muslim.uz
Рамазондаги энг улкан мукофот
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсувчидир, сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, у: “Мен рўзадорман”, десин. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман. Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилди”, деб марҳамат қилган. Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Шарҳ: “Рўза тўсувчидир”. Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ўринда “الصيام جنة” “ас сиёму жуннатун” дейилган. Бу ерда араб тилидаги “жуннатун” сўзи тўсувчи деган маънони англатади. Ушбу сўз ҳар қандай тўсадиган нарсага нисбатан ишлатилади. Рўза ҳам тўсувчидир, у инсонни ёмон ишлардан ва турли гуноҳлардан сақлаб дўзахдан тўсади. Чунки рўза шаҳватлардан тийилишдир, дўзах эса шаҳватлар билан ўралган.
Ибн Асир розияллоҳу анҳу: “жуннатун” сўзининг маъноси – рўза рўзадорни шаҳват ва шунга ўхшаш азият берадиган нарсалардан ҳимоя қилиб туради деган маънони билдиради”, дейди.
Имом Иёз розияллоҳу анҳу айтади: “Рўза инсонни гуноҳдан, дўзахдан сақлайди”. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат инсонга ёқмайдиган амаллар билан ўралган. Дўзах эса шаҳватлар билан ўралган” дедилар (Имом Доримий, Имом Термизий ривояти).
Яъни, жаннатга кириш осон эмас, ёқмайдиган нарсалардан мурод бу –мусибат ва ибодатлардаги қийинчиликларга сабру бардошли бўлиш ва гуноҳлардан тийилишдир.
Усмон ибн Абул Ос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизнинг жангдаги қалқонингиз каби, рўза сизнинг қалқонингиздир” деганларини эшитдим (Имом Ибн Можа, Имом Насоий ривояти).
“Сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёқи уришмоқчи бўлса, у: “Мен рўзадорман”, десин”. Бу жумлаларда ғоят юксак одоб-ахлоқ ҳақида сўз бормоқда. Рўзадор одам турли хилдаги беҳуда, фаҳш, уятсиз ва номақбул сўзлардан ўзини тийиши лозим. Ғазабланмаслиги, шовқин-сурон қилмаслиги, ҳалим, ширин сўзли бўлиши керак. Агар у билан бошқалар жанжаллашмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, у вазминлик ила рўзадорлигини маълум қилади. Жанжалталаб кишига рўзанинг ҳурматидан беодобликни тарк қилишини эслатсин ва ўзи ҳам бундай ишлардан тийилсин.
“Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир”. Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ёқимсиз ҳидни “خلوف”, “халуф” деб аталган. Маълумки, рўзадор инсоннинг оғзида кўп вақт таом емаганидан нохуш ҳид пайдо бўлади. Рўза туфайли пайдо бўлган ўша ёқимсиз ҳид Аллоҳ таоло наздида мушку анбарнинг ҳидидан-да, ёқимли эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидладилар.
“Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун. Ўзим унинг мукофотини бераман, Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган”.
Бу жумлада қудсий ҳадис ривоят қилинмоқда. Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мен учун ва уни мукофотини бераман”, деди”.
Рўзадор банда рўза кунларида сабру қаноатда бардавом бўлиб, Парвардигорининг амрига бўйсиниш учун барча неъматлар: таом ва ичимликларни истеъмол қилишдан ва ўз жуфти ҳалолига (аёли) яқинлиқ қилишдан шаҳватини тияди.
Рўзадан бошқа амалларга озгина бўлса-да, риё аралашади, яъни банда бажараётган ибодатларини бошқалар ҳам кўради. Фақат рўза бундан мустаснодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўзада риё йўқдир. Аллоҳ : фақат рўза мен учун … деган”.
Бир инсонни рўза эканини бошқалар билиши қийиндир. Шу боис Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини Ўзи беришини билдирди.
Имом Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтади: “Рўзадан бошқа барча амаллар инсон ташқи ҳаракатисиз бўлмайди, фақат рўза қалбдаги ният билан бошқалар кўзига кўринмайдиган амалдир”.
Рўза улуғ ибодат. Рўзадор куни бўйи еб-ичишдан ўзини тияди. Айниқса, ёз фасли келган Рамазон ойида кунлар узун ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши сабабли машаққатлироқ кечади. Шунда ҳам рўзанинг ҳурматидан рўзадор ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам манъ қилинган нарсалардан сақланади. Бу билан рўзадорнинг сабру бардоши синалади.
“Битта яхшиликка ўн баробар оширилади” бошқа ривоятда бундай дейилган: “...Бир яхшиликка унинг ўн баробаридан то етти юз баробаригача кўпайтириб берилур”. Охиратда барча ибодатлар ва яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва савоблар миқдорининг қанча берилиши айтилган. Аммо фақат рўзанинг охиратдаги мукофотининг миқдори қанчалигини ҳеч ким билмайди, буни Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.
Демак, Рамазон биз учун катта имконият ойидир. Билиб-билмай қилган хатою камчиликларимизни кечиришини Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун ғанимат фурсатдир. Шундай улуғ кунларда Аллоҳ таоло барчамизни улкан мукофотларга сазовор қилсин!
“Умдатул Қори шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асари асосида Ургут шаҳар бош имом-хатиби Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ ва “Ислом нури” газетаси махсус мухбири Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
Рамазон ойида бўлган тарихий воқеалар
Рамазон ойида жуда катта тарихий воқеалар содир бўлган. Бу воқеалар Ислом динининг нималарга қодир эканлигини кўрсатади. Бу ўринда ўша муҳим воқеаларнинг баъзиларини санаб ўтмоқчимиз:
- Милодий 610 йили, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қирқ ёшларида Рамазоннинг Қадр кечасида Макка яқинидаги Ҳиро ғорида илк ваҳий – Қуръони каримнинг Алақ сурасидан дастлабки беш оят нозил бўлди.
- Рамазон шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мабъус (пайғамбарлик) мақоми берилди.
- Буюк Бадр ғазоти. Бу ғазот Исломда “фурқон”, яъни, “Ҳақ билан ботилни айиргувчи” деб номланади. Бу уруш мусулмонларнинг устунлиги билан ҳижратнинг иккинчи йили 17-рамазон, жума кунида содир бўлган. Исломнинг ашаддий душмани бўлган Абу Жаҳл шу урушда ҳалок бўлган.
- Ҳижрий 2 йили Рамазон рўзасини тутиш ва закот бериш фарз қилинди.
- Макка фатҳи. Ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойининг 10-куни Макка озод этилди. Бутпарастликка чек қўйилди. Каъбадаги бутларнинг барчаси ер билан яксон этилди.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то Рамазон ойи тугагунигача кечалари ҳазрати Жаброил алайҳиссалом билан учрашиб, Қуръони каримни тиловат қилиб берар, шу тарзда ўзларини имтиҳон қилдирар эдилар.
- Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Табук ғазотининг бир қисми бўлиб ўтди.
- Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Тоифдаги Соқиф қабиласи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб Исломга кирганини эълон қилди.
- Ҳижратнинг ўнинчи йили Рамазон ойида Яманга Ислом кенг кўламда кириб келди.
- Испаниянинг фатҳи. Ҳижратнинг тўқсон иккинчи йили Рамазон ойининг 28-куни (милодий 711 йили июль ойининг 19 куни) Ториқ ибн Зиёд раҳбарлигидаги шиддатли урушда кофирлар раҳбари бўлган Рузрик устидан ғалаба қозонилди. Сўнгра Куртаба, Ғурната ва Испаниянинг пойтахти бўлган Тулайтилия фатҳ этилди.
Манбалар асосида
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Болалик Рамазонлари
Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.
Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.
Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.
“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.
Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.
Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.
Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.
Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.
Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...
Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!
Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.
Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!
Зумрад Фозилжон қизи
Рамазонда ибодатларга бепарво бўлманг!
Шариатда ибодатларнинг турлари жуда кўп бўлиб, улардан энг улуғлари: поклик ибодати — таҳорат, ғусл; баданий ибодат — намоз; руҳий ибодат — рўза; молиявий ибодат — закот; баданий-молий ибодат — умра, ҳаж ҳисобланади.
Мазкур ибодатлар силсиласини ойлар султони Рамазон кунларида бажарилса, ажру савоблар бир неча барорбарига кўпайтириб берилади. Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: “Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, худди бир фарзни адо этгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо этса, худди етмишта фарзни бажаргандек бўлади”, деб айтганлар.
Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳи: “Рўзанинг шундоқ ҳам бошқа амалларга нисбатан ажри бир неча баробар кўп бўлгач, Рамазоннинг рўзаси ҳам бошқа рўзаларга нисбатан бир неча барорбар устун бўлади. Бу унинг вақтининг шарофати ва у Аллоҳ фарз қилган рўза бўланлиги ҳамда У Зот бу рўзани Ислом барпо қилинган аркон – устунларнинг бири қилгани эътиборидандир”, - дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳи кечирилгандир”.
Демак, Рамазони шариф мукаррам ой. Ундан унумли фойдаланиб қолиш керак. Чунки Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ривоятларининг бирида
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ (ибодатга) жидду жаҳд қилар эдилар”, деб айтганлар.
Қалбларга жило берадиган Қуръони карим тиловати ҳам муборак Рамазон ойига хосланади. Сабаби Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло инсониятга ўзининг муқаддас Китобини Рамазони шарифда нозил қилган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (185-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рўза ва Қуръон бандага шафоатчилик қилади. Рўза: “Ё Раббим! Мен буни кундузлари емоқ ва шаҳватдан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Ё Раббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсганман, унинг ҳақидаги шафоатимни қабул қил”, дейди. Шунда икковининг ҳам шафоати қабул қилинади”.
Маълумки, шариатда ваъда қилинган савоблар эркагу аёлга тенг баробардир. Шу боис, бу ойда аёллар ҳам кўплаб ажру мукофотларга эришиб қолишларида турмуш ўртоқлари, фарзандлари ҳамда оила аъзолари яқиндан кўмак берсалар нур устига аъло нурдир. Негаки, опа-сингилларимиз саҳарлик ва ифторлик дастурхонимиз учун куйиб-пишадилар, рўзадор ҳолатларида кундалик рўзғор ишлари билан банд бўладилар, фарзанд тарбияси билан шуғулланадилар, оила аъзолари хизматига шай турадилар. Албатта, бу ишлар орқали савобга эга бўладилар. Лекин, кундалик вазифалар билан аёлларимиз ифторликдан сўнг толиқадилар, натижада нафл ибодатлари ва Қуръон тиловатига вақт ажрата олмай қоладилар. Мислсиз ажрлар ваъда қилинган ойда кўпроқ ўз ибодатлари учун ҳам эътибор қаратишса ва бунда оила аъзолари яқиндан кўмак берса рамазон ойи бунданда шукуҳли ўтади.
Шу билан бир қаторда опа-сингилларимиз ҳам ўзлари рамазон ойида ибодатларига бепарво бўлишмасин, турли сериаллар ва бекорчи суҳбатлар билан ғанимат вақтларини бой бермасинлар. Аксинча, қазо ва нафл намозларини адо этиб, кўпроқ Аллоҳнинг зикрида бўлсинлар, истиғфор тавбаларни кўпроқ айтсинлар. Мўътадил ва толиқмайдиган ҳолатда оила хизматига ярасинлар.
Сўз сўнгида шуни айтамизки, ушбу фазилатли рамазон кунларда кундалик юмушлар, тирикчилик ишларини бироз енгиллатиб, кўпроқ ибодатларни ихлос билан қилиб олишга эътиборли бўлиш зарурдир. Чунки Рамазон мағфират ойи ҳамдир. Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деган эканлар: “Кимки Рамазон рўзасини иймону ихлос билан тутса, ўтган жами гуноҳлари мағфират қилинади”. Имом Аҳмад ва сунан соҳиблари (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва ибн Можа)
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом
билим юрти мударрисаси Н. Ғофурова
Бир йилда бир меҳмон
Рамазон! Айтилиши осон, муддати нақадар оз, бир йилда бир меҳмон.
Рамазон! Бир йилда бир келасану, лекин биз гуноҳкор, осий бандаларнинг бир йил ичида йиғилиб қолган қанчадан-қанча гуноҳларимиз, хатоларимиз ва камчиликларимизни кечирилишига сабабчи бўласан.
Рамазон! Сенга таъриф бериш менинг қўлимдан келмайди, чунки сенинг тарифингни Аллоҳ таоло берган: «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...» (Бақара, 185).
Рамазон! Қадринг шунчалар баландлигидан икки дунёимиз саодати бўлган Каломуллоҳ сенинг бағрингда нозил бўлди. Даражангни юксаклигидан бизни гуноҳлар хорлигидан, дўзах оловидан ҳимоя қилувчи, шайтони-лаъиннинг устидан ғалаба гарови, жисмимиз закоти, жаннатга элитувчи кўприк, ибодатини фақатгина Ўзига хослаган, мукофотини ҳам фақат Ўзи бергувчи амал, яъни рўза айнан сенга хосланди.
Рамазон! Сенга қандай таъриф берайки, суюкли ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга хабарини берган гўзал таърифлардан ортиқ. Узот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон рўзасини имон, ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Рамазон! Сенинг ҳурматингдан жаннатлар жилоланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Қадрингни баландлигини мадҳ этувчи ҳадислар, хушхабарлар шу қадар кўпки, улардан ортиб қандай таъриф беришни билолмай хайронман. Агар менга сен учун бир дона таъриф бериш керак бўлганда сенга “мўминнинг мавсуми” деган таърифни берган бўлардим. Чунки суюкли пайғамбаримизнинг қуйидаги биргина ҳадиси шарифлари сенга бундай таъриф беришимга сабаб бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким Рамазон ойида зикр мажлисларида ҳозир бўлса, Аллоҳ таоло унинг хар бир қадамига бир йиллик ибодатнинг савобини ёзади ва қиёмат куни Аршнинг соясида мен билан бирга бўлади. Кимки Рамазон ойида жамоат намозларида бардавом бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир ракатига нурдан бўлган бир шаҳарни беради. Ким бу ойда ота-онасига қўлидан келганча яхшилик қилса, Аллоҳ таоло у бандага мулойимлик ва раҳмат назари билан қарайди ва мен унинг кафили бўламан. Қайси бир аёл Рамазон ойида ўз эрининг розилигини талаб қилса, у учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида Марям ва Осиё (розияллоҳу анҳум)ларнинг савобига эга бўлади. Ушбу ойда кимки бир мусулмоннинг бир ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло унинг минг-минглаб ҳожатларини раво қилади. Кимки Рамазон ойида муҳтожга хайру саховат қилса Аллоҳ таоло унга мингта яхшилик ёзади, унинг минглаб гуноҳларини ўчиради ва унинг даражотини минг пағона кўтаради” (“Нузхатул-мажолис” китоби).
Яна қанчадан-қанча таърифларинг, сифатларинг, рахматларинг ва биз билмаган сирларинг борки, уларни зикр қилишга забонимиз, ёзишга қаламимиз, санашга саноқларимиз, ўзгаларга етказишга илмимиз етмайди. Қўлимиздан келгани шу озгина ибодат, Роббимизга итоат, яхшиликларингдан умидворлик, сенинг дунёларга сиғмас ҳурматингни сақлаш ҳамда Роббимизнинг бизга юборган бир ойлик меҳмони олдида мезбонлик бурчимизни чиройли адо этиш холос.
Рамазон! Хар йилгидек бу йил ҳам сенинг ифорингга чанқоқ бўлган дўстларингни суюнтир, қалбларига ором бер. Сенинг ҳурматингни сақлаган, сендан унимли фойдаланган, сен туфайли ўзига жаннатни вожиб қилиб олган ҳар бир инсон икки дунёда азиз бўлсин. Кимки сенга етсаю, сенинг қадрингни билмаса, ҳурматингни сақламаса, сен буюрган амалларни қилиб, сен қайтарган маъсиятлардан қайтмаган ҳолда, ўзига жаннатни вожиб қилолмасдан сени ўтказиб юборса, унинг бурни ерга ишқалансин.
Маматқулов Жалолиддин
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом-хатиби
Исломов Ёрбек
Учкўприк тумани “Шох муқаддам” жоме масжиди
имом ноиби