muslim.uz

muslim.uz

Қримнинг Боқчасарой шаҳрида 1500 йилда қурилган ва диний мажмуа таркибига киритилган «Занжирли мадраса» Қрим мусулмонлар диний бошқармаси ихтиёрига ўтказилди.

"Islam today" нашрининг хабар беришича, бу ҳақдаги қарор Республика Вазирлар Кенгаши томонидан қабул қилинган. 1500 йилда Менгли Қаҳрамон томонидан асос солинган ушбу мадраса Россия ҳудудида сақланиб келинаётган энг қадимий исломий диний мактаблардан бири ҳисобланади.

Ушбу мадрасада ислом дунёсида машҳур бўлган кўплаб олимлар таълим олган. Мадрасада исломий фанлардан ташқари араб тили, фалсафа, ҳуқуқ, математика, астрономия каби фанлар ҳам ўқитилган. «Бу ерда 1870 йилларда машҳур жамоат арбоби Исмоил Гаспирали (Исмоил Гаспринский) ишлаб, дарс берган», деб ёзилган Қрим мусулмонлар диний бошқармаси ахборотида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Рамазон ойи овқат рациони ва ухлаш давомийлигида йилнинг  қолган ойларидан фарқ қилади. Бир ой соғлом овқатланишга эътибор бериш орқали ортиқча вазндан халос бўлишни истаганлар учун муносиб ва етарли муддатдир. Айрим рўзадорлар ўзлари спорт билан шундоғ ҳам шуғулланиб турадилар. Лекин кўпчилик рўза бошланиши билан дангасалик касалига дучор бўлади. Бу масалада мутахассисларнинг фикрлари билан имкон қадар танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳеч қандай жисмоний машқларсиз кетма-кет 30 кун давомида рўза тутиш қувватнинг ва тана саломатлигининг пасайишига олиб келар экан. Шунинг учун ҳам мусулмонлар муқаддас Рамазон ойи давомида ўз саломатликларини яхши сақлаб қолишлари учун жисмоний фаолликка эътибор беришлари керак.

Рамазон ойи бу йил ҳам иссиқ етарли бўладиган мавсумда келди. Бунинг устига бадан тарбия даврида ҳам тана ҳароратини ортишини ҳисобга олиш керак.

Агар жисмоний машқларни бажариб туриш керак бўлса, у ҳолда уларни овқатдан олдин қилган афзалми ёки кейин қилиш фойдали бўладими?

Агар ифтордан олдин қилинса, у ҳолда муддат 60 дақиқадан кўпайиб кетмаслиги керак, яъни ифтордан 60 дақиқадан кўп бўлмаган муддат аввал қилиниши лозим.

Бунда у совутгичли ёки салқин жойда ўтказиладиган машқларни бажариши керак. Етарли миқдорда ифтордан сўнг суюқлик ичиш ҳамда зарур даражада ухлаб олиш керак.

Бордию машқлар ифтордан кейин амалга оширилса, у ҳолда уни ифторликдан камида уч соат ўтказибгина қилиш тавсия этилади. Чунки организм бу орада ҳазм қилишни бажариш билан банд бўлади. Ушбу ҳолда ҳам ифтордан аввалгидагига ўхшаб салқин жойда олиб борилиши тавсия этилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб рўзадорларга жисмоний фаоллик борасида қуйидаги тавсияларни бериш мумкин экан.

Салқин хонада ҳар куни 30 дақиқа атрофида машқ қилинг. Жисмоний машқлар борасида шуни ёдда тутиш зарурки, ҳаво иссиқ бўлганда, айниқса, рамазон ойида кундузлари керагидан ортиқча машқ қилишдан қочинг. Иссиқ ҳаво атмосферадаги суюқликларни камайтиргани каби танадаги сувни ҳам камайтиради ва бу инсонга зарар қилиб айрим ҳолларда ошқозон яраланишига олиб келиши ҳам мумкин экан.

Рамазон ойи давомида ифтор қилишдан икки ёки уч соат олдин ўзингизга қулай вақтни танлаб машқ қилинг, аммо ифтордан кейин жисмоний машқларни имкон қадар бажармаслик керак, чунки тана энергиясининг катта қисми бу пайтда овқат ҳазм қилиш жараёнига йўналтирилади. Лекин бемор бўсангиз машқ қилишдан олдин шифокорингиз билан маслаҳатлашишни унутманг.

Телевизор қаршисида узоқ ўтириш ва бошқа турдаги дангасаликларни камайтириш керак. Аксинча, юриш ёки уй ишлари билан машғул бўлишга ўхшаш тадбирларни кўпайтиринг.

Агар бош айланиши, кўнгил айниши, нафас олиш ёки кўкрак қафасида оғриқлар бўлса, дарҳол жисмоний фаолиятни тўхтатиб, дам олинг.

Рўзадорлик пайтида танада сувсизлик ортиб кетишига йўл қўймаслик учун ифтор ва саҳарлик орасида кун бўйи керак бўладиган миқдорда суюқлик истеъмол қилиш керак.

Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом) мўминларни фойда ва манфаат келтирадиган ишларда Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда фаол, ғайратли ва пешқадам бўлишга тарғиб қилиб дедилар: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз заиф бўлма!”. Демак, мўъминлар ушбу ҳадисдаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг иккиланиш ва журъатсизликдан қайтарилган тавсияларига муборак рамазонда ҳам амал қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Саиджамол Масайитов

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Бу йили муборак Рамазон ойида кўҳна Самарқандда 115 та масжидда хатми Қуръон ўтказилмоқда. Уларда 129 нафар ҳофизи Қуръонлар Аллоҳ таолонинг Каломини бошидан охиригача ўқиб бермоқдалар. Куни кеча ўн беш кунликка мўлжалланган 45 та масжидда хатмоналар бўлиб ўтди.

Хатмона кечасига ташриф буюрган уламолар, бош имом-хатиблар жамоатга мунаввар суҳбатлар қилиб бермоқдалар. Чин ихлос билан  Каломуллоҳга сомеъ бўлган намозхонлар хатми Қуръондан  сўнг қилинадиган дуоларнинг ижобатидан умид қилган ҳолда, ибодатларнинг бекаму кўст қабул бўлиши, тинчлик-офият, файзу-барака ва хатоларни мағфират этилишини сўраб дуоларда бўлдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Рамазонда фарзандларни тарбия қилишда ҳақиқий йўналиш аниқланади. Улар бизга берилган омонатлардир.  Салафи солиҳлар Рамазонда фарзандларини рўзага машқ қилдирар ва тунни қоим қилишга одатлантирар эдилар.

Ўзи билан бирга фарзанди ҳам нажот топишини истаётган рўзадор биродарим, қуйида сизга тарбия хусусида бир қанча масалаларни ҳавола қиламиз. Шояд, бу нарсалар сизга фарзанд риоясида фойда қилса.

  1. Эй ота, фарзандингизга хулқингиз, ҳаётингиз ва юрган йўлингизда гўзал намуна бўлинг. Чунки, фарзандларингиз сизга ота, муаллим, мураббий ва гўзал намуна бўлиб қарайди. Аллоҳ таоло Закарийё алайҳиссалом ҳақларида шундай марҳамат қилади: «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» (Анбиё, 90).
  2. Уйда эшитилган, кўрилган ва билинган нарсаларнинг боланинг ҳаёти ва келажагида таъсири бўлади. Хонадонга иймон, Қуръон ва суннатни киритиш, зикрни кўпайтириш, Аллоҳнинг буйруқларини қоим қилиш ва қайтариқларидан қайтиш ҳалол ва масъулиятли фарзандни тарбия қилади. Уйга бўлмағур, беҳуда ва иғво қиладиган нарсаларга уйни тўлдириш беҳуда ишларга берилган ва масъулиятсиз фарзандни катта қилади.
  3. Фарзандни Аллоҳнинг Китобини тажвид билан ўқиб, ёдлашга бириктириш. Чунки, ёшлик – ёд олиш ва хотиранинг мустаҳкамлиги давридир. Агар бола бу олтин даврни ўтказиб қўйса ва зоеъ қилса катта бўлганида қаттиқ афсус ва надомат чекади.
  4. Бола ёшлик чоғида унга кўмаклашиш ва ёмон инсонлар билан бирга бўлишдан тўсиш керак. Чунки, улар болагаҳар қандай касалликдан кўра зарарлироқ ҳамда ҳар қандай дуҳсмандан кўра унга хавфлироқ бўлади. Қанчадан қанча солиҳ инсонарни фосиқ кишилар хароб қилишган. Инсонга бирга бўлган кишисининг таъсири бўлади. Росулуллоҳ (с.а.в) келган ҳадиси шарифда шундай маънода марҳамат қиладилар: «Киши ўз дўстининг динида бўлади. Сизларнинг бирингиз ким билан дўст бўлаётганига қарасин». Бу ҳақида шоир шундай дейди: 

Киши ҳақида сўрама, унинг дўстин сўрагил,

Ҳар дўст биродарин ортидан қилар аниқ иқтидо. 

  1. Болани ёшлигидан туғма ҳақиқий эркак қилиб тарбиялаш лозим. Шунинг учун унга катта ишларни суйдириб, паст ва ёмон ишларни ёмон кўрсатиб тарбия қилиш керак бўлади. Росулуллоҳ (с.а.в) шу маънода айтадилар: «Албатта, Аллоҳ таоло юксак сифатли ишларни суяди ва уларнинг арзимаган(кичик)ларини ёмон кўради». Бола суюлиб кетадиган бўлмасин, аёлларга ўхшаб қолмасин ва ёмон билан бирга бўлмасин. Чунки, бу унга ҳасрат ва ор бўлади.
  2. Фарзанднинг уст-боши ва кўринишига эътибор қилиш лозим. Фарзанд суннатга мувофиқ кийинсин ва Аллоҳнинг душманларига тақлид қилиб кийинмасин. Росулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, бас, у улардандир». Йигит киши тилла ва ипак буюмлардан сақланиши, мужмал, гап-сўзи сўлғин, кўп куладиган, беҳудагарчилкларни кўп қиладиган ва шошқалоқ бўлмаслиги лозим.
  3. Боланинг қалбида Аллоҳнинг буйруқлари ва динига алоқадор ҳар қандай нарсанинг улуғ эканини сингдириш лозим. Шунда у Аллоҳ таолони муқаддас санайди ва У зотни барча айблардан пок деб эътироф этадиган мўмин бўлади. Ушбу тарбия боланинг қалбида Аллоҳнинг, Унинг Каломи ва Пайғамбарининг улуғлигини ўстириб боради.
  4. Болани манфаатли илм олишга йўналтириш лозим. Бу ишга қаттиқ ҳаракат қилиш, ихлосли бўлиш, дарсларига бош-қош бўлиш, унга илмнинг фазилатлари ва шарафини билдириб туриш ҳам ке керак.
  5. Ҳар намозда унинг ҳаққига ёлвориб дуо қилиш, саҳарлари ва дуолар ижобат бўладиган вақтларда унинг учун тазарруʼ қилиш лозим бўлади. Бундай дуоларда Аллоҳ унга тавфиқ бериши, қўлидан тутиши ва ҳидоят қилишини сўралади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир» (Фурқон, 74).

10. Фарзандга раҳм-шафқатли ва меҳр-муҳаббатли бўлиш, у билан ҳазиллашиб, ўпиб, эркалаб туриш лозим. Унга қўпол ва дағал қўпол қилмаслик ҳамда инсонлар орасида уни койимаслик керак бўлади. Мўмин инсон фарзандларга муомала қилишда ҳам Росулуллоҳ (с.а.в)га эргашади, У зот фарзандлари билан қандай муомала қилган бўлсалар у ҳам уларга шундай муомала қилади.

Аллоҳим, бизларни қаерда бўлсак ҳам бахтли қил! Аёлларимиз ва фарзандларимизни кўз қувончи қил ва бизларни тақводорларга имом қилгин!

 

Доктор Оиз Ал Қорний. “Рўзадор учун ўттиз дарс”

Тошкент шаҳар “Имом Термизий” жоме масжиди имом ноиби Саидхон Махсумов таржимаси

Top