muslim.uz
Соф эътиқоднинг аҳамияти
Мусулмонларни нотўғри эътиқоддан асраш, соф эътиқод ила тарбия қилиш бугунги куннинг долзарб масаларидан бири бўлиб келмоқда. Эътиқодда адашиш, озгина билган нарсасига маҳкам ёпишиб олиб қолганларни сўзини қабул қилмаслик, илмсиз равишда билмаган нарсасига, танимаган шахсларга эргашиш кўпгина кўнгилсизликларга сабаб бўлаётгани ҳаммамизга маълум. Ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб, бало офатларнинг сабабларидан бири ҳам ақидада адашган, оз билган нарсасига ёпишиб олган замона хаворижлари ҳисобланади.
Ақидада адашиш ва ҳаддан ошишнинг асосий сабаби билимсизлик ҳисобланади. Билимсизлигини тан олмаслик эса балонинг бошидир. Минг афсуслар бўлсинки, аввалки ва ҳозирги ақида овчилари ўзларини олим деб биладилар аммо дин соҳасида тузукроқ бошланғич таълимни ҳам олмаган бўладилар. Уларнинг бирортасида ҳам диний таҳсил олганлиги ҳақида шаҳодатномаси йўқ.
Уламоларимиз бу кимсаларнинг билимсизликлари қуйидаги соҳаларда эканлигини таъкидлайдилар:
- Қуръоннни билмаслик. Қуръон илмини яхши билмай туриб, оятларнинг маъносини ўз мақсадларига бурадилар.
- Суннатни билмаслик. Ҳадисларнинг матнидан тўғридан-тўғри ҳукм чиқарадилар.
- Шариат мақсадларини билмаслик.
- Далил ва ҳукм чиқариш йўлларини билмаслик.
- Уламоларнинг қавлларини ва асарларини билмаслик.
- Араб тили ва усулларини билмаслик
- Тарихни ва воқейликни билмаслик.
Ушбу билимларнинг барчасини пухта эгалламасдан туриб бирор ҳукм чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Билимсизликларга асосланиб чиқарилган ҳукмлардан бири, мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бир мўмин инсонни асоссиз куфрга чиқаришнинг оқибати жуда ёмон бўлиб, кўпчиликнинг бошига бало-офат бўлади.
Аслида Расуллулоҳ (с.а.в) мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарганлар.
ثَلاثٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ : الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لا إلَهَ إِلا اللهُ لا نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلا نُخْرِجُهُ مِنْ الإِسْلامِ بِعَمَل
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Уч нарса иймоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни исломдан чиқармаймиз”, дедилар.
Демак, “Ла илаҳа иллаллоҳу” деган киши мусулмон ҳисобланиб, унинг жонига, молига зарар етказмаслик, у билан чиройли муомалада бўлиш, гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаслик зарур. Аммо динда ҳаддан ошган, ақидада адашган кимсалар эса калимаи шаҳодатни айтиб турган кимсани, аҳли қиблани кофирга чиқарадилар. Улуғ алломаларни ва бошқа мусулмонларни ўзларининг йўлига эргашмаганлари учун портлатадилар, қатли ом қиладилар.
Шаръий матнларда келган куфр сўзи аслида икки хил маънода ишлатилади:
- Куфри акбар (катта куфр) яъни, иймоннинг зидди. Бу турдаги куфр ўз эгасини дўзахда абадий қолишини тақозо қилади. Бунга пайғамбарларни ёлғонга чиқариш, билиб турсада кибр қилиб иймонга келмаслик кабилар киради.
- Куфри асғар (кичик куфр). Бу турдаги куфр ўз эгасини дўзахда абадий қолишини тақозо қилмайди. Бунга маъсиятлар яъни, гуноҳлар киради. Қуйидаги ҳадислар бунга мисол бўлади:
سِبَابُ الْمُسْلِمِ أَخَاهُ فُسُوقٌ ، وَقِتَالُهُ كُفْرٌ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир, у билан уруш қилмоқ куфрдир”, деганлар.
Бошқа ҳадисда:
بَيْنَ الْعَبْدِ وَبَيْنَ الْكُفْرِ تَرْكُ الصَّلاَةِ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон ва куфрнинг ўртасида намозни тарк этиш бор”.
Яна бир ҳадисда:
مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللَّهِ فَقَدْ كَفَرَ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди” деб, марҳаммат қилганлар.
Ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларда зикр қилинган куфр сўзидан диндан чиқарадиган кофирлик эмас балки гуноҳ ирода қилинган. Шунингдек, “Зинокор зино қилаётган вақтида, ароқ ичувчи ароқ ичаётган вақтида, ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўъмин бўлмайди” деган ҳадисларда бундай ишлар ўта қабиҳ бўлганлигидан таҳдид ирода қилиниб мўмин бўлмайди ибораси ишлатилган. “Намоз диннинг устуни. Ким уни қоим қилса динини қоим қилибди. Ким уни тарк этса динини вайрон қилибди” деган ҳадис намозни фарз эмас деб, эътиқод қилувчи киши ҳақида айтилган.
Аҳли сунна вал жамоа ҳаммалари жумладан, ақида илмидаги буюк алломаларимиз Имом Мотуридий, Имом Насафий, Абу Ҳанифалар ўз асарларида гуноҳи кабира қилган мўмин гуноҳкор бўлсада, кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Бундай кишилар қиёматда гуноҳига яраша жазо олишлиги ёки тавба қилиб Аллоҳнинг афвига мушарраф бўлишлари мумкин.
Адашган фирқалар эса ушбу ва бошқа ҳадис мантларини тўғри тушунмаганларидан мўмин аммо гуноҳ иш қилган кимсани кофирга чиқарадилар, уларни қонини ҳалол санайдилар.
Агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблаганга ҳадд (шаръий жазо) қўлланишлиги беҳуда нарса бўлиб қолар эди. Чунки ҳаддлар кофирга қўлланилмайди. Бу эса гуноҳи кабира қилгани туфайли иймондан чиқади деган гап бузуқ эътиқод эканлигини кўрсатади.
Абу Муин Насафий “Баҳрур Калом” номли асарларида мўминни гуноҳи туфайли кофирга чиқариб, қонини ҳалол санайдиган адашган фирқаларга қарата ушбу далилларни келтирадилар:
“Аллоҳ таоло Нур сурасининг 31-оятида:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَ الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”.
Таҳрим сурасининг 8-оятида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизларни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”.
Ушбу оятлардаги тавба гуноҳ сабабидан бўлади. Гуноҳ қилган кишигина тавба қилади ва Аллоҳ уни афв этиб жаннатга киритишини умид қилади.”
Юқоридаги оят ва ҳадислардан гуноҳкор мўмин кофир бўлмаслиги маълум бўлди. Ҳозирги кундаги такфирчилар эса нафақат гуноҳ қилган кишини балки айнан уларнинг фикрига қўшилмаган бегуноҳ, беайб инсонларни қатл қилмоқда.
Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бири, “Ал-Баҳрур Роиқ” асарининг муаллифи Ибн Нажим айтадилар:
“Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далили бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деган.
Динда ҳаддан ошганлар эса буни аксини айтадилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир.
Мухамедходжаева Санобар
Англиялик мусулмонлар илк мусулмон мэрини олқишламоқда
Англиянинг Престон шаҳри расман 693-шаҳар мэри ва биринчи мусулмон сифатида ушбу лавозимни эгаллаган Жавед Иқболни расман олқишлади, деб хабар бермоқда islam.ru.
"Оилам ва кўп йиллар давомида яшаган шаҳар Престоннинг биринчи мусулмон мэри бўлиш шарафига муяссар бўлганим бу мен учун кўп нарсани билдиради. Бу бизнинг кўп маданиятли шаҳримизнинг ўзига хос тан олиниши ва турли ирқ, дин ва эътиқоддаги одамлар билан бирга яшаб, бирга ишлашда давом этаётганидир", - дейди Жавед Иқбол.
"Ҳаётим давомида жамият ҳаётини яхшироқ ўзгартиришга ва акс ҳолда эшитилмаслиги мумкин бўлганларга овоз беришга интилдим. Престон шаҳар Кенгашида хизмат қилиш шарафи ва Престон Мэри бўлиш катта шарафдир", - деди у.
Покистонда туғилган, Жавед Иқбол илк бор Буюк Британияга 1968 йилда кўчиб ўтди , у бу ерда Брокхолз мактаби ва Мур-Парк-авенюдаги олтинчи синф коллежини тамомлади.
1974 йилда турмушга чиққан рафиқаси Тоҳира билан Рибблтон-авенюдаги биринчи оилавий уйини сотиб олдилар. Орадан кўп ўтмай, у 2007 йилда пенсияга чиққунига қадар ишлаган Қироллик почтасига ишга кирди.
Иқбол ўз фаолияти давомида Қироллик муҳандислар полкида ҳам хизмат қилиб, сержантлик мартабасига кўтарилган ва 1992 йилда оилавий мажбуриятларга эътибор қаратиш учун хизматни тарк этган.
2007 йилда Жавед Иқбол Престон шаҳар Кенгашига сайланди, у 2017 йилдан бери Режалаштириш қўмитаси раиси ҳисобланади.
Mэр этиб тайинланишидан икки йил олдин Иқбол унинг муовини бўлиб хизмат қилди.
Шу ой бошида британиялик мусулмон Содиқ Хон пандемиядан кейин Британия пойтахти учун "яхшироқ ва порлоқ келажак" қуришни ваъда қилиб, иккинчи муддатга Лондон мэри этиб қайта сайланганини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бир йил рўза тутиш ажрига эришиш (видео)
БААнинг Ўзбекистон билан авиапарвозлари сони ортмоқда
Ўзбекистон Транспорт вазирлигида БАА авиация маъмурияти вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Транспорт вазирлиги маълум қилишича, учрашувда икки мамлакат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Парвозлар частотасини кўпайтириш, янги йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш хусусида фикр алмашилди.
Икки мамлакат авиация маъмурияти вакиллари маслаҳатлашувлар якунлари бўйича қуйидаги келишувларга эришди:
- «Fly Dubai» авиакомпанияси Дубай – Тошкент – Дубай йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 5 тадан 6 та рейсга оширади;
- «Air Arabia PJSC» авиакомпанияси Шаржа – Тошкент – Шаржа йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 2 тадан 3 та рейсга кўпайтиради;
- «Air Arabia Abu Dhabi» авиакомпанияси эса Абу-Даби – Тошкент – Абу-Даби йўналишида парвозлар частотасини ҳафтасига 2 тадан 4 та рейсга қадар кўпайтиради.
Шунингдек, «Wizz Air Abu Dhabi» авиакомпаниясига Бухоро ва Урганч шаҳарларига парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Учрашув якунида томонлар келгусида конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш борасида келишиб олди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Динда саволим бор: Таҳорат ҳақида (Жаноза намозларида фақат таҳорати бор кишилар қатнашишлари керак-ми?)
— “Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?
— Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).
Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.
Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.
— Ёш болалар Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўлади-ми?
— Баъзи уламолар, ёш болалар Қуръони каримни таҳоратсиз ушласа бўлади, дейишган. Шундай бўлса-да, улар Қуръони каримни ҳурматлаш, эъзозлаш руҳида вояга етишлари учун уларга Қуръон одобларини, уни таҳоратсиз ушлаб бўлмаслигини, шунинг учун таҳорат билан ушлашлари лозимлигини ўргатиш зарур.
— Маҳсига масҳ тортиш ҳақида маълумот берсангиз? Маҳсида оёқ терласа, ҳидланса таҳорат бузилади-ми?
— Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимга, яъни махсига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. Махси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимга айтилади. Оёқ кийими бўлган махсига масҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масҳ тортишга рухсат этилади.
Махсига масҳ тортиш шартлари:
1-Оёқнинг ошиқларини беркитган бўлмоқлиги.
2-Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги.
3-Юрган вақтда оёқдан ечилиб кетадиган даражада бўлмаслиги.
4-Сув ўтмайдиган бўлиши. Бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас.
5-Камида бир фарсах (тахминан 8 километр) миқдордаги йўлни босиб ўтиши билан йиртилиб кетмаслиги.
6-Махсини тўла таҳоратли ҳолда кийган бўлмоқлиги ҳам шарт.
Масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқ учтаси миқдорича икки қадамнинг устига ҳам қўл билан силамоқликдир. Оёқнинг остига ё ёнларига масҳ тортиш дуруст эмас.
Масҳнинг муддати таҳорат бузилган вақтдан бошланади. Муқим учун масҳ ториб юриш муддати юқоридаги пайтдан бошлаб бир кеча-кундуз, яъни 24 соат, мусофир учун юқоридаги вақтдан бошлаб уч кеча-кундуз, яъни 72 соат ҳисобланади.
Маҳсида оёқ терласа, ҳидланса таҳорат синмайди. Аллоҳ билгувчи!
— Жаноза намозларида фақат таҳорати бор кишилар қатнашишлари керак-ми?
— Жаноза намоз бўлгани боис, аввало унинг учун намоздаги каби поклик шарт, яъни жаноза ўқимоқчи бўлган киши аввало таҳоратли бўлиши, усти-боши ҳам пок бўлиши керак. Таҳоратсиз ҳолда ёки нопок кийим билан жанозага қулоқ қоққан киши жанозадан бенасиб бўлишдан ташқари қаттиқ гуноҳкор ҳам бўлади, жаноза намозига ва маййитга нисбатан ниҳоятда ҳурматсизлик қилган бўлади. Шунинг учун, жанозага қатнашадиган одам албатта, таҳоратли бўлиши лозим. Таҳоратсиз ҳолда сафга аралашиб, таҳоратлиларнинг намозига халал бермасликлари керак.
— Баъзида таҳоратсиз ҳолда бирор маъракага кириб ўтишга тўғри келади. Шундай пайтда Қуръон тиловат қилишга тўғри келиб қолса, қандай йўл тутиш керак?
— Маълумки, таҳоратсизлик икки хил – катта ва кичик таҳоратсизлик бўлади. Инсон жунуб бўлса, эҳтилом бўлса, буни катта таҳоратсизлик дейилади. Ундай одам ғусл қилиши вожиб бўлиб, Қуръонни ёддан ҳам ўқиши мумкин эмас. Аммо жунуб бўлмаган, ғусл қилиши вожиб бўлмаган, балки кичик таҳоратсиз бўлган бўлса, бундай одам Қуръонни ёддан тиловат қилса бўлади. Аммо савоби оз бўлади. Шунинг учун савобим кўп бўлсин деган киши таҳорат қилиб олиши керак.
— Айрим кўп қаватли уйларда ҳожатхона ва ювиниш хонаси бир жойда бўлади. Шу ерда таҳорат олиш мумкин-ми?
— Хожатхонанинг ахлати оқиб кетадиган бўлса, ўша ерда таҳорат қилса бўлади. Бугунги кўп қаватли уйлардаги ва оқава суви турмайдиган хоналардагига ўхшашларда ҳам.
— Масжидларда намоздан олдин жамоат бўлиб таҳорат олишади. Шунда одамлар ўзаро гаплашишади. Лекин таҳорат вақтида гапириш жоиз эмас, деб эшитдик. Шу тўғри-ми?
— Айрим уламолар таҳорат олаётган вақтда гапириш макруҳ, деган фикрни билдиришган. Аммо уларнинг макруҳ деган сўзлари шаръий истилоҳдаги макруҳ бўлмай, балки луғавий, яъни бундай қилмаган афзал, деган маънодадир. Аммо яхшиликка чорловчи ёки ёмонликдан қайтарувчи сўзларни гапириш макруҳ эмас. Таҳорат олишда тил ва кўнгилнинг Аллоҳ таоло зикри ёки ҳар бир аъзони ювишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуолар билан машғул бўлиши мустаҳабдир.
Таҳорат олаётганда эҳтиёждан ортиқ сув ишлатмаслик, уст-бошга сув сачратмаслик кераклиги ҳам муҳимдир.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ