muslim.uz

muslim.uz

Ҳар куни ўзаро мулоқотда минглаб сўзларни ифодалаймиз. Вақир-вуқур қайнаётган қозон, тинмай қақағлаётган товуқ, тинмай гапирадиган одам... — Булар бир-бирига ўхшамайдими? Ҳеч ўйламасдан, оғзига келганини гапиравериш ниманинг аломати?..

Давлат муассасаларида, кўча-кўйда шунчаки гап сотувчи шахслар нега сўзнинг қадр-қимматини туширадилар, нега гапираётган гаплари учун масъулиятни ҳис қилмайдилар? Наҳотки бошқа мавжудотлар билан орамиздаги фарқ Сўз туфайли эканини англаб етмасак. Ҳазрат Навоий бир рубоийсида:

Сўздурки нишон берур ўлукка жондин,

Сўздурки берур жонға хабар жонондин,

Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,

Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.

Инсон ҳам аслида бошқа жониворлар каби бир жонзотлиги, уни шарафлаган ҳодиса тил, сўз қудрати экани айтилади. Содир этилажак барча ишларнинг негизида сўз ётади. Сўз ёрдамида буйруқ берамиз, тилак билдирамиз. Аслида бу ўн саккиз минг олам Тангрининг биргина “Бўл!” деган хитобидан яралганлигини эсланг. Айтилишича, гуноҳи кабираларнинг аксарияти тил туфайли экан. Сўзнинг заҳри тиғнинг заҳридан минг чандон оғир. Энг ёмони, сўздан етган жароҳат осонликча битмайди ёки кўнгилда доғ бўлиб қолади. Кўнгилга олиб борувчи восита нима? Албатта, сўз ва унинг сеҳрли кучи. Биз учун арзимасдай туюлган бир оғизгина сўз билан ки шиларнинг юрак-бағрига гўёки тиғ санчамиз, бемаъни феъл-атворимиз туфайли азият етказамиз, чунки бизнинг танамиз ўзгаларнинг баданидаги оғриқларни сезмайди-да!

Ҳазрат Жалолиддин Румий илмсиз кишиларни ичи бўм-бўш хумга қиёслаган. Шаддод шамол бўш хум ичида ҳуштак чалиб айланади, ундан фақат асабни тирнайдиган нохуш, увиллаган овоз таралади. Энди ичи тўла хумнинг ҳолатини бир тасаввур қилиб кўринг-а, у сокин, қамрови тўқ, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам оби ҳаёт билан суғора олади. Қиссадан ҳисса, илм сўз ёрдамида тарғиб қилинади, бир хумдан иккинчи хумга, яъни қалбдан қалбга шифо ўлароқ оқиб киради. Руҳшунос ўз илми, руҳиятимизни ижобий маънода ҳаракатга келтирувчи ширин каломи билан муолажа белгилайди. Яъни ўзимизга бўлган ишончимизни қайта мустаҳкамлайди. Эркак ва аёл сўз ёрдамида никоҳланади. Бир оғиз калима билан мусулмонга айланади инсон, ёки аксинча. Энг сўнги нафасда ҳам бир оғиз калима асқотади одамга.

Сўз кўпайган жойда мантиқ чекинади. Кераксиз сўзлар худди улкан денгизнинг кўпикланган шўр сувидек чайқалиб ётадию ундан ичишнинг имкони йўқ. Ичсангиз, баданга фақат оғриқ ва азоб беради.

Энг қадимги инсонларнинг ўзаро ижтимоий муносабатларга киришувида сўз айтиш эҳтиёжи буюк ҳодиса сифатида маънавий инқилобни юзага келтирган. Бу – сўз айтишга бўлган эҳтиёж эди. Эҳтимол, кўҳна дунёда илк аждодларимиз ҳали кийинишни билишмагандир, аммо ҳозиргидек, бизчалик сўзга эътиборсиз қарашмагани рост. Илк одамнинг тийнатида Аллоҳ берган маданият, маърифат бор эди. Бироқ тарих саҳнида кечган давру давронлар, турли хил тузумлар, “маданият”лар инсониятни асл мақсаддан чалғитди, оқибатда, аксарият инсонлар асл маданиятдан бебаҳра бўлиб қолди.

Ён-атрофингиздаги суҳбатдошларнинг сўзларидан баъзан этингиз жунжикиб кетади. Тиқилинч автобусга чиққан икки ёш йигитнинг бири шеригига: “Энди то манзилга боргунча ўлиб кетар эканмизда”, деди. Шеригининг гапини яхши эшитмай қолган иккинчиси “Нима” деб қайта сўради. У яна шу гапни такрорлади. Бу гаплардан кейин манзилга етгунча юрак ҳовучлаб бордим. Бўлмағур хаёллардан кўнгил озади. Худди ҳозир нимадир юз берадигандек. Ишқилиб, унинг гапи башорат бўлмасин-да! Уларнинг нуқси бошқаларга урмасин-да! Ахир, айтилган сўз – отилган ўқ. Сўз – ҳукм!

Киши билиб-билмай ўзига-ўзи ҳукм қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Кўпгина шоирлар шеърларида ўз қисматларини башорат қилганликлари янгилик эмас.

Миллий университетнинг маъруза ўқиладиган зали. Биласиз, залнинг олд қисми ҳовуздек чуқур бўлади. Бир курсдош қиз залга – дарсга кираркан, хаёлига келган гапни, “Уҳ, роса думалайдиган зина экан!” деб айтгани ҳамон қўққисдан пастга қараб думалаб кетди. Сўз ва амалнинг бир келганидан ҳайрон бўлдик ва билиб-билмай гапиравермаслик керак экан, деган хулосага келдик.

Инсонлар бир-бирлари учун гўё ойна кабидир. Мудом бир-бировларига кимлигини эслатиб турадилар. Унда барча қусур ва камчиликларимиз намоён бўлади. Тарози ўзини ўзи тортмаганидек, ойна ҳам ўзини ўзи акслантира олмайди. Албатта, иккинчи бир восита керак. Хулоса шуки, замондошларимизнинг кўзига энг яхши сифатларимиз билан пешвоз чиқиб, энг кўҳлик сувратда кўринайлик! Қолганини вақтнинг ўзи даволайди.

 

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

O’zbekiston adabiyoti va san dabiyoti va san’ati

газетасининг 34-сонидан олинди

“Жануб-Жануб” Барқарор ривожланиш учун ҳамкорлик кенгаши (ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкори) веб-саҳифасида жорий йил 14-16 сентябрь кунлари ЮНЕСКО шафеълигида Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё цивилизациялар чорраҳасида” халқаро маданий форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда алоҳида таъкидланганидек, ушбу форумни ўтказиш ташаббуси 2020 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди. Ўшанда ЮНЕСКО Бош диретори Одри Азуле ушбу ташаббусни олқишлар экан, тадбирни ҳамкорликда ташкил этишга тайёр эканини тасдиқлаган эди.

Мақолада ЮНЕСКО кўпгина ўн йилликлар мобайнида Марказий Осиёнинг умумий тарихи ва маданий меросини ўрганиш ҳамда оммалаштириш ишига, хусусан, ўзининг “Ипак йўли” дастури йўналишида салмоқли ва катта эътиборга молик саъй-ҳаракатларни амалга оширгани қайд этилган. Бир неча йил бурун ЮНЕСКО ушбу дастур доирасида кўп жилдлик “Марказий Осиёда цивилизациялар тарихи” китобини нашр этди.

Мақола интиҳосида унинг муаллифлари “жорий йил сентябрь ойида Хивада бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё цивилизациялар чорраҳасида” халқаро маданий форуми бошланишини интиқлик билан кутмоқдамиз”, дея таъкидлаган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бухоро вилояти

"Соктари" жоме масжиди

имом-хатиби

Жасур домла Латипов

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Албатта, бу иккови азобланяпти. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ», дедилар. Кейин: «Улардан бири чақимчилик қилиб юрар эди, бошқаси эса пешобидан эҳтиётланмас эди», дедилар. Кейин бир ҳўл новдани олиб, иккига синдирдилар-да, сўнг ҳар бирини биттадан қабрга санчиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, бу иккаласи қуригунича у икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар» (Бухорий, Насоий, Аҳмад ривояти).

«Албатта, бу иккови азобланяпти. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ». Ушбу лафздан икки хил маъно олиш мумкин. Истаган одам йўқотиши, кетказиши ёки сақланиши мумкин бўлган нарса учун азобланаётибдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамлар енгил санайдиган шу ва шунга ўхшаш амаллардан огоҳлантиришни ният қилдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ўшанда сиз уни (ифкни) тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва буни (ифкни) ўзингиз учун енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида оғирдир» (Нур сураси, 15-оят).

 Ушбу ҳадис маъносини олимлар қуйидагича таъвил қилган: икки қабрдагилар асли гуноҳи кабира бўлмаган ва сақланиш мумкин бўлган нарса сабабли азобланяпти. Лекин бу иш дин ва маъсият жиҳатидан каттадир. Чунки кичик гуноҳни давомий бажариш, уни катта гуноҳга айлантиради. Зеро, кичик гуноҳни қасддан бажаришнинг ҳукми катта гуноҳ ҳукмида бўлади.

Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳ одамларнинг ҳўл новдаларни қабрга суқиб қўйишни ман этиб, бундай дейди: «Чунки бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларининг баракотига хосдир». Бошқа бир ўринда бундай дейилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрга новдани экишлари ғайбдан бўлди. Яъни у зот алайҳиссаломнинг «азобланяпти» сўзлари ғайибни билганларига ишора эди. Биз эса қабрдагиларнинг азобланаётганини билмаймиз ва бу ишни қилишимиз дуруст эмас».

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Бу каби ишни қилишимиз мумкин эмас. Чунки қабр эгаси азобдами ёки йўқми – билмаймиз. Биз фақат агар у азобланаётган бўлса, унинг азобини енгиллашини нисбат беришимиз мумкин. Бу худди унинг раҳм қилинганми ёки йўқ – билмаганимиз учун унга раҳмат айтишимиз кабидир». Шунингдек, ҳадис матнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан муборак қўллари билан новдаларни қабрларга санчиб қўйганлари айтилмаган. Балки бу ишга амир этганлар, деб эътибор қилинади. Бир ривоятда: «Улар фақат ғийбат ва бавл сабабидан азобланяптилар», деб айтилган. Бу ерда кофир эмас, балки икки мусулмон назарда тутилмоқда. Чунки улар кофир бўлганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаргиз улар учун истиғфор айтмаган бўлардилар.

Ушбу ҳадисда қабр азоби ҳақ эканига далил бор. Жумҳур фуқаҳолар наздида одам боласининг бавли, у оз бўладими ёки кўп, мутлақо нажасдир. Лекин Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мўминларга машаққат бўлмаслиги учун: «Дирҳам миқдоридан ошсагина нажас бўлади», деб айтади.

Мана шулардан сақланганларни Аллоҳ гўзал мукофотласин ва дўзахдан халос этсин.

 

«Манҳал ҳадис» китоби асосида Юлдуз Асқар қизи тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 8(29) сонидан олинди

 

Top