muslim.uz

muslim.uz

Саудия Арабистони бу йил ҳам Ҳаж сафари учун чет эллик зиёратчиларни қабул қилмаслигини эълон қилди. Ҳукумат коронавирус тарқалиши хавфи туфайли фақат қиролликда доимий истиқомат қилувчи кўпи билан 60 минг кишига бир неча шартлар асосида ҳаж ибодатини амалга оширишни режалаштирди.


Аввал қайд этганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизнинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича Атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. Шунга кўра, 13 июнь куни Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Ҳаж ва Умра вазирликлари томонидан ОАВ иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, унда “Ҳаж – 2021” мавсум шартлари ва зиёратни ташкил этиш масалалари ҳақида ахборот берилган.


Хусусан, жаҳонда кузатилаётган мураккаб эпидемиологик вазият ҳамда зиёратчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, ҳукумат чет эл фуқаролари учун ҳаж зиёратини чеклаш ва маҳаллий аҳоли, мамлакатда доимий яшовчилар учун ҳаж тадбирларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ушбу қарор кўплаб мусулмон мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланган.


Шунингдек, ҳожиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жамоат саломатлиги мезонларига жавоб берадиган ҳаж модели ишлаб чиқилган. Жумладан, ҳаж зиёратига борадиганлар сони 60 минг нафар этиб белгиланди. Ҳаж зиёратига боришни истаганлар 18 ёшдан 65 ёшгача бўлиши, сурункали касалликлардан холи бўлиши ва “COVID-19”га қарши эмланган бўлиши зарур.


Таъкидлаш жоизки, чет мамлакатлардан қинғир йўллар, қалбаки ҳужжатлар ёки турли алдов йўллари билан ҳаж амалини адо этишга уриниш мамлакатга киришга тақиқ қўйилиши баробарида қонуний жавобгарликка ҳам сабаб бўлади. Карантин қоидаларини бузганлар 200 минг риёл (53,2 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан баён этилганлардан инобатга олиб, жорий 2021 йилда бутун дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳаж сафарлари ташкил этилмаслигини маҳзунлик ила маълум қиламиз.


Айни вақтларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Саудия Арабистонининг “Умра” тадбирларини бошлаш юзасидан саъй-ҳаракатларини ўрганиб бормоқда. Қиролликнинг ушбу сафарни бошлаш борасидаги якуний қарори эълон қилингандан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра сафарини тезкорлик билан ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширади. Бу ҳақда расмий нашрларимизда маълум қиламиз.


Аллоҳ таолодан чин қалбдан сўраймизки, коронавирус касаллиги бутун инсоният бошидан тезроқ арисин ва келгуси йилда ҳаж ибодатларини бажаришни барчамизга насиб этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввал хабар берилганидек, бугун 14-июн куни юртимизнинг таниқли уламолари Наманган шаҳрига етиб келишди.

Бугуннинг ўзида пешин намозида Наманган шаҳридаги "Исҳоқ Шайх Эшон" жоме масжидида уламолар иштирокида намозхонлар билан учрашув, юзма-юз мулоқотлар бошланди.

Тафсилотларни сайт ва ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бутун инсоният риштаси Одам алайҳиссалом ва момо Ҳаво билан боғланиши барчамизга маълум. Биз мусулмонларни маънавий бирлаштирган бош омил эса динимиздир. Ислом илк даврларда қаттиқ қаршиликка учраган, ҳатто Ер юзидан ўчириб ташлаш учун кескин ҳаракатлар бўлган. Афсуски, бундай жирканч ҳаракатлар ҳозиргача ҳам бир сония бўлса-да тўхтагани йўқ. Чунки мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳат, биродар бўлиб яшашининг негизи Исломдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасида: “Албатта мўминлар биродардирлар” деб марҳамат қилган. Демак, иймон келтириб мўмин бўлганларнинг барчаси бир-бири билан бир қориндан тушган ака-ука – биродарлардек эканини алоҳида таъкидланмоқда.

Тарихдан маълумки, муайян кучлар Ислом умматини куч билан, уруш қилиш йўли билан енгиб бўлмаслигига амин бўлган. Шундай бўлса-да, улар мусулмонлар орасидаги бирликка путур етказиш мақсадида ақидавий ва фиқҳий масалаларда мазҳаблар ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришни ўйлаб топиб, қуролсиз уруш бошлашди. Шу билан бирга, “Ислом” ниқобидаги ҳар-хил ақидавий фирқаларнинг пайдо бўлишида ҳам уларнинг “хизмати” катта.

Атеистлар, қуръонийлар, сохта салафийлар ва Ҳизбут-таҳрир кабиларнинг бош мақсади ҳам мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш, уламоларимизни адашганликда айблаш, тинчлик ва бирдамликка раҳна солишдир.

Ислом уламолари умматни аслини сақлаб қолиш йўлида мазҳабларни шакиллантиришди. Ҳозирда Ислом динимизга душманлик кайфиятидагиларнинг асосий ҳаракатлари Ислом умматининг бирдамлигига асос бўлган мазҳабларга зарба бериш бўлиб, бу йўлда улар ўз тузоқларига илинганлар воситасида бемазхабликни тарғиб этишмоқда. Чунки Ислом умматини бирлаштириб турган омил айни дамда мазҳабдир. Ислом динини шу давргача етиб келишига хизмат қилганлар ҳам, албатта, тўрт мўътабар мазҳаб уламоларидир.

Имом Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик куфрга йўлдир”, деган эдилар. Мазҳабсиз ақидаларимиз ҳам, ибодатларимиз ҳам мутлақо дуруст бўлмайди. Мазҳабга тил теккизаётган, тош отаётган ва турли ечими топилган масалалар орқали фитна чиқараётганларнинг ортида турганлар ҳам айнан юқорида айтилган тўдалардир. Улар ўзларинигина ҳақ йўлда, бошқалар яъни, ўзларига эргашмаган, балки мазҳабни маҳкам ушлаганларни эса адашган, залолатда, хатто куфрда, деб ҳукм чиқаришмоқда. Чунки улар ўзларини “ислоҳотчилар” деб билади. Ваҳоланки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади: “Ва қачон: “Ер юзида бузғунчилик қилманг”, – дейилса, “Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз”, – дерлар. Огоҳ бўлингки, улар – ўшалар бузғунчилардир, лекин ўзлари сезмаслар.  

Уларининг  жирканч мақсадларидан яна бири аввалда ўтган ва ҳозирги замон уламоларимизнинг ҳурматини оёқости қилиш ва дунё мусулмонларини уларга эргашишдан тўсишдир. Бу ердаги нозик нуқта – агар уммат дин уламоларига эргашмаса, уларнинг сўзига юрмаса мусулмонларнинг бирлик силсиласи узилади. Оқибатда эса жамият бир пода ёки тўдага айлантирилади ва уни исталган йўлга солиш, оғдириш мумкин бўлади. Аслида эса бизга маълум ва машҳур бўлган анъанага содиқ қолиб, дин уламоларимизга эргашишимиз ва уларнинг кўрсатмаларини қабул қилишда собитқадам бўлишимиз лозим.

Ҳулоса ўрнида айтиш лозимки, барчамиз носоғлом ҳаракатларнинг тарафдорларига қарши ечим топишда – ақидамиз ва мазҳабимизни мукаммал билишимиз ва бу йўлда диёнат ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

Аллоҳ таоло юртимиз ва дунё мусулмонларини Ўз паноҳида асрасин ва гўзал мақсадларига эриштирсин!

 

“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби

Муҳаммадхонов Муталлибхон

1. Ибодатни фақат Аллоҳ таъолонинг Ўзигагина қилишлик.
2. Аллоҳ таъолони улуғлашлик.
3. Аллоҳ таъолодан доим қўрқиб туришлик.
4. Аллоҳ таъолонинг тоатида машғул бўлишлик ва осийлик қилишни тарк қилишлик.
5. Аллоҳ таъолонинг ҳузурида ожиз ва мухтож бўлиб туришлик.
6. Фақат Аллоҳ таъолодан умид қилишлик.
7. Аллоҳ таъолодан ҳаё қилишлик.
8. Аллоҳ таъолога нисбатан яхши гумонда бўлишлик.
9. Аллоҳ таъолони кўп зикр қилишлик.
10. Аллоҳ таъоло билан учрашишликни умид қилишлик.
11. Аллоҳ таъоло ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлик.
12. Барча муомалаларида Аллоҳ таъолонинг аҳкомларига амал қилишлик.
13. Диннинг енгил эканлигига қатъий ишонишлик.

Муфтий Абу Бакр бин Мустафо Патни.

 

”Sunan o adaab” - китобидан.
Абдулқайюм Комил таржимаси

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Қатар Бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда жумладан, банк-молия соҳасида ҳам шерикликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди. Қатар томони Ўзбекистонда исломий банкинг механизмларини жорий этиш учун қатор Қатар банкларини жалб этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа йирик туристик шаҳарларида замонавий меҳмонхона мажмуаларини қуришни назарда тутган ҳолда, туризм соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top