muslim.uz
Маккадаги таниқли уламо оламдан ўтди
2020 йил 23 ноябрь куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам авлоди, шариат фанлари номзоди, Маккадаги Жума масжидларидан бирининг имоми Шайх Муҳаммад Ал-Айдарус вафот этди.
Атоқли илоҳиётчи ўз ҳаёти ва фаолиятини динимизга хизмат қилишга бағишлади. У киши умрининг кўп қисмини диндошларимизни ўқитиш, уларга маърифат улашишга сарфлади ва ажойиб воиз ва самимий мусулмон сифатида бутун дунёда машҳур.
Islam.ru маълумотига кўра, Муҳаммад Ал-Айдарусга Маккадаги Ал-Ҳарам масжидида бомдоддан сўнг жаноза намози ўқилиб, Ал-Муалла қабристонига дафн этилган.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Асло чўчиманг, ислом – мўътадил дин!
Долзарб мавзу
Бугун, афсуски, айрим ғаламис кимсалар муқаддас динимизни ёмонотлиққа чиқариб, дунёнинг кўпгина давлатларида, хусусан, Ғарб мамлакатларида атайлаб “исломофобия” (яъни, одамларни Исломдан қўрқитиш, диндан бездириш)ни тарқатишга чиранишмоқда.
Қўли қонга ботган манфур, малъун, сотқин кимсалар “жиҳод” ниқоби остида дунёнинг арзимас матоҳига учиб, тинч аҳолининг ҳаловатини бузиш, одамлар ўртасида саросима уйғотиш мақсадида оломон орасида ўзини портлатаётиб “Аллоҳу акбар” дея ҳайқирмоқда. Дин душманлари қаерда қинғир иш қилмоқчи бўлишса, яна ўша улуғ калом – “Аллоҳу акбар” янграйди.
Табиийки, инсонпарвар, мўътадил, ўз номи билан тинчликни тарғиб қиладиган динимизнинг асл моҳиятидан бехабар кимсалар Исломдан чўчиб қолишмоқда. Бу масаланинг биринчи жиҳати.
Яна бир жиҳати шуки, айримлар (ҳатто аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган дитёрларда ҳам) атайлаб динимиз буйруқларини кишиларга машаққатли қилиб кўрсатишмоқда. Бу ҳам кишиларни, диндан юз ўгирмаса-да, лекин Ислом арконларини бажаришдан чўчитмоқда.
Хўш, аслида ҳам шундайми: баъзилар айтаётганидек, динимиз ростдан ҳам машаққатлими? Исломнинг арконларини бажариш шунчалик мушкулми?
Ислом ҳаддан ошиш ва нуқсонга йўл қўйиш ўртасидаги мўътадилликни тутган дин бўлиб, у энг тўғри йўл саналади. Қуръон ва суннатдаги шариат матнлари мўътадил йўлни тутишга буюрувчи ва ғулув номи билан тўғридан-тўғри муболағага берилиш ёки тажовуз, золимлик, адоват, муросасизлик ҳамда чуқур кетиш каби ғулувни ифода этувчи нарсалардан қайтарувчи умумий далиллар билан келган.
Келинг, мусулмонларнинг асосий манбаи бўлган Каломуллоҳга дмурожаат қилайлик. Зеро, илоҳий каломдан ошириб бир сўз дейиш башарият уддалайдиган иш эмас.
- Аллоҳ таоло айтади: «Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг» (Нисо сураси, 171-оят).
- Бошқа бир ояти каримада: «Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавойи нафларига эргашманг» (Моида сураси, 77-оят), деб марҳамат қилинган.
Ушбу икки оятда аҳли китобларни динда ғулув кетишдан қайтариқлар бордир. Қуръони каримда аҳли китобларга хитоб қилинган ҳар бир буйруқ ёки қайтариқларда бу уммат назарда тутилган бўлади. Чунки бу (Қуръон) билан аслида мусулмонларга хитоб қилинади. Агар Аллоҳ уларни ғулув кетишдан қайтарган бўлса, демак, биз, биринчи навбатда, ундан ман этилганмиз. Аҳли китоблар орасида ғулувга кетишнинг турли кўринишлари бор эди. Жумладан, баъзилар Аллоҳ таолонинг яратган нарсалари ҳақида ғулувга кетишарди. Масалан, насронийлар Исо ва унинг онаси, яҳудийлар эса Узайр ва бузоқ борасида ғулувга кетишди. Улар ибодатда ғулув кетишди. Насронийлар эса Аллоҳ бирор ҳужжат нозил қилмаган таркидунёчилик ва ундан бошқа ғулув кўринишларини ўйлаб топишди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматни яҳудий ва насронийлар адашгани каби ғулувда уларга эргашишларидан хабар берганлар. Бу эса уммат орасида уларда бўлгани каби ғулувга кетиш содир бўлишини ифода этади. Уларни ғулувдан қайтариш воқеликда айнан бизга ҳам тегишлидир.
- Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилманг. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни севмас» (Моида сураси, 87-оят).
- Яна бир ояти каримада: «Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир» (Ҳуд сураси, 112-оят), дея амр этилган.
Ушбу икки оятда ғулув кетишдан қайтариқ бор. Чунки ҳаддан ошиш – шаръий чегарадан чиқиш демак. Бу эса ғулув маъносидадир, шунингдек, туғёнга кетиш ҳам ҳаддан ошишдир. Иккала оят мўътадиллик, васатийлик ва истиқоматга буюрмоқда, ғулув кетишдан қайтармоқда.
Шу билан бирга, муборак ҳадислар ҳам Ислом умматининг истиқоматда бўлиши учун муҳим маёқдир.
- Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Ақаба кунининг тонгида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уловлари устида турганча менга: “Отишим учун тош териб бер”, дедилар. Мен у зотга майда тошларни териб бердим. У зот: “Бу каби тошларни отинглар. Сиздан олдингиларни динда ғулув кетиш ҳалок қилган”, дедилар (Имом Насоий ва Ибн Можа ривояти. Лафз Насоийники, санади саҳиҳ).
Ушбу ҳадис динда ғулув кетишдан қайтарувчи энг қатъий далилларидан биридир. Ҳадис шайтонга тош отишда тошлар борасида муболаға қилишдан қайтариш учун айтилган бўлса-да, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисни диннинг барча бобларида ғулув кетишдан қайтаришни ўз ичига олган умумий ибора билан баён қилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан олдин ўтганларни динда ғулувга кетиб, ҳалок бўлганларини баён қилмоқдалар. Нуҳ қавмининг ҳалокати Аллоҳни қўйиб, солиҳларга ибодат қилишлари бўлди. Яҳудийларнинг ҳалокатига эса Узайр ва бузоқ борасида ғулувга кетишлари сабаб бўлди. Улар ҳаддан ошиб, ҳатто пайғамбарларни қатл қилишди. Нозил қилинган китобларни бузиб талқин қилдилар. Насронийларнинг ҳалок бўлишига Исо ва унинг онаси Марям ҳақида ғулувга кетиш сабаб бўлди. Улар динга ундан бўлмаган ибодатларни янгилик қилиб киргизишди. Бу умматнинг ҳам энг кўп ҳалокатга дучор қилувчи омил ғулув ҳисобланади.
- Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч марта ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Абу Довуд ривоятида эса: “Огоҳ бўлинг! Ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар”, дедилар. Бу сўзни уч бор айтдилар. Имом Нававий: “Мутаъаннитлар –сўз ва амалларида чегарадан чиқиб, ҳаддидан ошадиганлардир”, деган.
Бу ҳадис юқоридаги “Сиздан олдингиларни динда ғулув кетиш ҳалок қилган” ҳадисининг айнан маъноси бўлиб, уни янада таъкидлаб келмоқда.
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, дин енгилдир. Бирор киши динни қийинлаштирса, уни мағлуб қилади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
- Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Менга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?” дедилар. Мен: “Албатта, мен ўшандоқ қилурман”, дедим. У зот: “Агар сен шундоқ қиладиган бўлсанг, кўзинг заифлашади, нафсинг малол олади. Албатта, сенда нафсингнинг ҳам ҳақи бор, аҳлингнинг ҳам ҳақи бор. Бас, рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл, ухла ҳам”, дедилар».
- Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Албатта, бу дин мустаҳкамдир. Шундай экан, унинг ичига енгиллик билан кириб боринг. Ўзингизни Аллоҳнинг ибодатидан нафратлантириб қўйманг”, дедилар».
Хулоса қилиб айтганда, динимиз, айримлар ўйлаганчалик, машаққат эмас. Исломнинг барча арконларини бемалол бажарса бўлади. Буларнинг ҳеч қийин жойи йўқ. Аслида динимиз осон. Лекин ўзимиз уни қийинлаштириб оламиз. Агар биз биргина Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган “Енгиллаштиринг, асло қийинлаштирманг, башорат беринг, асло нафратлантирманг”, ҳадисга риоя қилганимизда эди, бугун ваҳима қилинаётган “исломофобия” ҳам, “динимиздаги машаққатлар” ҳам ўз-ўзидан барҳам топган бўлар эди.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
“Тибан” масжиди – Индонезиядаги юксак меъморий туҳфа
Индонезиянинг Шарқий Ява вилояти Маланг минтақасида жойлашган “Тибан” масжиди мусулмон ва ғайри мусулмонларнинг севимли маскани саналади.
Жоме мезана кўринишидаги кичик бинолари, нақшинкорлиги билан ажралиб туради, гўзаллиги билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Бу ерга ҳар куни Малайзия, Бруней ва бошқа давлатлардан минглаб сайёҳлар ташриф буюради.
Муҳташам 10 қаватли масжид биноси 6 гектар майдонда 1968-1978 йилларда (10 йил) барпо этилган. Унинг деворларига Қуръон оятлари нақшинкор услубда ўйиб ёзилган.
Масжид ўтмишда турли хил вазифаларни бажарган. Ҳозир бу ерда исломий таълим маркази туну кун фаолият юритади. Шунингдек, мажмуадан ресторан, ошхона, меҳмонхона, намозгоҳ, исломий кутубхона ва аквариум ҳам ўрин олган.
“Тибан” масжиди меъморий иншоот сифатида араб мамлакатлари, Таиланд ва Индонезия моҳир ҳунармандлари ҳамкорликдаги меҳнати маҳсули.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Соғлиққа зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш
Ислом маданиятида мусулмонларга покиза бўлиш билан бирга, юксак дидли бўлиш ва атроф-муҳитни ифлос қилмаслик ҳамда кишилар соғлиғига зарар етказувчи тасарруфлар қилмаслик уқтирилади. Чунки бундай ишлар турли хасталиклар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга бавл қилмасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар.
Бошқа бир ривоятда:
«Сўнгра ундан таҳорат қилади» ва яна бошқа бир ривоятда «Оқмас сувга бавл қилишдан қайтарди» дейилган экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадисда муҳим масала кўтарилмоқда.
Ўша замонда ҳеч кимнинг эсига келмаган тиббий эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши ҳам оқмай турган сувга бавл қилиши мумкин эмаслигини қаттиқ таъкидлаб айтмоқдалар.
Замон ўтиши билан илм-фан, хусусан, тиббиёт ривожланиб, одамлар бу таъкиднинг маъносини энди тушундилар. Инсон пешобида турли зарарли моддалар бўлар экан. Пешоб орқали сувга аралашиб қолган ушбу зарарли моддалар мазкур сувни истеъмол қилган, ундан таҳорат ёки ғусл қилган кишиларга зарар етказиши мумкин экан.
Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа муҳаддисларимиз Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини оча олмас. Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур», дедилар».
Абу Довуднинг лафзида:
«Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил», дейилган.
Ушбу ҳадиси шарифнинг турли лафздаги икки ривояти бир-бирини тўлдириб келмоқда. Улардан кундалик ҳаётимизда доимо учраб турадиган ва амал қилишимиз лозим бўлган тўрт иш ҳақида сўз кетмоқда. Икки ривоятни бир-бирига қўшиб ўргансак, анчагина ҳукмлар келиб чиқади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан бизга бошқаларнинг кўзида арзимас бўлиб кўринса ҳам, аслида муҳим бўлган ишлардан хабар бермоқдалар.
- «Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».
Аввал айтиб ўтганимиздек, мусулмон одам ҳар бир нарсада Аллоҳнинг зикрини унутмаслиги лозим. Мана, кечқурун ётишдан олдин эшикни беркитиб қўйишда ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилиш керак экан.
Албатта, эшикни беркитиб қўйишда уй эгаси учун кўплаб фойдалар бор. Зотан, эшикни ўзи беркитиш учун қурилади. Эшик беркитилмаса, уйга турли зарарли ҳашаротлар, ҳайвонлар кириб, зарар етказиши мумкин. Жумладан, оила аъзоларининг соғлиқларига зарар етиши мумкин.
- «Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».
Ушбу амри набавийга амал қилган ҳолда ҳар бир мусулмон кечқурун чироғини ўчириб ётмоғи лозим бўлади. Чироқни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Бу ишнинг зарарларидан бири ҳадиси шарифнинг ўзида айтиб ўтилмоқда:
«Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур».
Бу жумладаги «фосиқча» сичқондир. Сичқон қандай қилиб уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юбориши мумкин? Кечаси чироқни ўчирмай ётганда ўша замондаги пиликли чироқнинг липиллаб ёнаётганини кўрган «фосиқча» унинг олдига пилдираб келиши ва уни туртиб, йиқитиб юбориши мумкин. Шу билан қарабсизки, уйга ўт қўйилиб турибди-да. Тунда заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда бундан бошқа кўнгилсизликлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан беҳуда ёниб турган чироқдан оила иқтисодига зарар етиши турган гап.
- «Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».
Демак, озиқ-овқат ва ичимликлар турадиган идишларнинг устини ёпиб юриш лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни алоҳида таъкидлаб айтмоқдалар:
«Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин», демоқдалар.
Уламоларимиз ушбу жумлани тушунтириш учун ёзган шарҳларида «Чўп сабаб бўлади, холос. Қўришни Аллоҳнинг исми юзага чиқаради», деганлар. Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, идишининг устини ёпиб юрганлар суюқ ва қуюқ таомларига, ичимликларига турли ҳаром-хариш, соғлиқ учун зарарли ва шубҳали нарсалар тушиб қолишидан четда бўладилар.
- «Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».
Бу ерда таом сақланадиган идиш меш, қоп, саноч сингари оғзи ип билан боғланадиган бўлганда уларнинг оғзини боғлаб юриш кераклиги ҳақида сўз кетмоқда. Агар эътибор берадиган бўлсак, ушбу ишларнинг барчасини Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Ҳа, доимо Аллоҳнинг исмини айтиб иш қилиш керак, ана шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:
«Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини оча олмас».
Агар Аллоҳнинг исми зикр қилинмаса, қанчалик ўраб, беркитилса ҳам барибир шайтон таом ва ичимликлардан ўз насибасини олар экан.
Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга эҳтиёжимиз кўп. Амал қилишга ўтганимизда ҳам «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига амал қилмоқдаман», деган ният билан ўтайлик. Ана ўшанда икки дунё яхшилигига эришамиз. Агар дунёвий манфаатнигина ўйлаб амал қиладиган бўлсак, фақат ўша нарсага эришамиз, холос. Чунки ҳар бир кишига ниятига яраша берилади.
Имом Муслим яна ўша кишидан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Идишларнинг устини ёпинг, мешкобларнинг оғзини боғланг. Чунки йилда бир кеча бор, унда вабо тушадир. Ёпқичи йўқ идиш, боғичи йўқ мешкоб олдидан ўтганида ўша вабодан албатта уларга тушадир», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда ҳам доимо, йил – ўн икки ой давомида озиқ-овқат ва ичимликлар сақланадиган идишлар яхшилаб беркитилган ҳолда бўлиши лозимлиги таъкидланмоқда.
Бу ҳадиси шарифда ҳозирги замон тиб илмлари тасдиқлаган ва қатъият-ла амал қилаётган озиқ-овқат орқали, уларга тушган микроблар орқали турли хасталиклар, вабо – эпидемиялар тарқалиши мумкин эканлиги таъкидланмоқда.
Демак, Исломда тиббий эҳтиёт чоралари бундан бир минг тўрт юз йил илгари ўзига хос услуб билан йўлга қўйилган. Бу иш маълум бир гуруҳнинг ишига айлантирилмай, диний таълимотлар орасига қўшилган. Давлат аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб борган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)
Наманган вилоят бош имом-хатибининг Чортоқ туманига ташрифи
Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Икромхон Нажмиддиновлар Чортоқ туманига ташриф буюрдилар.
Ташриф тумандаги 9-сонли мактабидан бошланди. Мактабда 100 нафар ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Абдулҳай Турсунов ва Икромхон Нажмиддиновлар “Саломлашиш одоблари”, “Устоз шарафли зот”, “Ота-она ҳурмати ва эъзози” ҳамда “Ёшликда илм олишнинг фазилати” мавзуларида маърузалар қилдилар.
Ташриф давомида туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда тумандаги низоли оилалар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларга ҳаётий мисоллар асосида тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг “Боғ” МФЙ фаоллари билан учрашув ўтказилди. 50 нафар аҳоли вакиллари иштирок этган учрашувда “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш”, “Ақидапарастликнинг салбий оқибатлари” мавзусида маърузалар қилинди.
Ҳудди шундай йиғилиш тумандаги “Янгиобод” МФЙ фаоллари иштирокида ҳам ўтказилди. Унда “Ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш”, “Гиёхвандлик ва ОИТСнинг зарарлари” мавзусида маъруза қилинди.
Вилоят бош имом-хатиби пешин намози вақтида “Зайд ибн Хориса” жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларга “Юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшлар таълим-тарбияси” мавзуларида маъруза қилиб берди.
Шунингдек, “Наманган” ва “Дилкаш” МФЙдаги махсус ҳисобдан чиқарилган шахслар ва қидирувда бўлган фуқароларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Ташриф сўнггида туманда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиб ва имом-ноиблари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати