muslim.uz

muslim.uz

mercredi, 30 mai 2018 00:00

Ўхшаши йўқ ибодат

Рамазоннинг фазилатини рўза тутганлар билади. Рўзадорнинг танаси ҳолсизланса-да, кўнгли тўқ, нафсининг жилови қўлида, руҳи тетик бўлади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ўзим берурман, деди”, дея марҳамат қиладилар. Ҳадисга кўра, Аллоҳ таоло “Рўза Мен учундир” деяпти. Ана шу фикрга эътиборимизни қаратсак, рўзани ният қилган киши ҳеч ким кўрмаса ҳам еб ичмайди, ҳатто тариқча бўлса ҳам томоғидан нарса ўтмаслигига ҳаракат қилади. Шубҳали нарсалардан йироқ юради, Аллоҳ таолонинг “Басийр” яъни ҳамма нарсани кўрувчи эканига имон келтиради. Ҳамиша қалбида “Аллоҳ таоло кўриб турибди”, деган фикр бўлади. Рўза тутмаган вақтларда ҳам бу ишонч одатга айланади ҳамда киши ўзини ёмонликлардан ана шу фикри орқали узоқ тутади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Рўза сақловчидир. Рўзадор киши  фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин”.

Рўза ўз соҳибини кўпгина ёмонликлардан асрайди. Рўзадор тилига ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлади. Бу эса ўз навбатида қанчадан-қанча жанжалларнинг олдини олади, яхшиликларга сабаб бўлади.

Рўзанинг фазилатлари чексиз. Ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бор. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифторлик қилса хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига юзланганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай”. Саҳардан шомгача еб-ичишдан чекланган нафснинг ифторлик чоғидаги роҳатини фақат рўзадоргина ҳис қила олади. Аввало, ибодатни адо этганидан, катта савобга эришганидан, қолаверса, ташна жисмига сув ва очиққан нафсига ҳалол егуликка етишганидан кўнгли кўтарилади. Охиратда эса тутган рўзаси туфайли жаннатда шодланади.

Набий (с.а.в.) ҳадисларида шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”. Ҳаётимиз давомида кўпгина хатоларга йўл қўямиз, уларни мағфират этишини ҳамиша Аллоҳдан сўраймиз. Рўза сабаб гуноҳлар кечирилиши бу улкан имкониятдир. Бундан ташқари, Рамазон рўзасини имон ва савобни умид қилиб тутиш жоизлиги эслатилмоқда. Ушбу ҳадис рўзанинг нақадар қадри юксак эканини англатади.

Ҳар бир мусулмоннинг орзуси жаннат. Унга етишмоқни доим Яратгандан сўраймиз. Бироқ рўзадорлар учун жаннатнинг алоҳида эшиги борлиги бу ибодатнинг нақадар фазилатли эканини англатади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, Райён, деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан кирурлар, улардан бошқа бирортаси кирмас. “Рўзадор қаерда?” деюрлар. Улар ундан кирурлар. Қачон уларнинг охиргиси кирса, у бекитилур. Ундан бошқа ҳеч ким кирмас”. Рўзадорларга берилажак ажру мукофотларнинг салмоғини ана шу ҳадисдан ҳам билиб олсак бўлади.

Ҳақиқатан, рўзанинг фазилатлари битмас-туганмас хазина каби. Бу ҳақда қанча гапирмайлик, янада ортиб бораверади. Муҳими, имкониятлар фаслида – муборак Рамазон ойидан фойдаланиб қолайлик. Рамазоннинг кунлари ғанимат, у жуда тез ўтиб бормоқда. Шукрки, юртимизда ушбу ойни муносиб ўткизиш учун кўпгина шароитлар яратилган. Мусулмонлар ўз ибодатини эмин-эркин адо этмоқдалар. Масжидларда ҳар куни таровеҳ намозлари ўқилмоқда. Баъзи кунлари долзарб мавзуларда суҳбатлар уюштирилади, юртдошларимиз ўз саволларига жавоблар олмоқда. Албатта, буларнинг барчаси бизга берилган бебаҳо неъматдир.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади

 

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Рамазоннинг мағфират кечаларида Андижон вилояти Шаҳрихон туманида “Ваҳим” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Дастлаб намозхонларни муборак Рамазон ойининг мағифарат даҳаси билан қутладилар. Сўзларида давом этиб, жумладан шундай дедилар:
– Юртимизга Аллоҳнинг раҳмати, назари тушган. Диёримизда инсон учун энг катта неъмат ҳисобланмиш тинчлик-хотиржамлик, аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатлик қарор топган. Мазкур неъматларнинг бардавомлиги йўлида ташаббус кўрсатаётган муҳтарам Президентимизга миннатдорликлар айтамиз.
Рамазон ойининг баракотли кунларда Шаҳрихон туманидаги жоме масжидларга ташриф буюриб, жомелар, имом-домлалар фаолияти билан танишиб, намозхонларимиз билан дилдан суҳбат қилаяпмиз. Аллоҳга шукрки, барча мўмин-мусулмонларимиз мамнунлик сўзларини изҳор қилишмоқда. Ушбу туманда жуда гўзал, ҳамма шароитлар муҳайё қилинган, файзли масжидлар кўп экан. Айтмоқчи бўлганимиз, бугунги кунда юртимизнинг энг чекка, тоғли ҳудудларида жойлашган масжидларда ҳам яратилган шароитлар шаҳардагидан асло кам эмас. Бу ҳам давлатимизнинг мўмин-мусулмонларга кўрсатаётган эҳтиромининг яққол намунасидир.
Муфтий ҳазратлари таровиҳ ва хатми Қуръон намозини масжид қавми билан бирга-бирга адо этиб, якунда намозхонлар билан Парвардигоримизнинг даргоҳига қўл қўтариб дуолар қилинди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган “Ҳасанбой” жоме масжиди ҳудуди куни кеча илоҳий раҳмат нурлари билан лиммо-лим тўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Сабаби, бу файзли жоме масжидда кеча таровиҳ намозида ўқилаётган хатми Қуръон якунига етди. Хатмонага ташриф буюрган Шайх Аблуазиз Мансур каби таниқли уламолар, Раҳимберди домла Раҳмонов, Абдуҳаким қори Матқулов, Исоқжон домла Бегматов каби тажрибали имом-домлаларнинг таъсирли мавъизалари мўмин-мусулмонларимизни янада ихлосли бўлишга ундади. Шунингдек, қориларимизнинг ҳусни совт билан Қуръони карим тиловат қилишлари намозхонларнинг қалбини илоҳий муҳаббатга кўмди.
“Ҳасанбой” жоме масжиди имом-хатиби Абдуманнон домла Усмонов бошчиликларидаги масжид жамоасининг хатмонага пухта тайёргалик кўргани хатми Қуръоннинг якунини чирой ўтиши ва кишиларга аъло кайфият улашишига жуда катта омил бўлди.
Буларнинг барчаси Яратганнинг инояти ва марҳаматидир. Шунинг учун бундай кунларнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш ва шукрона келтириш лозим.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган “Ҳасанбой” жоме масжидидаги таровиҳ намозидан тайёрланган ушбу фотолавҳалар юқоридаги айтилган сўзларимизни тасдиқлайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

29 май куни Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “Боистон”, “Эшон”, “Ҳалим қори” ва “Назар Маҳрам” жоме масжидларининг иш фаолияти билан яқиндан танишиш ва намозхонлар билан дилдан суҳбат қуриш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур жомеларга ташриф буюрдилар.
Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан Ислом дини қадриятларини ривож топтириш, алломалар мерослари ўрганиш, мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш ҳамда диёримиздаги масжид-мадрасалар фаолиятини яхшилаш ва имом-домлаларнинг ойлик маошларини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳақида муфтий ҳазратлари намозхонларга сўзлаб бердилар. Ўз навбатида масжидлар қавмлари аъзолари ҳам ўзларининг бугунги кундаги ислоҳотларга фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Боистон” жоме масжиди қавми аъзоси Ҳусанбой ота муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсатдан намозхонлар чексиз миннатдор экани, аҳолининг кайфияти жуда юқори бўлаётгани, яратилган шарт-шароитлардан барча бирдек хурсандлигини изҳор қилди. Намозхонлардан Баҳодир ака исмли киши масжидга келувчилар диёримизда олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун экани, ҳудуддаги аксар аҳоли ҳунармандчилик билан шуғулланиши, уларга берилаётган имконият ва имтиёзлардан барча розилигини чин кўнгилдан изҳор қилди.
Ушбу жоме масжид имом-хатиби Саидхонов Саидамирхон маҳалла аҳолиси жуда аҳил-иноқлиги, турли руйхатлардан чиқарилган фуқаролар ҳам қисқа муддат ичида жамиятга киришиб, муносиб ўринларини эгаллашганини маълум қилди.
“Эшон” жоме масжидига ташриф буюрилганда, намозхонлар ўз сўзларида ҳудуддаги шарт-шароитлар яхшиланиб бораётгани, масжидларда ибодатларни эмин-эркин адо этилаётгани, кўпчилик аҳоли деҳқончилик билан шуғулланиши, жуда қийин даврларни бошларидан ўтказишгани, бугунги дориломон кунларга шукроналар келтириб, Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлардан мингдан-минг рози эканларини баён қилишди.
“Ҳалим қори” жоме масжиди аъзоларидан Мухторжон ота Болтабоев юрт Раҳбари, вазирлар, мутасаддилар ва муфтий ҳазратлари энг олис ва чекка қишлоқларга ҳам шахсан ўзлари ташриф буюришлари биринчи марта бўлаётганини билдирди. Шунингдек, аёл-қизлар, ёшлар тарбиясига янада жиддий аҳамият қаратиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Сўзининг якунида бутун шаҳрихонликлар номидан Мухторжон ота ташаккур билдириб, давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик изҳор қилди.
Тумандаги “Назар Маҳрам” жоме масжидида муфтий ҳазратлари намозхонлар билан пешин намозини бирга-бирга адо қилдилар ва мавъиза қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари билан самимий мулоқот қилган мўмин-мусулмонлар дин пешволари, имом-домлаларнинг иш фаолиятлари кенгайиб бораётгани, ҳар бир жабҳада фаол иштирок этишаётгани ва бундан мўмин-мусулмонлар рози эканини сўзлаб беришди.
Муфтий ҳазратнинг Андижон вилоятига сафарлари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Юртимизда муборак Рамазон ойи шукуҳи кезиб юрган айни кунларда кўнгилларга сурур, қалбларга ҳузур, кўзларга нур улашувчи яна бир нашр – янги «МЎМИНАЛАР» журнали чоп этилди.

Аёл – мураббий, насллар давомийлигини таъминлашдек шарафли вазифага масъул зот. Муқаддас динимиз аёлнинг маънавий хазинасини бойитиш, уни маърифатга ошно қилиб, кўнглини меҳр жавоҳирлари билан тўлдиришга амр этади.

Шуни инобатга олиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Мовароуннаҳр» нашриёти муассислигида «МЎМИНАЛАР» журнали чоп этила бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг «Мукаррамлик насиб этсин!» табрик-мақоласи билан очилган журналда динимиз аҳкомлари, аёлларга хос ҳукмлар махсус рукнларда тушунарли баён этилган.

Оилаларимиз чироғи ва чароғбони – мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз ҳақида Аллоҳнинг каломида нималар дейилгани, саҳармардонда уйғонган аёл қандай дуо-илтижо қилиши лозимлиги, аёллар фиқҳи, республикамиз бўйича юқори савияда ўтказилган Қуръон мусобақаларидан лавҳалар, мўминлар онаси – Хадича бинти Хувайлид (роҳияллоҳу анҳо)нинг ибратга тўла ҳаёт йўлларидан ўрнак олиб яшамоқчимисиз?

Динимизда маҳрнинг ҳукми қандай, куёв келинга қанча маҳр бериши керак; мўмина аёл фарзанд тарбиясида нималарга эътибор қаратиши зарур; пойтахтимизда фаолият юритаётган «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти фаолияти сизни қизиқтирадими?

«Фолбинга борса нима бўлади?», Шайх Зиёвуддинхон ҳазратларининг авлодлари, сулолалари бугун қанадй хайрли ишлар билан банд?

Ушбу саволларга атрофлича жавоб олмоқчи, туркум қизиқарли мақолаларни ўқимоқчи бўлсангиз, «МЎМИНАЛАР» журналининг нишона сонини мутолаа қилинг.

«МЎМИНАЛАР» журналининг дастлабки сонини Тошкент шаҳри, Зарқайнар кўчаси 18-берк кўча, «Мовароуннаҳр» нашриётиидан ёки пойтахтимиздаги йирик жоме масжидлардан ёхуд Чорсу бозори атрофидаги китоб дўконларидан сотиб олишингиз мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Top