muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Самарқанд вилоятидаги имом хатиблар ўзларининг ҳудудларидаги 100 га яқин хонадонларда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказдилар.

Имомлар хонадонларга бориб, оиладаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Жумладан, Иштихон туман бош имом хатиби Иштихон туман ҳокимлиги мажлислар залида янги оила қураётган ёшлар билан учрашиб, “Оила дорулфунуни” мавзусида учрашув ўтказган бўлса, Пайариқ туманидаги “Мўлла Тоҳир” жоме масжиди имом хатиби Янгиобод МФЙда яшовчи Обилов Қозоқбойнинг турмуш ўртоғи бемор экани сабаб уларнинг ҳолидан хабар олди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 7 ва 23 ўрта мактабларда бўлиб ўтган тадбирларда “Қўшбақолли” жоме масжиди имом хатиби “Ёшлар бизнинг келажагимиз”, “Ислом ва олам” мавзуларида маъруза қилган.

Каттақўрғон шаҳрида фаолият олиб борувчи имомлар томонида ҳудудда истиқомат қилувчи ногиронларнинг ҳолидан хабар олинди.

Каттақўрғон тумани имомлари бундан ташқари, жазо муддатини ўтаб қайтган шахслар билан учрашиб суҳбатлашганлар.

Шунингдек, туманлардаги барча имом-хатибларимиз муаммоси бор хонадонларга бориб, аҳолининг ҳолидан хабар олмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Алжирда Қуръони карим мўъжизаларига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда International Quran News Agency.
Ташкилотчиларнинг фикрларига кўра, Қуръони каримнинг ҳақиқийлиги замонамизнинг турли хил кашфиётлари ва илмий ютуқлари билан ўз тасдиғини топмоқда.
(Қуръони карим оятларида баён этилган илмий мўъжизалар билан боғлиқ янгиликлар кундан-кунга кашф этилиб, унга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.)
“Қуръони карим ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” симпозиуми иштирокчилари илмий клуб ташкил этиб, унда Қуръони карим ва Суннатдаги илмий мўъжизаларнинг шарҳини амалга ошириш, шунингдек янги мажлисларни ўтказиш таклифини илгари суришди.
Семинарда Алжир ва хорижий мамлакатларнинг турли университетлари (Фаластин, Тунис, Буюк Британия ва бошқалар) дан тадқиқотчилар иштирок этишди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзининг Каломи шарифида ҳалолликни амр қилиб берган, инсонни бекорчиликдан кўра ер юзи бўйлаб ҳалол касб қилишни амр этган, мўмин киши шу ҳалол касби билан ҳам жаннатга кириши мумкинлигини айтган, чунки ўз аҳлини ҳаромдан асраб ҳалол едириб-ичирса, ҳалолдан улғайтириб илм олдирган ота-онага Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб отасига садақаи-жория ўлароқ қолишини мадҳ этган Аллоҳга ҳамд-у-санолар бўлсин. Ўз суннати санияларида касб-ҳунар қилиб биз умматларига энг олий ўрнак бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва касб қилишни мерос қолдирган барча пайғамбарларга Аллоҳнинг саломи бўлсин.

Барча ёмон ва бемаъни ишлар ҳам аслида бекорчилик ва ишсизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир киши мустақил касб-ҳунар соҳиби бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Касб-ҳунари қайси соҳага оид бўлишидан қатъий назар. Муқаддас динимиз ислом дини ҳам бу муҳим жиҳатни эътиборсиз қолдирмаган. Ўтган барча пайғамбарлар ҳам ўзлари мустақил касб-ҳунар билан шуғулланиб, ўз умматларига ҳалол касб қилиш борасида чиройли намуна бўлишган.

Хусусан, Одам алайҳиссалом деҳқон бўлганлар ва шу билан бирга биринчи мураббий хамдирлар. Нуҳ алайҳиссалом кема ясашни ўрганганлар, Довуд алайҳиссалом моҳир темирчи бўлиб, мустаҳкам совутлар ясаганлар, Мусо алайҳиссалом саксон йил қўй боққанлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар бўлмасликларидан аввал қўй боққан ва тижорат билан шуғулланганлар.

Қуръони Каримда ҳалол касб қилиш ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

У (Аллоҳсизларга ерни хокисор (бўйсунувчи ) қилиб қўйган зотдирБасу Ернинг ҳар томонида (саёҳаттижорат ёки деҳқончилик қилибюраверингизва (Аллоҳберган ризқлардан тановул қилингиз, (Қиёмат кунитирилибчиқиш Унинг ҳузуригадир”.

Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳалол касб ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Мен Маккаликларнинг қўйларини боқар эдим” Имом Бухорий ривояти.

“Дарҳақиқат, Аллоҳ касб билан шуғулланувчи кишини яхши кўради”. Имом Термизий ривояти.

“Шубҳасиз сизларнинг бирингиз арқон олиб, елкасида ўтин кесиб келиши одамлардан сўрашидан – сўраган нарсасини берсалар ҳам, бермасалар ҳам – яхшироқдир”. Имом Бухорий ривояти.

“Ҳеч ким ўз қўли билан ишлаб топган таомдан ҳам яхшироқ таом емаган”. Ибн Можжа, Аҳмад ва Бухорий ривояти.

“Ҳалол касб фарздан кейинги фарздир”. Табароний ва Байҳақий ривояти. Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам Шомга икки бор тижорат учун сафар қилганлар. Динимиз касб-ҳунарни қадрлайди ва кишининг ўз қўли билан қилган касбини Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал ва шарафли амал деб ҳисоблайди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ишламайдиган одамларни учратиб, улардан нега ишламайсизлар деб сўрабдилар. Шунда улар: “Биз Аллоҳга таваккул қиламиз”, – деб жавоб берибдилар. Умар ибн Хаттоб уларга: “ЙўқёлғонАллоҳгаҳақиқий таваккул қилувчи киши аввал ерга дон экиб қўйибсўнгАллоҳга таваккул қиладиҲеч бирингиз эй Аллоҳ менга ризқ бер деяризқизламай ўтириб олмасинҲолбуки осмондан на олтин ва на кумуш ёғилур” – деб айтган эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу камбағалларни садақаларга суяниб ишламай қўйишликларидан қайтариб шундай деганлар: “Эй камбағаллар, яхшиликларда мусобақалашинг, мусулмонларга боқиманда бўлиб қолманг”.

Саид ибн Мансур Ибн Масъуддан ривоят қилади, у киши деди: “Мен на дунё ва на охират иши билан машғул бўлмаган бекорчи кишини кўришни ёмон кўраман”.

Яна халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Мен бир кишини кўраман, у менга ёқади, сўнг ундан ҳунаринг борми деб сўрайман. Агар у йўқ деса ўша киши назаримдан қолади” – деган.

Демак, динимиз касб-ҳунар эгаллашга, жамиятга фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишга катта эътибор берган, бекорчиликни эса қаттиқ танқид қилган ва касб-ҳунар ўрганиш, илм олишга нафақат ундаган, балки буюрган. Бу мақсадга эришиш йўлида ота-она фарзандига боланинг салоҳияти ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда ёшлигиданоқ керакли кўрсатмаларни бериб, илм олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериши лозим.

Ёшларни бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, ўз касбининг устаси бўлишларига ундаш, бу уларнинг дини олдидаги фарзи, халқи ва ватани олдидаги масулияти эканлигини тушунтириш, бу йўлда уларга ёрдам бериш шарт. Шундагина улар эгаллаган ўз билим, ҳунар, кўникма ва мутахассисликлари асосида чет элларда иш излаб турли ёлғон йўлларга кирмай, балки ўз халқининг равнақига ҳисса қўша оладиган, ватани, олдидаги ўз бурчини ҳис қила оладиган юртимизнинг порлоқ келажаги ўз қўлида бўладиган ҳақиқий ёшлар бўлиб улғаядилар.

Тошкент ислом институти

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси

Зафар Маҳмудов

Манба: http://islaminstitut.uz

Бугун 2018 йил 12 декабр куни  «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида «Қуръони карим ва тажвид» пуллик курсининг иккинчи  босқичи машғулотлари якунланди. Мазкур босқич тингловчиларига билим юрти томонидан «Қуръони карим ва тажвид курси»ни якунланганини тасдиқловчи сертификатлар  топширилди.

Қуйида сертификатлар топшириш маросимидан фотолавҳаларни тақдим этамиз.

 

Манба: https://kukaldosh.uz

mercredi, 12 décembre 2018 00:00

Юлдузлар йўл кўрсатади(ми)?

Тунда осмонга қарасангиз, жуда кўплаб юлдузлар тартибсиз сочилиб ётганга ўхшайди. Аслида улар осмонда тартибсиз сочилиб ётмайди. Ҳозирги вақтда олимлар расадхона, яъни обсерваторияларда юлдузларнинг катталиги, ҳарорати, кимёвий таркиби ва ҳаракатларини шунингдек, ўзаро жойлашган ўринларини ҳам ўрганишмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, юлдузлар ниҳоятда қизиб ётган, Ердан жуда узоқда жойлашган осмон ёритгичларидир. Уларни одамлар қадимдан гуруҳларга ажратишган ва ҳар бир гуруҳга ном беришган. Булар юлдуз туркумлари деб аталади. Масалан, Тарози, Чаён, Мезон ва бошқалар.

Сиз Катта Айиқ юлдузлар туркумини билсангиз керак. Уларни хаёлан чизиқ билан туташтирсангиз дарҳақиқат, чўмичга ўхшайди. Чўмич бандидаги иккинчи юлдуз ёнида кичик юлдузча бор. Қадимда жангчиларнинг кўзи ўткирлигини шу юлдузни кўра олишига қараб аниқлашган. Бизга кўриниб турадиган анча ёруғ юлдузлардан бири Олтин Қозиқ (қутб) юлдузидир. Бу юлдуз ҳамма вақт ҳам осмонда бир жойда – Шимолий қутб устида туради.

Олтин Қозиқ (қутб) юлдузига қараб шимолни, шунингдек бошқа томонларга бўлган йўналишни ҳам аниқлаш мумкин. Агар олд томонингиз билан шимолга қараб турсангиз, ўнг томонингиз шарқ, чап томонингиз ғарб, орқа томонингиз жануб бўлади.

Фан-техника ривожланган бугунги кунда ҳам сайёҳлар, илмий тадқиқотчилар, олимлар ва денгизчилар ҳамон юлдузларга қараб ориентирлаш услубидан фойдаланади. Чунки, қўлимиздаги техник асбоб-ускуналарни одам боласи ясаган. У бузилиши, адашиши ва ҳатто нотўғри кўрсатиши ҳам мумкин. Аммо, юлдузлар Қодир Зот томонидан мукаммал тарзда яратилган бўлиб, биз бандалар учун хизмат қилишга Аллоҳ таоло томонидан бўйсундирилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилди:

“У сизлар учун қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган зотдир. Биладиган кишилар учун оятларни батафсил баён қилдик”. (Анъом, 97) 

“(Йўлларга) белгилар ҳам (қўйди). Юлдузлар билан ҳам улар йўл топурлар”. (Наҳл, 16) 

Суддийнинг сўзига кўра, сафарга чиққанлар ва мусофирликда юрган йўловчилар манзилига янглишмай етиб олишлари учун Аллоҳ таоло осмонда ернинг тўрт томонини ва қиблани аниқлаш учун сурайё, етти оғайни, олтин қозиқ, қутб ва бошқа юлдузлар каби аломатларни мўлжал сифатида яратиб қўйган.

Таъкидлаш жоизки юлдузларнинг йўл кўрсатиш билан бир қаторда, ўзига хос бизга маълум ва мавҳум кўплаб вазифалари бўлиб, ана шулардан бири йил ҳисобини ҳам белгилашдир. Қуръони каримда мазкур ҳолат хусусида ҳам оят нозил бўган: 

“(Биз) осмонда буржлар яратдик ва кузатувчилар учун уни (юлдузлар билан) безаб қўйдик”. (Ҳижр, 16) 

Уламолар ушбу оятни қуйидагича тафсир этишган: “Осмоннинг ўн икки буржи – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут бўлиб, қуёш уларни 360 даража билан бир йил мобайнида кесиб ўтади. Ойнинг ҳам шу каби ўн икки буржи мавжуд”. 

Бизларга ота-онамиздан ҳам минг чандон Меҳрибон бўлган, биз учун сон-саноқсиз, чексиз неъматлар ато этган ҳамда адашганимизда тўғри йўл кўрсатган АЛЛОҲ ТАОЛОга чексиз ҲАМД-У САНОЛАР БЎЛСИН! 

                                                       

Саидаброр Умаров ЎМИ матбуот хизмати

Top