда улкан вазифалар турибди.

Биринчидан, Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Жумладан, халқимиз манфаатларига, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, давр талабларига жавоб бермайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиб, қонунчилик базасини ихчамлаштириш, бизнес фаолиятини тартибга солиш борасидаги ортиқча нормаларни камайтириш зарур.

Ушбу вазифаларни бажаришда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўладилар, деб ўйлайман.

Иккинчидан, тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим.

Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади.

Мазкур йўналишдаги ишларимизни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб бормоқдамиз.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтаман: бу масала биз учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга раҳна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчамизнинг бурчимиздир.

Учинчидан, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш масалаларига янада кучли эътибор қаратишимиз зарур. “Қонун – устувор, жиноятга – жазо муқаррар” деган конституциявий тамойилни амалда таъминлаш учун ҳуқуқ-тартибот идораларининг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилади.

Тўртинчидан, муҳтарам нуронийларимиз, ҳурматли хотин-қизларимиз, азиз ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, хонадон ва маҳаллаларимизда, ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш биз учун бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолади.

Бешинчидан, сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишларимизнинг таъсирчанлигини янада оширамиз.

Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифасидир.

Мана шундай эзгу ва шарафли мақсад йўлида кексаю ёш барча ватандошларимиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиладилар, янги Ўзбекистон бунёдкори бўлиб майдонга чиқадилар, деб ишонаман.

Сизларни Конституция куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ва ижтимоий ҳаётда катта муваффақиятлар тилайман.

Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файзу барака асло тарк этмасин!

Барча эзгу орзу-ниятларимиз рўёбга чиқсин!

Яратганнинг ўзи ҳаммамизни паноҳида асрасин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Яқинда бир йигитнинг: “Айрим имомлар қиммат автоулов миниб, энг яхши кийимларни кийиб, маза қилиб юради. Тағин камтар ва хокисор бўлиш, исроф қилмаслик тўғри­си­да насиҳат қилишади. Ахир, ўзи маркабини со­тиб, йўқсилларга тар­қат­са, бўлмайдими?..” де­гани­ни эшитиб қолдим.

Афсуски, одамлар орасида шундай фикрлайдиган­лар оз эмас. Баъзи кишилар кўз ўнгида имом, умуман, му­сулмон киши деганда, қан­дайдир қолоқ бир инсон қиёфа­си жонланади. Гўё, мў­мин-­мусулмонларнинг ҳаёт тар­зи, тутуми масжидда ўти­ри­шу маъракага боришдан ибо­ратдек...

Бундай қараш қаёқдан ­пайдо бўлди?! Имом, мусул­мон деганда фақат ночор, жонсарак, овози зўрға чиқадиган кишини тасаввур қилувчилар кўзига “замонавий” кўринган мўмин-мусулмон динга амал қил­маётгандек кўринади, ше­­килли. .

Ҳолбуки, кимнинг бой ёки фақир бўлиши Аллоҳ­нинг изни билан, қандай ­ҳаётни танлаши ўзининг иши. Насиҳат қилиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш – на­фақат имом, балки ҳар бир мў­миннинг вазифаси.

Аллоҳ таоло ҳалол касб билан топилган бойликни ҳеч кимга ҳаром қилмаган. Бошқаларга ярашган бой­лик нега энди мўмин-мусул­монга ярашмас экан?! Ни­коҳ ўқиётган имом куёвга: “Аёлингизнинг таъминоти, кийим-кечаги, зеб-зийнати, уй жиҳозию рўзғор буюмлари зиммангизда”, деб ша­риат кўрсатмасини эслатса-ю, ўзи ночор яшаса?! Минбарда: “Фар­зандларингизни ўқи­­тинг, таълим йўлида молин­гизни аяманг, деб ўзи биров­нинг қўлига қараб тур­са? Имомлик­ни уддалаб, бўш вақтида тижорат би­лан шу­ғулланса – бунинг нимаси ёмон?!

“Имом” сўзи истилоҳда “ол­­динда турувчи” деган ­маъно­ни англатади. У одам­лар­га пеш­қадамдир. У на­моз­да олдинда тургани­дек, бошқа ишларда ҳам пеш­во бўлиши керак. Пайғам­баримиз соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам ҳам имом – ҳар бир ишда олдинда турувчи эди­лар. У зотдан ке­йин Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ро­зийал­лоҳу ан­ҳум ха­лифа, шунингдек, имом эдилар. Улар фақирликка тар­ғиб ­қилишмаган. Туя ўша давр­нинг энг яхши улови ҳи­собланиб, у зотларнинг бир қанчадан яхши туялари бор эди. Ҳеч бири туя қимматли улов, эшак минамиз, де­йиш­маган. Жаннат башорати берилган улуғ саҳобалар ора­си­да Абдураҳмон ибн Авф ро­зий­аллоҳу анҳу энг бойи эди.

Саҳобалар ҳалол тижоратда ўз­аро мусобақалашар эдилар. Набий алайҳиссалом ҳеч ким­га нега бой бўлиб кетяпсан, демаганлар. Агар бойлик айб бўлганида, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга бойлик бермаган бўларди.

Исломда бой бўлиш эмас, балки мол-дунёга ҳирс қў­йиш қораланган. Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот» (Бақара сураси, 29-оят). Бошқа бир оятда: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?”» «Айтинг: “У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирган­лар (ва бошқалар) учун, қиё­мат кунида эса холис (мў­минларнинг ўзлари учун бўлур)”», дейилади (Аъроф сураси, 32-оят). Мўмин бой бўлса, закотини жойига берса, қан­дай ях­шидир! .

Шайх Муҳаммад Ғаззо­лий (1917–1996) бундай деган: “Қо­рун эга бўлган мулк­дан кўп­роғига эга бўлинг! Су­лай­моннинг салтанатидан кат­тароқ салтанатни қўлга ки­ритинг! Ҳақиқат қўлловга муҳтож замонда, уни қўллаш учун буларнинг барини илкингизда тутинг! Ўлим онлари келган пайтда эса уларни Аллоҳ йўлида қолдиринг! Кам­бағал, сойилдай яшаш жаннат йўли деб ишониш телбалик ва алданишдир”.

 

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ

 

Меҳнат кодексининг янги таҳриридаги “Меҳнат муҳофазаси” бобидаги 8 та асосий ўзгаришга эътибор беринг. Меҳнатни муҳофаза қилиш чораларини олдиндан режалаштиринг, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган омиллар йўқми, акс ҳолда ортиқча харажатлардан қутулиб қололмайсиз.

“Меҳнат муҳофазаси”, “Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса”, “Касбга оид касалланиш” каби тушунчаларнинг мазмуни очиб берилади.

Амалдаги Меҳнат кодексида ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш нормалари, қоидалари ва йўриқномаларига риоя қилиш мажбурияти ҳақидаги модда бор, аммо бу соҳада иш берувчининг бундай мажбуриятлари ҳақида моддалар йўқ. Энди қонун лойиҳасида ходимнинг ҳам, иш берувчининг ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига эътибор берилган.

Ходимни ишга киришда, бошқа ишга ўтказишда, ишлаш жараёнида унинг меҳнати муҳофаза қилинишига бўлган ҳуқуқини кафолатлайдиган моддалар киритилмоқда. Агар иш берувчининг фаолияти меҳнатни муҳофаза қилишдаги қоидабузарликлар туфайли тўхтатилса, ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади. Бу вақтда иш берувчи ходимни унинг розилиги билан бошқа ишга ўтказиши ва бажараётган ишига қараб иш ҳақи тўлаши мумкин, аммо бу иш ҳақи олдинги ишидаги ўртача маошидан кам бўлмаслиги керак.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 219-моддаси талабларига кўра, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилади. Меҳнатни муҳофаза қилинишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи уларни бартараф этиши шарт. Умуман олганда, ходим меҳнатни муҳофаза қилинишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар бундай таҳдидлар мавжудлигини тасдиқлаб, иш берувчи уларни бартараф этмагунча, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар таъсири мавжуд шароитда ишлашни давом этаверади. Бундай шароитларда ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилиши эҳтимоли юқори бўлади.

Шу сабабли Меҳнат кодексининг янги таҳририда ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганлиги тўғрисида иш берувчини дарҳол хабардор қилиши ва ушбу ҳолатлар бартараф этилмагунча тегишли ишларни бажаришдан бош тортиши мумкинлиги назарда тутилади. Бу давр учун ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Қонун лойиҳасида ходимнинг ишларни бажаришдан асоссиз бош тортишига йўл қўйилмаслиги чоралари кўрилган. Агар ходим ишларни бажаришдан бош тортишига важ қилиб кўрсатган унинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солаётган ҳолатлар мавжудлигига асосли гумонлар бўлиб, аслида унинг ҳаёти ёки соғлиғига ҳеч қандай таҳдидлар йўқ бўлса, иш берувчи бу ходимга нисбатан хизмат текширувини тайинлаши мумкин.

Агар хизмат текшируви натижасида ходим меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажаришни асоссиз рад этганлиги аниқланса, иш берувчи бу ходимни интизомий жавобгарликка тортишга ҳақли.

“Меҳнат муҳофазаси” бобига меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш бўйича 13 та моддадан иборат параграф киритилади. Лойиҳада меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари, ишлаб чиқариш объектларини меҳнат муҳофазаси, иш жойларининг хавфсизлиги, ходимларга санитария-маиший хизматини кўрсатиш ва тиббий таъминлаш талаблари юзасидан аттестациядан ўтказиш, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳақида моддалар биринчи марта назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва кузатуви, касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этишдаги ҳуқуқлари ҳақида моддалар бор.

Амалдаги Меҳнат кодексидаги каби, қонун лойиҳасида ҳам иш берувчининг ходимларни нормативлар бўйича якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаш мажбурияти ҳақида меъёр бор. Янги таҳрирда бу мажбурият янада аниқлаштирилди, унга кўра, энди ходимларни якка тартибда ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш фақат иш берувчининг маблағлари ҳисобига.

Амалдаги Меҳнат кодексида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни, ходимларнинг улар меҳнат вазифаларини бажараётганда бошқача тарзда шикаст етказилишини ҳисобга олиб бориш ва текшириш битта моддада келтирилади. Аммо текширувни ўтказиш тартиб-тамойили ва муддатлари, ходимларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ходисаларни текшириш комиссиясини ташкил қилиш тартиби ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

 

ЎМИ ходими

 Жаҳонгир ХАТАМОВ

Британиянинг Бирмингем шаҳри маъмурияти улкан масжид мажмуаси қурилишига рухсат берди. Мажмуа Ислом маркази, мактаб, турар жойлар ва дўконларни ўз ичига олади. 

Автомобиллар турар жойи ва масжид ҳузуридаги қизлар мактаби бўйича саволлар туғилгани сабабли лойиҳа шу пайтгача тасдиқланмаётган эди. Бироқ лойиҳа муаллифлари мажмуанинг барпо этилиши ҳудудда транспорт муаммоларини келтириб чиқармаслигини исботлаб беришди. 

Birmingham Mail нашрининг ёзишича, масжидга жума кунлари 2,5 минггача киши сиғиши мумкин. Масжид биносининг баландлиги икки қаватли бинонинг баландлигига тенг бўлади. Масжиднинг юқори қаватида анжуманлар ва кўзгазма заллари, кутубхона жойлашади

 

azon.uz

Бугунги дунё мусулмонларининг қарийб 50%ини ҳанафийлар ташкил қилади. Ҳабафий мазҳаби тўрт аҳли сунна мазҳабларининг енг аввалгиси ҳисобланади. Бу мазҳабнинг аҳамиятли томонларидан бири шундаки, бу мазҳаб фақатгина Aбу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг фикрлари билан емас, балки шогирдларининг қавллари билан ҳам мустаҳкамланган. Имом Aбу Ҳанифанинг ўзига хос дарс ўтиш усули муаллим ва мутааллимни бирдек илмий савиясини оширишга қаратилган еди. У зот ўртага бир фикрни ташлаб, уни шогирдлари билан бирга муҳокама қилар, ҳар ким бу масала устида ўз фикрини еркин баён қилгач, барчанинг фикридан ҳосил бўлган хулосани ясаб, барча атрофида жамланган олимлар у кишини тасдиқлагач ёздирар едилар. Мана шунинг ўзи ҳам Aбу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳнинг илми муттасил ўсиб, фикри тўлишиб боришида муҳим аҳамият касб қилди. Шу билан бирга Aбу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ фанини алоҳида фан сифатида тартиблаган зотдирлар. Имом Шофиъийнинг машҳур сўзларида у киши: “Фиқҳда барча олимлар Aбу Ҳанифанинг оила аҳлидир. У зотга тенг келиб масала айта оладиган киши йўқ”, дейдилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари фиқҳнинг 4 асосий манбаини еътироф етиш билан бирга бошқа мазҳаблар вакилларига нисбатан фиқҳ талабларига риоя етишнинг қиёс ва ижтиҳод усулларидан кенгроқ фойдаланади. Бу мазҳабнинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат: Қуръони каримдан ҳукм олишда оятларнинг носих ва мансухларини обдон аниқлаб олиш; ҳадиси шарифлардан ҳуқуққа доирларини шаръий ҳукмларга асос қилиб олишда ҳар бир ҳадиснинг саҳиҳлигига катта еътибор бериш ва уларнинг носих, мансухлигини чуқур аниқлаш; саҳобаларнинг иттифоқ ила чиқарган қарорлари (ижмў) ҳамда қиёс ва ижтиҳод усулларига биноан ҳуқуқий хулоса чиқаришдан ташқари истиҳсон деб аталувчи қўшимча манбадан ҳам фойдаланиш.

Ҳанафий мазҳаби оддий ҳуқуқ(урф-одат)дан ҳам ҳуқуқнинг кенг мустақил ёрдамчи манбаи сифатида фойдаланади, бу ҳол ҳаётий еҳтиёжларни ва маҳаллий одатларни ҳисобга олиб ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш имконини беради. Бу мазҳаб қоидалари мўтадиллиги, бирмунча юмшоқлиги, қулайлиги, халқларнинг маҳаллий анъаналарини еътиборга олганлиги сабабли 11-асрдан бошлаб шимол ва шарққа кенг ёйилган. Кичик Осиё, Болқон, Шимолий Кавказ, Қора денгиз, Волга бўйлари, Ўрта Осиё мамлакатлари, Aфғонистон, Ҳиндистон ва Хитойнинг олис ҳудудларига тарқалган. Ҳозирги даврда дунё мусулмонларининг қарийб ярми, шу жумладан, юртимиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига амал қилган ҳолда мусулмончилик қонун-қоидаларини бажариб келмоқда.[1]

Мазҳабимизнинг далиллари баён қилинганда ҳар бир ҳукм қуйидаги далилларнинг бири билан ҳужжатланган бўлмоғи лозимлиги таъкидланади.

Қурони карим
Суннати набавий
Ижмо
Қиёс
Истеҳсон
Aл — масолиҳ ал- мурсал
Урф ва таомул
Шаръу ман қаблана
Саҳобалар ва тобеинлар мазҳаби
Саддуз заройеъ
Истишоб
Ушбу қисмлардан аввалги бештаси ҳанафий мазҳабида доимий қўлланиб келади.

Ижмо (араб. — якдиллик, якдиллик билан қабул қилинган қарор; ижмо ал-умма — диний жамоанинг ягона фикри) — Қуръон ва ҳадисларда аниқ кўрсатма берилмаган ҳуқуқий масалани ҳал қилишда фақиҳ ва мужтаҳидларнинг тўпланиб, ягона фикрга келган ҳолда ҳукм чиқариши (фатво бериши). Шариат дастурларига кейинчалик киритилган 3манба. Шариатда шундай йўл билан чиқарилган ҳукм шаръий (қонуний) деб қабул қилинган.[2]

Қиёс (араб. — таққослаш) — шариат манбаларидан бири (Қуръон, сунна, ижмо билан бирга). Қиёсда дастлабки 2 манба — Қуръон ва суннатда берилмаган бирор ҳуқуқий масала улардаги шунга ўхшаш масала бўйича берилган кўрсатмага таққослаш йўли билан шарҳ етилган. Мас: ароқнинг шайтон иши еканлиги, уруш — жанжал, адоват чиқариши сабабидан у Қуръони каримда ман етилган. Aроқдан бошқа маст қилувчи ичимликлар ҳақида бирор нарса айтилмаган. Лекин мужтаҳид уламолар маст қилувчи ичимликларнинг ҳаммасида ҳам ароқ каби салбий натижалар бўлишини ҳисобга олиб, унга Қиёс қилганлар ва ҳаром деб ҳукм чиқарганлар. Қиёс фақиҳлар ҳуқуқини кенгайтириб, шариатни турмушнинг турли томонларига татбиқ етишга имконият берган. Шу билан бирга Қиёс ислом динини замон ва тараққиёт ила ёнмаён юришида асосий омиллардан бири ҳисобланади. [3]

Истеҳсон луғатда “бир нарсани яхши деб ҳисоблаш” маъносида бўлиб, истилоҳда еса мужтаҳиднинг очиқ равшан қиёсдан махфий қиёсга, куллий ҳукмдан жузъий ҳукга ўтишлигидир. Демак, истеҳсон аслида қиёс услуби бўлиб қиёсни ривожлантириш учун ишлаб чиқилган.

Маслаҳатул мурсал луғатда “бош қўйилган еркин манфаатлар” маъносида бўлиб, бирор ишни қилиш ёки қилмаслик борасида тайин далил бўлмаган лекин шариатнинг умумий қонун қоидаларига зид келмайдиган шариат мақсадига мувофиқ келувчи умумманфаатга хизмат қиладиган нарсадир.

Урфи таомил — Урф луғатда “танилган нарса” маъносини англатиб, истилоҳда еса одамлар, умуман жамият ўрганиб ҳаммага таниш бўлиб қолган соғлом табиат қабул қиладиган иш ёки создир.

Шаръу ман қоблана луғатда “биздан олдингиларнинг шариати” деган маънони англатади. Aввалги Пайғамбарлар ва уларнинг умматларига жорий қилинган шариатлар тушунилади.

Саҳобанинг гапи ҳужжат екани — саҳобалар Пайғамбаримиз солаллаоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, У Зотга иймон келтирган кишилар. Илмда камолга йетганлиги; араб тилини мукаммал билишлари, тақводорлиги ва адолатли еканлиги: ҳадисларни ворид бўлиш сабабини ҳаммадан яхши билишлари, шариатнинг мақсадларини чуқур англашлари туфайли уларнинг гаплари диний ижтиҳодлари ҳанафий, моликий ҳамда ҳанбалий мазҳабларида ҳужжат бўла олади.

Саддуз зарайеъ луғатда “воситаларни тўсиш” маъносида. Истилоҳда еса шариатда ман қилинган нарсани қилишга олиб борадиган воситаларни тўсиш, ман етишдир.[4]

Истишоб луғатда “суҳбатни талаб қилиш, дўст қилиб олмоқ” маъноларида. Фиқҳий истилоҳда еса аввал мавжуд бўлган боис бир нарсани ўзгартирувчи бўлмаса, уни кейин ҳам бор деб ҳукм чиқаришдир.

Мазҳаббошимиз ҳақларида йетук олимлардан бири Ҳафс ибн Файёз диққатга сазовор бундай фикрни айтади: “Aбу Ҳанифанинг фиқҳ ҳақидаги гапи шеърдан нозикроқ”. Бир қарашда оддий туюлган бу сўзларни биз бежизга диққатга сазовор демадик. Назм жуда нозик сўзлар билан ифода етилиши ва шу тарздаги гўзал иборалар тўпламидан шеър туғилиши маълум. Aбу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ – масала ҳақида гапирар еканлар, ҳудди илҳом билан шеър ўқиб келганидек, балки ундан ҳам нозикроқ, ундан ҳам чиройлироқ қилиб йетказардилар. Шунинг учун Aбу Ҳанифани фақат жоҳил одамгина айблайди, ақли бор одам у кишини танийди ва албатта еътироф етади. Замондошлари ва улардан кейин келган уламолар, дунё тан олган шахслар Имоми Aъзам роҳматуллоҳи алайҳни мана шу даражада таърифлайдилар.

Ислом оламида тан олинган олимларнинг буюк имомимиз ҳақидаги бу еътирофларини беҳуда келтирмаяпмиз. Қандай улуғ устозга ергашаётганимизни, имомимиз, мазҳабимиз раҳбари Қуръон-у ҳадисни, ислом динини бизга бу даражада мукаммал йетказган инсон еканини шояд яхшироқ танисак, жоҳил бўлиб қолишдан сақлансак, ва алал-оқибат, яхшиликлар қадрига ҳам йецак.

 

С.Зикрияйев,

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

[1] Wикипедия: Aбдулазиз Мансур

[2] Wикипедия

[3] Ў збекистон миллий енсиклопедияси биринчи жилд (2000-2005)

[4] Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари 95 – 101 бетлар.

Top