ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФAТ

Мусулмонлар бир-бирларини ҳурматлашга масъулдир

Таассуфки, баъзи бир сабаблар туфайли, жумладан, динимиз йўриқларини яхши билмаслик, ташқи аралашув боис мусулмонлар ўртасида бир-бирларини ҳурмат қилмаслик, куфрда айблаш, низолашув ҳолатлари учраб турибди. Ваҳоланки, биз мусулмонлар ўзаро низолашувдан қайтарилганмиз.

Имом Абу Довуд “Сунан”ида Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом бундай марҳамат қиладилар: «Кимнинг охирги сўзи “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради». Убода ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким “Лаа илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ”, деб иқрор бўлса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади”, деб марҳамат қилганлар» (Имом Муслим ривояти).

“Ақийдатут Таҳовийя” китобида бундай келади: “Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган нарсаларга ишониб, у зотнинг сўзларию хабарларини тасдиқлар эканлар, қибламиз аҳлини мўмин-мусулмон ҳисоблаймиз… ва қибла аҳлидан кимдир ҳаромни ҳалол санамас экан, уни гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз”.

“Хулоса” асарида айтилади: “Агар мўмин кишини кофир ҳисоблашга бир қанча далиллар бўлган ҳолда, мўмин эканига битта далил бўлса, уни кофир эмас, деб фатво бериш муфтийга вожиб бўлади”.

“Баззозия”да: “Агар мусулмон киши очиқ, аниқ куфрга далолат қиладиган гап-сўзни айтса, у мусулмон ҳисобланмайди”, дейилади.

Шундан маълум бўладики, мусулмон киши диндан экани аниқ собит нарсаларни инкор қилиш билан кофир бўлади. Яъни, намоз, закот, рўза, ҳаж каби фарз ибодатларни инкор қилиш, ароқ, зино, қотиллик каби Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ҳалол санаш, ҳалол нарсаларни ҳаромга чиқариш шуларга мисол бўлади.

Мусулмон киши мунозара вақтида одобга риоя қилиб, биродарини ҳурмат қилиши ва унинг шаънини топтамаслиги лозим. Хусусан, биродарини кофирга чиқаришдан ва уни куфрга ундайдиган ҳолатга солишдан сақланиш вожиб бўлади.

 Манбалар асосида

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

талабаси Нодирбек ШЕРБОЕВ

тайёрлади.

Read 770 times
Top