ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФAТ

Замонавий хаворижлар ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом хабарлари
Ислом дини жамиятни тартибга солиш ва инсониятнинг икки дунёдаги ҳаётини гўзаллаштириш учун нозил қилинган. Аммо соф исломий эътиқодни нотўғри талқин қилиш, диний ақидалардан нотўғри мақсадда фойдаланиш каби ҳолатлар мусулмонлар орасида турли фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Аслида бундай бузғунчи фирқаларга ислом дини қандай қарайди? Асл исломий моҳият нималардан иборат?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини дин ҳақида гапираётганларнинг ҳаммасига ҳам қулоқ солиш, уларнинг айтганига юриш тўғри эмаслиги ҳақида огоҳлантирганлар. Дин номидан гапирувчи ақли ва билими саёз кимсалар пайдо бўлиши, улар умматга яхшилик олиб келмаслиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт аср муқаддам башорат қилганлар. Қуйида шундай ҳадислардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
3611- عن سويد بن غفلة، قال: قال علي رضي الله عنه: “إذا حدَّثتُكُم عَن رسولِ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ حَديثًا فلأَنْ أخرَّ منَ السَّماءِ أحبُّ إليَّ من أَن أَكْذبَ علَيهِ ، وإذا حدَّثتُكُمْ عَن غَيرِهِ فإنَّما أَنا رجلٌ محاربٌ ، والحَربُ خدعةٌ ، سَمِعْتُ رسولَ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ يقولُ : يخرجُ آخرِ الزَّمانِ أقوامٌ أحداثُ الأسنانِ ، سفَهاءُ الأحلامِ ، يقولونَ مِن قولِ خيرِ البريَّةِ ، يَمْرِقونَ مِنَ الْإْسْلامِ كَما يَمْرِقُ السَّهْم من الرمية، لا يُجاوِزُ إيمانُهُم حَناجرَهُم”.

Али розияллоҳу анҳу айтади: Агар сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб сўзлайдиган бўлсам, у зотга нисбатан ёлғон гапирганимдан кўра, осмондан қулаб тушганим яхши. Ўзим билан сизларнинг орангиздаги нарсалар хусусида сўзлайдиган бўлсам, албатта, уруш ҳийладир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Охир замонда ўзлари ёш, эси пастларча фикр қиладиган бир қавм (кимсалар) пайдо бўлади. Улар халойиқдан энг яхшисининг (Пайғамбар алайҳис салом) сўзларини айтишади. Улар камондан отилган ўқдек исломдан жуда тез отилиб чиқиб кетади. Уларнинг имонлари бўғизларидан нарига ўтмайди[1].
Алҳисса шуки, ақл билан қиладиган ишларимиз, аъзоларимиз билан  бажарадиган амалларимизнинг энг тўғриси Аллоҳ ва Расули кўрсатган йўлдан юрмоқдир. Шунингдек, Аллоҳ буюрган ҳаққа эргашиш ёки ботилдан қайтиш билан бир қаторда, турли адашган фирқалар ва уларнинг иддаоларини билиш ҳам бизга вожиб ҳисобланади. Исломнинг асл моҳиятидан бехабарлик, диний ақидалардан ғаразли мақсад йўлида фойдаланиш оқибатида муқаддас динимизга эътиқод қилувчилар орасида турли адашган оқимлар юзага келди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари орасида ана шундай фирқаларнинг пайдо бўлиши ҳақида хабар бераяптилар. Бундай фирқалар зараридан огоҳликка чақириб: “Охир замонда ўзлари ёш, эси пастларча фикр қиладиган бир қавм пайдо бўлади”, деяптилар. Яъни уммат орасидан ўзи ёш, ақли паст, узоқни кўра олмайдиган, қилаётган ишларининг оқибати нималарга олиб келишини ўйламайдиган, илми саёз бўлса-да, оят ва ҳадисларни асл маъноларини тафсир қилишга киришиб, бошқача талқин қиладиган кимсалар пайдо бўлади.

Исломда илк пайдо бўлган ана шундай тоифалардан бири хаворижлар (ҳақ йўлдан оғиб чиққанлар)дир. Улар диний билимларни пухта эгалламасдан Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларни нотўғри талқин қилиб, ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Қуръонни фақат ўз фикрига суяниб тафсир қилса, агар тўғри тафсир қилса ҳам хато қилибди”, деб тафсирда фақат уламолар сўзига суянишни буюрганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида: “Улар халойиқдан энг яхшисининг сўзларини айтади”, яъни Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари билан сўзларини далиллаб, ўта фасоҳатли гапиради. Айрим одамлар улар айтаётган сўзларга, нутқининг фасоҳатига қараб, сўзини тўғри деб ўйлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида бундай ақиданинг алалоқибат олиб борадиган манзили соҳибининг имондан чиқиши билан якун топишидан огоҳ этиб: “Улар камондан отилган ўқдек исломдан жуда тез отилиб чиқиб кетади. Уларнинг имонлари бўғзиларидан нарига ўтмайди”, дедилар. Яъни, ундай кимса шунчалик залолатга кетадики, имондан айрилиб, диндан чиққанини ўзи ҳам билмай қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган ушбу сўзлар бундай йўл ўта хатарли эканини англатади. Яъни, улар дин ва диёнатдан ҳарчанд оғиз кўпиртириб гапирса ҳам камондан отилган ўқ каби исломдан чиқиб кетган, имони қалбига етиб бормай, бўғзида қолиб кетган кимсалар кабидир.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда дин аҳкомларини нотўғри талқин қиладиган, бу ҳукмлардан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган кимсалар учраб турибди. Ушбу ҳадисга кўра, уммат орасида фирқаланиш ва фитнага олиб борадиган сўзларни тарқатиш ниҳоятда оғир гуноҳ саналади. Ушбу ҳадис бутун уммат олимлари тўғри деб тан олган мужтаҳид уламоларимиз чиқарган фатволарни ботилга чиқариб, динда мавжуд бўлмаган сўзларни айтган ҳолда ёшларни йўлдан оздираётган кимсаларни ҳам назарда тутади. Чунки уларнинг ҳолатини тафаккур қилиб кўрсангиз, умматнинг салаф (аввалги) ва халаф (кейинги) уламолари бир томон, уларнинг ўзи бир томондир. Бу кимсаларнинг фикрича, умматнинг тарихда ва ҳозирги кундаги олимлари залолатда бўлган, ўзлари эса ҳидоятда! Уларнинг сўзларига кирмаган, фатволарини қабул қилмаган мусулмонлар куфрда, фақат улар имонда!

Ушбу ҳадис ва унга берилган шарҳлардан шу нарса маълум бўладики, оятларни тафсир қилиш ва ҳадисларни изоҳлаш учун аввало саҳоба ва ўтмишдаги мужтаҳид уламоларнинг бу ҳақда айтган сўзларини тўлиқ ўрганиб чиқмоқ зарур. Шунингдек, ислом динига оид масалаларда уламолар кенгаши билан ҳукм чиқариш шартдир. Ҳолбуки, дин аҳкомлари хусусида уламо ва ҳукамолар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиш кераклиги ҳақида  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

“Ҳазрат Али Расулуллоҳдан: “Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукми бўлмаган бирор иш содир бўлса, нима қиламиз?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлардан бўлган олимларни тўплаб, ўзаро маслаҳат қилинглар, бундай ишда бир кишининг фикри билан ҳукм чиқарманглар”, деб жавоб бердилар.
Диннинг асл моҳиятини англаб етмоқ, ақидасини соф ҳолда тутиб, бу йўлда умматнинг олимларидан маслаҳат сўраб турмоқ, ғаразли ниятдаги кимсаларга эргашиб, залолатга кетишдан эҳтиёт бўлмоқ ҳар бир мўмин-мусулмоннинг кундалик бурчидир.

 [1] Имом Бухорий – Муҳаммад ибн Исмоил. Саҳиҳул Бухорий. Китобул маноқиб.  Бобу “Аломатун нубуввати фил ислом”. 3611- ҳадис.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Read 700 times
Top