muslim.uz

muslim.uz

Энг катта қўлёзма Қуръон нусхасининг ватани Эрон экан. У «Олтин уста» номини олган марҳум хаттот Маҳмуд Таладор томонидан 37 йил давомида ёзилган бўлиб, ушбу ноёб хазинанинг ҳажми 2 х 1,3 метрдан иборат. Мусҳафининг ушбу энг катта қўлёзма нусхаси 620 саҳифадан иборат бўлиб, ҳар икки саҳифа алоҳида рангда битилган. Китоб 310 хил рангга ажратиб ёзилган. Ушбу дурдонанинг яна бир ўзига хослиги ҳар бир саҳифа марказида ёрқин тус берилган бўлиб, бутун саҳифани ёритиб туради. Хаттот айнан шу Қуръони карим нусхасини ёзиб чиқиш мақсадида савод чиқариб, ўқиш ва ёзишни ўрганган экан.

Бундан ташқари, дунёдаги энг катта Мусҳафи шариф ёғочдан ўймакорлик услубида тайёрланган бўлиб, у 2003 йилнинг ноябрь ойида Эрон пойтахти Теҳронда ўтказилган халқаро кўргазмада намойиш этилган. Китобни тайёрлашда бир неча хил ёғочлардан фойдаланилган бўлиб, ҳажми 12 х 2,4 метрни ташкил этади. 110 саҳифадан иборат китобнинг ҳар бир саҳифасининг қалинлиги 4,5 сантиметрдир. Қуръони карим оятлари насх хатида ёғоч саҳифаларга ўйиб ёзилгандир.

Дунёдаги энг оғир Қуръони карим нусхаси

Мусҳафи шарифнинг дунёдаги энг оғир нусхаси эса 8 минг килограмм, яъни, 8 тоннани ташкил этади. У олтин ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлиб, БААнинг ҳозирда марҳум президенти шайх Зайд ибн Султон Оли Наҳаёнга унинг 80 йиллик таваллудида совға қилинган экан. Ушбу Қуръони карим нусхаси 1,4 х 1 метрлик ҳажмда бўлиб, 325та мис саҳифалардан ташкил топган.

 

Бобур Аҳмад тайёрлади

Ваҳ, нетиб хуш кўрмагаймен Тенгрининг тақдирини?

Навоий

 

Ҳазрати Навоий иймон-эътиқоди, бутун ижоди, умри мазмуни ва фаолиятининг хулосаси бўлмиш «Муножот» асарида орифона эътиқод ва валиёна тавозуъ билан айтади:

«Илоҳий, Одам хилофот тахтининг муставжиби ўзиму бўлди, Сенинг тақдиринг бўлмай, шайтон мухолифатининг сўзиму бўлди?..

Илоҳий, иноятинға уммидворменким, гуноҳим беҳаддур ва раҳматинға сазоворменким, хатову саҳвум беададдур».

Яъни, «Ё Аллоҳим! Ҳазрати Одам алайҳиссалом халифалик тахтининг сабабкори ўзи бўлдими? Албатта, Сенинг дақдиринг билан бўлди! Ёки Аллоҳнинг тақдири бўлмай, шайтон душманлигининг сўзи-ҳукми жорий бўлдими? Йўқ, Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан тушиши ҳам Сенинг тақдиринг билан содир бўлди»

Бу маънолар Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадиси шарифга асосланади. Чунончи, Бақара сраси, 30-оятда Аллоҳ таоло айтади (маъноси):  «(Эй Расулим!) Ёд этинг, Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен ер юзида (Ўз ҳукмларимни бажо келтирадиган) бир халифа (салоҳият ва бошқарувга лойиқ бир инсон) яратмоқчиман», - деди».

«Саҳиҳи Бухорий»нинг «Тақдир китоби», 10-бобида эса меърож кечасидаги инсоният ақлини ҳайратга соладиган воқеъа ҳақида ҳадиси шариф баён қилинади. Бобга: «Одам (алайҳиссалом) билан Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг даргоҳида тортишиб қолганлари ҳақида» деб сарлавҳа қўйилган. Ҳазрати Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Одам алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссалом ўзаро тортишиб қолдилар. Мусо алайҳиссалом Одам алайҳиссаломга: «Эй Одам! Сен отамиз бўла туриб, бизнинг барча умидларимизни барбод қилдинг, бизнинг жаннатдан қувилмоғимизга сабаб бўлдинг!» - деб таъна қилдилар. Одам алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга: «Эй Мусо! Аллоҳ таоло сени Ўзига суҳбатдош қилиб танлади, сенга Ўз қудрат қўли ила (Таврот китобини) ёзиб берди, энди сен менга, Аллоҳ таоло мени яратмасидан қирқ йил олдин тақдир қилган ишни айтиб, таъна қилурмисан?!» - дедилар. Ҳазрати Одам алайҳиссалом уч бор шундай деб, ҳазрати Мусо алайҳиссаломга танбиҳ бердилар». (244-сҳифа).

Ҳазрат Навоий яна «Муножот»ида айтади: «Илоҳий, чун ҳар не қилилур санга тақдирдур, қилғучига қилмоқда не тадбирдур.

Илоҳий, тақдир қилғанингни «Қилурға ихтиёр қилмасмен» демакка кимнинг ҳадди бор».

Навоий ижодида тақдир тушунчаси ана шундай теран ва мустаҳкам, соғлом исломий эътиқодга, асл илм ва пок маърифатга асосланган.

*   *   *

Бир таржиъбандида Навоий жаҳон гўзали (ва гўзаллиги)нинг фонийлигини айтиб, у туфайли содир бўлган фитналардан ранж-ўкинчини баён этади, сўнг дарҳол эътиқод тамойилига қайтиб:

                     Ғалат қилдим, бу туҳматдин барийдур

                     Жаҳон раъно аруси - дилситони;

                 Ки Ҳақ тақдиридиндур олам ичра

                     Ямону яхшининг яхши-ёмони, -

дейди. Яъни, «Дунёда яхши-ёмон инсонларда бўладиган яхши-ёмон ишларнинг ҳаммаси Ҳақ таолонинг тақдиридандир».

                     Ҳеч иш ўлмас айру Холиқ амридин,

                     Илтижо махлуққа келтурма кўп.

Шунингдек, бирор инсоний эҳтиёжни ҳам бандадан талаб қилиш, бирор зарур юмуш ечимини махлуқотдан – яралмиш инсонлардан кутиш таваккулга мувофиқ эмас. Чунки барча ишлар фақатгина Аллоҳнинг амри, изни билан бажо бўлади. «Бир япроқ узилиб тушмас, магар Аллоҳ уни билур», -  дейилади Қуръонда. Инсон қалби салим соҳиби бўлиб, ичи Ҳаққа тўғри, нияти туз бўлиши, у хавф ва ражо – умид ва қўрқув орасида яшаши, яъни сўнгги нафасдаги ҳолини ўйлаб, Аллоҳдан қўрққан ҳолда, Аллоҳнинг раҳматидан умид ҳам узмаслиги керак. Чунончи, Навоий «Муножот»да айтади: «Илоҳий, агар хислатим эгридур, ниятим туздур, бу жиҳатдин агар қўрқунчим бордур, аммо уммидим бирга юздур».

*   *   *

Навоий мажозий байтларида айтади:

                     Бори ҳар тақдир илаким, бор мен лабташнаға

         Тутмас эрмиш заҳри ғамдин ўзга даҳри дун қадаҳ.

«Бу паст дунё мен лаби қақроқ, ташна инсонга ғам заҳридан бошқа қадаҳни тутмас экан, бас, бунинг ҳаммаси тақдир биландир».

                     Ҳаддинг эрмастур менинг ишқим дебон ёзғурмаким,

                     Мен ҳам  англармен, вале не чорадур тақдир ила?

«Менга ишқ боғлаш сенинг ҳаддинг эмас», деб, мени айбламагил. Ишқингга лойиқ эмаслигимни ўзим ҳам англайман, аммо бу пок ишқ тақдир қилинган бўлса, мен нетайин, тақдирга не чора бор!»

Яна «Муножот»да айтади:

«Илоҳий, неча мусалсал зулф савдосидин бўйнумда занжир бўлғай ва муанбар хол хаёлидин кўнглум асир, санга дақдир бу навъ эрса, манга не тадбир?»

Булар ошиқ банданинг Ҳақ таолога бир арзи муҳаббати, ошиқона нози, орифона эркалигидир.

*   *   *

Хулоса. Навоий ижодида тақдир истилоҳи юзлаб ўринларда қўлланган. Барчасидан чиқадиган хулоса шуки, тақдир ҳақ, унга ишониш иймондандир. Аммо тақдирнинг муқаррар экани инсонни хайрли, савобли ишлардан, ғайрат-шижоатдан, саъйу ҳаракатдан асло тўхтатмайди. Инсон уч ҳол билан тақдирга пешвоз юрмоғи лозим: 1) таваккул қилмоғи – барча ишларида буткул Аллоҳга таянмоғи билан; 2) самимий дуо-илтижолари билан; 2) дуога мувофиқ гўзал саъйу ҳаракатлари билан. Навоийнинг бу хулосаси ҳам Қуръон ва ҳадисга таянади. Чунки Аллоҳ таоло айтади:

Кимки Аллоҳга таваккул қилиб таянса, У зот унга етарлидир! (Ат-талоқ» сураси, 3-оят).

Яна айтади: «У ўлимни ва ҳаётни иш-амал жиҳатидан қайси бирингиз энг яхши (ҳаракатда) эканингизни имтиҳон этмоқ учун яратди. У мутлоқ ғолиб ва бениҳоят мағфиратли-кечиргувчидир» («Ал-мулк» сураси, 2-оят).

Яна «Саҳиҳи Бухорий»даги икки ҳадиси шариф бунга далилдир:

  1. Ҳазрати Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Балолардан, қора кунлардан, тақдир қабоҳатларидан ва душманларнинг ҳасадидан ўзингизга паноҳ тилаб, Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилингизлар!»

2.Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Биз ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўлтирган эдик. Ул зот қўлларидаги чўп билан ерни чизаётиб: «Ораларингизда, хоҳ жаннат бўлсин, хоҳ дўзах бўлсин, борадиган жойи азалдан ёзиб қўйилмаган бирорта ҳам одам йўқ!» - дедилар. Шунда қавм аъзоларидан бири: «Ундай бўлса, Аллоҳга таваккул қилиб юраверайлик-да», - деди. Жаноби Расулуллоҳ: «Йўқ! Ундай эмас! (Ислом арконларига) амал қилингизлар, барчаси муяссар бўлгайдир!» - дедилар ва: «Фа амма ман аъто ва-т-тақо» деган оятни ўқидилар».

Маъноси: «Бас, кимки Аллоҳ учун (закот ва бошқа садақотларни) берса ва (гуноҳлардан) сақланса ҳамда энг гўзал нарса (калимаи тавҳид)ни тасдиқ этса, Биз уни энг осон нарсага (яхши оқибатга) муяссар қилурмиз» («Ал-Лайл» сураси, 5-7-оятлар).

Навоий ҳикматларидан: «Тақдирдаги нарсани қайтара олувчи омил  борми?» деган савол туғилади. Бу ўта нозик саволга Навоий маърифатидан ўрин олган ҳадиси шарифлардан жавоб топамиз.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳазрати Пайғамбар алаҳиссалом, жумладан: «Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса қайтара олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», - деганлар.

Аҳмад ибн Ҳанбал, Табароний ва Абу Йаъло ўз китобларида келтирган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Эҳтиёт бўлмоқ қадардан қутулмоққа фойда бермас. Лекин дуо бошга тушган ва ҳали бошга тушмаган мусибатни қайтаришда фойда берур. Бас, эй Аллоҳнинг бандалари! Сизлар дуога ёпишингизлар» («Рамуз ал-аҳодис», 354-саҳифа, 3-ҳадис).

Яна Ҳоким «Мустадрак» китобида баён этган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: «Дуо қазони қайтаради (балони дафъ этади). Яхшилик ризқни орттиради. Банда гуноҳи туфайли ризқидан маҳрум бўлиши мумкин».

Ана шу сабабларга кўра ҳазрат Навоий дуога эътиборни кучайтирганлар, у зотнинг таваккули, ёниқ дуо-илтижолари ва шунга мувофиқ саъйу-ҳаракатлари ўз тақдирини яхшилик билан зийнатлашда муҳим аҳамият касб этганига шубҳа йўқ.

Навоий хоксорлик билан айтади:

Илоҳий, Сендин ёмонлиғ келмас ва мендин яхшилиғ, Сен яхшисен ва мен ёмон. Ҳар кимга ўзига муносибдур қилиғ...

Илоҳий, агар афъолимға боқсам, уёт ултурур ва Сенинг карамингни соғинсам, уммид танамға жон келтурур».

Ҳазрат Навоийнинг тақдир ҳақидаги тушунчаси ана шундай нурли ва ҳаётбахшдир. У зот шижоатли фаоляти ва ҳаётбахш ижоди билан ўз тақдирига пешвоз юрган зотдир. У зотнинг инсоният тарихида қолдирган тенгсиз маънавий меъроси ўз тақдиридан нурли ёдгордир.

 

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

Ўзбекистоннинг Бирлашган Араб Амирликларидаги (БАА) элчиси Бахтиёр Ибрагимов БАА Бағрикенглик вазири Шайх Нахаён бин Муборак Ол Нахаён билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг маърифий ва бағрикенгликка асосланган исломни тарғиб қилиш юзасидан олиб бораётган сиёсати Шайх Нахаён томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиши бўйича ташаббуслар алоҳида таъкидлади.
Шайх Нахаён бин Муборак Ол Нахаён БАА Бағрикенглик вазирлиги, Амирликларнинг махсус марказлари ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифларини қўллаб-қувватлади. У Бағрикенглик вазирлиги мазкур ташаббусларни биргаликда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ этишга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий
Сайр айламакни қилди ихтиёр.
Мулозимлар ила чиқдилар йўлга
Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий отидан тушиб,
Ўша ёш болага қилибди таъзим.
Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол –
Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,
Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?
Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,
Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики, мен кўрган бола
Устозим – боланинг бобоси эди.
Олисларда қолиб кетган дамларнинг
Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадек улуғ,
Шунинг-чун болага қилдим мен таъзим.
Устозимдан қолган неварасига
Салом бермаслигим – гуноҳу азим.

Иброҳимжон домла

Шу йил 9 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Литва давлати муфтийси Рамазон ҳазрат жанобларини қабул қилдилар. Меҳмонлар таркибида Литвадаги “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов ҳам келди.

Учрашув аввалида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги амалга оширилаётган янгиланишлар тўғрисида сўзлаб бердилар. Хусусан, масжид-мадрасаларнинг обод этилиши, диний таълим олиш имконияти кенгайиши ва диний соҳа ходимларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Мулоқотда хориж мамлакатларидаги мусулмонлар идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани, ҳалол сертификат бериш бўйича юртимизда амалга оширилаётган ишлар, зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, масжид ва мадрасалардаги шарт-шароитлар, ҳатто олис ва чекка ҳудудларда ҳам жомелар янгидан қурилаётгани ҳамда ёшлар таълим-тарбияси йўналишида қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Рамазон ҳазратлари Литва диний идораси ташкил этилиши, тарихи, асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб берди. Литва ҳудудига мусулмонлар Олтин Ўрда ва Қрим минтақаларидан боргани, қадимда Литва Европанинг йирик давлатларидан бири бўлгани, қўшни давлатлардан ҳужум бўлган пайтларда қрим-татар мусулмонлари қарши курашда жонбозлик кўрсатгани, шундан сўнг мўмин-мусулмонларнинг обрў-эътибори ошгани, масжидлар қуриш учун ер ажратилгани, ибодат қилиш учун кенг имкониятлар яратилганига алоҳида урғу қаратди.

Литвадаги “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларга ҳалол сертификат бериш ва зиёрат туризм йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўзининг таклифларини берди.
Учрашув якунида икки давлат муфтийлари соҳадаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бу борадаги алоқаларни ривожлантириш ҳақида келишиб олдилар.

Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, осори атиқалар ва Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top