Ассалому алайкум, муҳтарама опа-сингиллар!
Ҳурматли дўстлар!
Ҳаммамиз орзиқиб кутган мана шу гўзал баҳор кунларида, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида сиз, азизлар билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман.
Аввало, сизларни, сизларнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни ана шу байрам билан чин қалбимдан муборакбод этиб, ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришга ижозат бергайсиз.
Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.
Аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Шу боис ҳам дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангандир.
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир.
Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон деб аталган жонажон Ватанимизда ҳар қайси мард йигит аввало меҳрибон онаси, оиласи, фарзандлари бахтли бўлишини албатта истайди, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу йўлда ўзининг бутун борлиғини бағишлашга тайёр туради.
Бугунги байрамни биз – Ўзбекистон ўғлонлари, марди майдонлари аввало, дилимизда, қалбимизда сизларга бўлган меҳр ва муҳаббатимизни яна бир бор изҳор этиш имконини берадиган айём, деб қабул қиламиз.
Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар!
Бугунги кунда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларга эришишда сиз, азизларнинг беқиёс ҳиссангиз бор. Бунинг учун сизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди, албатта.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Улардан 17 нафари сенатор, 16 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлиб, 1 минг 75 нафари эса халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари таркибида фаолият юритмоқда.
Ўнлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлган. Уларнинг орасида 500 нафардан зиёд фан докторлари ва академиклар, минглаб фан номзодлари ўз билими ва истеъдоди билан Ватанимиз равнақига астойдил хизмат қилиб келмоқда.
Бугунги даврамизда ана шундай муҳтарама аёлларимизни, уларнинг давомчилари бўлган истеъдодли қизларимизнинг муносиб вакилларини кўриб турганимдан хурсандман.
Қадрли дўстлар!
Сизларга яхши маълум, ҳурматли опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш мақсадида яқинда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.
Ҳеч кимга сир эмас, Хотин-қизлар қўмитасидан, унинг жойлардаги бўлимларидан кўп нарсаларни талаб қилар эдик. Лекин, очиқ айтиш керак, бунинг учун уларда етарлича имконият борми-йўқми, бу ҳақда кўпинча ўйлаб кўрмас эдик. Бу қўмита аёлларнинг муаммоларини билгани билан, уларни ҳал этиш бўйича деярли амалий чоралар кўролмас эди.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, аввало Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланиб, штат бирликлари ҳамда ходимларининг ойлик иш ҳақи оширилди. Уларга қўшимча ваколат ва имкониятлар берилиб, самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Фармонга биноан шу йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда.
Шунга эътибор беринг, энди 8 минг 800 та билимдон, жонкуяр мутахассис аёллар оилавий муносабатларни яхшилаш, низоли вазиятлар, ажралишлар, барвақт никоҳларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўйича доимий иш олиб боради.
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, бугунги тез ўзгараётган, зиддиятли даврда оилавий масалаларни илмий асосда чуқур ўрганмасдан туриб, ижтимоий ҳаётдаги кўплаб мураккаб саволларга жавоб топиш қийин. Шунинг учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди ва уларнинг иш фаолиятини самарали йўлга қўйиш, бино ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, илгари Адлия вазирлиги тасарруфида бўлиб келган фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идоралари, эскича айтганда, ЗАГС идоралари туман ёки шаҳар ҳокими ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раисига бўйсундирилди. Энди улар нафақат никоҳ муносабатларига оид ҳужжатларни расмийлаштириш, балки оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича ҳам фаол иш олиб боради. Масалан, оила университетларини ташкил этиш, никоҳдан ўтадиган шахслар билан суҳбатлар олиб бориш, тўй-маросимларни тартибли ўтказиш, ажралишларнинг олдини олиш ва бошқа муҳим чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади.
Шу фурсатдан фойдаланиб, сиз, муҳтарама опа-сингилларимиздан тўй ва маъракаларимизни ихчам ва мазмунли ўтказиш бўйича ўз фикрларингизни билдириб, уни ҳал қилиб беришларингизни илтимос қиламан.
Фармонга асосан Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тузилиб, унинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун ҳозирча 300 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда.
Ана шу маблағ ҳисобидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар фаол тадбиркорликни ривожлантириш, аёлларнинг оиладан, фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда касаначилик, томорқачилик билан шуғулланиши учун зарур шароит яратади.
Қабул қилинган Фармонга мувофиқ, кам таъминланган, шахсий уй-жойга муҳтож оилаларга уй-жой олиш учун ажратиладиган кредитларнинг бошланғич бадалларини тўлаб беришда ҳам фонд маблағларидан фойдаланиш белгиланган.
Фармонда яна бир муҳим янгилик кўзда тутилган. Унга биноан бу йилдан эътиборан Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга бериш бўйича янги тартиб жорий этилди.
Энди ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан қизимизга бу мукофот берилади.
Бу йил 28 нафар истеъдодли қизимиз Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бугун уларга ана шу мукофотларни сизларнинг ҳузурингизда тантанали равишда топширамиз.
Албатта, Фармонда белгилаб берилган долзарб вазифалар ҳақида яна узоқ гапириш мумкин. Лекин, ҳаммамиз яхши тушунамиз, бу вазифалар ҳали – мақсад, режа, холос, уларни самарали амалга ошириш учун ҳаммамиз, аввало, сиз, ҳурматли хотин-қизларимиз билан биргаликда фаол иш олиб боришимиз керак.
Муҳтарам йиғилиш иштирокчилари!
Хабарингиз бор, ўтган бир йил давомида биз халқимиз, жумладан, хотин-қизлар билан мулоқот олиб боришни давлат сиёсати даражасига кўтардик. Шу асосда қишлоқ ва шаҳарларимизда уйма-уй юриб, ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш бўйича самарали тизим яратилди. Ҳозирги вақтда ана шу тизимнинг муҳим бир қисми сифатида марказдан тортиб энг олис туманларгача жамоатчилик назорати гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда.
2017 йилда 5 миллиондан ортиқ хонадондаги муҳит ўрганилиб, 15 миллион фуқаро билан мулоқот ўтказилди, аҳоли томонидан кўтарилган 500 мингдан зиёд муаммонинг 72 фоизи жойида ҳал этилди, 14 мингдан ортиқ оиладаги нотинч вазият бартараф қилинди. Шулар қаторида юртимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1 минг 100 дан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Улар орасида юзлаб аёллар ҳам борлиги ва уларга нисбатан адолатнинг тиклангани, ҳеч шубҳасиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Мамлакатимизда шу пайтгача хотин-қизларни энг кўп безовта қилиб келган масала – мактабгача таълим муассасаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бу чуқур ўйланган сиёсат бўлиб, юртимизда узлуксиз таълим ва тарбия тизимини мукаммал шакллантириш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан қараганда, “Келажак – боғчадан бошланади” деган шиор баландпарвоз гап эмас. Аслида ватанпарварлик, эл-юртга фидойилик бир қарашда оддий, лекин ҳаёт талаби бўлган ана шундай долзарб ишлардан бошланади.
Биз бу йил 3 мингдан зиёд болалар боғчасини ташкил этишни режалаштирганмиз. Шундан 1 минг 200 та боғча янгитдан қурилади, 1 минг 360 та боғча мавжуд биноларда ва 470 та боғча эса уй боғчаси сифатида ташкил этилади. Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатлари асосида ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар имкониятларини кенг ишга соламиз.
Мен ҳудудларга борганимда шаҳар ва туманларимизда барпо этилаётган янги боғчалар, улардаги шароитлар билан танишишга алоҳида эътибор бераман. Энг асосийси, бундай ишлардан оналар, аёлларимиз, жажжи фарзандларимиз мамнун бўлмоқда.
Айни вақтда бу соҳада ҳал қилишимиз зарур бўлган масалалар ҳам кўп. Масалан, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, қолгани эса ўрта махсус маълумотга эга.
Ана шу масалани ҳал қилиш учун 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларида мактабгача таълим йўналиши бўйича кундузги бўлимда бакалаврлар тайёрлайдиган 3 йиллик тизимни жорий этмоқдамиз. Шунингдек, бу йўналиш бўйича сиртқи ва кечки таълим шаклида бакалаврлар тайёрлаш тизими ҳам йўлга қўйилади.
Март ойидан бошлаб ҳудудларимиздаги университет ва педагогика институтлари базасида боғча педагоглари ва шу соҳада мутахассис бўлмаган кадрлар учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилмоқда.
Хабарингиз бор, биз ушбу соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш мақсадида яқинда алоҳида қарор қабул қилдик. Унга кўра, шу йил 1 мартдан бошлаб боғча ходималарининг иш ҳақи икки босқичда сезиларли равишда ошириб борилади. Ана шу мақсадлар учун 2018 йилда давлат бюджетидан 386 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг 1 январигача Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятидаги иқтисодий аҳволи оғир бўлган айрим туманларда мактабгача таълим муассасаларида боғча тўловлари миқдори 50 фоизга камайтирилди.
Қадрли юртдошлар!
Мамлакатимизда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида тиббиёт соҳасини, хусусан, шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Ана шу ишларни янги босқичга кўтариш учун жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 1 триллион сўм маблағ ажратилиб, бу борада янги қадамлар қўйилади.
Барча ҳудудларда перинатал ёрдам сифатини яхшилаш, оналар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий хизмат даражасини ошириш мақсадида халқаро молия институтларининг ёрдамини ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг дам олиши, саломатлигини тиклашига ҳам катта эътибор берилмоқда. Бу ҳақда гапирганда, бир рақамга диққатингизни қаратмоқчиман. Ҳар йили касаба уюшмаларига қарашли санаторийларда дам олаётган аҳолининг 60 фоизини аёллар ташкил этмоқда. 2017 йилда 75 мингга яқин аёл ана шундай масканларда имтиёзли йўлланмалар асосида соғломлаштирилди.
Шу билан бирга, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини, профилактика ва патронаж тизимини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Айни вақтда ҳаммамиз яхши биламиз, бу соҳада ҳам муаммолар йўқ эмас. Хусусан, ҳомиладор аёлларни скрининг кўригидан ўтказиш ишлари талаб даражасида эмас. Бу борадаги жиддий камчиликларга барҳам бериш мақсадида оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида қизларимиз, аёлларимиз учун алоҳида тиббий маслаҳатхоналар ташкил этилмоқда.
Бу масалаларнинг аҳамиятини сизлар она сифатида, тарбиячи ва мураббий сифатида, ўйлайманки, бошқалардан кўра яхшироқ тушунасиз.
Биз халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, кўп йиллар давомида оғир масала бўлиб келган уй-жой муаммосини ҳал қилишга киришдик.
Бу борада, айниқса, ипотека кредитлари асосида қурилаётган арзон уй-жойлар кўпчиликка маъқул бўлмоқда.
Ўтган йили шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиб, минглаб юртдошларимиз янги, замонавий турар жойларга эга бўлишди. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларга имтиёзли уйлар ажратиш бўйича янги тизим жорий этилгани, айниқса, муҳим аҳамиятга эгадир.
2017 йилнинг ўзида 1 минг 207 нафар муҳтож, ногирон аёлга арзон уй-жойлар берилди. Уларнинг 972 нафарига ҳомий ташкилотлар томонидан тикув машиналари олиб берилиб, касаначилик билан шуғулланиши учун шароит яратилди.
Жорий йилда бу йўналишдаги ишларимиз янада кенгайтирилиб, 10 мингдан ортиқ ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногирон аёллар иш ўринлари билан таъминланади. 2018 йилда аҳоли, айниқса, ёш оилаларнинг эҳтиёжини ҳисобга олиб, арзон уй-жойларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробар оширилади. Бу мақсадлар учун 5 триллион 286 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Шу билан бирга, оғир маиший шароитда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга 242 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Ўтган йили мамлакатимиз бўйича 120 мингдан ортиқ тадбиркор хотин-қизларга жами 2 триллион 700 миллиард сўмлик кредитлар берилди, 84 мингдан зиёд хотин-қизларимиз доимий иш жойлари билан таъминланди, аёлларни касбга ўқитиш курслари ташкил этилиб, уларда минглаб опа-сингилларимиз турли касбларга ўргатилди.
Сизларга маълумки, биз 2018 йилни юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қуватлаш йили, деб эълон қилдик. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури доирасида тадбиркор аёлларга бу йил 2 триллион 800 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратиш мўлжалланмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича икки йиллик мораторий эълон қилингани оилавий бизнес, касаначилик, хусусий тадбиркорлик ривожи учун кенг имкониятлар очиб бермоқда.
Ўтган йили маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳам хотин-қизларнинг ҳаётий манфаатларига бевосита дахлдор, деб ўйлайман. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва бир қатор вилоятларда олий ўқув юртларининг филиаллари, истеъдодли ўғил-қизларимиз учун улуғ адибларимизнинг номлари билан аталган ижод мактаблари ҳамда “Темурбеклар мактаблари”, “Улуғбеклар мактаблари” барпо этилди.
Албатта, миқёси ва кўлами тобора кенгайиб бораётган бундай эзгу ишларимиз ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин биз бу ишларнинг барчасини катта йўлдаги дастлабки қадамлар, деб биламиз. Ҳаётимизни янгилаш, оналаримиз, опа-сингилларимизни рози қилиш мақсадида бошлаган ишларимиз биз кутган амалий натижаларни бериши учун келгусида уларни янада кучайтирамиз.
Ҳурматли юртдошлар!
Бугунги кунда халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар кучайиб бораётгани бутун инсониятни, жумладан, бизни ҳам қаттиқ хавотирга солмоқда. Бундай мураккаб шароитда юртимизда ва минтақамизда тинчлик ва осойишталикни асраш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.
Биз бу борада қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз.
Мана, эрта-индин Тожикистон Республикасига давлат ташрифи билан борамиз. Яқин қўшнимиз бўлган бу мамлакат билан ҳам кўплаб муҳим масалаларни ўзаро муҳокама қилиб, уларни амалий жиҳатдан ҳал этиш ниятидамиз.
Биз хорижий мамлакатларда қонуний асосда меҳнат қилаётган, таълим олаётган фуқароларимизга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартирдик.
Юртимиздан махсус делегациялар бориб, чет эллардаги ватандошларимиз билан учрашувлар ўтказаётгани, уларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича маҳаллий бошқарув идоралари билан биргаликда зарур чора-тадбирлар кўрилаётганидан, ўйлайманки, сизлар хабардорсиз. Жумладан, хорижий давлатларда муваффақиятли ишлаб юрган юқори малакали олим ва мутахассисларимиз, врачлар, салоҳиятли инвесторларни – уларнинг орасида истеъдодли опа-сингилларимиз ҳам кўп – юртимизга таклиф этиб, ўз билим ва тажрибасини Ватанимиз равнақи йўлида ишлатиши учун барча шароитларни яратиб бермоқдамиз. Чунки бу инсонлар ҳам бизнинг ватандошларимиз, Ўзбекистон фуқароларидир. Шунинг учун биз бу ишларни келгусида янада кучайтирамиз.
Маълумки, мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида диний-экстремистик оқимга мансуб шахс сифатида ҳисобда турадиган фуқароларга нисбатан муносабатимизни бутунлай ўзгартирдик. Бундай шахсларни ўзимизга яқин олиб, дардига қулоқ тутганимиз бугун ўз натижасини бермоқда. Ҳозирги вақтда ана шундай минглаб фуқаролар соғлом турмуш тарзига қайтарилди.
Бу дунёда энг ёмон нарса нима? Таънаю маломат эмасми? Шу нуқтаи назардан қараганда, бу инсонларнинг оиласи, фарзандлари “Бу фалончининг хотини”, “Бу фалончининг боласи” деган ҳар хил таъналардан қутулгани энг катта иш бўлди. Энди улар маҳаллада, мактабда, кўча-кўйда бошини кўтариб, ижтимоий ҳаётимизда фаол қатнашиш имконига эга бўлди. Бугунги кунда ана шу фуқароларнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш, ишга жойлаштириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганларига банк кредитлари ажратиш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
Юртимизда тўғри йўлдан адашган инсонлар умуман бўлмаслиги учун бу борадаги ишларни сусайтирмасдан, изчил давом эттиришимиз керак. Ўз фаолиятимизни жаҳолатга қарши маърифат асосида ташкил этишимиз лозим.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар ҳам айни шу мақсадларни кўзлаб ташкил этилгани барчангизга яхши маълум, деб ўйлайман.
Сиз, ҳурматли аёлларимиз ўзингизнинг оналик меҳрингиз, ҳаётий билим ва тажрибангиз билан фарзандларимизни турли хавф-хатарлардан асрашда, уларни мустаҳкам иродали, маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялашда бундан буён ҳам куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. Айниқса, қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий билимлар, касб-ҳунарларга ўргатишда биз аввало сизларга суянамиз.
Хабарингиз бор, ўтган йили кўпчилик ота-оналар, ёшларимиз, кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни ҳисобга олиб, умумтаълим мактабларида 11 йиллик тизимни тикладик. Бундай қарорни қабул қилишда биринчи навбатда сизларнинг фикрингизни эътиборга олганимиз, қизларимизнинг тақдири, келажаги ҳақида ўйлаганимиз – буям айни ҳақиқат. Чунки қиз бола узоқ шаҳар ёки тумандаги коллежга бормасдан, ота-онасининг бағрида туриб, ўзининг қадрдон мактабида ўқишни давом эттирса, унинг ўзи ҳам, оиласи ҳам тинч-хотиржам бўлади.
Фарзандлар тинчлиги, уларнинг бахти, камоли – жамиятнинг энг катта бойлиги. Бунинг аҳамиятини ота-она бўлган одам билади. Айниқса, ҳозирги нотинч, мураккаб замонда бу ҳақиқатни янада чуқурроқ англаш – бу ҳам ҳаёт талабидир.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Бугунги даврамизда муҳтарам меҳмонларимиз – Америка Қўшма Штатлари элчиси Памела Спратлен хоним, Хитой Халқ Республикаси элчиси Цзянь Янь хоним, Франция элчиси Виолен де Вильмор хоним, Миср Араб Республикаси элчиси Амани Элетр хоним, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Хелена Фрейзер хонимлар иштирок этиб, байрам қувончини биз билан баҳам кўришмоқда. Бу азиз меҳмонларимизни сизларнинг номингиздан, ўз номимдан самимий табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида катта ютуқ ва омадлар тилашга рухсат бергайсиз.
Қадрли опа-сингиллар!
Биз шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизни янада равнақ топтириш, халқимиз ҳаётини муносиб даражага кўтариш бўйича қандай режа ва дастурлар қабул қилсак, аввало сиз, азизларнинг орзу-ниятларингиз ва манфаатларингизни рўёбга чиқаришни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Ҳозирги кунда бу борада катта амалий ишларни бошламоқдамиз.
Бутун мамлакатимиз бўйича замонавий лойиҳалар асосида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ” дастури муҳим аҳамиятга эгадир. Бу аввало аёлларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг кайфияти, дунёқарашини юксалтиришга жуда катта ижобий таъсир кўрсатадиган дастурдир. Ана шундай дастурларимиз асосида йўллар, таълим ва тиббиёт, маданият, спорт масканлари, уй-жойлар янгиланмоқда. Минглаб замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес, туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда.
Айниқса, ички туризм бўйича яратилаётган имкониятлар юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш, ўз тарихимиз ва маданиятимизни янада чуқур билишга қаратилгани билан эътиборлидир.
Ўйлайманки, Наврўз байрами муносабати билан белгиланган қўшимча дам олиш кунларида сизлар оилангиз, фарзандларингиз билан ана шундай шароитлардан фойдаланиб, мазмунли дам олиш имконига эга бўласиз.
Азиз опа-сингиллар!
Сўзимнинг охирида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Менинг тилагим, менинг мақсадим битта – оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар!
Нега деганда, аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.
Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.
Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин!
Катта раҳмат сизларга.