muslim.uz
Аллоҳ сабрлилар биландир!
Инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва энг қадрлиси, инсон камолотининг белгиси сабрдур. Аввало сабрнинг ўзи нима эканини аниқлаштириб олсак. Арабча “сабр” сўзи луғатда “чидамлилик”, “тоқатли бўлиш”, “тийилиш”, “бардош бериш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса қийинчилик ва мусибатларга бардош бериш, жисм ва кўнгилга номувофиқ ҳолларда қайғуга ва тушкунликка тушмаслик, шошма шошарлик қилмаслик “сабр” дейилади.
Мусибат ва фалокатлар каби банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган нарсаларга тоқатли бўлиш банданинг сабрли экани аломатидир.
Сабр бу – инсонга берилган буюк неъмат эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : أَرْبَعٌ مَنْ أُعْطِيَهُنَّ فَقَدْ أُعْطِيَ خَيْرَ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ : زَوْجَةٌ لا تَبْغِيهِ خَوْنًا فِي نَفْسِهَا وَلا مَالِهِ ، وَلِسَانٌ ذَاكِرٌ ، وَبَدَنٌ عَلَى الْبَلاءِ صَابِرٌ ، وَ قَلْبٌ شَاكِرٌ
“Кимга 4 нарса берилган бўлса, батаҳқиқ унга дунё ва охират яхшиликлари берилибди. Улар: солиҳа аёл, зикр айтувчи тил, балоларга сабр қилувчи бадан ва шукр қилувчи қалб”.
Албатта, мусулмон киши мен сабр қилолмайман деб, ўзини жамиятдан узоқлаштириб якка яшаши Исломда маъқулланмайди, балки инсонлар билан аралашиб, улар билан ҳамдарду ҳамнишин бўлиб ва гоҳида улардан келадиган азиятларга сабр қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом мақтаган сифатлардандир.
عَنْ يَحْيَى بْنِ وَثَّابٍ عَنْ شَيْخٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ الْمُسْلِمَ إِذَا كَانَ مُخَالِطًا النَّاسَ وَيَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ خَيْرٌ مِنَ الْمُسْلِمِ الَّذِى لاَ يُخَالِطُ النَّاسَ وَلاَ يَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ ».
“Албатта, инсонларга аралашмайдиган ва уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мусулмондан кўра, инсонларга аралашиб уларнинг азиятларига сабр қиладиган мусулмон яхшироқдир”,
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон ҳаётда одамлар билан гўзал муомалада бўлиб, уларнинг азиятларига сабр қилиб яшаши кераклигини таъкидламоқдалар.
Инсон дунё ҳаётида имтиҳондадир. Шукр қилиш билан бу дунёнинг барча файз баракасига, охиратнинг саодатига эришилади. Шукр, аввало, ҳаётни, умрни, вақтни қадрлаш, ўзини хайрли ишларга ундаш, яратганнинг амрларига итоат кўрсатишдир. Дунё ҳаёти ибодат, хайрли амалларни бажариш учун берилган фурсатдир. Турли шайтоний васваса ва тушкунликка берилмай, инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиш зарур.
Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб билмай, айниқса, хотин қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотида бесабрлилик қилиб ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланади, уни қилган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195)
“Саҳиҳ ул Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларида ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким ўзини ўзи тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчасини қорнига суққан ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”.
Яна ҳазрати Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилди: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга Жаннатни абадий ҳаром қилдим” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ушбу ҳадисларнинг мазмунига кўра, ўзини ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинади.
Ҳар бир инсон, хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин, ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олиши ва шундайин тўкин, тинч ва фаровон замонда ҳамда адолат устувор бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди.
Зеро, Аллоҳ Ўзининг каломида “...албатта Аллоҳ сабрлилар биландир”, деб сабрли инсонга юксак мақомини баён қилгандур.
Ҳусниддин АБДУКАРИМОВ,
Чилонзор тумани бош имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Оғриқли нуқта: бешик тўйи – исрофгарчиликка эшик тўйими?
Ўзбек халқининг урф-одатлари асрлар бўйи ўзбеклар миллатининг ташкил этишида иштирок этган барча қабилалар ва элатларнинг маданий малакалари ва анъаналарининг уйғунлашувидаги мураккаб жараёнлар оқибатида таркиб топган. Улар ўта ўзига хос, ёрқин ва турли-туман бўлиб, уруғчилик патриархал муносабатларидан келиб чиқади. Урф-одатларнинг кўпчилиги оилавий ҳаётга оид бўлиб, боланинг туғилиши ва тарбияси (бешик тўйи, хатна қилиш), никоҳ (фотиҳа тўйи, тўй) билан боғлиқ бўлади. Кўпинча улар ислом урф-одатларининг сеҳргарлик амалиёти билан боғлиқ бўлган ундан ҳам қадимийроқ шаклларга узвий кириб кетишини намоён этади.
Бугунги кунда тўйларни қисқартириш борасида кенг кўламда тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бўлардан “Бешик тўйи” – бешик тўйи чақалоқни биринчи марта бешикка солиш билан боғлиқ бўлган, юртимизда кенг тарқалган тўй маросимларидан биридир. Одатда бу тўй чақалоқ туғилишининг 7, 9, 11- кунлари ўтказилади.
Бешик ва чақалоқ учун барча зарур анжомлар чақалоқ онасининг қариндошлари томонидан берилади. Дастурхонга нон, ширинликлар ва ўйинчоқлар ўраб тортилади. Куёвнинг ота-онасига, унинг бобо-бувиларига совғалар тайёрланади. Қимматбаҳо тақинчоқлар билан безатилган бешик, дастурхонлар ва совғалар транспорт воситасига қўйилиб, меҳмонлар билан биргаликда, карнай-сурнай ва ноғора садолари остида чақалоқнинг ота-онаси уйига жўнатилади. Анъанага кўра, олиб келинган бешикни аввал чақалоқнинг бобоси ўнг елкасига қўяди, кейин ўғлининг ўнг елкасига узатади, у эса бешикни чақалоқнинг онасига беради.
Ўтмишда меҳмонларнинг барча ниятлари тоза ва яхши бўлиши учун улар юзига оқ ун сурар эдилар. Меҳмонлар меҳмонхонага ясатилган дастурхонга таклиф этилади ва меҳмонлар овқатланиб, созандаларни тинглаб, базм қилиб ўтирган пайтда қўшни хонада кампирларнинг иштирокида болани йўргаклаш ва бешикка солиш маросими ўтказилади. Маросим охирида меҳмонлар болани кўриш учун олдига кирадилар, унга совғаларни беради ва бешикнинг устига парварда ёки қанд сепадилар. Шу билан маросим тугаб, меҳмонлар уй-уйларига қайтадилар.
Кўринишда байрам сифатида нишонланадиган мазкур одатнинг бир қанча салбий жиҳатлари бор. Бешик тўйида ҳамма меҳмон кутиш тадбирлари билан овора бўлиб янги туққан она бир четта қолиб кетади. Тўй маросими билан боғлиқ харажатларнинг асосий қисми келиннинг ота-онасига зиммасига тушади: қовурдоқ, сарпо, куёв тўранинг онасига тилла буюм совға қилиш каби бидъат-хурофотларнинг ҳам моддий, ҳам маънавий машаққати.
Турли вилоятларда маросим ўзича хусусиятларга эга бўлади ва оиланинг моддий жиҳатдан бақувватлиги даражасига боғлиқ бўлади: ўзига тўқ оилалар одатда бу тўйни катта кўламда ўтказади, бу эса эҳтиёжманд оилаларда ҳам ҳавас уйғотиб, уларнинг келажакдаги қийинчиликларига сабаб бўлади.
Чақалоқни бешикка белаш учун алоҳида тўй қилиш диний ва миллий қадриятларимизга зиддир.
Тўй асосан никоҳ маросими учун белгиланган ва бунда ҳам исрофдан қайтарилган. Никоҳ тўйи бир қўй сўйиш ҳисобига ўтказиш тавсия қилинган.
Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан тўйни қандай қилиш ҳақида сўраганларида, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: "Битта қўй сўйгин", деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, "Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин" деганлар. Яъни, молу дунёйинг кўп бўлса ҳам исроф этмасдан ҳаражат қил демоқдалар.
Асосий тўй бўлмиш никоҳга бор-йўғи бир қўй сўйиш тавсия қилинган экан, бешик ва бошқа номдаги тўйлардаги ортиқча харажатлар айни исрофдир.
Аллоҳ таоло исрофни бутун инсониятга харом қилди. Исрофнинг касофатини Қуръони каримда баён қилиб берди, Аллоҳ таоло марҳамат қилади:"
“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас", деб айтган (Аъроф, 31). Демак ейиш-ичиш исроф эмас, балки ортиқчаси исрофдир.
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат этади:
"Қўлингни бўйнинга боғлаб олма, шунингдек қўлингни очиб ҳам юборма, шуни ўртасида бўл" (исро-29).
"Агар эҳсон қилсалар исроф этмайдилар, мумсиклик ҳам қилмайдилар, ва шунинг орасида бўладилар" (Фурқон сураси, 67).
Қуръони каримда: "Қариндошнинг ҳаққини адо эт, мискин-бечоралар, йўловчи-мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат). Лекин сира исроф этма, зеро, исроф қилувчилар Шайтоннинг "биродарлари"дир! - дейилади. ("Исро" сураси, 26-оят).
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам : «Бойликда хам, фақирликда хам, ибодатда хам ўртаҳол бўлиш қандай яхшидир» дейилган (Абу Бакр Баззор ривояти). Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам : «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эхсон килиш билан) хақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қуйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди» - дейилади. (Исро сураси, 26-27-оятлар).
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сени икки хислат – фаҳрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Бешик тўйи ва бошқа шунга ўхшаш маросимларни қисқартириш исрофдан сақланишнинг айни ўзидир. Исроф ҳам моддий, ҳам маънавий ҳалоқат эшигидир. Дабдабозлик ва исрофгарчилик миллатни тубанликка етакловчи охири фақат ҳасрат ва надоматдан иборат чоҳдир. Исроф бўлмаса файз-барака собит бўлади. Чунки ҳадиси шарифда: “Тежамкор киши муҳтожлик кўрмайди” дейилган.
Меҳринисо САИДЖАЛОЛОВА
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
Ахборот-ресурс маркази мудираси
Париж жомеси – французларнинг мусулмонларга миннатдорлиги тимсоли
Париж жоме масжиди французлар ва Францияда яшовчи мусулмонлар учун улкан рамзий маънога эга. Парижда қурилажак биринчи масжиднинг узоқ давом этган музокараларида французларнинг Исломга оид нотўғри қарашлари сингиши ва мусулмонларни рисоладагидек одамлар деб ҳисоблай бошлаши тарихи акс этган.
Французларнинг мусулмонлар билан илк муносабатлари VIII аср бошларида бошланган, ўшанда Ислом қўшинлари қўшни Испаниядан кела туриб аввал 717 йили Аквитанияни, орадан икки йил ўтиб Нарбоннани эгаллаб олди.
Мамлакат ичкарисига ғолибона юришлар 732 йил «Жафокашлар тўдаси жанги» ёки «Пуатье жанги» номи билан машҳур муҳораба натижасида тўхтатиб қолинди. Аммо 888 йил мусулмонлар Франциянинг Прованс вилоятида ўзларининг жажжи амирлигини ташкил қилишга муваффақ бўлди, у Жалол ал-Ҳалол номи билан аталди (Европа адабиётларида Фраксинет деб тилга олинади), 80 йилдан ортиқ ҳукм сурди ва Реконкиста даврида маҳв этилди.
Мусулмонлар билан шунчалик узоқ танишликка қарамай, Франция мусулмонлари учун йирик ибодат мажмуасини қуриш ғояси фақат XIX аср ўрталарига келиб туғилди ва фақат XX асрнинг биринчи чорагида рўёбга чиқди.
Масжид қурилишига доир илк лойиҳалар Марокашнинг Франциядаги элчихонаси томонидан 1842 йилдаёқ тавсия этилган. Бундай таклифлар 1878 ва 1885 йилларда ҳам такрорланди, лекин Франция ҳукумати томонидан жавобсиз қолдирилди. 1846 йил Шарқшунослар жамияти ҳукуматга аввал Парижда, кейин Марселда масжид қурилиши лойиҳасини тақдим этди. Бу таклиф Жазоирни тинчлантириш учун ўртага ташланган эди. Аммо таклиф Адлия вазирлиги томонидан рад этилди ва лойиҳа 10 йилга музлатиб қўйилган.
1856 йили Усмонли империяси илтимосига кўра 85-дивизиядан қурбон бўлган мусулмон аскарларини дафн қилиш учун Париж шарқидан 800 кв метрга тенг кичик майдон ажратиб берилди. Ўша ерда кичик бир бино қурилиб, масжид деб аталди. Бинода асосан дафн анжомлари сақланар ва тиловатлар қилинарди. У Париждаги илк масжид эди. Худди шунга ўхшаш Марселда қурилган бино эса Франциядаги биринчи масжид саналади. Афсуски, у инқилоб пайти вайрон қилинган. Усмонли империяси эса масжидни реставрация қилиш ва кенгайтириш учун маблағ ажратди ва 1914 йили гумбазли, минорали ва зарур ёндош биноларга эга масжиднинг янги лойиҳасини тақдим этди. Лекин бошланиб кетган Биринчи жаҳон уруши лойиҳанинг амалга ошишига тўсқинлик қилди. Бу ҳақда "info.islom" нашри маълум қилган.
Мазкур ҳодисалар бўлиб турган бир вақтда француз тадқиқотчиси, публицисти, жамоат арбоби ва Франциянинг Африка жамияти раҳбари Пол Бурдари Парижда масжид қуриш ғоясини фаол тарғиб эта бошлайди. Мақолалари ва таниқли шахслар билан суҳбатларида у масжид қурилишини Францияни ҳимоя қиламан деб жон берган ўн минглаб мусулмонлар руҳи олдидаги қарзни узиш билан тенглаштирарди. У йигирма йилдан ортиқ давом этган масжид қурилиши тарғиботига қатор француз сиёсатчилари, дин ва жамоат арбобларини, шунингдек, ҳурматли дворянларни ҳам жалб қилди, улар масжиднинг лойиҳалаштирилиши ва давлат структураларига олиб кирилиши ҳамда қурилишига катта ҳисса қўшадилар.
Ва ниҳоят, Бурдарининг ҳаракатлари натижа берди, 1920 йилнинг августида Франция ҳукумати масжид, кутубхона ва мажлислар залидан иборат мажмуа қурилиши учун 500 минг франк маблағ ажратди. Шунингдек, масжид қурилиши учун энг муносиб жой дея Ўсимликлар боғи ҳудуди белгиланди.
Бўлажак масжид пойдеворига биринчи тош 1922 йили қўйилди, қурилиш ишлари эса 1923 йили бошланди. Лойиҳа муаллифи – француз меъмори, рассоми ва ёзувчиси Морис Траншат де Люнель бўлиб, у узоқ йиллар Марокашда ишлаган ва бу мамлакат маданий ёдгорликларининг сақланиб қолишига катта ҳисса қўшган шахс эди. Қурилиш ишлари эса Люнелнинг лойиҳаси асосида Робер Фурне, Морис Манту ва Шарль Юбе томонидан амалга оширилди.
1923 йил мусулмонлар ишлари бўйича идоралараро комиссия 1914 йил Усмонли ҳукумати томонидан тақдим этилган лойиҳани кўриб чиқади ва Ўсимликлар боғи яқинида катта масжид қурилаётгани боис усмонлилар қабристонидаги эски масжидни тиклаш мақсадга мувофиқ эмас деган қарор чиқаради.
Шундай қилиб, 1926 йил Парижнинг бешинчи округидаги Жарден-де-Плант (Ўсимликлар боғи) ҳудудида 33 метрлик минорага эга Жоме масжиди пайдо бўлади. Мусулмон Андалусиясига хос «мудажжан» меъморчилик услубида қурилган бино дарвозалари 1926 йилнинг 15 июль куни очилди. Очилиш маросимида Франция президенти Гастон Думерг ва Марокаш султони Мулай Юсуф иштирок этган.
Париж жоме масжиди лойиҳасини яратар экан Люнель мусулмон меъморчилигининг икки дурдонасидан илҳомланганди. Биринчиси, Марокашда 859 йили Фотима ал-Фахрий томонидан асос солинган Ал-Қарауййин масжиди бўлиб, у Ислом дунёсининг энг қадимий диний ва таълимий муассасаларидан саналади. Иккинчиси, Тунисдаги аз-Зайтуна масжиди, унинг виқоридан илҳомланиб кейинчалик Кордовадаги катта масжид ҳам қурилган. Париждаги масжиднинг ички безаклари устида Шимолий Африкалик усталар ишлашган.
Бинонинг ўзи 7500 кв метр ҳудудни эгаллайди. Масжиддан ташқари бу ерда кутубхона, мадраса, анжуманлар зали, ресторан, чойхона, ҳаммом ва дўкон ҳам бор. Ҳудуднинг деярли ярми боғдир. Масжид бир вақтнинг ўзида бир минг кишини сиғдира олади, эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхоналар ҳамда таҳоратхоналар, имконияти чекланган инсонлар учун кириш йўллари бор. Масжид қошида мусулмон институти фаолият юритади, у «ҳалол» сертификати бериш ваколатига эга. 1983 йилдан бошлаб бино тарихий ёдгорлик саналади, шунингдек, «Йигирманчи аср мероси» деган алоҳида мақомга эга.
Қизиқарли фактлар
- Иккинчи жаҳон уруши пайти Париж Жоме масжиди мусулмонларнинг нацист истилочиларга қарши кураши маркази бўлган. Франциялик режиссёр Исмоил Фаррухий (келиб чиқиши марокашлик) бу ҳақида «Озод инсонлар» номли фильм суратга олган.
- Турли маълумотларга кўра, уруш пайти 500 нафардан 1600 нафаргача яҳудий шу ердан паноҳ топган. Уларга бошпана ва овқатдан ташқари мусулмон деган гувоҳнома ҳам берилган.
- Бугунги кунгача масжидда бор-йўғи 6 марта имом алмашган. Учинчи имом Хамза Абубакрдан бошлаб барча имомлар ректор лавозимига эга.
- Масжидга имомларни тайинлашда етакчи рол Жазоир ҳукуматига тегишли, шунингдек, у масжид бюджетининг учдан бир қисмига ҳомийлик қилади.
- Масжиднинг оч эман рангли, бронза билан ишлов берилган кириш дарвозаси намоз вақтлари ва жума намозидан ташқари ҳар куни нафақат мусулмонлар, балки сайёҳлар учун ҳам очиқ. Сайёҳлар ва араб экзотикаси мухлислари масжид қошидаги «Шарқ дарвозаси» номли ресторанда анъанавий Жазоир ва Марокаш таомларидан татиб кўришлари мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Қуръон мўъжизасининг янги адабий тадқиқотлари” анжумани
Иордания ҳошимийлар қироллигидаги Тафилия техника университетининг (ТТУ) араб адабиёти факультети ташаббуси билан “Қуръон мўъжизасининг янги адабий тадқиқотлари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
“Ал-араб ал-явм” хабарига кўра, анжуманни кириш сўзи билан очган ТТУ ректори Муҳаммад Хайр Хуроний: "Университет профессорлари талабалар учун уларни тўғри йўлга бошловчи интеллектуал раҳбарлар ва бошқарувчилар ҳисобланади, Қуръон қиссалари эса уларга ҳаётий сабоқ беради ҳамда фикр юритишга ундайди”, деган.
Уч кун давом этган конференцияда “Диалог маданияти”, “Қуръони карим қиссаларида аёл тимсоли”, “Қуръони карим қиссалари хусусияти”, “Қуръони карим қиссаларида рамз” ва “Қуръони карим тафсирларида Қуръон қиссалари” каби мавзулар ўрганилди.
Ироқ университети профессори Таҳа Кейси мазкур форум олимлар ва тадқиқотчилар билан учрашиш учун яхши имконият бўлганини айтиб, жумлдан, шундай деди: “Иордания университетлари илмий конференциялар ва семинарлар ўтказиш учун кўп ишларни амалга оширмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, конференцияда экспертлар ва олимлар иштирокида диний, ижтимоий ва сиёсий мавзулар бўйича илмий мунозаралар ўтказилди.
Халқаро алоқалар бўлими
Фатво ҳайъатига келган саволлар (5-қисм)
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум! Саволим шундан иборатки, кўпчилигимиз гувоҳ бўладиган бир ҳолатда, яъни ёмон бир хабар ёки ходисани эшитганимизда "тавба-тавба" деймиз. Айнан шу ҳолатда кўп гувоҳ бўламанки, баъзилар ирим тарзида қулоқларини ортига бармоқлари билан тегиб қўйишади, яна баъзилар эса қўллари билан "тук-тук-тук" қилишади ва бу қилиқлари билан шайтонни ҳайдашаётганини айтишади. Бундай ҳолатда бу одат ҳақида аниқ диний билимга эга эмаслигим учун менда иккиланиш пайдо бўлади. Саволим: айнан шунақа ҳолатдаги бу одатлар қанчалик тўғри? Тўлиқроқ маълумот берсангиз! Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Халқ орасида сиз айтган гаплар мавжуд. Лекин бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай йўл тутганларига эътиборингизни қаратамиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга у кишини хурсанд қиладиган иш келса “неъматлари билан яхшиликлар тўлиқ бўладиган Аллоҳга ҳамд бўлсиин”, дер эдилар. Ва агар у зотга ёмон кўрган иш келса “Барча ҳолатларда Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб ёмон хабар эшитган вақтда турли гаплар ёки ҳаракатларни эмас балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Савол: Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ. 5 маҳал намоз ўқиман ҳозир Россияда ишлайман бомдод ва хуфтон туриб ўқишни иложи бор Пешин, аср ва шомни ўтириб ўқиябман мен ишлаётган жойни шароити шунақа ўтириб намоз ўқишим жоизми?
Жавоб: Ва алайкум ассалом. Имкони бўлмаган ҳолатларда агар фарзни ўтириб ўқилса кейин ўша намозларни қазосини ҳам қайтадан ўқиб олиш лозим, чунки намознинг баъзи фарзлари тарк қилинади.
Савол: Ассалому алайкум! Мен телеграмдаги диний каналларнинг биттасида "одам намоз ўқишни бошлаганда Аллоҳ фаришталарга у инсонни елкасидаги барча гуноҳларни олинглар дер экан. Намоз ўқиб бўлгандан кейин фаришталар гуноҳларини яна елкасига қўяйликми деса Аллоҳ йўқ у менга ибодат қилди дер экан" деб ўқигандим. Лекин бошқа диний каналда "барча гуноҳлари елкасида бўлади сажда қилганда тўкилади. Шунинг учун кўпроқ сажда қилиш керак" деб ўқиб қолдим. Қай бири тўғри экан. 2- саволим. Фарзандларимнинг тиши тушганда эски тишини тиш фариштаси олиб кетди ўрнига у бу нарсани бериб шуни олиб келди дейман, тиш фариштасига ишонтириш гуноҳмасми умуман бу ишим тўғрими? Жавоблар учун ташаккур!
Жавоб: Ва алайкум ассалом. 1. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Агар банда намоз ўқишга турса унинг гуноҳларни олиб келинади ва боши ҳамда елкасига қўйилади. У ҳар рукуъга борганда ва сажда қилганда гуноҳлари тўкилади”, деганларини эшитдим, дедилар. 2. Бу иш шариатимизда бирор асосга эга эмас. инсоннинг тиши тушган вақтда уни ерга кўмиш керак. Болаларга дин номидан бундай ёлғонларни айтмаслик керак.