muslim.uz
Халқаро форумда идора фондида сақланаётган Қуръони каримнинг еттита ноёб нусха тақдим этилади
Жорий йилнинг 1-3 ноябрь кунлари “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамкорлигида Самарқандда “Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи” номли халқаро форум ўтказилмоқда.
Форум доирасида “Ўзбекистон фондларида сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхалари” мавзусида халқаро кўргазма ҳам ташкил этилади. Мазкур кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган еттита нодир ва қадимий Қуръони карим нусхалари ҳам тақдим этилади.
Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази хабари кўра, форум доирасида “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестиваль ва ҳунармандлар савдо ярмаркаси, ҳамда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштириш масалалари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилади.
Халқаро форумда 40 дан зиёд давлатдан 300 нафарга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
“Жумадан жумагача” муҳим хабарларнинг қисқача тафсилоти (30-10-2022)
“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.
Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти (SMIIC) томонидан “Халол туризм хизматлари» соҳасида янги стандарт қабул қилинди.
Туризмга бўлаётган қизиқиш, сайёҳлар оқимининг асосий қисми мусулмон мамлакатларидан эканлиги, “ҳалол туризм”ни ривожлантириш ва салоҳиятини юксалтириш мақсадида, SMIIC ташкилоти томонидан "OIC/SMIIC 9:2019, Halal Tourism Services – General Requirements" стандарти қабул қилинди. Ушбу стандарт SMIIC ташкилотининг Туризм ва Туризмга оид масалалар (ТС 5) техник қўмитаси томонидан ишлаб чиқилди.
Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари орасида Global Muslim Travel Index 2019 рейтингига асосан Ўзбекистон зиёрат туризми бўйича дунёдаги кучлик 10 таликдан ўрин олган.
Янги стандарт хақидаги қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги ҳаволага ўтишингиз мумкин- https://www.smiic.org/index.php/en/content/595
“Мен эшигинг ортида турган сенман...”
Мушоҳада
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).
Асҳоби киромдан бўлган Жобир розияллоҳу анҳу айтади:
“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб эшикларини тақиллатдим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Ким у? – дедилар.
– Менман, – дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Менман, менман!.. – деб такрорладилар. Жавобимдан хушланмаганларини англадим...” (Имом Бухорий ривояти).
Орифлар султони ҳазрати Мавлоно Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу бу ҳадиси шарифдаги нозик ишораларни ривоят йўсинида бундай шарҳлаган:
“Бир киши келиб дўстининг эшигини тақиллатди. Дўсти ичкаридан:
– Эй ишончли киши, кимсан? – деди. У:
– Менман, – деб жавоб бергач, ичкаридаги дўсти эшикни очмасдан:
– Ундай бўлса кетавер. Сен учун ичкарига кириш вақти етмабди. Бу ердаги маънавий неъматлар дастурхони атрофида хом кишига жой йўқ, – деди.
Хом кишини айрилиқ ва фироқ ўтидан бошқа нима ҳам пиширарди?! Бечора одам очилмаган эшик олдидан қайтди. Бир йилча йўлларда сарсон-саргардон, дўсти фироқида куйиб-ёниб юрди. Айрилиқ оташида пишиб етилди. Сўнг ҳақиқатни англаб етди. Дўстининг уйи олдида тураркан, оғзидан дўстини ранжитадиган бирор сўз чиқмасин, дея минг андиша, юз одоб ила тағин эшикни оҳиста тақиллатди. Дўсти ичкаридан:
– Эшикни тақиллатган ким? – деди.
Ҳалиги киши:
– Эй кўнглимнинг шоҳи! Мен эшигинг ортида турган сенман... – деди.
Шунда дўсти:
– Модомики энди сен менга айланган экансан, ичкарига киравер! Билгинки, бу уй жуда тор ва унда иккита “мен”га ўрин йўқ. Игнадан ўтказилиши керак бўлган ип иккига бўлинса, яъни уч тарқоқ ҳолда бўлса у игнанинг кўзидан ўтмайди. Сен пишиб, (эшилиб) бир бутунга айланган экансан, кел, игнанинг кўзидан ўт! – деди”.
Аллоҳ таолонинг каломи, ҳадислар ва улуғлар келтирган рамзий ҳикоятлар маъно жиҳатидан бир нарсага ундайди – киши пишиб-етилиши, имони комил бўлиши учун “мен”и, яъни нафсини жиловлаб олиши, худбинлик “тўн”ини ечиши лозим. Зеро, одам ўзидан кечмас экан, Ўзи(Аллоҳ)ни топиши ниҳоятда мушкул. Шунинг баробарида, мусулмон киши бошқа бир мусулмонни туғишганидек билиши, ўзига раво кўрганини унга ҳам кўриши керак. Зеро, ҳадисда: “Мўминлар худди бир киши каби (бир тану бир жон)дир. Агар унинг боши оғриса, жасадининг бошқа аъзолари ҳам иситма ва бедорликда унга шерик бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Манбалар асосида
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ
тайёрлади.
Халифалик
Шуни таъкидлаш лозим, Исломда ҳаққоний халифалик даври аллақачон ўтиб кетган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларидаёқ ҳаққоний халифалик даврини аниқ айтганлар. У зот алайҳиссалом: “Халифалик ўттиз йилдир! Ундан кейин подшолик бўлади”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ ривояти).
Ушбу ҳадис Пайғамбаримизнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди. Маълумки, Ислом уммати учун тўрт рошид халифа бор. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг мусулмонлар устида раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келган. Буларнинг даври ўтгач, Ислом уммати орасида ҳаққоний халифалик даври тугаб, Пайғамбаримиз башорат қилганларидек, подшолик даври бошланди.
Ҳизбчилар халифаси бўлмаган умматнинг ибодатида наф йўқ, дейдилар. Улар бу қарорга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини асос қилмоқчи бўлишади: “Ким имом (бошлиқ)сиз ўлса, жоҳилиятда ўлибди” (Имом Аҳмад ривояти). Улар бу ҳадисга таяниб, халифалик масаласини Ислом арконларидан ҳам муҳим деб биринчи ўринга қўйишган. Бунинг оқибатида ўзлари ҳам адашиб, тобеларини ҳам залолатга бошлаганлар.
Ҳадис эса мазмун жиҳатидан икки хил маънога эга:
1) ҳаққоний халифа мавжуд бўлатуриб, унга итоатсизлик қилганлар гўё жоҳилият даврида ўлганлар каби ўлибди;
2) бошида раҳнамоси, имоми, бошлиғи бўлатуриб, унга итоат қилмаган ўзбошимчалар гўё жоҳилиятда ўлгандек ўлибди.
Биринчи маънога кўра, ҳадис маълум давргагина хос бўлиб, бугунги кунда ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Чунки юқоридаги ҳадисда айтилганидек, ҳаққоний халифалик даври дастлабки ўттиз йилда ниҳоясига етган. Демак, бу ҳадис ҳозирги кунга дахлдор эмас. Ҳизбчиларнинг унга суяниши хатодир.
Иккинчи маънога кўра, ҳадис ҳукми умумий бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган. Бироқ, айнан халифани эмас, балки имомни, бошлиқларни назарда тутади. Диққат қилсангиз, икки эҳтимолий маънода ҳам ҳадис ҳизбчиларнинг зарарига “ишлайди”.
Биринчи маънога кўра, ҳизбнинг халифалик йўлидаги ҳаракати ўта мантиқсизлик ва амримаҳол халифаликни қайта тиклашга беҳуда уриниш бўлиб чиқади. Биринчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан аниқ вақти ва чегараси баён қилинган нарсани қайта тиклашга уриниш ё ақлсизлик, ёки Расулуллоҳга ишонмасликдир!
Иккинчи маънога кўра эса, ҳизбнинг ўзи ҳадисга очиқча терс ҳаракат қилаётир. Ахир ўз юртбошиси, раҳнамоси, ҳокимига итоатда яшаб келаётган жамиятда мавжуд ҳукуматни ағдариб, ўрнига ўзлари истаган шахсни тайинлашга уринишлари мавжуд бошчига, илм аҳлига, имом-домлаларга итоатсизлик эмасми?!
Ҳадисга иккинчи маъно нуқтаи назаридан ёндашсак, ҳизб аъзоларининг ўзлари жоҳилият ўлимини топувчи адашган тоифаларнинг биринчи қаторида турибди-ку?!
Ҳанафий мазҳабининг йирик олими, ҳиндистонлик Мулла Живан ҳазратлари ҳукм оятларига доир “ат-Тафсиротул Аҳмадия” асарида мавзуга доир қуйидаги фикрни илгари суради: «Билиб қўйиш лозим, том маънодаги комил халифалик (даври) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир! Ундан кейин талашиб-тортишиладиган подшоликлар (даври) бўлади”, деган ҳадиси тақозосига кўра, Али розийаллоҳу анҳуда тамом бўлган. Ноқис халифалик эса ундай эмас (яъни ўттиз йилдан кейин ҳам давом этган). Чунки аббосийлар даврида, ноқис бўлса-да, халифалик бўлган. Ҳаққоний имомат ҳам бугунги замонамизда шартлари йўқ бўлиб кетгани боис топилмайди. Зеро, имомат шартлари ичида энг охиргиси қурайший бўлишдир. Бу ҳам ҳозирги даврда жуда кўп жойларда топилмайдиган шартдир.
Шунингдек, мутлақ тарзда келган: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59) ояти каримасига кўра, раҳбарларга (динга зид ишларни буюрмаса) итоат қилиш вожиб бўлади. Улар халифа ё ҳаққоний имом деб эмас, балки ишбошиларимиз бўлгани учун итоат қиламиз, эргашамиз» (Мулла Живан “Ат-Тафсирот ул-Аҳмадия”. 201-Б. Қозон. Харитонов матбааси. 1904 м).
Демак, ҳизбчиларнинг халифалик ҳақида илгари сураётган фикрлари воқеликда содир бўлиши мумкин бўлмаган амримаҳол хаёлотдан бошқа нарса эмас. Аҳли сунна эътиқодини маҳкам тутаман деган шахс ҳизбнинг хаёлий тасаввуротларига, аслида, бузғунчи ғояларига алданмасдан, соғлом фикр юритса, ҳақни топади.
Ботиржон ТОЖИБОЕВ,
Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме
масжиди имом-хатиби