muslim.uz
«Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» якуний Республика босқичи маърузаси
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي اَنْزَلَ الْقُرْآنَ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى أَشْرَفِ الاَنْبِيَاءِ وَالْمُرْسَلِيْنَ
وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِيْنَ
أمَّا بَعْدُ
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.
Ҳурматли меҳмонлар, муҳтарам ҳайъат аъзолари, қори-қорияларимиз, мусобақани тўғридан-тўғри кузатиб бораётган қалби Қуръонга ошно азиз юртдошлар!
Бугун, барчамиз учун ниҳоятда қутлуғ кун, катта хурсандчилик айёми. Юртимиз узра яхшиликлар, илоҳий раҳматлар ёғилиб турган дамларда Сиз азизлар билан Ўзбекистон Қуръон мусобақаси Республика босқичининг очилиш маросимида жамланиб турибмиз. Ушбу мусобақанинг якуний босқичи «Расулуллоҳ ойи» дея таъриф берилган Шаъбон ойида бўлиб ўтишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Чунки, бу ой Қуръон нозил бўлган ойга тайёргарлик кўриш, Каломуллоҳни кўпроқ тиловат қилиш, такрорлаш ойи ҳисобланади. Бу эса, албатта, мусобақа файзига файз қўшади, иншоаллоҳ.
Хабарингиз бор, Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган Қуръони карим мусобақаси мўмин-мусулмонларимиз кўпдан бери интиқиб кутган қувончу шодликларни олиб келди. Қалбда мамнунлик, кўзда ёш ила қилинган дуолар, ҳузурбахш тиловатлар сабаб юртимизга файзу баракалар ёғилди.
Қувонарлиси, ушбу мусобақанинг илк йилидаёқ иштирокчилар сони беш ярим минг нафардан ошди. Аслида, олиму уламо, қорию қурроларга бешик бўлган, дин ва дунё илмлари билан Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган алломалар заминида, уларнинг сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, келгуси йилда бу рақам бир неча бараварга ошади, иншоаллоҳ.
Халқимизнинг Қуръонга бўлган муҳаббати нақадар юксак эканини мусобақанинг туман-шаҳар, вилоят босқичларида гувоҳи бўлдик. Қишнинг совуқ кунларида ҳам Қуръонга муҳаббатли халқимиз тўп-тўп бўлиб мусобақани томоша қилишга келишди. Чилланинг совуғи авжига чиққан кунларида ҳам ташқарида туриб бўлса-да, мусобақани кузатишди. Бу Аллоҳнинг каломига бўлган муҳаббатнинг нақадар кучли эканига далолатдир.
Мусобақа ўтказилаётган жойларга бориб, кузата олиш имкониятига эга бўлмаган юртдошларимиз учун ҳам шароитлар ташкил этилди. Улар телевидение ва интернет сайтлари орқали уйларидан туриб илоҳий, файзли онлардан баҳраманд бўлишди.
Ўз навбатида, ҳудудлардаги вилоят ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар мусобақа ишларига яқиндан кўмак бериб, иштирокчиларни табриклаб, томошабинлар учун барча шарт-шароитларни ҳозир қилиб беришди. Бу – вилоят раҳбарларининг аҳоли маънавиятига, маърифатига эксак эътибор қаратаётган-ларидан далолатдир. Айни пайтда ҳам Республикамиз бўйлаб, бир неча ҳудудларда ушбу мусобақани тўғридан-тўғри кўриш имкони ҳозирлангани минг-минглаб мўмин-мусулмонларимизни чексиз хурсанд қилмоқда.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Мўмин-мусулмон киши учун Ҳақ таолонинг каломини ўқиш ёки уни тинглашданда роҳатбахш нарса бўлмайди. Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани ёки эшитгани сари руҳи енгиллашиб, тўғри йўлда собитқадам бўлиб бораверади.
Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчи ва эшитувларни мақтаб, бундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ
«Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).
Зеро, Қуръон ўқилганда, мўмин-мусулмон банда бутун вужуди билан Каломуллоҳга соме бўлади. Ўқилаётган оятлар ҳақида тафаккур қилади. Ана шунда улуғ ажру савобларга эришади. Бу ҳақида Аъроф сурасининг 204-оятида бундай дейилади:
وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآَنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд шунда раҳм қилингайсиз!”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръони каримни ўқиган, ёд олган кишиларни инсонларнинг энг яхшиси деб таърифлайдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар:
خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ
“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни бошқаларга ҳам ўргатувчилардир” (Имом Бухорий).
Яна бир ҳадиси шарифда:
مَنِ اسْتَمَعَ إِلَى آيَةٍ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ تَعَالَى كُتِبَتْ لَهُ حَسَنَةٌ مُضَاعَفَةٌ
وَمَنْ تَلاَهَا كَانَتْ لَهُ نُوراً يَوْمَ الْقِيَامَةِ
“Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни эшитса, унга икки ҳисса кўп савоб ёзилади. Кимда-ким Қуръонни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун ёритувчи нур порлайди” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий).
Қуръони карим калималари остидаги ўта теран маъно-мазмун, ҳикмат борлиги, ҳар қандай инсон Қуръони каримнинг ўта таъсирли оятларини эшитган пайтда, беихтиёр унга қулоқ тутиб қолиши, бутун вужуди билан берилиб тинглаши – буларнинг барчаси ушбу улуғ китоб бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таборака ва таолонинг сўзи эканига яна бир бор амин бўлади.
Қадрли меҳмонлар, мусобақамизни тўғридан-тўғри кузатиб бораётган азиз Қуръон мухлислари!
Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига қилган ташрифлари чоғида Қуръон мусобақасини дастлаб туман, шаҳар ва вилоят босқичини сўнгра Республика босқичини ўтказиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Шунга мувофиқ, бу йилги мусобақа ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда, оммавий тарзда ўтказилди. Буни барчамиз кўриб, гувоҳи бўлдик. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат кўп. Давлатимиз раҳбари таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”.
Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида шу йил 13 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда Қуръони карим тиловати мусобақасининг якуний Республика босқичига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги мажлисида Бош вазир жаноблари томонидан жуда ҳам муҳим вазифалар ва топшириқлар белгилаб берилди. Ҳозирда барча мутасадди ташкилотлар Қуръон мусобақасини энг юқори савияда ўтказиш учун жуда кўп хизматлар қилишмоқда.
Айниқса, Диний идорамизнинг доимий ҳамкори бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилоти мусобақани ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилиш таклифи билан чиққани бизни қувонтирди. Биз ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилдик. Ёшлар иттифоқи ташкилоти ғолибларини қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш каби энг улуғ савобли ишларни ўз зиммасига олди, бунинг учун албатта ташаккур айтамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ташкилотлар раҳбарларига, мутахассисларига, ишчи-ходимларига, барча-барчага ва ўзининг сармояси билан ҳисса қўшган саховатпеша кишиларга катта миннатдорлик билдирамиз. Уларнинг эл-юрт саодати, динимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларида улкан зафарлар ато этишини Яратган Ҳақ таолодан сўраймиз. Аллоҳ таборака ва таоло олиб бораётган ишларида Ўзи мададкор бўлиб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин.
Қуръон тиловати пайтида ва ундан кейин дуолар қабул бўлишидан умид қилиниши борасида ҳадис келган. Бугун қалби қувончга тўлган мўмин-мусулмон юртдошларимиз мана шундай файзу баракотли кунларда қўлларини баралла дуога кўтариб, унинг шукронаси учун Парвардигоримизга ҳамду санолар айтишмоқда. Бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, барча мутасаддилар ҳақларига дуолар қилишмоқда. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун дуолар қилмоқдалар.
Албатта, ушбу хайрли ва фазилатли мусобақа, дуолар сабабидан жонажон Ўзбекистонимизга яхшиликлар, баракалар ёғилиб, кунларимиз бундан-да нурафшон, ҳаётимиз янада фаровон бўлади, иншоаллоҳ.
Республика босқичига етиб келгунга қадар, минг-минглаб йигит-қизларимиз орасидан туман-шаҳар ва вилоят босқчиларида ғолибликни қўлга киритиб, якуний босқичда иштирок этаётган қорию қорияларимизга муваффақиятлар, зафарлар тилаб қоламиз. Аллоҳ юзларини ёруғ, иштирокларини осон қилсин!
Ўзбекистонда оммавий тарзда ўтказилаётган биринчи Қуръони карим тиловати мусобақасининг Республика босқичини очиқ деб эълон қиламан.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қуръон мусобақасидан фотолавҳалар
Online: Қуръон мусобақаси (Youtube)
Бугун Қуръон байрамини онлайн кузатинг
Бугун, 21 апрель куни Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичи Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчасидаги “Ёшлар маркази”да бошланади. Ушбу мусобақани кузатишга интиқ бўлган қалблар сонияларни санашмоқда.
Шу сабали Muslim.uz жамоаси ушбу айёмни тўғридан тўғри намойиш этади.
Маълумот учун, 21-24 апрель кунлари (йигитлар) ва 25-26 апрель кунлари (аёл-қизлар) ўтказилади.
Мусобақа жараёнини онлайн намойиш этиш учун барча ҳудудлардаги бош масжидлар ва йирик мажмуаларда катта ҳажмдаги мониторлар ўрнатилиб аҳолимиз учун қулай шароит яратилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Устознинг этагин тутган шогирд кам бўлмас
Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан бўлади. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодат қўлга киритади, у билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати ва матонати билан эгалланади. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни – шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади : “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)га кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11)
Илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларда ҳам баён қилинган. Жумладан, Абу Амома ал-Баҳилийдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга икки киши ҳақида гапиришди. Уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Олимнинг обиддан ортиқлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Устозга меҳрини, ҳурматини кўрсата олмаган шогирднинг илмни пухта эгаллай олмаслиги тайин. Абдуллоҳ ибн Аббос ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собитнинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: “Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса у жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли”.
Кишида илм ўз – ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато ҳам ўзининг замонаси учун зарур бўлган илмга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга таълим берди: “Аллоҳ Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси. 31- оят).
Хулоса қилиб айтганда, илм ўрганганда устознинг ўрни беқиёс экан. Устозсиз илм олган киши – илмда комил бўлмаслиги, тушунмаслиги натижасида турли ихтилофларга бориши мумкин экан.
Собитжон ИСАҚОВ
Избоскан туман “Бобур” жоме
масжиди имом-ноиби
ЎМИ Матбуот хизмати