muslim.uz

muslim.uz

Кеча Юртимиз уламоларининг Бухоро шаҳрига ташрифларининг навбатдаги куни ҳам ўз поёнига етди. Ўзгача шукуҳ ва файзлар билан ўтаётган учрашув ва суҳбатлар Бухрор аҳлининг қалбига сурур бағишламоқда.

Қалбларга маърифат нурини киритаётган суҳбатлардан бири бугун Бухоро вилояти Жондор туманида бўлиб ўтди. Ушбу тумандаги “Исломхўжа” жоме масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков аср намозига ташриф буюриб, йиғилганларга "Меҳр-оқибат ҳалқимизга хос фазилат" ҳақида мавъиза қилиб бердилар. Маърифий учрашувда мустақил юртимизда олиб борилаётган улкан ўзгаришлар, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги йўлида меҳнат қилишнинг фазилатлари ҳақида сўзладилар. Халқимизнинг ҳаёти янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилдилар.

Шунингдек, муҳтарам Ҳомиджон домла Ишматбеков Бухоро вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов бошчилигида Жондор туманидаги "Усто Фарҳод" жомеъ масжидининг қурилиш жараёни билан ҳам яқиндан танишиб, керакли тавсияларни бердилар. Масжид қурилишида ўзларининг беназир ҳиссаларини қўшиб келаётган саховатпеша азиз инсонларнинг ҳаққига дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Малайзияда "ҳалол" саноатининг етакчи бизнес-платформаси бўлмиш "ҳалол маҳсулотлар" нинг 17-халқаро кўргазмаси (MIHAS) ўз ишини бошлади.

Тадбир бутун дунё бўйлаб ўсиб бораётган ҳалол бозорни ифодаловчи 12 асосий соҳа: озиқ-овқат ва ичимликлар, ишлаб чиқариш технологиялари, таълим, фармацевтика, хизматлар ва воситалар, мусулмон модаси, франчайзинг, медиа ва кўнгилочар, мусулмон туризми, электрон тижорат, исломий молия, косметика ва шахсий гигиена маҳсулотларини намойиш этишга қаратилади.

Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) савдо комиссари жаноб Суреш Кумарнинг сўзларига кўра: онлайн кўринишдаги ҳалол кўргазмасида Ўзбекистондан илк бор 7 дан ортиқ иштирокчи компаниялар иштирок этмоқда.

Ҳозирги кунда компаниялар ҳалол саноатга эътибор қаратувчи йирик тармоқлар, улгуржи ваколатхоналар ва ритейлорлар билан музокаралар олиб бормоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугунги кунда қатор мусулмон мамлакатларида ижтимоий барқарорлик ва уммат бирдамлигига “Ҳизбут таҳрир” ташкилоти томонидан рахна солинмоқда. Мазкур фирқа аъзолари Марказий Осиё, жумладан, республикамизда ҳам бузғунчи хатти-ҳаракатлар олиб бораётгани сабабли ушбу ташкилотнинг соф Ислом таълимотига зид ғоялари ва ноқонуний фаолияти ҳақида фуқароларимизда, айниқса, ёшларимизда холис тасаввурлар шакллантириш зарур ҳисобланади.

“Ҳизбут таҳрир” партиясига 1950-йилларнинг бошида Фаластиндаги Шарқий Қуддусда Тақиюддин Набаҳоний исмли шахс томонидан асос солинган. Даставвал Фаластинда гўёки халифалик барпо қилишни даъво қилган ушбу партия кейинчалик муайян, Ислом оламидан ташқаридаги сиёсий кучлар раҳнамолигида бошқа мусулмон давлатларида ҳам илдиз ортган.

Партия мафкурасида унинг “руҳий уюшма ҳам, илмий уюшма ҳам, таълим-тарбия ишлари билан шуғулланадиган уюшма ҳам эмас, балки у исломий фикрат асосига қурилган сиёсий уюшма экани”, фаолияти хайрия, диний ёки маърифий эмас, балки сиёсий соҳа экани очиқ-ойдин таъкидланади. Бошқача айтганда, “Ҳизбчилар” қуруқ сиёсатдонликка ўргатадиган, аҳли сунна жамоасига мухолиф бўлган жамоа саналади.

“Ҳизбчилар” ушбу партияни тузиш гўёки ислом умматига Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси, 104-оятининг талаби билан фарз эканлигидан келиб чиқади, деб даъво қилинади. Ваҳоланки, Ислом тарихида Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин “хулофои рошидинлар”, умавийлар, аббосийлар ва охирги усмонли халифалар давригача ҳеч бир замонда ушбу оятга амал қилиш мақсадида алоҳида фирқа тузиб, бир кишини унга амир этиб сайлаш экани ҳақида фикр ўртага ташланмаган.

Фирқа томонидан яширин “ҳужра”ларда диний ўқишлар, партия ғоялари ёритилган “Ал-Ваъй” журнали ва варақаларни тарқатиш, интернет тармоғида ташкилотнинг диний-сиёсий ғояларини тарғиб қилиш каби усулларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.

Ушбу фирқа давлат тўнтариши, ҳукумат раҳбарига қарши чиқиш, халқни давлатга қарши гижгижлаш каби ишларга зўр берадилар. Демократия, конституция, сайлов каби сиёсий институтлар, миллий қадриятлар ва ватанпарварлик қораланади. Хусусан, демократия ва инсон эркинликлари гўёки “куфр дунёқараши ва низоми экани”, “уни қабул қилиш, унга даъват қилиш, унинг асосида партия тузиш ҳаром” деб эълон қилинган. Гўёки ватанпарварлик исломга ёт “тубан алоқа”, хайрия-саховат, ахлоқий тарбия ва яхшиликка чақириш, илм-маърифат тарқатиш исломий давлат қуришдан чалғитувчи ножоиз амаллар сифатида баҳоланади.

“Ҳизбут-таҳрир” учун сиёсатдан бошқа соҳалар, жумладан, дин ҳам доим иккинчи даражали бўлиб келган. Ҳизбий даъватчилар халққа аксар ҳолда сиёсатдан нутқ қилиб, норозилик кайфиятини пайдо қилиш, исёнкорлик руҳиятини сингдириш каби фитнали мавзуларга урғу беради. Улар шу йўл билан ўзларининг фиқҳ, ақида, тафсир, ҳадис каби исломда асосий ўрин тутган илмларда нўноқ эканларини яшириб келишади.

“Ҳизбчилар”нинг ўзаро ақидавий бирлик ва чуқур диний илмдан мосуволиклари уларни дунё ҳукмронлигини кўзлаган ташқи кучлар қўлида ўйинчоқ бўлишларига сабаб бўлиб келади. Фаолият кўрсатган минтақаларида, асосан, кучлар мувозанати ва дунё сиёсатидан бехабар, қизиққон ёшларни сафларига жалб қилиб, кўпдан-кўп фитналарни уйғотишларига сабаб бўлди.

Натижада, ислом дини ва мусулмон жамиятларига фақат зиён ва надомат келтирдилар, холос. Шу сабабли ушбу фирқа Туркия, Покистон, шунингдек,  Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг аксарият мамлакатларида, қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ноқонуний ҳисобланади.

Кўплаб мамлакатларда динга ва жамиятга хизмат қилиши мумкин бўлган мусулмон ёшлар “Ҳизбут таҳрир” ғояларига алданиб жиноят содир этмоқда ҳамда умрларини қамоқда ўтказмоқда.

Шу билан бирга, “Ҳизбчилар” илмсиз бўлгани учун ақида ва фиқҳ масалаларида ўта жиддий ва қўпол хатоларга йўл қўйиб келади. Ислом дунёсининг уламолари “Ҳизбут-таҳрир”нинг сиёсий ҳокимиятни эгаллашни устувор вазифа сифатида кўриши, кўплаб шаръий масалаларда дин аҳкомларига мутлақо зид фатволарни бериши сабабли қаттиқ танқид қиладилар ва адашган фирқа ҳисоблайдилар. Масалан, “ҳизбчилар”нинг ботил даъволарига қуйидагилар мисол бўлади:

  • амру маъруф ва наҳй мункар, оҳод ҳадисларни ва қабр азобини инкор этиши;
  • гўёки “ҳалифалик ўрнатилгунга қадар намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ислом аҳкомларини адо этиш фарз саналмайди” деган иддаони илгари суриши;
  • беҳаё суратларни томоша қилиш ва бегона аёлни ўпишни жоиз дейиши;

- икки қутбда яшовчилардан намоз ва рўза соқит бўлади деб ҳукм бериши.

“Ҳизбут таҳрир” оқимининг юқоридаги каби умуман Ислом дини таълимотига тўғри келмайдиган кўплаб “фатволари” ва даъволари мавжуд.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг “Дин насиҳатдир” китобида “ҳизбчилар”нинг қабр азобига ва Масийҳ Дажжолнинг чиқишига эътиқод қилишни ҳаром дейишларини энг хатарли хатоларидан бири сифатида баҳолаган: “Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги барча мусулмонлар қабр азобига ва қиёмат қоим яқинлашганда Дажжолнинг чиқишига имон келтирадилар. Бу ҳақиқат ақоид китобларимизнинг барчасида алоҳида таъкидланган... Ақида илмида мутавотир ва оҳод хабарларда келган маъноларни инкор қилганларга нисбатан икки хил ҳукм собит бўлган. Мутавотир далил билан собит бўлган нарсани инкор қилган одам кофир бўлиб, Исломдан чиқади. Оҳод ҳадисларда келган маънони инкор қилган одам фосиқ бўлади. Шу қоидага биноан, Ҳизбут таҳрир умумий равишда фосиқ бўлади.

Марҳум шайх “Ҳизбут таҳрир ҳар қандай душман қила олмайдиган зарарли ишларни қилдики, Ислом душманлари ўзлари ҳаракат қилсалар, ҳозирги натижага эриша олмас эдилар”, деб таъкидлаган.

Фирқа томонидан динни сохталаштиришдаги иккинчи катта алдови қасам масаласида акс этади. “Ҳизбут таҳрир”га янги кираётганлар халифалик давлати барпо қилишда жони ва оиласидан кечиб бўлса ҳам ҳаракат қилишга қасам ичади. Ташкилот аъзолари онгларига ушбу қасамни бузса “диндан чиқишлари” ва гўёки “кофир” бўлишлари сингдирилади.

Биринчидан, Исломда қасамнинг ўз шартлари бўлиб, бузғунчи нарсаларга қасам ичилмайди. Чунки ҳадисда: “Ким Аллоҳга тоат қилишга қасам ичган бўлса, тоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишга қасам ичган бўлса, (Аллоҳга) осий бўлмасин (яъни, қасамини бузсин)”, дейилган (Имом Бухорий ривояти, 6696-ҳадис). Дунё уламолари бу каби бир тарафдан бесамар, бошқа тарафдан эса шубҳали, гоҳида ҳатто зарарли ҳам бўладиган ишлардан дарҳол тийилиб, қасам каффоратини адо этиш лозим эканини эътироф этадилар. Айниқса, аслида шариатда буюрилган ёхуд тарғиб этилган ишларни қилмасликка ваъда бериш, масалан, Қуръон ва суннатда келган хабарлар борасида “ҳизб” талқинидан бошқа талқинни қабул қилмаслик каби мазмунда ичилган қасамга умуман амал қилиш мумкин эмас, балки қасамида тураверган киши гуноҳкор ҳам бўлади, деб таъкидланади.

Ушбу ўринда уламолар “Ҳизбут-таҳрир” қасамёди аслида шариат буюрмаган, бандалар зиммасига юкламаган нарсани бажараман деб ичилган қасам эканига эътибор қаратадилар. Афсуски, ялтироқ иборалар билан йўғрилган қасамёди, ҳаётий тажрибаси кам ёш “ҳизбчилар”га жозибали эшитилади. Шу сабабли улар “Ҳизбут-таҳрир”га содиқ қолишга қасамёд қилганлар. Уларнинг раҳнамолари эса оддий, диний саводи бўлмаган аъзоларини қасамни бузмасликка, субутли бўлишга, маҳкам туришга мудом даъват этадилар. Аммо бу “собитлик”дан оддий аъзоларнинг нафақат ўзлари жафо чекаяптилар, ўзларидан ҳам ортиқ даражада уларнинг ота-оналари, аҳли-оилалари, зурриётлари ва яқинлари қийналмоқда.

Бу борада “Саҳиҳи Бухорий”да 6621-рақамли ҳадисда Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “(Отам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) токи Аллоҳ таоло қасам каффорати ҳақидаги оятни нозил қилгунига қадар, зинҳор ичган қасамларини бузмас эдилар. (Ўша оят нозил бўлгач эса): “Қачонки бир нарсага қасам ичсаму, кейин бошқа нарса ундан хайрлироқ эканини кўрсам, албатта ўша афзал ишни қилавераман, ушбу қасамим учун эса каффорат тўлайман”, дедилар”. Шунингдек, Имом Бухорий (“Саҳиҳи Бухорий”, 6624, 6625-ҳадислар) ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагича айтилган: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Биз дунёда охиргилар, аммо Қиёмат кунида аввалгилармиз, – дедилар ва яна: Аллоҳга қасамки, киши ўз аҳли-аёлига зиён келтирувчи қасамни ичиб, шу қасамида туриб олиши гуноҳдир. Киши бундай пайтда қасамини бузиб, Аллоҳ фарз қилган каффоратни тўлаши ўзи учун яхшидир”, – дедилар”.

Иккинчидан, Ислом дини мусулмонлардан “халифалик” қуришни ҳам, бунинг учун оиладан воз кечишни ҳам талаб қилмайди. Аксинча, Қуръонда ота-онага яхшилик қилиши буюрилиб, инсон ўз оиласига масъул экани таъкидланади (Бақара сураси, 215-оят, Нисо сураси, 1, 36-оятлар, Анъом сураси, 151-оят, Луқмон сураси, 14-оят, Аҳқоф сураси, 15-оят, Исро сураси, 23-оят, Нисо сураси, 34-оят ва шу кабилар).

Ҳадисларда оилани боқиш, фарзанд тарбияси билан шуғулланиш мусулмонларнинг бурчи экани ҳамда оиладан воз кечиш оғир гуноҳ эканлиги таъкидланади: “Киши ўз қарамоғидагиларни моддий ва маънавий жиҳатдан ташлаб қўйиши унинг гуноҳкорлигига кифоя қилади” (Абу Довуд, 1694-ҳадис). Ушбу масалада Али ибн Толиб разияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган: “Болаларингиз ва аҳли аёлларингизга яхшилик қилишни ўргатингиз ва уларни хушхулқ билан тарбиялангиз” (Имом Байҳақий, “Шаъбул иймон”).

Бугунги кунда “Ҳизбут таҳрир” ташкилоти кўпроқ меҳнат муҳожирлари орасида, Интернет тизими орқали тарғибот ўтказиш, шунингдек, аввал ушбу экстремистик оқим фаолиятида иштироки учун жазо ўтаётган шахсларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларини ўз сафларига жалб қилишга қаратилган жиноий хатти-ҳаракатларга алоҳида урғу бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳизб жамоасида алоҳида шахс ҳеч қандай салмоққа эга эмас. Фирқанинг аъзолари раҳбарларига маблағ тўплаб беради ва уларнинг буйруғини сўзсиз бажаради. Ҳизбий киши ўзига хато кўринган масалада ҳар қанча норози бўлса ҳам, қасами рўкач қилиниб, эътирозлари эътиборга олинмайди. Пастдан тепага таъсир этувчи ҳаракат йўқ, фақат тепадан пастга, яъни раҳбариятдан оддий аъзоларга кўрсатма бериш ва таъсир ўтказиш бор. Оддий аъзолар ҳатто “Ҳизбут таҳрир”нинг етакчиси ким ва қаерда экани, тўплаб бераётган маблағи қаерга сарф бўлаётганини билмайди.

Афсуски, ҳизб ўз аъзоларига ушбу партия тўғрисида эркин фикрлашга рухсат бермаслиги боис, йиллар ўтса-да, аксарият “ҳизбчилар” ўз хатоларини тан олмай, яратилган шароитларга шукрона қилиш, ҳалол меҳнат қилиб, хотиржамликда тоат-ибодатларини қилиш ўрнига гумроҳликда ҳаётларини самарасиз ўтказмоқда. Ўзлари танимаган ва билмаган шахсларнинг сароб ғояларига кўр-кўрона ишониб, оиласига масъул бўлиш каби Аллоҳ томонидан фарз этиб қўйилган вазифаларини ижро этмай келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги Қарорига мувофиқ “Ҳизбут таҳрир” террорчилик ташкилоти сифатида тан олинган ҳамда Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фирқа бошқа бузғунчи оқимлар ва мазҳабсизлар қаторида Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқоди бўйича ибодатларини адо этаётган мусулмонларни фитнага солиш ва тўғри йўлдан адаштириб, ўзларининг нотўғри ғаразли ғояларининг қурбонига айлантиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Шундай экан, ҳар биримиз “Ҳизбут таҳрир” каби бузғунчи оқим ғояларидан ўзимизни, яқинларимиз ва фарзандларимизни эҳтиёт қилмоғимиз долзарб ва муҳим вазифамиз ҳисобланади.

 

Ўткир Ҳасанбаев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Юртимизда ҳеч бир инсон меҳр ва эътибордан четда эмас. Барча фуқаролар давлатимиз ва ҳукуматимиз ғамхўрлигида умргузаронлик қилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Зангиота тумани “Зангиота” мажмуаси масжидида “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида “Миссионерликдан огоҳ бўлинг!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирни Тошкент вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Зокир Ҳидоятов юртимизда имконияти чекланган фуқаролар учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар борасидаги маълумотлар билан давом эттирди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакированинг кўргазмали ҳамда Зангиота тумани бош имом-хатиби Илёс Шокировнинг “Миссионерликдан огоҳ бўлинг!” мавзусидага маърузалари йиғилганларга манзур бўлди.

Учрашув жуда мароқли ва қизғин кечди. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар атрофлича жавоб қайтаришди. Тадбир кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтди.

Йиғилиш якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан учрашув ичтирокчилари учун эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди.

 

 

 

Тошкент вилоят вакиллиги Матбуот хизмати

Top